Қизи Азизага келган совчиларга розилик беришди-ю, Нафисанинг боши қотиб қолди. Қиз чиқаришнинг ўзи бўладими. Мана, икки ойдирки, турмуш ўртоғи Шермирза ишга бормаяпти. Ишхонасида карантин. Эркак киши ишламаса, рўзғордан барака қочаркан. Устига-устак катта қизини унаштириб қўйишган. Қудалари тўйни тезлаштиришяпти. Кам-кўсти ҳали жуда кўп. Тўйлар ихчамлашгани билан ҳали мебелларини олиши керак. “Бугун тоғасини чақиртирсам, сигирни сотиб келсин, оқликсиз қолсак ҳам ҳарна бир ташвишдан қутилиб турамиз-ку. Қани, дадаси билан маслаҳаташайчи, нима деркинлар...”, деган ўйда ошхонадан чиқаётган маҳали қўшниси Рисолат буви катта ўғли Самандар билан эшикдан кириб келишди.
Нафиса меҳмонларга пешвоз юрди. Рисолат холани анчадан бери кўрмаганди. Илгариги муштипар қиёфаси ўрнини қатъиятли бир ифода эгаллабди. Самандар эса тумандаги энг обрўли шифокорлардан бири. Уларни Шермирза ётган хонага бошлади. Дастурхон ёзиб, чой қўйди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, ошхонага чиқиб, иссиқ овқатга уннади. Шу асно кўз олдига қайнонаси раҳматли Ҳайринисо буви келди. Рисолат хола билан жуда иноқ эдилар. Қайнонасидан кейин Нафиса қўшничилик ришталарини бутунлай узиб юборганди. “Ўшанда ёш эканман-да, одамларнинг қадрини билмаганман”, деган ўйда хотираларга берилди...
... Қайнонаси Ҳайринисо буви жуда болажон эди, бутун маҳалланинг ўғил-қизини ҳовлига йиғиб оларди. Янги келинчаклик пайтида Нафиса кечгача ҳовлини йиғиштириш билан овора бўлар, бир тарафни тозалагунича болалар ҳовлининг бошқа тарафини тўзитиб юборишарди. Устига-устак ҳар куни қайнонаси қўни-қўшниларига бир-икки коса овқат илинмаса кўнгли жойига тушмасди. “Бунақада уйимизда барака бўладими?” дерди Нафиса эрига. “Қўявер, ярим коса овқат билан камбағал бўлиб қолармидинг”, деган жавобни эшитиб, тағин хуноби ошарди. Ҳайринисо буви эса: “Болам сиз оғринманг, баракани Худо беради. Қўшниларига оқибатли одам кам бўлмайди”, деб насиҳат қиларди.
Унга сира ёқмайдиган нарса шу эдики, қўшни аёллар тап тортмай бостириб кириб келаверишарди. Уларга чой қўйиб, дастурхон ёзмаса бўлмайди. “Оқибатли бўлиш ҳам қурибгина кетсин, — деб ўйларди у. — Бу уйда сира тинчлик йўқ”.
Ҳовли этагидан каттагина ариқ оқиб ўтган бўлиб, нариги тарафи қўшни Рисолат холанинг ҳовлисига туташганди. Ўша кезларда икки ҳовли ўртасини боғлаб турадиган тахта кўприк Нафисанинг кўзига балодек кўринарди. Қайнонаси уйда бўлмаган пайтларда дарвозани ичидан тамбалаб, кўчадан келадиган қўшнилардан дам оларди-ю, аммо тахта кўприк қурмагурга тўсиқ қўйиб бўлмасди, Рисолат хола истаган пайти: “Келин нима қиляпсиз?” деб кириб келаверарди. Ўша пайтлар унинг иккала ўғли ҳам институтда ўқирди. Пулга қийналаётганидан тез-тез нолинар, Ҳайринисо буви эса пенсиясини олган куни шу қўнисиникига йўрғалаб қоларди. Нафиса эса: “Жуда текиндан пул берадиган одамни топиб олишган. Қанонамнинг пенсиясига кун кўриб юришибди”, деган ўйда Рисолат холани ҳам, унинг ўғил-қизларини ҳам ёқтирмасди.
— Ана қаранг, тағин пулларини Рисолат холага олиб кетдилар, шунинг ўрнига: “Хизматимни қиляпсан, барака топ”, деб менга бир жуфт пайпоқ олиб берсалар бўлмайдими, — дерди Нафиса ёзғириб.
Шермирза мийиғида кулиб сўрарди:
— Нима, пайпоғинг йўқми?
— Бор, яқинда бирамас ўн жуфтини олиб бердингиз-у...
— Яна нимага нолийсан?
— Энди йўлига бўлсаям кўнглимга қарасалар, дейман-да...
— Ношукур бўлма, ойим энг аввал иккаламиз билан болаларни ўйлайдилар. Худога шукур маошим яхши, шундан кўнгиллари тўқ.
Қизлари катта бўлишгач уларга ўзича тарбия берди: “Бувинг эски замоннинг одами, эскича ўйлайди, ҳозиргиларга яхшилик қилиш шарт эмас. Барибир ҳеч ким миннатдор бўлмайди. Ҳаммаям иши битгунча: “Сиз яхшисиз, деб кўзингга мўлтирайди. Кейин қилган яхшилигингни эслаб ҳам ўтирмайди. Замон шунақа”.
Ўша кезлар ўғилчаси жуда шўх эди. Бувисининг ортидан бир қадам қолмасди. Қишми, ёзми демай кўприкдан ўтиб, Рисолат холаникига югурарди. “Болам бирор кун сувга тушиб кетмасайди”, деб Нафисанинг еган ичганидан ҳаловат бўлмасди. Ўртадаги кўприкни олдириб ташлаш учун баҳона изларди.
Бир йили баҳорда ариқ сувга тўлган паллада қайнонаси бетобланиб ётиб қолди. Рўзғор бекалигини бутунлай ўз қўлига олган Нафиса дарҳол тахта кўприкни ўрнидан жилдириб, сувга оқизиб юборди-да: “Сув қирғоққача кўтарилиб кўприкни оқизиб кетибди-я”, деб қутилди. Эридан: “Майли, бошқа тахта топиб қўярмиз”, деган жавобни эшитиб, ранги оқарди. Ўша куниёқ укасини чақиртириб: “Жиянинг сув билан ўйнашяпти, ариққа тушиб кетса нима қиламан. Тезда бирор тўсиқ қўйиб бер”, деди. Унинг: “Поччам билан маслаҳатлашайлик”, деганига ҳам қарамай, қўшни тарафга сим тўсиқ ўрнаттирди. Кўнгли жойига тушди.
Қайнонаси эса икки-уч ҳафта ҳолсизланиб ётди-ю, омонатини топширди. Шундан кейин Рисолат хола билан борди-келди, кирди-чиқдилар ҳам барҳам топди. Тахта кўприк ҳам унутилди...
Нафиса иссиқ овқат олиб кирганида гурунг авжига чиққан, Рисолат хола билан Самандар Ҳайринисо бувининг хайрли ишларини эслашаётганди.
— Шундай одамлар борлиги учун ҳам кўнгилларимиз обод-да, — деди Самандар. — Ҳайринисо холам раҳматли бизга кўп яхшилик қилганлар. Агар у киши ёрдам бермаганида укам иккаламиз ўқишни ташлаб, тирикчиликнинг ташвишига тушиб кетардик. Сизларга билдириб, билдирмай ҳар ойда бизга пул юбориб турардилар. “Бу қарзларни қачон узамиз”, десак, “Вақти соати келар”, дегандилар...
— Мана, Ҳайринисо опам айтган кунларга ҳам етдик, — дея ўғлининг гапини давом эттирди Рисолат хола. — Қўшним берган пулларни тийин-тийинигача ҳисоб-китоб қилиб ёзиб юргандик. Аввалроқ қайтармаганимизга сабаб эса Ҳайринисо опам раҳматли: “Ўз ташвишларингдан қутилиб олгунингларча невараларим катта бўлишади. Уларни уйлаб-жойлашда, узатишда Шермирзамга суянчиқ бўлинглар”, деб васият қилган эдилар. Азизахоннинг тўйини бошлаб қўйибсизлар. Шунга Самандарим йиққан-терганларини ўртага олди. Насиб этса, тўйда нима хизмат бўлса, барига туриб беради. Ҳозирча манавини олиб, кам-кўстига ишлатинглар...
Рисолат хола қоғозга ўралган пулни Шермирзага узатди.
— Буни фақат Азизахонга атаганмиз. Наргиза билан Умиджоннинг тегишини ҳам вақти-соати билан берармиз.
Нафиса нима деярини билмасди. Кўзига қуйилиб келаётган ёшни яшириш учун чойни янгилаш баҳонасида ошхонага чиқди. Шу тобда қайнонасининг илиқ-иссиқ меҳрини ҳис этиб тургандек, кўнгли юмшаб кетган, кўз ёшларини эса сира тия олмасди.
— Ойижон тинчликми? — деди Азиза.
Нафиса уни бағрига босди:
— Қизим, бувинг раҳматли: “Оқибатли одам кам бўлмайди”, дерди. У ҳақ экан. Мен бўлсам шундай оқила онанинг қадрига етмабман-а, болам...
Ҳамрохон МУСУРМОНОВА.
Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган каналар ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланган Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги вирусини сақловчи ва ташувчисидир.
Ушбу касалик геморрагик иситма билан зарарланган каналарнинг одамларни чақиши ва қўлларни кана ҳамда шу касаллик билан оғриган бемор қони билан ифлосланиши натижасида юқади.
Геморрагик иситма касаллиги асосан чўл зонаси ва чорвачилик билан боғлиқ бўлган касб эгалари орасида кўпроқ учрайди.
КАСАЛЛИКНИНГ АСОСИЙ БЕЛГИЛАРИ
?Тана ҳароратининг юқори бўлиши (иситма);
?Баданларда тошма тошиши;
?Терида қонталашлар пайдо бўлиши;
?Милк, бурун, ошқозон ва ичаклардан қон кетиши;
?Касалликнинг оғир кечганда органлардан қон кетиши натижасида, турли асоратларга олиб келиши натижасида ушбу ҳолат ўлим билан якун топиши ҳам мумкин.
КАНА ЧАҚИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ УЧУН ҚУЙИДАГИЛАР ТАВСИЯ ЭТИЛАДИ:
- Чўл ҳудудларида, умуман табиат қучоғига чиқилганда, айниқса апрел-июнь ойларида кана чақишидан сақланиш;
- Бозорлардан майда ва йирик шохли молларни канага қарши ишлов бермасдан уйга олиб келмаслик;
- Молларда кана аниқланса, дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилиб, уларнинг тавсияси асосида каналарга қарши ишлов бериш;
- Каналарни қўл билан эзиб ва қайчи билан кесиб ўлдирмаслик;
- Қўйлар жунини қирқими ишларига ҳомиладор аёллар, ёш болалар ва ўсмирларни жалб этмаслик;
- Қирқим вақтида фақат махсус кийимлардан (қўлқоп, енг ва пойчалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этик) фойдаланиш ҳамда шахсий гигиена қоидаларига қоидаларига амал қилиш;
❗️ЁДИНГИЗДА БЎЛСИН
Агар Сизни кана чақса ёки қўлларингиз кана қони билан ифлосланса, зудлик билан яқин жойлашган даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат этинг!
УЧКУДУК Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги булими Энтомолог Г.А.Назарова.
Аҳоли даромадларини ошириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва фаровонлигини ошириш масалалари Навоий вилояти прокурори Б.Аҳмедовнинг Учқудуқ туманида ташкил этилган оммавий (сайёр) қабулида муҳим аҳамият касб этди.
Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев, Учқудуқ туман прокурори Р.Рахматов ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мазкур ҳудудга бириктирилган масъул ходимлари, сектор штаби аъзолари, йўл қурилиш, коммунал ва ижтимоий соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган қабул давомида бу ерга ташриф буюрган 22 нафар фуқаролар Навоий вилояти прокурории томонидан қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари тингланди.
Қабул қилинган мурожаатларнинг 10 таси иш билан таъминлаш, 5 таси кредит, 2 таси соғлиқни сақлаш, 1 таси субсидия ажратиш, 1 таси уй-жой сўраб, 1 таси солиқ ва 2 таси бошқа масалаларга тааллуқли бўлиб, мурожаатларнинг 3 таси жойида ҳал этилди, 3 тасига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 16 та мурожаатни ижроси назоратга олинди.
Жумладан, Латифа Отаниёзова онасини ишга жойлаштиришда кўмак сўраб қилган мурожаати ижобий ҳал қилиниб, Шимолий кон бошқармасига ишга жойлаштирилди. Екатерина Баджиева “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” ДМ “Учқудуқ” ҳудудий бошқармаси, Маъруз Намозов Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасига ҳайдовчи бўлиб ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, Антон Ташбабаев, Дилшод Хўжаевларнинг иш сўраб қилган мурожаатлари асосида “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” ДМ “Учқудуқ” ҳудудий бошқармаси тасарруфидаги корхоналарга ишга қабул қилинувчилар рўйхатига киритилди.
Бундан ташқари, Маъруф Холмуродовнинг кредит олишда кўмак сўраб қилган мурожаатига гаров таъминоти суммаси сўралган кредит миқдорига етмаслиги сабабли қўшимча гаров таъминоти тақдим этиш кераклиги тушунтирилди.
Фуқароларимизни ўз ҳаётидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш бўйича олдимизга қўйган вазифаларни изчил амалга ошириш зарурлигидан келиб чиқиб, оммавий (сайёр) қабулда келиб тушган мурожаатларни тўлақонли кўриб чиқиш бўйича Навоий вилояти прокурори томонидан тегишли мансабдор шахсларга зарур топшириқлар берилди, шу жумладан уйма-уй юриб, аниқланган муаммоларни ҳамкорликда бартараф этиш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш чоралари белгиланиб олинди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Учқудуқ туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Ақшагул Толегенова билан учқудуқлик сайловчилар билан учрашуви ўтказилди.
Таъкидландики, жорий йилнинг 20 июнь куни Президентимиз Ш.Мирзиёевни Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда, қуйидаги тўртта муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Биринчи йўналиш - “Инсоннинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига, ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш – конституциявий ислоҳотларнинг муҳим мақсадидир.
Иккинчи йўналиш – Асосий қонунимизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлашни таклиф этаман.
Учинчи йўналиш – эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлиқ масаладир.
Тўртинчи йўналиш – Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш масаласидир.
Давлат раҳбари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича берган таклифларининг барчасини замирида инсон қадрини олий қадрият эканини яна бир бор намоён этди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар, халқимиз ҳаётида бу қисқа даврдаги ўзгаришлар албатта инкор қилиб бўлмайдиган мукаммал халқаро андозалар асосида яратилган Конституциямизни ҳам давр талабларига янада мослаштириш инсон қадрини янада орттиришга қаратилган айрим ўзгаришлар ва тузатишлар киритиш зарурати юзага келганлиги хусусида сўз юритилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Учқудуқ туманида сектор раҳбарлари ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Ана шундай учрашувлар бири бугун “КЕLАJАК” ёшлар марказида Учқудуқ туман прокурори, 2-сектор раҳбари Рашид Рахматов билан ўтказилди.
Унда маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари ёшлар етакчилари, корхона-ташкилот раҳбарлари ҳамда таклифлари билан келган ёшлар ҳам иштирок этди.
Очиқ, ошкора, баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтказилган мулоқотларда таъкидландики, ҳурматли Юртбошимиз раҳнамолигида бугун ёшлар масаласида улкан марраларни ўз олдимизга қўйганмиз. Она Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришдик. Албатта мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда сизлар сингари фидойи ва ватанпарвар ёшларимиз фаол иштирок этиб, муносиб ҳисса қўшадилар.
Шундан сўнг, туман прокурори билан ёшларнинг ўзаро самий мулоқоти бошланди. Мулоқотлар давомида ёшлар томонидан ўндан ортиқ таклифлар,талаблар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Жумладан, “Абай” маҳалласида истиқомат қилувчи Гулчеҳра Ҳамроева уйида тикувчилик билан шуғулланади, лекин бугунги замонавий кўп чокли тикув машинкалари олишга имконияти йўқлиги айтиб, сектор раҳбарига субсидия масаласида мурожаат қилди. Яна бир “Кокпатас” МФЙ да яшовчи Фахриддин Қўзиевнинг сафарбарлик чақируви резерви учун белгиланган бадал пулини тўлашда амалий кўмак сўраган бўлса, “Навоий” маҳалласидан Ўткиржон Қобилов “Ёшлар саноат зонаси”дан тадбиркорлик учун ер ажратилишида кўмак сўраб мурожаат қилди.
Туман прокурори, 2-сектор раҳбари Р.Рахматов ушбу мурожаат сингари яна бошқа ёшларнинг мурожаат ва таклифларига ҳуқуқий йўналишда тушунчалар берди.
Очиқ мулоқот якунида “Ёшлар ойлиги” доирасида бўлиб ўтган турли мусоқабаларда интеллектуал салоҳияти, иқтидор ва изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан барчага ўрнак бўлган бир гуруҳ ёшлар рағбатлантирилди. “Заковат” интеллектуал ўйинининг Учқудуқ туман босқичида биринчи ўринни қўлга киритган “Юксалиш” гуруҳи аъзоларига қимматбаҳо телефон совғаларини ўз эгаларига топширди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Учқудуқ туманида сектор раҳбарлари ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Ана шундай учрашувлар бири бугун “КЕLАJАК” ёшлар марказида Учқудуқ туман ички ишлар бўлими бошлиғи Аристанғали Райханов билан ўтказилди.
Бўлиб ўтган мулоқотда ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, иқтидорли ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Учқудуқ ёшларини жисмонан бақувват, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли, Ватан ҳимоячиси этиб тарбиялаш бугунги кундаги долзарб вазифа эканлигини, бунда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб қувватлаб ҳар томонлама кўмак беришини билдириб ўтди.
Шундан сўнг, ёшлар билан очиқ, ошкора мулоқотга киришган туман ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари А.Райхановга кўплаб таклифлар мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, “Навоий” МФЙ ёшлар етакчиси Камолиддин Бекмуродов футбол клубини ташкил этиш юзасидан ўз таклифини билдирган бўлса, “Йўлчилар” ОФЙ да яшовчи Асел Серикболова овулда гўзаллик салони очишни мақсад қилганлигини айтиб, субсидия масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Очиқ мулоқот якунида “Ёшлар ойлиги” доирасида бўлиб ўтган турли мусоқабаларда интеллектуал салоҳияти, иқтидор ва изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан барчага ўрнак бўлган бир гуруҳ ёшлар рағбатлантирилди. “Зукко китобхон” танловининг туман ва вилоят босқичларида фахрли биринчи ўринга сазовор бўлган “Узунқудуқ” жамоаси аъзоларига қимматбаҳо совғалар берилди.
Учрашувда ёшлар томонидан турли масалалардаги 10 дан ортиқ таклиф ҳамда мурожаатлар қабул қилиниб, тааллуқли идора мутасаддиларига аниқ ва манзилли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Учқудуқ туманида сектор раҳбарлари ва ёшлар ўртасида мулоқотлар ўтказилмоқда.
“КЕLАJАК” ёшлар марказида Учқудуқ туман ҳокими, биринчи сектор раҳбари билан бўлиб ўтган учрашув ҳаётда эндигина ўз йўлини излаётган, ҳар имкониятга умид билан қараётган ёшлар учун самарали бўлди албатта.
-Учқудуқ туманида нимаики эзгу ишларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз, азму шижоатингизга суянамиз, - дейди туман ҳокими С.Хамроев. – “Ёшлар саноат зонаси”даги ўнлаб лойиҳалар сизнинг акаларингиз опаларингиз ташаббуслари билан амалга оширилаётганлиги эътирофга сазовор.
Очиқ ва конструктив тарзда ўтган учрашувда, туман ҳокими ва корхона-ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ёшларни қийнаб келаётган муаммолар, таклиф ва мурожаатларини бирма-бир тинглаб, атрофлича муҳокама қилди.
Жумладан, “Боздун” ОФЙ ёшлар етакчиси Игилик Абдиказиев жузқудуқлик шоир Абдиғаппар Шолбаевнинг ижодий кечасини туман миқёсида ўтказиш, “Абай” МФЙ ёшлар етакчиси Достон Убайдуллаев ёшлар учун кинозал ташкил этиш таклифларини билдирди. Аҳмаджон Насимов Учқудуқда муқобил энергия ишлаб чиқариш яъни қуёш батареяларидан кенг фойдаланиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш юзасидан ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, олиб борилган амалий ишлар натижасида ўтган 6 ой мобайнида “Ёшлар дафтари”га кирган 165 нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 569,5 млн. сўм маблағ йўналтирилди. 81 нафар талабанинг контракт пули, 12 нафар йигитнинг 68,8 млн. сўм миқдоридаги сафарбарлик чақируви резерви учун белгиланган бадал пуллари тўлаб берилди.
Шу билан бирга, 51 нафар ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун, 975 млн. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси”даги 22 та лойиҳа доирасида ёшларимиз учун 67 та янги иш ўринлари яратилди.
Учрашувда ёшлар томонидан турли масалалардаги 10 дан ортиқ таклиф ҳамда мурожаатлар қабул қилиниб, тааллуқли идора мутасаддиларига аниқ ва манзилли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Учрашув сўнгида маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида фаолият кўрсатаётган 14 нафар ёшлар етакчиларига хизматда фойдаланиш учун 14 та компьютер жамламаси ва веб камералар берилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ХХХХХ-сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда депутат бўлмаган туман ҳокими ўринбосарлари, масалага алоқадор корхона-ташкилот раҳбарлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари раислари, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ҳамда депутатлар иштирок этди.
