LOTIN-КИРИЛЛ

32-КАБИНЕТНИНГ ШИФОКОРИ

   Аслида сенинг танангдаги оғриқни ҳис этиб унга тўғри ташхис қўйган, сени даволаган шифокорни яхши ёмонга ажратиб бўлмайди. 

   “НКМК жамғармаси” ДМ Учқудуқ ҳудудий бошқармасига қарашли

    № 2- сонли тиббий - санитария қисми шифокори Мақсуд Тошевнинг касбида бошқа ҳамкасбларидан кўра оғириқли нуқталари кўп. Унга онкологик касалликлар билан оғриган беморлар мурожаат этишади. 

   Кимдир даво истаб касалликнинг бошланғич нуқтасида тиббий кўрик учун келса, яна кимдир дардини ўтказиб келади. Ана шу дардига дармон истаб келган бемор ва уларнинг яқинларига ҳам шифо, ҳам илинж бериш шифокорнинг зиммасидаги биринчи галдаги вазифа.  

  Мазкур тиббиёт муассасасида ҳар куни юзлаб, Шимолий кон бошқармаси ва “НКМК жамғармаси” Учқудуқ ҳудудий бошқармаси, “Навоийуран” давлат корхонаси ишчи-ходимлари саломатлиги малакали шифокорлар назоратидан ўтади. Мақсуд ва унинг ҳамкасблари эса замонавий тиббиётдан доимо воқиф бўлиб туриши, тажрибасини сайқаллаб бориши зарур.  

   -Замон қай даражада ривожланмасин, янги-янги касалликлар бўй кўрсатаверади. Янги даволаш усуллари, янги турдаги дори-дармонлар жорий этилаверади. Ўқитувчи ўз фанини билмаганида ўқувчиси олдида қандай уялса биз ҳам касаллик билан курашиш йўлида шундай уятлимиз, масъулмиз, - дейди Мақсуд. 

  Асли Навбаҳор туманида туғилиб вояга етган Мақсуд Тошев 2008 йил Тошкент педиатрия институтини тамомлаб, Навоий кон-металлургия комбинатининг № 27- сонли тиббий - санитария бўлимининг тез ёрдам бўлимида фаолият юритган. Шундан кейин ҳам изланишдан тўхтамай, ўқиб-ўрганиб онколог-хирург мутахассислигига эга бўлди.     

   2011 йил эса уни ёш мутахассис сифатида № 2- сонли тиббий -санитария қисмига онколог врач сифатида ишга жўнатилди. Шифокорларнинг оддий касб эгалларидан фарқи шундаки улар интизом одами. Қасамёдига кўра, қаерга хизматга жўнатилса, ўша ерда бурчини бажаради. Мақсуд Тошев ҳам шундай.

   Тиббий - санитария қисмидаги 32-кабинет энг қўрқинчи кабинет. Чунки унда онколог – врач деган ёзув бор. Аммо ана шу кабинетнинг эшигида доим навбат кутувчилар кўп бўлади. Бу ерга нафақат онколог кўриги учун балки Мақсуднинг билимига, тажрибасига ишонганлар турнақатор туради. Шифокор эса ҳар бир касалликнинг келиб чиқиши унинг даволаш сирларини ўрганади, изланади. 

   Унинг хонасидаги деворларда очиқ жойни топиш қийин. Халқаро ва республикада ўтказилган турли анжуманларда, ўқув курсларида олган сертификатлари қатор тизилган. Бирида отасини даволатиш учун Россияда олиб борганида: “Болам шу усулларни ҳам даволашга киритишинг керак экан”, деган оғриқ билан айтган сўзларини ерда қолдирмай мусофир юртда ҳам касал боқиб ҳам тажриба олганидаги сертификати...  

   Яна бири оталик меҳри билан қизининг давосиз дардига даво топиш учун кўзларида ёш билан умид қилиб ойлаб, Тошкентда касалхона ва олийгоҳ ўртасида югуриб олган сертификати... 

   Бу сертификатларга қараган Мақсуднинг доимо қалби йиғлайди... Чунки улар қўлида бўлганида отажониси ва эндигина 10 ёшни қаршилаган қизалоғи бу дунёни тарк этган. Аммо улар учун ўргангани бугун қайси фарзанднинг отасини, қайсидир армонсиз отанинг қизини ҳаётга қайтармоқда. 

    Шифокорликнинг энг ёмони шундаки, сен ўз яқинингда қандай дард ўтаётганини билиб турасан. У сени алдолмайди. Аммо сен уни алдаб яшайсан. Тананинг қаери зарар кўрса, жонинг ўша ерда бўларкан. Яшиям шифокорлар бор. Ҳам тили билан ҳам билими билан сени даволайди. 

   Айниқса, бошимиздан ўтқазганимиз пандемия шароитида тинчлигимиз посбонлари каби соғлигимиз посбонлари ҳам биз учун қанчалик қадрли эканлигини ҳис этдик. 

   Мақсуд Тошевнинг беморлари эса унинг ака-укаси, опа-синглисига айланиб бўлган. Чунки окологик касалликларда бемор ва шифокор биргалашиб курашсагина натижа бўлади. Мақсуд беморига, бемори Мақсудга ишонади. “Менда ўзгариш борми?”, “Мен тузаламанми?”, “Мен ўлмайманми?” бу саволларни у ҳар кун эшитади... шу учун Мақсуднинг уйида ҳам, ишхонасидаги столида ҳам онкологик касалликларга доир китоблар қаторлашиб туради. У ишлаган компьютер интернетидан энг кўп ахтарилган мавзулар ҳам шу бўлади.  

   Умр... Бу қисқагина йўл! Бу йўлда ҳар ким ҳар хил бекатда тушиб қолади. Аммо ҳамма фақат бир мақсад ортидан югуради: БАХТ ва СОҒЛИК! Мақсуд Тошев эса инсонлар дардига дармон бўлаётган ҳар бир кунига шукроналар айтиб, ҳар бир соғайган беморни мўъжиза, қувонч, бахт, деб билади. 

Лайло КАРИМОВА,

ШКБ ахборот хизмати раҳбари.

 

O'qilgan: 512 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: