Тошкент шаҳрида 1 апрель, пайшанба куни Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси билан ҳамкорликда қуриладиган шамол электр станцияси лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.
Қайд этилишича, тадбирда Навоий вилоятидаги Зарафшон шамол электр станциясининг шартномаси имзоланган. Таъкидланишича, ушбу ШЭС Марказий Осиёдаги энг йирик станция бўлади. У фаолиятини бошлагандан сўнг 500 000 уйни электр энергияси билан таъминлайди. Лойиҳа якунига етгач, шамол станцияси 1,1 миллион тонна карбонат ангидрид юзага келишининг олдини олади. Шунингдек, лойиҳа жами 600 миллион АҚШ доллоридан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилади.
«Давлат хусусий шериклик асосидаги ҳамкорлик, хусусан, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида энергетика соҳасида лойиҳаларни амалга оширишдаги халқаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади», — дейди энергетика вазири Алишер Султонов.
Вазирнинг сўзларига кўра, Кармана туманида 2021 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган қуёш фотоэлектр станцияси лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Masdar» компанияси билан бирга фаолият олиб борилаётгани ўзаро ҳамкорликнинг юқори натижаси ҳисобланади.
Таъкидланича, қуввати 500 МВт бўлган Зарафшон шамол электр станцияси 2024 йил охирида иш бошлайди. Бу Ўзбекистонга энергетика тузилишини диверсификация қилиш, энергетика хавфсизлигини яхшилаш, иқтисодий ва экологик мақсадларга эришишга ёрдам беради. Ўзбекистон 2030 йилгача электр энергиясининг 21 фоизини қуёш ва шамол манбаларидан олади.