Мажлисни туман ҳокими, кенгаш раиси С.Хамроев олиб борди.
Дастлаб депутатлар сессия кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳокамаси тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар. Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан туман ҳокими С.Хамроев ахбороти тингланди.
Шунингдек, Учқудуқ туман прокурори Р.Рахматов, Учқудуқ туман адлия бўлими бошлиғи Б.Сафаровлар сўзга чиқиб, юртимизда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқароларнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этаётганлиги таъкидланди. Билдирилган таклифларнинг таҳлили халқимизнинг мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, фуқаролар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганлиги хусусида сўз юритилди.
Сессия кун тартибидаги туман аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ҳақида туман ҳокими ўринбосари О.Рамазанов ҳисобот берди.
“Фаол ва жамоатчи аёллар кенгашлари”ни ташкил этиш, уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш тўғрисида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш бўйича тижорат банклари томонидан тадбиркорлар субъектлари ва хусусий тадбиркорларга ажратилаётган кредитлар ҳақидаги масалалар ҳам кун тартибида муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, Учқудуқ туманида 2023 йилда “Обод маҳалла” дастури доирасида “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳақидаги масалалар кун тартибида муҳокама қилинди.
Сессия кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақидаги маълумотлар мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга оширишда зарур бўлган ишончли ва холис ахборот саналади. Бундай маълумотлар маълум вақт оралиғида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари орқали тўпланади.
Республикамизда эса охирги марта аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилганлигига 30 йил бўлди. Бунинг натижасида аҳолининг ҳақиқий ҳаёт тарзини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишда қатор қийинчиликлар вужудга келди.
Аҳолини рўйхатга олиш жараёни уч босқични қамраб олади. Биринчиси — тайёргарлик босқичи. Бу уч йилга яқин вақт давом этади.
Бунда, аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиши бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.
Иккинчиси — асосий босқич 10 кундан 60 кунгача даврни ўз ичига олади. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади.
Учинчи босқичда аҳолини рўйхатга олишга доир бирламчи материаллар автоматлаштирилган дастурларга киритилади, назорат ва таҳрир қилинади, аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижалар олиниб, олинган натижалар эълон қилинади ва тарқатилади.
Шу боис, Республикамизда мустақиллик йилларида аҳолини рўйхатга олиш тадбири илк бор ўтказилаётганлигини инобатга олиб, тадбирга пухта тайёргарлик кўриш ва уни сифатли ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш
2023 йил 1-25 ноябрь кунлари амалга оширилиши белгиланди ва рўйхатга олиш бошланишининг аниқ пайти 2023 йил 1 ноябрь соат 00.00 этиб белгиланади.
Рўйхатга олишнинг якуний маълумотлари уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) эълон қилиниши белгиланган. Чора-тадбирлар дастурига асосан, 2024 йил 1 декабрга қадар аҳолини рўйхатга олиш якуний натижалари расман эълон қилинади ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.
Шу билан бирга аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини халқаро талабларга мос ва сифатли ўтказиш учун картографик материалларнинг аниқлиги муҳим ҳисобланади. Шу мақсадда, Давлат кадастр палатаси Навоий вилояти бошқармаси ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда аҳолини рўйхатга олиш учун зарур бўлган миқдорда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари ва хариталари тайёрланди.
Бир сўз билан айтганда, аҳоли тўғрисида тўпланадиган маълумотлар барча соҳаларни ривожлантириб, мамлакатни янада тараққий эттиришга, жаҳон майдонида Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини акс эттирувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, аҳолимиз ўзларининг келажаги учун аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол равишда иштирок этишлари лозим бўлади.
Ушбуни... меҳрибон волидасини соғинган, унинг ёруғ ва азиз хотираси билан яшаётган фарзандлар номидан ёздим.
Онажон! Сизга айтмоқчи бўлган гапларим шунчалик кўпки, қай биридан бошлашни ва қаерида тугатишни ҳам билмайман. Фақат тилимнинг учида айланиб қолган армоним юрагимни тобора ўйиб бораётган бир сўз бор: СОҒИНДИМ... Сизни жудаям соғиниб кетдим, Онажон!
Нур балқиб турган фаришта чеҳрангизни, меҳрга лиммо-лим кўзларингизни, етмиш икки томиримга сингиб кетган қадрдон овозингизни иссиқ қучоғингизни, қўлларингизни...
***
-Журнал олиб келдингми?
Олис йўл юриб борганимда кўришиб, ҳол-аҳволимни сўраб улгурмай ҳар сафар менга берадиган биринчи саволингиз шу бўларди. У пайтлар газета журнал кўринишида чиққани учунми негадир газета эмас, журнал деб атардингиз.
-Э-э, яна эсимдан чиқибди.
-Оббо-е, нимага эсингдан чиқади. Сен чиқарган газетани қўшнимиз Турсуной ҳам сўраётганди.
-Кейинги сафар ҳар бир сонини йиғиб олиб келаман...
-Бу сафар ҳам эсингдан чиқади.
Онажоним! Болажонимни кўз нури, қалб қўри тўкилган дея, “Достиқ-Дружба” (олдинлари “Учқудуқ” газетаси шу ном билан чоп этилган) газетасини илҳақ бўлиб кутганингиз учун мени кечиринг!
Бугун уйимда “Учқудуқ” газетаси тахланиб ётибди. Уларни ҳеч ким сўрамайди...
Икки қатор бўлса ҳам газетада ёзганларим чиқса қайта-қайта ўқийдиган, “бу сонда шунча мақоланг чиқибди”, дея тайёрлаган саҳифаларимни ҳисоблаб юрадиган, ён-верига 4-5 киши йиғилса, “Қизим журналист, район газетасида ишлайди, турли мавзуларда мақолалар ёзади” дея мақтаниб гапирадиган чин “мухлисим” Сиз эдингиз.
Айтинг... Энди менинг газетада ишлашим, журналист эканим билан сизчалик ким ҳам фахрланади?!
Кечалари, чироқ ўчиб қолганида пилта фонус ёруғида газетани юзингизга яқин келтирганча мутолаа қилиб ўтиришларингизни эсласам, томоғимга аччиқ тошлар тиқилиб қолади.
“Журналимиз”да нимаики қизиқ ҳикоя, мақола, янгилик чоп этилган бўлса битта қолдирмай ўқиб, мазмунини гапириб берардингиз. Эҳ, соддагинам-а! Бу газета тайёр бўлгунча ҳар саҳифаси менга нечоғлик ёд бўлиб кетишини сиз қаердан ҳам билардингиз.
-Редактир бўлдинг, энди сенинг мақолаларинг чиқмайди-да, а? Муҳаррирлар бошқаларнинг ёзганларини тўғирлайди-ку. Лекин барибирам ёзиб тур-да...
Оҳ, онажон! Тириклигингизда ёзилажак мақолаю лавҳаларимни қаҳрамонларини излаб топиб, улар ҳақида бот-бот саҳифалар тўлдириб, сиз ҳақингизда такрор ва такрор ёзмаганим, эсламаганим учун мени кечиринг.
***
Меҳрибонгинам...
