Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида адлия бўлимлари таркибида юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятининг йўлга қўйилиши ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда. Бугунги кунда юридик хизмат кўрсатиш марказлари бир ёшга тўлди.
Бундан бир йил олдин давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳужжатга асосан, давлат органлари ва ташкилотларига сифатли ва малакали юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди.
Юридик хизмат кўрсатиладиган давлат идораларининг марказларга юбориладиган ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнларини электрон шаклга ўтказувчи “Э-ҳуқуқшунос” электрон тизими яратилди. Натижада иш юритуви тўлиқ рақамлаштирилди.
Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам халқ таълими, мактабгача таълим, молия, маданият, тиббиёт бирлашмаси сингари яна бошқа ўнлаб давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларда “Э-ҳуқуқшунос” электрон тизими орқали юридик хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Туман юридик хизмат кўрсатиш марказига ҳозирга қадар 10 мингдан ортиқ меҳнат муносабатларига оид буйруқ, шартномалар, хўжалик муносабатларига оид ҳужжатлар ва ташкилотнинг бошқа турдаги идоравий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун келиб тушган. Юридик тусдаги ҳужжатларнинг 70 фоизидан ортиқ қисмини ташкил этади.
Хулоса қилиб айтганда, жамиятимиз ҳар бир бўғинида қонунийликнинг таъминланиши ва бунинг учун етарли шарт-шароитларнинг яратилиши биз қураётган демократик давлатнинг асосий мезонларидан ҳисобланади. Шу маънода давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам бериш ҳамда уларга сифатли, профессионал юридик хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Улуғбек ТЎРАЕВ,
туман адлия бўлими бошлиғи.