LOTIN-КИРИЛЛ

Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархлари ошиб бормоқда. Бунинг сабаблари нимада?

Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархлари ошиб бормоқда. Бунинг сабаблари нимада?

Дунё бўйича ўсимлик ёғи нархи ўртача 20-25-фоизга, Ўзбекистонда эса 17 фоизга ошди. Ўсимлик ёғининг ошиши кунгабоқар ёғи нархи ошиши фонида яққол сезилди. Мутахассислар прогнозларига кўра, нарх яна 30 фоизга ошиши мумкин. Пахта ёғи нархида эса барқарорлик кузатилмоқда.

 

Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 10 мартда ўтказган кузатувларига кўра, Тошкент шаҳрининг «Эси жўва» ва «Қўйлиқ деҳқон бозор»ларида маҳаллий пахта ёғи 11 минг сўмдан (минимал нарх), «Фарҳод деҳқон бозори»да кунгабоқар ёғи 19500 сўмдан (максимал нарх) сотилмоқда.

Қўмита феврал ойининг мос даврида эълон қилган хабарида, кунгабоқар ёғи (максимал) «Миробод деҳқон бозори»да 19 минг сўмдан сотилаётганди. Шунингдек, Kun.uz ўрганишларига кўра, шу даврда «Қўйлиқ деҳқон бозори»да кунгабоқар ёғи ўртача 17-19 минг сўм, айрим кунгабоқар ёғи турлари (масалан, «Идеал» ёғи) 30 минг сўм атрофида сотилаётгани маълум бўлди.

«Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси» маълум қилишича, ўсимлик ёғи нархи 17 фоизга ошган.

Товар-хом ашё биржасида пахта ёғи нархида барқарорлик кузатилмоқда: 2021 йил 18 феврал ҳолатига кўра, пахта ёғи биржада 12 664 сўмдан сотилган бўлса, ўтган ойнинг мос даврида 12 892 сўмга баҳоланган.

Ўзбекистонда нега пахта ёғи нархида барқарорлик кузатилаётган бир пайтда кунгабоқар ёғи нархи кескин ошди?

Ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси раиси ўринбосари Қамар Серкаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, кунгабоқар ёғи нархи ошишига катта ҳажмда озиқ-овқат хомашёларини етиштирадиган давлатларда ҳам пандемия туфайли ўз-ўзини изоляция қилиш туфайли ерларга экин экилмай қолиб кетгани, шунингдек, экинларга яхши қаралмагани натижасида ҳосил камайгани сабаб бўлган.

«Нафақат ўсимлик ёғи, балки барча озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича нархлар 2020 йилнинг 4-чорагида ўсиш кузатилди. Ёғ-мой бўйича энг катта хомашё базамиз Россия ҳисобланади. Россиянинг ўзида ҳам ўтган йили 15 миллион тоннадан кўпроқ мойли хомашё етиштирилган, бу йил 12,5 миллион тонна деб маълумот берилди. Россия ўз эҳтиёжларига ўрта ҳисобда хомашёнинг 8 миллион тоннасини ишлатадиган бўлса, одатда 6,5 миллион тоннасини экспортга - Ўзбекистон, Қозоғистон, Aфғонистон, Туркия ва энг катта харидори Хитойга сотади. Натижада салкам 2,5-3 миллион тонна ҳосил кам олинди ва четга сотадиган хомашёси ҳам кам чиқди.

Шунинг натижасида Россия ўз бозоридан маҳсулот чиқиб кетмаслиги ва бозорини ҳимоя қилиш учун турли тўсиқлар қўйди. Бугунги кунда Ўзбекистон Россиядан мойли хомашёлардан, асосан, кунгабоқар, соя уруғи сотиб оладиган бўлса, 30 фоизлик божхона божи қўйилади. Масалан, 400 долларга бир тонна хомашё сотиб олинса, бирданига 120 доллар устига қўйилади. Натижада хомашё қиммат кириб маҳсулот нархи қимматлашган», деди уюшма раиси ўринбосари.

Ўзбекистондаги ёғ-мой ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик тадбиркорлардан бирининг Kun.uz’га маълум қилишича, хомашё қимматлашгани сабаб нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ўсимлик ёғи (кунгабоқар ёғи) нархи кескин ошган. Хусусан, Ўзбекистонда хомашё нархи 2,5 баробар, ёғ (тайёр маҳсулот) нархи 2 баробар ошган.

«Бу ҳали нарх тўхтади дегани эмас. Ҳозирги нарх камида 30 фоизга ошади. Бунга сабаб, фермерлар хомашёга оширган нарх тайёр маҳсулотнинг ошишигача бўлган вақт тахминан 1-1,5 ой. Бу вақтда расталарда нарх ошишни бошлайди. Унгача ҳамманинг қўлида қолдиқ товар бўлади, шунинг ҳисобига нарх яна ошади. Бутун дунёда фақат кунгабоқар ёғи нархи эмас, барча ўсимлик ёғлари (соя, пальма) нархлари ошмоқда. Aсосий хомашё етиштирувчи давлатлар Россия, Қозоғистон, Украинада мўлжаллангандан тахминан 30 фоиз кам ҳосил йиғилди», - дейди тадбиркор.

Ўсимлик ёғи нархи ошиб кетиши аҳоли норозлигига сабаб бўлиши мумкин, нарх янада кескин ошмаслигига ечим борми?

Ёғ-мой корхоналари саноати уюшмаси раиси ўринбосари ҳукумат нарх қимматлаб кетишининг олдини олишга ҳаракат қилаётганини, шу билан бирга, корхоналарда иқтисодий аҳвол ёмонлашгани кузатилаётганини айтиб ўтди.