Қаранг, уч-тўрт кундан кейин байрам, 8 март!
Кеча бозорга тушгандим. Кўнглим бузилиб қайтдим. Ҳеч нарса олмадим.
У ерда онасига совға олаётганларни кўрдим.
Уларга жуда ҳавасим келди. Оз-моз ғайирлигим келгани ҳам рост.
Беихтиёр оёғим рўмоллар сотиладиган расталар олдига бошлади.
-Илтимос, арзонроқ қилиб беринг, пулим кам-да. Онамга олмоқчи эдим.
Сотувчи билан ялингудай савдолашарди ёшгина йигит. Талаба бўлса керак, ҳойнаҳой.
Ранг-баранг, бир-биридан чиройли рўмоллар ичидан биттасини танладим. Сизга ярашадиган мовинг ранг, жаннат туслисини...
-Шуни оласизми? Онангизгами? Неча ёшдалар? – пули етмаётган мижозга парво қилмай, менга юзланди сотувчи.
Ногоҳ қалқиб кетдим. Бир сотувчига, бир қўлимдаги рўмолга, бир йигитга қарадим.
Қўлларим қалтирар, нигоҳларим бесаранжом эди. Атрофга безовта тикилганча нима дейишни билмасдим.
-Опа, соғлигингиз жойидами? Ёки бирор нимангизни йўқотдингизми? – сўради ҳалиги йигитча.
Бўғзим куйиб кетгудай бўлди. “Ҳа... йўқотдим. Жуда катта нарсамни бошимдаги тожимни йўқотдим.”
Шоша-пиша сумкамдан пул чиқариб сотувчига узатдим. Сўнг қўлимдаги рўмолни менга ҳайрат билан тикилиб турган йигитга тутдим.
-Онангизга совға! Олинг. Фақат “йўқ” деманг!
Йигитча мени тушунгандек индамади.
“Сиз жудаям бахтлисиз, жудаям...”
Ўзимга ўзим гапирганча, бисотидаги энг қимматбаҳо нарсасини йўқотган ва энди уни тополмаслигини билсада, умидини узолмай кўзлари нажот истаб ҳар тарафга, ҳар кимга жавдираб қараётган ночор кимсадек йўлимда давом этдим...
***
-Сенга зарилми, жони болам, пулингни ўзингга ишлатсанг бўлмайдими-а? – дедингиз 2 метр кўйлаклик мато олиб борганимда.
Бор - йўғи бир мартагина ўзимдан орттириб олиб борган матони оларкансиз узундан – узоқ дуо қилдингиз.
-Илоҳим, тани-жонинг соғ, бахтинг бутун бўлсин, мартабанг баланд бўлсин, болам...
Оҳ, дуогўйим-а!
Арзимаган эътибордан тоғдек кўтарилган хокисор кўнглингизни, энди олтину зарларга-да топа олмайдиган – ана шундай табаррук дуоларингизни ҳамиша ҳам ололмаганим учун мени кечиринг!
***
-Наврўз байрамига келгин, майли-ми? Орзигул момо буғдой ундиряпти, биргалашиб сумалак ковлагани чиқамиз.
Лекин мен боролмасдим. Ё болам касал бўларди, ёки йўл кирага пул тополмасдим.
Муштипаргинам, чорлаган пайтларингизда, олдингизга учиб бормаганим, дийдоримга маҳтал қилган сон-саноқсиз кунларим ҳаққи менинг кечиринг?
***
“Тинчмисан? Наврўзда хўп кутдим, келмадинг-а”, кўзим ер чизарди. Жавобсиз қолдирган чорловларингиз ҳаққи, сизни хавотирга солиб, ташвишга қўйганларим ҳаққи кечиринг!
***
ФАРИШТАСИФАТИМ!
Биламан, энди бу дунёда йўқсиз. Азиз дийдорингиз қиёматга қолгани рост. Аммо... Онажоним, сизнинг қалбингиз ҳамиша биз билан!
Мен шуни англадим: Яратган онанинг фарзандига бўлган меҳр-муҳаббатига шу қадар буюк куч бағишлаган экан-ки, унга ўлим ҳам тўсиқ бўлолмаскан.
ҒАМХЎРГИНАМ! Тушларимга тез-тез кирасиз. Ҳамроҳсиз – танҳолигимни билдирмай дейсизми? Йўқлигингизни сездирмай дейсизми? Бизни ўйлаб, у дунёда ҳам безовта бўлиб, оромингизни бузасизми?
Оҳ, Меҳрибоним! Йўқ, сиз ўлмагансиз? Тоабад қалбимизда, хотирамизда ва тушларимизда биз билан бирга яшайсиз!
ИЛОҲИМ, Тангрим сизни, шу қаторида фарзандларининг дуо ва савобларидан умидвор бўлган барча ўтган азиз волидайи муҳтарамаларимизни ўз раҳматига олсин, Омин!
Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.
More...
Тоғли узоқ туманга тўйга айтишди. Наҳор ошида келди-кетдини кузатиб, бемалол ўтирдик. Тўй охирлаётганда даврага ёши қирқларга борган, сочлари оқариб кетган бир киши кириб келди. Тўй соҳиблари негадир унга илтифот кўрсатишмади. У бўш столлардан бирига бориб ўтирди ва олдига қўйилган ошни индамай еб, даврадан чиқиб кетди. Йигитга ҳеч илтифот кўрсатмагани мени ҳайрон қолдирди.
Таажжубимни кўриб, ёнимизда ўтирган мезбонлардан бири гап очди:
— Ҳайрон қоляпсизми? У шунга лойиқ.
Мезбоннинг айтишича, бир пайтлар йигит гиёҳванд моддаларга муккасидан кетган. Оқибатда отасини ўлдириб, узоқ йил «ўтириб» келган. Қамоқдан чиқиб келгандан буён қишлоқ аҳли уни ёқтирмас, маъракаларига чақирмас, йигитнинг ўзи бир четдан келиб қатнашиб кетаркан.
Тўй тугагач, мезбонлардан йигитнинг манзилини сўрасам, улар ажабланишди. Йигит билан суҳбатлашмоқчи эканимни айтгандим, истар-истамас манзилни беришди. Маълум бўлишича, у қамоқдан чиқиб келгач, қишлоқ четидаги ташландиқ ҳовлида яшаётган экан.
Ҳовлини топиб борганимда томи лойсувоқ, деворлари сомонсувоқ ҳолда қолиб кетган уй қаршисидан чиқдим. Чақирганимда ҳеч ким жавоб бермагач дарчани очиб ичкарига кирдим.
Ҳовлига анча тартиб берилган, бир томонда турли экинлар, яна бир томонда сўритокка кўтарилган узум бор эди. Бироздан сўнг йигит чиқиб келди ва мени кўриб ҳайрон бўлди.
Йигитни гапиртириш осон бўлмади. Аммо кимлардир ўзи учун тўғри хулоса чиқариши ва гиёҳвандлик балосининг домига илинмаслиги унинг учун бошидан ўтказганлари ҳақида ёзишим кераклигини тушунтирганимдан сўнг у гап бошлади:
«Оилада икки ўғил эдик. Ўқувчилигимда тўполончироқ бола эдим. 7–8-синфларга ўтганда сигарет чекишни бошладим. Отам унча қаттиққўл эмасди, шундай бўлса-да, чекишимни ундан яшириб юрганман. Акам сезиб қолиб мени чекишдан қайтармоқчи бўлди, аммо ундан бир неча марта калтак есам ҳам чекишни ташламадим.
