Ҳукумат қарори билан «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси бир ой муддатда акциядорлик жамияти сифатида таъсис этилиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Навоийуран» давлат корхонаси, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ва «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК акциядорлик жамияти сифатида тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилади. Шунингдек, корхонанинг номланиши «Навоийуран» давлат корхонаси деб ўзгартирилади.
Қарорда «Навоийуран» давлат корхонасининг асосий вазифалари қуйидагича белгиланмоқда:
- халқаро стандартларга мувофиқ энергия самарадорлиги ва экологик хавфсизлик чораларини таъминлаган ҳолда фойдаланишда бўлган табиий уран конларини ишлатиш, уран конларида мавжуд ноёб ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш;
- уран ва нодир металлар ишлаб чиқариш, техноген чиқиндиларни утилизация қилиш, зарарсизлантириш, консервация қилиш ва белгиланган чегара доирасидан четга чиқмаслигини таъминлаш;
- техноген чиқиндиларни қайта ишлашда халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва олиб бориш;
- ионлаштирувчи нурланиш манбаларини зарарсизлантириш, утилизация қилиш ва кўмиш;
- саноат, экологик ва радиацион хавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда корхона фаолиятини таъминлайдиган хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ва ишлатиш.
Ҳужжатга асосан, икки ой муддатда «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси»нинг таъсис ҳужжатлари тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилади. Бунда жамғармага:
- ижтимоий-маданий, спорт-соғломлаштириш, уй-жой, маиший биноларни, ижтимоий-маданий, спорт-соғломлаштириш ва даволаш инфратузилмаси объектларини талаб даражасида техник, санитария ва ёнғинга қарши ҳолатда сақлаш ва ишлатиш;
- касалликларнинг олдини олиш, соғломлаштириш, санаторий-курортда даволаш соҳасида ишларни ташкил қилиш;
- акциядорлик жамияти, «Навоийуран» ДК, жамғарма ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун маданий-кўнгилочар, таълим аҳамиятига эга ва маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш;
- акциядорлик жамияти, «Навоийуран» ДК жамғарма ходимларига яшаш учун ётоқхоналарда қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш;
- овқатланишнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаган ҳолда акциядорлик жамияти, «Навоийуран» ДК ва жамғарма бўлинмаларида овқатланишни тарк этиш вазифалари белгиланди.
Ҳужжатга асосан, акциядорлик жамияти кузатув кенгаши тузилади. Унинг ҳузурида корпоратив бошқарувнинг халқаро меъёрларига жавоб берадиган қўмиталар тузилади, жумладан, аудит, стратегия ва инвестициялар бўйича қўмиталар шакллантирилади.
Акциядорлик жамияти Навоий давлат кончилик институтининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таъмирлаш ишларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчилари таркибини моддий рағбатлантириш, ўқув, илмий тадқиқот ва маърифий фаолият билан боғлиқ харажатларини молиялаштиради.
Аввалроқ «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинган ва корхонани ислоҳ қилиш чоралари белгиланганди.