«Aммо бозор иқтисодиёти шароитида нархни назорат қилиш тўғри эмаслиги таъкидланмоқда. Ёғ-мой ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар хомашёни қайта ишлаган пайтда минимал фойда қўйиб ишлашга мажбур бўлмоқда.

Шулар билан бирга ҳисоблаганимизда ҳам Ўзбекистонда ўсимлик ёғлари нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 17-18 фоизга ошиши кузатилди. Ўсимлик ёғининг корхонадан чиқиш минимал нархи 10,500-11 000 сўм. Ундан кейин маҳсулот биржага қўйилади, биржа ўз нархини қўяди. Кейинги босқичда маҳсулот биринчи тадбиркор, ҳаттоки иккинчи ва учинчи тадбиркоргача етиб бориш ҳолатлари бор», - деди у.

Мутасаддининг сўзларига кўра, ўсимлик ёғи нархи ошиб кетмаслиги учун Ўзбекистонда хомашё етиштириш кенгайтирилмоқда. Пахтачилик режасидан ташқари, 2021 йил режасига кўра, 400 минг гектардан ортиқроқ майдон ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш учун хомашё етиштиришга ажратилган. 

«Бунга фақат ёғ-мой корхоналари бўйича эмас, балки бутун республикадаги фермерлар, кластерлар, оддий деҳқон хўжаликларини хомашё етиштиришга қизиқтириб, ёғли маҳсулотларни, масалан соя, кунгабоқар, зиғир, кунжут экинларини кўпроқ етиштириш режалаштирилган.

Ўтган йилга нисбатан хомашё етиштириш ҳажми беш баробарга кўпайтирилади. Бироқ хомашё етиштириш кенгайгани билан ёғ арзонлашади, дейиш қийин масала. Фақат нарх барқарор қолиши мумкин. Ёғ 17-18 фоизга ошди деяпмиз, бироқ ёғли ўсимликни етиштириш харажатлари ҳам бор»,- деди раис ўринбосари Қамар Серкаев.

Kun.uz билан суҳбатда бўлган ёғ-мой ишлаб чиқариш ва хомашё импорти билан шуғулланувчи йирик тадбиркорнинг сўзларига кўра, бозор иқтисодиёти шароитида агар давлат ёғ-мой ишлаб чиқарувчиларга субсидия бериб божхона тўловларини олиб ташласа, бу нархга 15 фоизга таъсир қилиши мумкин, бироқ бу миқдор нархнинг бир марта оширилган тўлқинига ҳам тўғри келмайди.

«Aгар Ўзбекистонда чайқовчилар ёки монополистлар ҳисобига нарх ошаётган бўлса, буни тўғирлаш мумкин бўлар эди. Aммо нарх бутун дунёда ошмоқда. Бу шароитда бозор ҳаммасини ҳал қилади»,- деди тадбиркор.

Нима сабабдан Ўзбекистон ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш учун тўлиқ хомашё етиштирмайди?

«Мойли ўсимликларни етиштирадиган минтақалар бор, масалан, ҳар қанча ҳаракат қилиб пальма етиштирамиз десак ҳам бизнинг минтақада пальма ўсмайди. Мойли экинлар ҳам шунақа. Иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда мойли ўсимликларни етиштиришдан олинадиган самарадорлик Россия, Украина ёки Польшадагидек бўлмайди. Биздаги ҳосилдорлик кам чиқади.

Иккинчи фактор – бу ҳосил ичидаги мой сақлами ҳисобланади. Масалан, Ўзбекистон шароитида кунжут мойдорлиги 50 фоизга етса, Украинада 60 фоизгача. Ўзбекистонда етиштириладиган кунгабоқарнинг мой сақлами 27-30 фоизгача, (энг юқори), Россияда 48 фоизгача, Украинада 50 фоиздан ошиқроқ. Шунингдек, уларнинг бир гектардан олинадиган ҳосили ўртача 35-40 центнер, бизда 15 центнер.

Ўзбекистонда мойли ўсимликларни етиштириш иқтисодий самарасиз бўлса, уни экишга мажбурлаш керак эмас. Соя экиш кўпаймоқда, чунки соя экиш самарадорлигини деҳқонлар кўриб ўзлари ушбу ўсимликни етиштирмоқда», деди Қамар Серкаев.

Шунингдек, раис ўринбосари Ўзбекистонда ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш учун асосий хомашё манбалари ҳақида гапирди.

«Ўзбекистонда пахтадан ёғ олингани боис, бир неча йилдан бери Ўзбекистон пахта чигитини экспорт қилмайди. Маълумотларга кўра, ҳар йили пахтадан 1,100-1,200 млн тоннагача пахта чигити олинади. Ундан ташқари, деҳқон хўжаликлари етиштирадиган хомашё миқдори ўтган йил давомида 86 минг тоннани ташкил этди.

Ўтган беш йиллик статистикани оладиган бўлсак, мойли ўсимликларни етиштириш Ўзбекистонда доимий ўсувчан характерга эгалигини кўрамиз. Пахта чигитидан ташқари соядан ҳам ёғ олинади: 2016 йилда 12 минг гектар ерда соя етиштирилган, 2020 йилда 57,1 минг гектарга, яъни 4 баробарга ошиш кузатилди», дейди у.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 4 мартдаги «Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисида»ги қарорига кўра, жорий йилда 305 минг 51 гектар майдонда мойли экинлар етиштирилиши кўзда тутилган. «Ўзёғмойсаноат» уюшмасининг хабар беришича, бу Республикада мойли экинларни жойлаштириш бўйича рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

O'qilgan: 629 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: