Адлия вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказган ўрганишлар натижасига кўра, ҳудудлардаги 9965 та мактабнинг 2242 тасида, яъни 22,5 фоизида спорт заллари йўқлиги аниқланди.
Ўрганиш давомида умумий ўрта таълим мактабларини ва мактабгача таълим муассасаларини спорт заллари билан таъминлаш ҳамда улардаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиш даражаси ҳам пастлигича қолаётгани маълум бўлган.
Адлия вазирлиги ахборот хизматининг билдиришича, Фарғона вилоят ХТБ тасарруфидаги 785 та мактаб спорт залларининг 114 таси, яъни 14,5 фоизи таъмирталаб ҳолатда.
Жумладан, Боғдод туманидаги 40 та мактаб спорт залларининг 21 таси, 52,5 фоизи таъмирталаб аҳволда. Қўштепа туманидаги 34-мактабдаги таъмир ҳолати эса собиқ иттифоқ давридан сақланиб қолган ва зарур инвентарлар мавжуд эмас.
Ўрганиш давомида ҳудудлар бўйича давлат тасарруфидаги 6126 та боғчанинг 4 986 тасида, яъни 81,4 фоизи хавфсиз спорт майдончалари ва бино-иншоотлари билан таъминланмагани аниқланган.
Мисол учун, Наманган вилояти мактабгача таълим бўлимлари тасарруфидаги 576 та боғчанинг 574 таси (99,6 фоизи), Сурхондарё вилоятидаги 376 та боғчанинг бирортасида спорт заллари мавжуд эмас.
8 феврал куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги бошқарув кадрлар учун видеоконференцалоқа тарзида йиғилиш ўтказилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоларга кўра, йиғилишда вазир Абдуқодир Тошқулов иқтидорли талабалар учун таъсис этилган номдор стипендиялар саралашидаги коррупцион ҳолатлар ва қариндош-уруғчилик алоқалари борасида жиддий текширувлар бошланиши ҳақида ҳам гапирган.
«Бугун (8 феврал куни – таҳр.) 100 мингдан ортиқ аъзоси бўлган каналда Гулистон давлат университетига тегишли бир хабар чиқди. «Тарих такрорланмоқда. Олаверинглар, еяверинглар», деб бошланади хабар.
Унга кўра, талабалардан бири шу университетда номдор стипендияга эга чиққан деярли барча талабалар университет раҳбариятининг фарзанди ёки қариндоши экани ҳақида ёзган.
Мен тўрт кун олдин Гулистон давлат университетида ижро аппарати бошлиғига топшириқ бергандим. У университетдаги номдор стипендиантларнинг объективка маълумотномасини кадрлар бўлими бошлиғига тасдиқлатиб, менга бериши керак эди. Қаранг, шу топшириқни бугунги хабар чиқишини билгандек берган эканман. Худо кўнглимга солган экан. Мен энди бу хабарни ўзим бориб текшираман», – деган вазир.
Абдуқодир Тошқуловнинг айтишича, 8 феврал куни унга Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институтидан ҳам шу мазмунда мурожаат бўлган.
«Ибн Сино стипендиясига ўтган танловларда адолатсизликлар бўлгани ҳақида менга мурожаат бўлди. Мурожаат қилган болани кўрсангиз, у вундеркинд. Устози билан вазирликка келган. Ҳаммасини баён этиб берди у.
Бугун топшириқ бераман. Номдор стипендиантлар бўйича Бош прокуратурага вазирлик хати қилинади.
Прокуратура барча стипендиантларнинг университетлар раҳбариятига алоқадорлиги, таниш-билишчилик ҳолатларини текшириб беради», деган у.
Вазирнинг эслашича, у Термиз давлат университетида ректор сифатида иш бошлаганида университет кассасида камомадлар жуда кўп бўлган.
«Бир огоҳлантирдим, икки огоҳлантирдим, бўлмади. Шундан кейин ҳолатни ўзим прокуратурага ёзиб бердим. Текширувларда 60 миллион камомад аниқланди. Шу билан иқтисодий камомадлар йўқолди. Прокуратура барчасини тўлаттирди. Жарима солди.
Буни ҳам прокуратура аниқлаб берсин. Агар мен тайинланганимдан кейин ҳам шундай таниш-билишчилик аниқланса, ҳамма жавоб беради. Олий таълимда бўлса олий таълим, вазирлик бўлса вазирлик.
Бугун Бош прокуратурага хат кетиши керак. Жойлардаги олий таълим муассасаларини жойлардаги прокуратура, бу ерда бўлса бу ердаги прокуратура текширади.
Ҳа, «ўзининг тизимини ўзи прокуратурага берди», дейдиганлар ҳам чиқади. Лекин мен орқадан пичоқ урадиган одамни билишим керак», – таъкидлаган вазир.
Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Фарғона шаҳридаги «Шодиёна» маҳалласига таширифи ҳақида сўзлаб, давлат органлари раҳбларини 2021 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар бажарилмаган тақдирда уларни ишдан олиш бўйича огоҳлантирди, деб хабар беради «Gazeta.uz».
«Фарғонадан тушкун кайфиятда қайтдим. У маҳаллада [“Шодиёна”] раҳбар йўқ, ҳоким йўқ. Маҳаллага кирасан, 80 йиллардагидай… Кўчаларга, уйларга қараб бўлмайди, 1 квадрат метр ҳам ободонлаштирилмаган. У ерда раковина турибди, унинг остида пиёла, унинг тагида эса чиқинди», — дейди у.
«Миллий банкнинг Фарғона филиалида 80 дан ортиқ ходим ишлайди, ҳокимиятда 50 дан кам. Лекин банк ходимлари икки баравар ойлик олади», — дея таъкидлайди давлат раҳбари.
«Бизда назорат қилиш тизими йўқ. Бош вазирга топшириқ. Ҳар ой давлат дастурини бажармаган раҳбарларни ишдан бўшатади. Одамлар бизнинг қоғозбозлигимиздан чарчади, ‘ура-ураълардан чарчади…», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари бош вазир вазиятни таҳлил қилиб, кимни ишдан олиш кераклигини, қуйи поғонани қандай ишлашга мажбур қилиш кераклигини айтишини таъкидлаган. «Биз Тошкент вилояти ҳокимини, спорт вазирини ишдан олдик. Бу ҳали бошланиши».
У раҳбарларнинг аҳоли билан тўғридан-тўғри ишлаши лозимлигини қайд этган. «Нега Кудбиев [Давлат солиқ қўмитаси раҳбари], Бобожонов [ИИВ раҳбари] пастга тушмайди. Нега сизлар Худайбергеновга [Президент маслаҳатчиси] ўхшаб қоғозда эмас амалда натижа кўрсатмайсизлар?», — дейди Президент.
Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ва спорт вазири Дилмурод Набиевнинг ишдан олишини эслатиб ўтган ва бу «ҳали бошланиши» эканлиги ҳақида огоҳлантирган.
Президент давлат дастурида режалаштирилган вазифалар бўйича видеоселектор давомида телемулоқот орқали Наманган вилоятидаги режаларни ўрганди ва вилоят ҳокими билан бирга айни пайтда вилоятда бўлиб турган бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг ҳисоботларини тинглади.
«Намангандаги ҳар бир соҳа қайта кўриб чиқилиши керак. Энди қоғозда ура-ура қилиш даври ўтди. Ҳар бир соҳа бўйича алоҳида ўрганинглар. Чодакдаги ҳавонинг ўзи бойлик, туризм бўйича қанча имкониятларимиз бор. Энди мен вилоятларга ташриф буюрганимда қайси маҳаллага киришимни ҳеч ким билмайди», деган давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, 4-5 феврал кунлари Фарғона вилоятига сафари давомида президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридаги маҳаллалардан бирига олдиндан режалаштирилмаган ҳолда ташриф буюрди. Маҳаллага ташриф якунида президент сектор раҳбарлари фаолиятидан қониқиш билдирмаган ва шаҳар ҳокими, прокурор, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда солиқ инспекцияси раҳбари ўз лавозимларидан озод этилганди.
Президентнинг кейинги сафари Наманган вилоятига бўлиши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилги давлат дастурида режалаштирилган вазифаларга бағишланган видеоселекторда чекка ҳудудлардаги йўлларни таъмирлаш ва ичимлик суви таъминоти масалалари бўйича топшириқлар берди.
«Очилбой Раматов раҳбарлигидаги комплексга – йил якунига қадар 10 минг километрдан ортиқ ички ва қишлоқ (маҳалла) йўлларини таъмирлаш, 700дан ортиқ аҳоли пунктига (3 миллион аҳоли) тоза ичимлик суви етказиш асосий вазифа бўлиши керак.
Хориждаги ҳамкорларимизни огоҳлантиринглар – йўллар бўйича икки йил барча ташқи лойиҳаларни тўхтатамиз, барча кучни ички йўлларга қаратамиз. Соҳадаги вазият мени мутлақо қониқтирмайди. Йўлларни таъмирлашда давлат-хусусий шерикчилик тизимини жорий қилишимиз керак. Мана, пандемия пайтида ДХШ иш бердику, нега бу соҳада қўлламаслигимиз керак? Одамларимиз [Раматовга қарата] йўл ва сувдан норози.
Бунда, қишлоқ ва маҳаллалардаги ички йўлларни таъмирлашда «қум-шағал қоришмаси»дан фойдаланиш ҳисобидан, арзон ва кўпроқ йўлларни таъмирлашга жойлардаги сектор раҳбарлари, Халқ қабулхоналари ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари бошлиқлари шахсан бош-қош бўлишлари шарт», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Энергетика вазири Алишер Султонов ва «Ҳудудий электр тармоқлари» раиси Улуғбек Мустафоевга икки ой муддатда таъмирга муҳтож электр тармоқлари ва трансформаторларни «маҳаллабай» хатловдан ўтказиб, уларни янгилаш дастурини тасдиқлаш вазифаси берилган. Бунда йил якунига қадар 15 минг километр электр тармоқлари ҳамда 4 мингта трансформатор янгиланиши керак.
Шунингдек, Раматов, Маҳкамов, Бобоев, Абдувалиев вилоят ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда 5,5 мингга яқин таъмирталаб катта-кичик кўприкларни реконструкция қилиш бўйича «манзилли дастур»ни тасдиқлайди. Бунинг учун аввало Абдувалиев, Адиз Бобоев бошчилигида ишчи гуруҳи тузилиб, икки ҳафта муддатда барча кўприклар қайта хатловдан ўтказилиши зарур.
Раматов, Кудбиев, Кадастр агентлиги (Ф.Умаров) икки ҳафта муддатда кўприклар кадастрини шакллантириб, эгаларига бириктириб бериши кўрсатма қилинган.
Шунингдек, Раматов, Ш.Ҳидоятов вилоят ҳокимлари билан бирга жорий йил 1 мартга қадар аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада яхшилаш бўйича дастурни тасдиқлайди. Бунда, кўп квартирали уйларнинг 2 мингта лифтини таъмирлаш ва янгисига алмаштириш, 4,5 мингта кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш назарда тутилиши зарур.
Давлат раҳбари Раматов, Зокиров, Ш.Ҳидоятов вилоят ҳокимлари билан бирга, жорий йилда шаҳарларда камида 21 мингта, қишлоқларда 8 минг 800та уй-жойлар барпо қилиши лозимлиги бўйича ҳам топшириқ берган.
Ўзбекистонда 27—28 февраль кунлари соврин жамғармаси 100 миллион сўм бўлган брейн-ринг ўйини форматида катта очиқ чемпионат ўтказилади. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди матбуот хизмати хабар берди.
Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг маълум қилишича, «Заковат» интеллектуал клубида янги мавсум, янги давр бошланмоқда. 27—28 февраль кунлари соврин жамғармаси 100 миллион сўм бўлган брейн-ринг ўйини форматида катта очиқ чемпионат ўтказилади.
