Ўзбекистонда геология бўйича янги «Ўзбек геология қидирув» акциядорлик жамияти ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Геология соҳасига инвестицияларни фаол жалб этиш, тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва республика минерал-хомашё базасини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, геология-қидирув ишлари бўйича хизмат кўрсатувчи алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган, «Қизилқумгеология», «Самарқандгеология», «Сурхонгеология», «Ҳисоргеология», «Тошкентгеология», «Марказий лаборатория» ва «Геобуртехника»ларни бирлаштириб, «Ўзбек геология қидирув» акциядорлик жамияти ташкил этилди.
Ҳудудларда геология-қидирув ишларини жадал амалга ошириш орқали республика минерал-хом ашё базаси ривожлантирилишини таъминлаш акциядорлик жамиятининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Қарор билан, Давлат геология қўмитаси тизимида фаолият юритаётган корхоналарни ислоҳ қилиш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва рақамлаштиришни кенг жорий қилиш бўийча «йўл харитаси» тасдиқланган.
«Йўл харитаси»да қуйидагилар назарда тутилган:
- 2021 йилда 50 та кон ва истиқболли майдонларни маҳаллий ва жорижий инвесторларга очиқ ва шаффоф механизмлар асосида фойдаланишга бериш;
- «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш;
- геология соҳасида олиб борилаётган 57 та илмий тадқиқот (тажриба-услубий, фундаментал, амалий ва инновацион) лойиҳаларини амалга ошириш.
Қарорга кўра, давлат геология қўмитасининг янги ташкилий тузилмаси тасдиқланган.
2022 йилдан бошлаб ер қаъридан фойдаланувчилар ҳар йили 1 февралга қадар геология қидирув ишлари ва фойдали қазилма захираларини кўпайтиришнинг 2020 йилда эришилган натижалари ҳамда 2021 йилга режалаштирилган ҳажми бўйича тегишли маълумотларни Давлат геология қўмитасига тақдим этилади.
Шунингдек, қарорга кўра:
- геологик жиҳатдан кам ўрганилган ер қаъри участкаларини халқаро стандартлар асосида блоклар (майдонлар)га ажратиш тизими жорий этилади;
- кам ўрганилган ер қаъри участкаларидан геологик жиҳатдан ўрганиш учун фойдаланиш ҳуқуқини берадиган рухсатномалар «биринчи келган биринчи олади» принципи асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда берилади;
- ўрганилганлик даражаси ва кон очиш салоҳияти юқори бўлган майдонлардан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган рухсатномалар «E-AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида ўтказиладиган аукцион натижаларига кўра берилади.