Отамнинг бозорда кийим-кечак билан савдо қилувчи дўкони бор эди. Акам билан унга ёрдам берардик. Оиламизнинг даромади яхши эди.
Мактабни битирганимдан кейин отамнинг ёрдами билан алоҳида дўкон қилдим. Оиламизда ҳар кимнинг фойдаси ўзига деган ёзилмаган қоида амал қиларди. Мен ўзим ишлаб топган пулдан оила бюджетига бермасдим. Кейинчалик ёмон йўлга кириб кетишимга қисман шу ҳолат сабаб бўлганмикан, деб ўйлаб қоламан.
Бозорда савдо яхши эди. Чўнтагимда доим дасталаб пул билан юрардим. Дўстлар билан чойхоналарда йиғилишиб қолганимизда харажатнинг катта қисмини сахийлик билан кўтарардим. Ўшанда онам нимагадир пул сўраганда «ана, отамдан олинг, менинг кассам алоҳида» деб жавоб берган ноқобил ўғил, дўстлар билан йиғилганда пулларни аямасдан ишлатардим.
Дўстлар билан йиғилишлардан бирида улардан бири қоғозга қандайдир ўтни ўрай бошлади. Хаёлимдан бу гиёҳванд модда деган ўй ўтди. Сўнг уни чека бошлашди. Навбат менга келганда «ол, сигаретдан сал фарқ қилади», дейишди. Бир-икки марта тортдим.
Орадан бироз ўтиб ташқи олам кўзимга бошқача кўрина бошлади. Чанқаб салқин ичимлик ичмоқчи бўлиб дастурхонга қарасам олдимда стакан эмас, катта шиша бочка турганди. Қолгани эсимда йўқ...
Шу-шу, дўстлар билан йиғилишимиз «дори»сиз ўтмайдиган бўлди. Кейингилари кучли эмас эканми ёки чекавериб анча «тажриба» орттирдимми, биринчи чекканимда содир бўлган ҳолат қайта такрорланмади. Фақат кайфиятни бироз кўтарарди холос.
Бу ҳақда дўстларимга гапиргандим, агар пулидан қочмасам «дори»нинг бошқачаси борлигини айтиб қолишди. Кейинги гал ўтиришимизда ўшандан топиб келишларини айтишди.
Шу тариқа аввал қорадори, кейин у ҳам хуморни босмай қўйгач героин истеъмол қилишга ўтдим.
«Гера» қорадоридан анча қиммат эди. Гиёҳванд бўлиб қолганимдан сўнг дўкондаги савдога ҳам унча қизиқмай қўйдим ва фойда кундан кун камайиб кетаверди. Шу сабабли «таъминотчи»дан қарз бўла бошладим.
Уйдагилар аввалига ҳеч нарсани сезишмади. Сезишганда мен ашаддий гиёҳвандга айланиб бўлган эдим. Отам ва акам насиҳат қилишди, уришишди, нафи бўлмади. «Ломка» қўзиб қолганида кўзимга ҳеч нарса кўринмас ва бундай пайтда бир неча грамм героин учун мен ҳар нарсага тайёр эдим.
Шу тариқа, оиламдагилар учун ҳақиқий бошоғриққа айландим. Отам ва акам бир неча марта мени даволатмоқчи бўлишди. У ёқда дўхтирлар «дори» бермаслигини ўйлаб мен кўнмасдим.
Бора-бора «таъминотчи»дан бўлган қарзим ошиб бораверди. Шундан сўнг дўконимни ҳам сотиб «чекиб» юбордим. Отам ва акам ҳолимни кўриб чидай олишмади. Бир куни улар хонамга кириб келишди ва ўзимни ўнглашга улгурмасимдан қўл-оёғимни чандиб боғлаб ташлашди.
Отамга кимдир «маълум бир вақт чидаса, кейин қонидан гиёҳванд модданинг таъсири чиқиб кетади ва шунда тузалади», дебди. Отам мени боғлаб қўйиб даволамоқчи бўлди.
Қўл-оёғим боғланган ҳолда, чорасиз ётар эканман, «ломка» қўзиганда аъзойи баданим қақшаб оғрир, бунга чидай олмай додлаб бақирар эдим. Шундай пайтларда нолишларимга чидай олмаган онам келиб олдимда ўтириб йиғлар эди.
Онам олдимда ўтирганида мени арқондан бўшатишини сўраб йиғлардим. У бир марта мени арқондан бўшатиб юбормоқчи бўлганида отам қаттиқ уришиб берди. «Ўғлингни йўқотмоқчи бўлсанг, уни бўшатиб юбор. Тирик қолишини ва соғайишини хоҳласанг, тегма», дегани эсимда.
Ўша машъум кунда танамдаги қақшоқ туфайли овозим чиқмай ётар эканман, олдимга отам кирди. У ҳаётимни асраб қолиш учун шу ишга мажбур бўлганини айтиб, ҳатто узр сўради.
«Бошқа иложим йўқ. Эртага ўзинг ҳам оила қуриб, бола-чақали бўлсанг ана ўшанда ота-она фарзанди учун ҳар қандай ишга тайёр бўлишини тушуниб етасан», деди отам.
Отам менга умид билан насиҳат қилар экан, ўша тобда унга ўзимни тузалгандай тутсам балки арқонни ечар деган ўй келди. Шундан сўнг отамга анча ўзимга келганимни, танамдаги оғриқлар йўқолганини айтдим ва мени арқондан бўшатишини сўрадим. У менга ишонмай турганини кўриб, тузалганим тўғрисида ёлғондан қасам ичиб юбордим.
«Алдаётган бўлсам Худо урсин» деган гапимга отам бечора ишонди. У қўлимни ечиб қўйди. Оёғимдаги арқонни ечдим ва эшикка қараб мўлжал ола бошладим. Мақсадим нима бўлса ҳам уйдан қочиб чиқиш ва «дори» топиш эди. Отам кўзимга қаради ва алдаганимни билди.
Хонадан қочиб чиқиб ўзимни ҳовлига урдим. Заифлашиб қолганим учун узоққа қоча олмадим, отам етиб олди. У ортимдан қуваётганида арқонни олишга ҳам улгурган экан.
Отам бир қўлда мени маҳкам ушлаб, иккинчи қўли билан қайта боғлашга уринарди. Тинимсиз типирчиласам ҳам отамнинг қўлидан чиқиб кета олмасдим.
Шу пайт дераза токчасида турган пичоққа кўзим тушди ва у менга нажот бўлиб кўринди. Жон-жаҳдим билан ўзимни дераза томонга отдим ва пичоқни олиб отамнинг дуч келган жойларига бир неча бор санчдим. Оёқ ости қип-қизил қон бўлди. Отам йиқилди ва гапиришга ҳам улгурмай жон берди.
Даҳшатли иш қилганимни англаб турган бўлсам ҳам, ўша пайтда менда тезроқ героин топиб истеъмол қилиш ваҳми кучли эди. Аммо отамнинг жасадини шундоқ ташлаб кетсам мени осонгина топиб олишлари ва яна «дори»дан айиришлари мумкин эди. Шу учун ҳамма ёқни тозалаб кейин чиқиб кетишни хоҳладим.
Ўша куни уйимизда ҳеч ким йўқ эди. Аввал ҳовлининг кўздан панароқ жойидан чуқур қазиб отамни кўмдим. Сўнг оёқ остидаги қонни ювиб ташладим. Ундан кейин уйга кириб бор пулларни олдим ва кўчага чиқиб кетдим.
Уйдан чиққач тўғри «таъминотчи»нинг олдига бордим ва ундан «дори» олиб хуморим босилгунча чекдим. Кейин ёнимдаги пулнинг ҳаммасига героин сотиб олдим.
Чекилган героин таъсирида кўчада кетиб борар эканман, ёнимга бир машина келиб тўхтади ва ундан ИИБ ходимлари тушиб келишди. Шу пайт хаёлимдан отамни ўлдирганимни шунча тез аниқлашдими, деган ўй ўтди.
ИИБ ходимлари мендан исм-шарифим ва қаерда туришимни сўрашгач, шунчаки уларнинг кўзига шубҳали шахс бўлиб кўринганимни билдим. Озиб қилдай бўлиб қолганим ва бежо боқаётган кўзларим уларни баттар шубҳалантирди. Улар шахсимни аниқлаш учун бўлимга боришимиз кераклигини айтишди.
Бўлимга олиб бориб текширишганда чўнтагимдан бироз аввал сотиб олганим, героин чиқди. Шундан сўнг ҳибсга олиндим. Дастлабки терговда «гера»ни кимдан олганимни айтдим, «таъминотчи»ни олиб келиб юзлаштиришди.
Ҳибсда турганимда танам қақшаб оғриганига чидаб туролмасдим. Аммо чидашга мажбур эдим. Тергов бошлангандан кейин бир неча кун ўтса ҳам мендан отам ҳақида сўрашмади. Демак, отамни ўлдирганимни ҳеч ким билмайди.
Мени ушлашганига 20 кун бўлгач, терговчи мени сўраб туман ИИБга барча келганини, аммо отам келмаганини айтди. Унинг «отангизни охирги марта қачон кўргандингиз?» деган саволига жўяли жавоб бера олмадим.
Шундан сўнг у отам йўқолганини ва бир кун аввал акамнинг аризасига мувофиқ унга қидирув эълон қилинганини айтди. Шу пайт бехосдан отамни ўлдирганимни айтиб юбордим.
Шундан сўнг терговчига ўша куни содир бўлган ҳодисаларни айтиб бердим. Қўлимда кишан билан уйимизга олиб боришди. Терговчиларга отам кўмилган жойни кўрсатдим. Отамни ўлдирганимни билиб, онамнинг мазаси қочиб қолди.
Ўзим эса ўша ҳолатда героин чекиш хумори билан юрганим учун, қилган ишимнинг даҳшатли жиноят эканини, бунинг жазосини нафақат бу дунёда, охиратда ҳам олишимни ҳали англаб етганим йўқ эди.
Шу тариқа, менга Жиноят кодексининг иккита моддаси билан айб қўйилди ва узоқ муддатга қамалдим. Қамоқда бошқа маҳкумлар мени отамнинг қотили эканимни билиб ёмон муносабатда бўлишгани – бу алоҳида тарих.
Қамоқда қарийб 15 йил ўтирдим. 22 ёшимда қамалиб, 37 ёшимда озодликка чиқдим. Борадиган бошқа жойим йўқлиги учун қишлоққа қайтиб келдим. Ота ҳовлимда, муштипар онамнинг ва бошқа яқинларимнинг кўзига тик қараб яшай олмасдим. Шу учун мана шу ташландиқ ҳовлига келиб жойлашдим.
Қишлоқдошларимнинг муомаласини кўрдингиз, мен улардан хафа эмасман. Ўшандай муносабатга лойиқман. Қамоқда ўтирганимдаёқ тавба қилганман, аммо тавбам қабул бўладими йўқми, билмайман.
Ёшлардан мен қилган хатони такрорламасликларини сўрайман. Гиёҳвандлик балоси инсонни энг тубан даражага тушириб, ҳаётини барбод қилади. «У ёқ»ни кўриб келдим, не-не йигитлар менга ўхшаб бу заҳри қотилни истеъмол қилишга ружу қўйиб, гулдай умрини панжара ортида ўтказяпти.
Мен ота-онамнинг хизматини қилиб, кексайганида уларга тиргак бўлиш ўрнига бирининг қотили, иккинчисига оқ бўлдим. Менинг гуноҳимни ҳеч нарса билан ювиб бўлмайди.
Инсонга умр бир марта берилади. Шундай экан, ҳаётнинг қадрига етиб, умрни фақат ва фақат савоб ишларга ҳамда яхшиликларга сарфлаб ўтказиш керак. Акс ҳолда ҳаётларини мендай барбод қилиб қўйишлари мумкин. Шу гапларимни ёшларга етказинг».
Суҳбатимиз охирида йигит йиғлаб юборди. Уни ўз ҳолига қўйиб, ўрнимдан қўзғалдим.
Ғайрат Йўлдош.
Ота-онаси 18-19 ёшли болани даволанишга олиб келишди. Бош шифокор уларни шахсан ўзи қабул қилиб, “ўта кучли гиёҳвандлик” ташхисини қўйди.
Келган куни кечқурун беморнинг аҳволи ёмонлашди. Бутун вужуди қалтираб, жиннилик даражасида титрарди. Бир қанча ҳамширалар уни қандайдир тарзда ётқизишди. Улардан яна бири тинчлантирувчи дори укол қилди. 10-15 дақиқадан сўнг бола тинчланди ва индамай, кўзини тепага қадаганча ётди.
Бир аёл касалхона деразасидан ташқарига қаради, у кўзларини юммасдан, беморни кузатиб турарди ва унинг кўзларидан ёш оқарди. Бу ночор аёл уйқусиз тунларда тинчлик ва уйқуни билмай, севимли фарзандининг бахтли келажаги умидида бу болани катта қилган - бу унинг онаси эди.
Бечора аёл жон-жаҳдини касалхонада қолдириб, ожиз ва ночор, жимгина уйига қараб кетди.
Ҳовлида ёғоч каровотда ўтириб, ён томондан хотиржам кўринарди. Аслида унинг руҳи бу жойлардан жуда узоқда эди, у шамолдан ҳам тезроқ юқорига учиб, то энг пастга қадар қуларди. Уйга қайтган эр хотинига қаради ундаги тушкунликни саросималикни аритиш мақсадида касалхонада бўлиб, ўғлини кўрганини айтди.
Эрталаб эрини ишга жўнатган онаизор, ишларини бир четга суриб, бахтсиз ва ёлғиз ўзи касалхона томон йўл олди. У деярли бефарқлик билан шифтга қараб чарчаган, синиқ ҳолда ётган бемор ўғлига салом берди. Унинг руҳи "оқ ўлим" чангалида эди. Ўғлининг сўнаётган, умидсиз нигоҳида чидаб бўлмас дард ва соғинч бор эди.
- Равшан, - она ўғлига юзланди, яхшимисан, ўғлим?
Зўрға бош ирғаб, “ҳа” деб жавоб берди.
- Мен сенга овқат олиб келдим, иссиғида овқатланиб ол.
У яна ҳеч нарса демади. Она ҳам нима дейишни билмай қолди.