Турнирда исталган жамоа иштирок этиши мумкин ва бунинг учун 6 кишилик жамоа тузиш лозим. Жамоа тузилгач, «Zakovat.tv» сайтида рўйхатдан ўтиш керак бўлади.
«Агар 6 кишилик жамоа туза олмадингиз дейлик, унда нима бўлади? Хавотирга ўрин йўқ. Бемалол якка тартибда ҳам рўйхатдан ўта оласиз. Биз кейинчалик якка ариза юборганларни автоматик 6 кишилик жамоаларга бўлиб юборамиз. Баҳонада янги дўстлар орттиришингиз мумкин», — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, клубга аъзолик ва турнирда қатнашиш — бепул. Таъкидланишича, рўйхатдан ўтганлар ўртасида дастлаб интеллектуал кастинг ўтказилади ва ундан ўтган жамоалар турнирда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Брейн-ринг турнири ва интеллектуал кастинг ўтказиладиган жой, вақти, шартлари ҳақида «Zakovat.tv» сайти ҳамда @zakovat Telegram каналида маълум қилинади.
Президент бош вазирга маҳалла раислари ва участка нозирларини ҳокимиятга мажлисга чақиришни қатъиян тақиқлаш бўйича топшириқ берди.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»даги режалаштирилган вазифалар бўйича селектор ўтказилмоқда. Тадбирда барча вазирликлар, вилоятлар раҳбарлари иштирок этмоқда.
Давлат раҳбари яна бир бор мажлисбозликларни камайтириш зарурлиги ҳақида гапирган.
«Давлат дастури бўйича менга халқимиздан келиб тушган 2 мингдан ортиқ таклифларни олиб келишди. Мен бундан жуда хурсанд бўлдим. Чунки халқимиз ўйғонмоқда.
Ҳар қанча қийин бўлмасин, жорий йилда 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг аёлларни иш билан таъминлаш ҳамда «темир дафтар»га кирган 300 минг нафар кишини камбағалликдан чиқариш лозим.
Агар барча топшириқларга қунт билан, ақл ва садоқат билан ёндашилса, ҳаммасини бажарса бўлади.
Шу билан бирга, 33та «қизил» туман ва оғир аҳволдаги 970та маҳалланинг йўли, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғи яхши бўлишини, даромад манбалари кўпайишини одамлар кутяпти.
Биз бу йил маррани жуда катта оляпмиз. Нима учун?
Аввало, кўпни кўрган, қийинчиликларда тобланган мард ва матонатли халқимизнинг буюк бунёдкорлик салоҳиятига, ўтган даврда яратилган иқтисодий пойдеворга ишониб, мана шундай улкан режа ва вазифалар ижросига киришмоқдамиз.
Буни мен пандемия бошланганда, 2020 йил 15 мартдаёқ айтганман. Темир интизом керак. Ҳар қандай мажлисбозликни йиғиштириш керак. Йиғилишларни фақат маҳаллаларда ўтказинглар, халқ билсин.
Бош вазирга топшириқ – маҳалла раислари ва участка нозирларини ҳокимиятга мажлисга чақириш қатъиян тақиқланади.
Бу «участковой»ларга бошлиқ бўлмаган одамнинг ўзи йўқ экан. Ички ишлар тизими масаласини ўзи яқин орада алоҳида кўриб чиқамиз», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 10 феврал куни Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди.
Президент матбуот хизмати хабар қилишича, икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ашраф Ғани Ўзбекистон раҳбарига Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклаш масалаларида кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун биродар Афғонистон халқи номидан миннатдорлик билдирган.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳамда етакчи халқаро молиявий институтларнинг юқори даражадаги вакиллари иштирокида ўтган Транс-афғон транспорт йўлагини қуриш лойиҳасини илгари суриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлганини катта мамнуният билан қайд этишди.
Ушбу лойиҳани амалга оширишни, шу жумладан, техник ҳужжатларни тайёрлашни ва қурилиш ишларини бошлаш муҳим экани таъкидланди.
Президентлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, янги «Сурхон – Пули-Ҳумри» электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олишган. Шу мақсадда режалаштирилган ишларнинг бажаралишини мувофиқлаштиришнинг икки томонлама механизми яратилади, унинг доирасида ҳар ой видеоанжуманлар ўтказиб борилади.
Шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини, шу жумладан нефть-газ тармоғида, таълим соҳасида, техник ихтисосликлар бўйича малакали афғонистонлик кадрларни тайёрлаш борасида кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилган.
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580-йиллигига бағишлаб жорий йил март ойида Ҳирот шаҳрида ўтказиладиган байрам тадбирларида Ўзбекистон делегацияси иштирок этиши юзасидан келишувга эришилган.
Бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирлар ва мулоқотлар режаси юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Президентлар «Йўл харитаси» ва устувор инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш ва самарали илгари суриш мақсадида қўшма ҳукумат гуруҳини шакллантириш топшириғини беришган.
«Ўзбекистон ва Афғонистон етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона муҳитда ўтди», дейилади хабарда.
Муайян об-ҳаво — қишдаги қуруқ совуқ ва ёздаги иссиқ, қуёшли ҳаво — COVID-19 тарқалишини секинлаштиради. Бу ҳақда АҚШнинг Виржиния штати Жорж Мэйсон Университетининг Тизимли биология мактаби профессори Анча Баранованинг маълумотига таяниб «РИА Новости» хабар берди.
Профессор, шунингдек, карантин чекловларини об-ҳаво шароитига мувофиқ равишда белгилаш мумкин деган фикрни илгари сурмоқда.
У бундай гипотезани «Суюқликлар физикаси» журналида чоп этилган дунёнинг уч шаҳрида коронавирус тарқалишининг илмий моделига асосланиб илгари сурди.
«Мазкур ишларга асосланиб, об-ҳаво даврий ўзгарадиган ҳар қандай шаҳарда вирус йилига икки марта ўз чўққисига чиқади, деб тахмин қилишимиз мумкин. Моделлаштиришнинг заиф томони шундаки, олимлар буни ҳали ўта совуқ ҳавода синаб кўрмаган, 20 даража совуқни ҳисобга олмаган. Энг ёмон об-ҳаво бу — нол даражадан сал юқори ва лойгарчилик шароити; қуёш кўпроқ қизитиб, очиқроқ бўлган ҳаво эса вирусни ўлдиришга ёрдам беради», — деди Баранова.
Биолог моделлаштириш Нью-Йорк, Париж ва Буэнос-Айрес шаҳарлари учун амалга оширилганини қўшимча қилди.
«Ушбу модель маҳаллий об-ҳаво шароити, локдаун ёки бошқа чеклов чораларини киритиш тўғрисидаги маълумотларга асосланган эди. Биз уч хил об-ҳаво омили — ҳарорат, намлик ва шамолни кўриб чиқдик. Улар орасида шамол катта рол ўйнайди. Кучли шамол, айниқса, намлик паст бўлганда томчиларни қуритиб, вирусни ‘учириб юборади’, илиқ, нам, тинч об-ҳаво эса вируснинг яшаб қолишига ёрдам беради. Бироқ енгил шабада тинч об-ҳаводан ҳам ёмонроқ. Бундай шабада вирусни 2-3 метрга олиб боради ва касаллик юқтирувчилар сонини оширади», — дея давом этди биолог.
Унинг таъкидлашича, турли шаҳарларда шу каби моделлар вирус тарқалиши учун қулай об-ҳаво шароитида қисқа муддатли чеклов чораларини кўриш имконини беради. Бундай об-ҳаво прогнози аввалдан эълон қилинса, шаҳар аҳолиси вазиятга тайёр туриши, жумладан, ишни уйга кўчириш, учрашувларни Zoom орқали ўтказиш ва уйда қолиш чораларини кўриши мумкин бўлади.
Аввалроқ олимлар иқлим ўзгариши ва COVID-19 келиб чиқиши ўртасидаги боғлиқликни аниқлаган эди. Унга кўра, иқлим ўзгариши натижасида маълум бир минтақада кўршапалак турлари сонининг кўпайиши ўша ерда зарарли коронавируснинг пайдо бўлиш, ёйилиш ёки ривожланиш эҳтимолини ошириши мумкин.
Шимолий кон бошқармасига қарашли Таъмирлаш механика цехида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” очиқ мулоқоти ташкил этилди. Унда ШКБ директор ўринбосари , сенатор Б. Шарипов ҳамда 1- сонли КУҚ раиси Т. Биковалар иштирок этишди. Йиғилишда Б.Шарипов ҳозирги кунда ёшларга қатор имкониятлар яратилиб, катта ишонч билдирилаётганлигини ва бу имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш билан бирга ёш раҳбар ходимларни тайёрлашда уларни билим-савияларини ошириб ўз устиларида тинмай ишлашлари кераклигини таъкидлаб ўтди. Бунда эса ШКБ ёшлар иттифоқи етакчиси Кенгаши, корхона касаба уюшма қўмитаси ёрдамида ушбу ишларда жонбозлик кўрсатиши ва бу каби ишларни амалга оширишда уларга рахбарият томонидан барча заруририй шарт-шароитлар яратиб берилишини билдирилди.
Йиғилиш давомида ёшларни қизиқтирган саволлари ва муаммолари муҳокама қилинди.
More...
Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда Республикамиз иқтисодиёти жадал суратларда ривожланмоқда. Бунда давлат аҳамиятига молик йирик ишлаб чиқариш саноат корхоналарининг ҳиссаси беқиёсдир. Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЎМ ва ТОЁХТТЭБ НКМК ДК ЁХТТЭМаркази Давлат ёнғин назорати органлари томонидан ёнғин хавфсизлиги таъминланаётган объектларда ёнғинларни ва уларда фуқароларнинг тан жароҳати олиш ҳолатларини олдини олиш барасида жорий 2021 йилда Комбинатнинг мутасадди раҳбарлари билан фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғинлар профилактикасини амалга ошириш ҳамда аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракатланишга тайёрлаш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда, Навоий вилоятининг Қизилқум саҳросида жойлашган, иқтисодиётимизнинг бир қисмига айланган Навоий кон-металлургия комбинатининг Шимолий кон бошқармасига қарашли ишлаб чиқариш корхоналарида фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ШКБ ОЁХТТЭБўлими томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Ёнғин хавфсизлиги меъёр қоидалари асосида янги қурилиш ва реконструкция қилинган Автомобил транспорти бошқармасининг Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш биноси ва маъмурий биноси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, "Кокпатас" ва "Даугизтау" руда қазиб олиш конларида файдаланишга янгидан келтирилган Япониянинг "KOMATSU", Финландиянинг "SANDVIK", Америка қўшма штатларининг "САТ" компанияларидан 50 дан ортиқ тоғ-кон техникаларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ишончлилиги таъминланаш мақсадида автоматик ёнғин ўчириш ускуналари ўрнатиш ишлари амалган оширилмоқда ва бу тўғрисида тарғибот ишлари кучайтирилган. Шу каби Шимолий кон бошқармасининг барча корхона ва масканларида ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғинлар профилактикаси тадбирлари ташкил этилмоқда.
Аҳоли, ташкилотлар ва таълим муассасаларида ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларига риоя этиш тўғрисидаги шу каби кенг тушунтириш ишлари олиб боришдан мақсад, инсонларни бевақт ҳаётдан кўз юмишларини олдини олиш ва содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни муваффақиятли бартараф этиш ишларига кенг жамоатчиликни жалб қилишдан иборатдир.
Санжар Баходиров, АкмалТурдиев
ШКБ ОЁХТТЭБ инспекторлари
Uchquduq tumani “Aytim” MFY hududidan fuqaro Jalolov Asqarjon Xaydarovichga “savdo do‘koni va maishiy xizmat ko‘rsatish” binosini qurish uchun doimiy foydalanishga 600,0 kv.m yer maydoni ajratish to‘g‘risida
O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 16-noyabrdagi “Yer uchastkalari olib qo‘yilishi va olib qo‘yilayotgan yer uchastkasida joylashgan ko‘chmas mulk ob‘yektlari mulkdorlariga kompensatsiya berish tartibi to‘g‘risida”gi 911-sonli qaroriga asosan, Qizilqum ko‘chasi 12-uy 5-xonadonda yashovchi fuqaro Jalolov Askarjon Xaydarovichning 2021-yil 11-yanvardagi 05G’049-39-son bilan ro‘yxatga olingan murojaatini inobatga olib, O‘zbekiston Respublikasi “Mahalliy davlat hokimiyati to‘g‘risida”gi Qonunining 6-moddasiga asosan
Q A R O R Q I L A M A N:
- Uchquduq tumani “Aytim” MFY hududidan fuqaro Jalolov Asqarjon Xaydarovichga “savdo do‘koni va maishiy xizmat ko‘rsatish” binosini qurish uchun doimiy foydalanishga 600,0 kv.m yer maydoni ajratilsin. (Yer maydonlarining chegaralari rejasi ilova qilinadi).
- Fuqaro Jalolov Askarjon Xaydarovichga quyidagilar tavsiya etilsin:
topotasvir ishlarini bajarish uchun “O‘zGASHKLITI” Navoiy viloyat filialiga buyurtma berish (1:500 miqyosda);
tegishli muhandislik kommunikatsiya tarmoqlari korxonalari tomonidan texnik shartlar taqdim etilgan kundan boshlab o‘n kun muddatda arxitektura-rejalashtirish topshiriqlari (ART-1, ART-2)ni ishlab chiqilishini ta‘minlashini so‘rash;
loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish uchun litsenziyaga ega loyihalash tashkiloti tomonidan loyiha ishlab chiqish;
“savdo do‘koni va maishiy xizmat ko‘rsatish” binosi tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlari asosida qurilsin.
- Tuman qurilish bo‘limi (I.Baxromzoda)ga ushbu “savdo do‘koni va maishiy xizmat ko‘rsatish” binosi tasdiqlangan loyiha asosida qurilishini nazorat qilib borish topshirilsin.
- Tuman yer resurslari va davlat kadastr bo‘limi (A.Qilichov)ga belgilangan tartibda tuman yer hisobotlariga tegishli o‘zgartirishlar kiritish vazifasi topshirilsin.
- Ushbu qaror ijrosini nazorat qilish tuman hokimining o‘rinbosari O.Ramazonov zimmasiga yuklatilsin.
S.Xamroyev,
Tuman hokimi
2021-yil 29 –yanvar
23-Q- son Uchquduq tuman
Uchquduq tumani “Mustaqillik” MFY hududi A.Temur ko‘chasida joylashgan fuqaro J.Xamroyevga tegishli bo‘lgan “savdo do‘koni” binosi orqa tomonidan vaqtincha foydalanishga o‘n (10) yil muddatga 270,0 kv.m yer maydoni ajratish to‘g‘risidagi
O‘zbekiston Respublikasi “Yer kodeksi”ning 6, 20-moddalariga asosan, Uchquduq tumani, Navoiy MFY hududi X.Do‘stligi ko‘chasi, 4-uy 29-xonadonda yashovchi fuqaro Xamroyev Jurabek Rizokulovichning 2021-yil 6-yanvardagi murojaatini inobatga olib hamda O‘zbekiston Respublikasi “Mahalliy davlat hokimiyati to‘g‘risida”gi Qonunining 6-moddasiga asosan
Q A R O R Q I L A M A N:
- Uchquduq tumani “Mustaqillik” MFY hududi A.Temur ko‘chasidan Xamroyev Jurabek Rizokulovichga 270,0 kv.m yer uchastkasiga, 10 (o‘n) yil muddatga vaqtincha foydalanishga “savdo do‘koni” binosini qurishga ruxsat berish to‘g‘risida Uchquduq tuman yer uchastkalarini berish (realizatsiya qilish) masalalarini ko‘rib chiqish komissiyasining dalolatnomasi tasdiqlansin. (Dalolatnoma ilova qilinadi).
- Uchquduq tumani “Mustaqillik” MFY hududi A.Temur ko‘chasidan Xamroyev Jurabek Rizokulovichga 270,0 kv.m yer uchastkasiga, 10 (o‘n) yil muddatga vaqtincha foydalanishga “savdo do‘koni” binosini qurishga ruxsat berilsin. (Yer uchastkasining chegaralari rejasi ilova qilinadi).
- Tuman qurilish bo‘limi (I.Baxromzoda)ga ushbu “savdo do‘koni” binosi qurilish ishlarini tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlari asosida nazorat qilib borish topshirilsin.
- Tuman yer resurslari va davlat kadastr bo‘limi (A.Qilichov)ga belgilangan
tartibda tuman yer hisobotlariga tegishli o‘zgartirishlar kiritish topshirilsin.
- Ushbu qaror ijrosini nazorat qilish tuman hokimining o‘rinbosari O.Ramazonov zimmasiga yuklatilsin.
S.Xamroyev,
Tuman hokimi
2021-yil 29 –yanvar
22-Q- son Uchquduq tuman
Uchquduq tumani “Do‘stlik” MFY hududidan Uchquduq tuman SEO va JS bo‘limiga yangi ma‘muriy binosini qurish uchun doimiy foydalanishga 0.22 ga yer maydoni ajratish to‘g‘risida
O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 22-apreldagi “Koronavirus pandimiyasi davrida aholi, byudjet, bazaviy infratuzilma va tadbirkorlik sub‘ektlarini qullab-quvatlash uchun tashqi yordam mablag‘larini jalb qilish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi PQ-4691-sonli qaroriga asosan, Uchquduq tuman SEO va JS bo’liming 2021-yil 29-yanvardagi 01-06/88-sonli murojaatini inobatga olib, O’zbekiston Respublikasi “Mahalliy davlat hokimiyati to‘g‘risida”gi Qonunining 6-moddasiga asosan
Q A R O R Q I L A M A N:
- Uchquduq tumani “Do‘stlik” MFY hududidan Uchquduq tuman SEO va JS bo‘limiga yangi ma‘muriy binosini qurish uchun doimiy foydalanishga 0.22 ga yer maydoni ajratilsin. (Yer maydonlarining chegaralari rejasi ilova qilinadi).
- Uchquduq tuman SEO va JS bo‘limiga yangi ma‘muriy binosini qurish uchun quyidagilar tavsiya etilsin:
topotasvir ishlarini bajarish uchun “O‘zGASHKLITI” Navoiy viloyat filialiga buyurtma berish (1:500 miqyosda);
tegishli muhandislik kommunikatsiya tarmoqlari korxonalari tomonidan texnik shartlar taqdim etilgan kundan boshlab o‘n kun muddatda arxitektura-rejalashtirish topshiriqlari (ART-1, ART-2)ni ishlab chiqilishini ta‘minlashini so‘rash;
loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish uchun litsenziyaga ega loyihalash tashkiloti tomonidan loyiha ishlab chiqish;
Uchquduq tuman SEO va JS bo‘limiga yangi ma‘muriy binosi tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlari asosida qurilsin.
- Tuman qurilish bo‘limi (I.Baxromzoda)ga ushbu Uchquduq tuman SEO va JS bo‘limiga yangi ma‘muriy binosi tasdiqlangan loyiha asosida qurilishini nazorat qilib borish topshirilsin.
- Tuman yer resurslari va davlat kadastr bo‘limi (A.Qilichov)ga belgilangan tartibda tuman yer hisobotlariga tegishli o‘zgartirishlar kiritish vazifasi topshirilsin.
5. Ushbu qaror ijrosini nazorat qilish tuman hokimining o‘rinbosari O.Ramazonov zimmasiga yuklatilsin
S.Xamroyev,
Tuman hokimi
2021-yil 29 –yanvar
18-Q- son Uchquduq tuman