Ассалому алайкум азиз юртдошлар!
Қадрли учқудуқликлар!
Табиат уйғониб, жонажон диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда. Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ улашмоқда.
Бепоён Қизилқум саҳроси узра фасллар келинчаги баҳор ўз сепини ёйган, мўъжизакор табиат, ҳар бир инсон қалбини ўзига мафтун этган бир паллада, доно халқимизнинг “Яхши одам – кўзидан, яхши йил – Наврўзидан” деганидек, бу шукуҳли айём ва шарқона янги йилни меҳнатда улкан ютуқлар ва эзгу ниятлар билан муносиб кутиб олмоқдамиз. Туманимиз саноатчилари ва кончилари ҳам йилни муваффақиятлар билан бошлаб, ишларига унум барака бахт ва омад ҳамиша ҳаётий ҳамроҳ бўлишини Яратгандан сўрамоқдала.
Айтиш жоизки, бу йилги Наврўз тантаналари туманимизда ўзгача бир руҳда, янгиликларга бой тарзда "Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз! ” шиори остида бўлиб ўтмоқда. Наврўз байрами арафасида туман марказида истироҳат боғларида овулларда ва аҳоли хонадонларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Минглаб мевали ва манзарали дарахтлар экилди, қабристонлар атрофи ва йўлаклари тартибга келтирилди, ижтимоий кўмакка муҳтож кам таъминланган, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, меҳр ва эътибор кўрсатилди.
Қадрли дўстлар!
Шундай ёруғ ва мунаввар кунларда сизларни ва сиз орқали барча туманимиз аҳлини яна бир бор Наврўз байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Шарқона Янги йилимиз — Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин! Мана шу қутлуғ кунда сиз азизларга сиҳат-саломатлик, бахт, омад, оилаларингизга тинчлик-тотувлик, файз ва барака тилайман.
Наврўз ҳар бир хонадонга, бутун туманимиз аҳлига тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!
Барча эзгу ният ва мақсадларимиз амалга ошсин!
Осмонимиз мусаффо, тинчлигимиз абадий бўлсин!
Наврўз айёми барчамизга муборак бўлсин, азиз юртдошлар!