Бироздан кейин Равшан хўрсинди, нафас олиши тезлашди. Уст-бошини ҳўл қилар даражада пешонасидан тер қуйиларди: “Онам, онажоним!” унинг қўлидан ушлаб, ёрдам сўрай бошлади. У чидай олмай, ўғлига ёрдам бериши керак бўлган шифокорлар умидида нажот излаб касалхона йўлаги бўйлаб югурди.
-Мени қўйиб юбормайди, – оғзидан кўпик чиқариб бақирарди ўғли.
Равшаннинг юзи совуқ рангдан музлаб қолгандек кўм-кўк эди. Кенг пешонада тер билан ёпишган сочлар. Тиззалари ўзини тутолмай титрарди. У яна изтироб ичида қийнала бошлади. Ҳамшира келиб, унга укол қилди. Равшан яна жим қолди. Уни уйқу босиб кета бошлади. Она юраги эзилиб, шифокордан нажот сўрагандай, унга маъюс термулди.
- Касалликни енгиш осон емас, - у она билан суҳбатни бошлади. Бунда эса Равшаннинг ўзи муҳим роль ўйнайди, унинг иродасига боғлиқ. Бугун биз жиддийроқ муолажаларга ўтамиз, - шифокор ҳолдан тойган аёлни қўллаб-қувватлаган бўлди.
Она ўғлига ёрдам бера олмай, уйига қайтди. Остонадан ошиб, эшикни орқасидан ёпганча, деворга суяниб, аввалига жимгина, кейин бор овози билан бақириб йиғлай бошлади ва охири ҳолдан тойиб тинчланди...
Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.
Ногиронлар уйи. Бу ердаги болажонларниг аксарияти айнан гиёҳвандлик иллатининг қурбони бўлиб, боши берк кўчага кириб қолганларнинг фарзандлари.
Ногиронлик аравачасида зўр-базўр нафас олаётган, оёқ-қўли ишламайдиган мана бу ўсмир йигит шу кунгача на отаси, на онасини кўрган. У нажот билан доим кўкка тикилади. Ўзича ўйлайди: “Қачондир улар келишади… қачондир уларни кўраман…” Аммо билмайдики, унинг отаси ҳам, онаси ҳам гиёҳвандлик балосига йўлиққан. Мажбурий даволанишдан бўйин товлаш оқибатида улар аллақачон оламдан кўз юмишган…
Ҳозирги кунда гиёҳвандлик глобал муаммолардан биридир. Аср вабоси деб баҳоланаётган “оқ ажал” қанчадан-қанча инсонларнинг бахтига зомин бўлаётгани, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга одатланиш оқибатида ногирон, жисмоний ва ақлий нуқсони бор болалар дунёга келаётгани ҳақида ўйласак, ҳар биримиз сергак тортамиз.
Наркомания ва наркобизнесга қарши кураш Халқаро ассоциациясининг маълумотларига қараганда, бугунги кунда гиёҳванд эркакларнинг ўртача ёши 31, аёлларники эса, 28 ни ташкил қилади. Уларнинг 77 фоизи 39 ёшдан катта бўлмаган шахслар бўлиб, ярмидан кўпроғи 15-19 ёшли ўсмирлардир. Агар аҳвол шундайлигича қоладиган бўлса, дунё миқёсида гиёҳвандларнинг умумий сони яқин орада икки баравар ошиши хавфи бор экан.
Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, гиёҳвандлик юқори асаб тизимини қўзғатиб, ишдан чиқаргач, инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига путур етказади. Шунингдек, организмдаги моддалар алмашинуви жараёни бузилади ва охир-оқибат бутун вужуд заҳарланади. Бора-бора инсон организми бундай моддаларни истеъмол қилмаса, қисман ёки бутунлай ишдан чиқади.
Энг ачинарлиси, оғунинг қулига айланиб қолганлар саломатлигини, руҳий мувозанатни йўқотади. Бу эса, фақат унинг ўзи учунгина эмас, оила аъзолари ва ён-атрофдаги одамлар учун ҳам хавфлидир. Шундай экан, гиёҳвандликка қарши кураш барчамизни бирдек ўйлантириши лозимлигини дилдан ҳис қиламиз. Юртимизнинг ҳар бир фуқароси бу масалага ўзининг Ватан олдидаги, қолаверса, оиласи, фарзандлари олдидаги бурчи сифатида қараши зарур.
Азиз БАБАКУЛОВ,
Зарафшон шаҳар прокурори ёрдамчиси.
Гиёҳвандлик бу ҳақиқий манқуртлик! Бу шундай оғуки, унинг таъсирида инсон онги ва хулқида салбий ўзгаришлар содир бўлиб, ҳаёти дўзахга айланади. Киши бир бор гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилдими, тамом ўз-ўзидан унга тобе бўлиб қолади. Бу эса, шак-шубҳасиз, дўзах сари йўл демак.
Ҳаётда биринчи марта гиёҳванд модда қабул қилаётган одамлар ўзларини шундай оқлайдилар: "Мен шунчаки татиб кўраман холос.... Эҳтимол чиндан ҳам бир маротаба "мазаси"ни кўриш билан кифояланар, лекин кўп ҳолларда бунинг акси бўлади: яна бир марта, яна бир марта, яна... яна...
Бу "тобелик" эса, "қора бозор"дан "нон топиш" илинжидаги кимсалар учун айни муддао. Чунки уларнинг "мол"ига қанча харидор кўпайса, шунча яхши.
Ислом Умаров, Собир Қурбонов ва Ғайрат Алимов (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ана шу жирканч йўлни танлашди. Аслида Ғайрат икки марта, Собир эса бир марта жиноят содир этиб судланишган. Ақли paco киши бу вазиятда аллақачон тузалиш ХА нг нФахриддин5 ННТ эр йўлига ўтиб, ҳаётига мазмун киритган бўларди. Бу икки кимса эса "қоронғида топишган кўрлар" мисол пана-панада кўришиб наша савдосини авж олдириб юборишди.
- Ғайрат, анавидан борми? - сўради кунларнинг бирида Ислом шеригига қўнғироқ қилиб, бир ишончли одам кўп миқдорда сўраëтганди... Бизга ҳам яхшигина улуш қолади, дейман-да... Ҳозир у билан уйингга ўтамиз...
Уйга эмас гаражга бораверинглар. Ўша ерда кўришамиз.
Ғайрат айтган манзилга етиб борганида, Ислом нотаниш икки йигит билан турарди. Салом-аликдан сўнг Ислом танишидан 10 000 АҚШ доллари пул олиб, унга узатди. Ғайрат эса пулларини киссасига жойларкан "ҳозир чиқаман", деганча рўпарадаги кўпқаватли уйларнинг бирига тўғрироғи Собирнинг хонадонига кириб кетди. Дам ўтмай иккита целлофанда нимадир кўтариб чикди. - Мана, ака, айтганингиздек "тозаси"!
Бу Ғайрат учун ҳам унинг жиноий шериклари учун ҳам тузоқ эди. Улар буни рўпарасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари пайдо бўлганидагина англашди. Холислар иштирокида иккита целлофан очиб кўрилганда, унда бўлакларга бўлинган 0,5 кг. миқдори даги "героин" борлиги маълум бўлди.
Суд бўлди. Учала ҳамтовоқ ҳам суд ҳукми билан турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.
Фахриддин ТУРДИЕВ,
Зарафшон шаҳар прокурори ўринбосари.