LOTIN-КИРИЛЛ

      Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги тегишли қарори асосида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилмоқда.

     Мазкур институт Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори ижросини таъминлаш мақсадида тузилди. Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган ғоя асосида мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат, маънавий меросимиз, миллий адабиётимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ғоясини ҳаётга татбиқ этиш ишларини илмий-методик ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

      Маънавий-маърифий ишлар ҳолати, миллий ғоянинг мамлакат тараққиётидаги ўрни, жамият барқарорлигига салбий таъсир этувчи таҳдидлар ва уларни бартараф этиш юзасидан илмий-амалий изланишлар олиб бориш, юртимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитни тадқиқ қилиш, баҳолаш ва яхшилаш бўйича илмий-амалий таклифлар тайёрлаш, маънавий-маърифий тарғибот ишларини амалга оширишнинг самарали ва таъсирчан замонавий тарғибот технология ҳамда усулларини ишлаб чиқиш ушбу тузилманинг асосий вазифаси саналади.

     Шу билан бирга аҳолининг ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш бўйича тадқиқотлар ўтказиш, Интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш, 

эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга оид комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳам институт зиммасида бўлади. 

      Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси асосида тарбиявий ишлар самарадорлигини баҳолашнинг илмий асосланган индикаторлари ва кўрсаткичларини жорий қилиш, 

вазирликлар ва идораларда, жумладан, таълим тизими, маҳалла ва ҳудудлар бўйича маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, соҳани илмий асосда ривожлантириш бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини ҳаётга татбиқ қилиш, илмий экспертизани йўлга қўйиш, дунёнинг мафкуравий манзарасини ўрганиш, таҳлил қилиш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни ташкил этишда миллий ва умуминсоний қадриятларга мос хорижий тажрибани амалиётга жорий этиш,маънавий-маърифий соҳага масъул ходимларнинг малакасини оширишга ҳам институт томонидан алоҳида эътибор қаратилади. 

      Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, институт директори Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. 

Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади. Ушбу институт «Маънавият тарғиботчиси» таълим муассасасининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

      Дарҳақиқат, бундай тузилманинг ташкил этилиши маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишга кўмаклашади.

        2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, унинг Нукус ва Фарғона филиаллари ҳамда бошқа тегишли ОТМларда «Паралимпия» кафедраси, шунингдек, «Адаптив соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт» магистратура мутахассислиги очилади.

      Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида бокс ҳамда кураш бўйича ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари икки бараварга оширилади.

        «Спорт тадбирларини шарҳловчи», «Йирик спорт тадбирларини ташкиллаштириш (промоутер)” ҳамда «Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш» бўйича магистратура мутахассисликларига қабул бошланади.

       Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали ўз фаолиятини бошлайди.

      Жорий йил 4 июнда давлатимиз раҳбарининг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

       Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Фаррух Пардаев ЎзА мухбирига мазкур фармонда кўзда тутилган мақсад-вазифалар хусусида қуйидагиларни маълум қилди:

       – Фармонга асосан 2021 йилнинг 1 июлидан бошлаб ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилди. Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилди. Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдори 565 минг сўмгача, пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори эса 565 минг сўмга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар учун бериладиган нафақа миқдори 315 минг 30 сўмдан 400 000 сўмга кўтарилди.

      Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади. Пенсия олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 минг 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилди ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.  

Нафақа олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 000 сўмдан қўшилиши белгиланди.  

Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 минг 350 сўмдан 565 000 сўмга оширилди.

Қизилқум чўлининг жанубий-шарқидаги Оёқоғитма ва Қорасигир ботиқлари яқинида неолит ва палеолит даврига оид манзилгоҳлар топилган.

 

Фанлар академияси маълум қилишича, Миллий археология маркази Самарқанд археология институти ва Самарқанд давлат университети олимлари Қизилқум чўлининг жанубий-шарқида жойлашган Оёқоғитма ботиғида неолит, Қорасигир ботиғи яқинида палеолит даврига оид манзилгоҳ қолдиқларини топган.

«Фанлар академияси Миллий археология маркази ва “JURU ENERGY CONSULTING” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага биноан Самарқанд археология институти ва Самарқанд давлат университети мутахассисларидан таркиб топган гуруҳ Қизилқум чўлининг жанубий-шарқида жойлашган Оёқоғитма ботиғи атрофида олиб бораётган тадқиқотлар давомида неолит даврига оид янги неолит маконини топди», дейилади академия хабарида.

Оёқоғитма-2 номи билан аталган ушбу маконда 370 та тош буюм, микрофауна, охра ва гулхан қолдиқлари аниқланган.

Шунингдек, Қорасигир ботиғи яқинида палеолит даврига оид бир қатор (7 та пункт) янги тошга ишлов бериш устахоналари топилган. Бу устахоналардан кулранг ва жигаррангли кремнийлардан ҳамда сланецлардан ишланган кўплаб ишлов берилган тош буюмлар аниқланган, археологлар уни техник-типологик жиҳатдан ўрта палеолит даврига оид, деб ҳисобламоқда.

Маълумот учун, Қизилқум чўли бундан 5-6 минг йиллар муқаддам бепоён водий бўлиб, инсоният аждодлари жуда зич яшаган “минг кўллар мамлакати” бўлган. Дарҳақиқат, ҳудудда ўнлаб серсув дарёлар мавж уриб оққан, юзлаб йирик кўллар ва шунга мос фауна-флора мавжуд бўлган.

Неолит даврига оид дунёга машҳур Калтаминор маданияти ушбу чўл ҳудудидан топиб ўрганилган. Жумладан, Оёқоғитма ботиғининг шимолий чеккасидан Марказий Осиё неолитшунослигига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшилган шу номли макон топиб ўрганилган. Оёқоғитма макони Ўзбекистон-Полша-Франция халқаро археологик экспедицияси томонидан жаҳон стандартлари даражасида тадқиқ қилинган. 

Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10 июнь куни расмий ташриф билан Тожикистонга жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, музокараларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари кўриб чиқилади.

Шерикликнинг янги «ўсиш нуқталари»ни белгилаш ҳамда узоқ муддатга мўлжалланган амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.

Президентлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашади.

Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон–Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш, саноат ва янги технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда.

Икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб оладиган жами 30 дан зиёд ҳужжат қабул қилиниши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ташриф доирасида иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган тижорат шартномалари ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Ташриф дастуридан Душанбе шаҳрида маданий тадбирларда иштирок этиш, Сўғд вилоятида жамоатчилик вакиллари билан учрашиш, саноат объектлари билан танишиш ҳам ўрин олган.

COVID-19 билан касалланган одамларда шундай барқарор иммунитет шаклланадики, бу тузалиб чиққан беморни бир неча ўн йил мобайнида касалликка қайта чалинишдан ҳимоялаши мумкин. Ҳатто бемор касалликнинг нисбатан енгил шаклини бошдан кечирган бўлса ҳам.

 

Бундай кутилмаган хулосага бир пайтнинг ўзида америкалик икки олимнинг тадқиқотларидан сўнг келинди. Биринчиси Сент-Луисдаги Вашингтон университети (Миссури штати) иммунологининг тадқиқоти бўлиб, шу ҳафта Nature журналида чоп этилди. Иккинчиси Нью-Йоркдаги Рокфеллер университети молекуляр биология лабораторияси жамоаси томонидан ёзилган. Бу мақола ҳали илмий ҳамжамият томонидан текширувдан ўтмади ва ҳозирча препринт шаклида нашр қилинди.

Охирги дамларгача коронавирус инфекциясига қарши иммунитет кўпга чўзилмайди деб ҳисоблаб келинди. Бундай хулосага олимлар кўплаб текширувлар ўтказиб келишган эди. Текширувлар аксар пациентлардаги қондаги специфик антитаначалар концентрацияси тузалгандан бир неча ой ўтиб бирданига тушиб кетишини кўрсатган эди.

Кўплаб мутахассислар самарали иммун ҳимояси тахминан 1,5-2 йил давом этади деб баҳолашган эди. Бинобарин янги текширувларнинг натижалари улар учун ёқимли янгилик бўлди.

Умуман олганда, BBC’га жавоб берган мустақил экспертлар янгиликка ҳиссиётсиз ёндашишни ва эрта қувонмасликни маслаҳат беришмоқда. Алалоқибат, илмий адабиётда коронавирус билан такрорий касалланиш бўйича бир неча ҳолатлар қайд этилган. Бир умрлик иммунитет эса – ҳақиқатга яқин бўлса-да – ҳозирча назария бўлиб қолмоқда.

Душман юзини эслаб қолиш

Специфик иммунитетни (яъни, аниқ бир касалликдан ҳимоя қилувчи) танамизда нафақат қондаги антитаначалар балки Т-хотира ҳужайралари ҳам таъминлайди.

Янги, номаълум инфекцияни учратгач ва унга мос калитни танлаб олгач, лимфоцитлар зараркунандани эслаб қолади ва такрорий шикастланишда керакли шаклда нейтраллаштирувчи антитаначаларни ишлаб чиқара бошлайди ҳамда тезкор ва самарали иммун жавобини беради.

Сент-Луисдаги Вашингтон университети Тиббиёт мактаби олимлари коронавируснинг енгил шаклини бошдан кечирган 77 беморнинг (уларнинг 6 нафаригина касалхонага ётган) қони ҳолати ва ўзгаришларини қарийб бир йил давомида кузатиб боришган.

Шу муддатнинг қарийб барча даврида беморга касаллик билан курашишда мадад берган ҳимоя антитаначалар концентрацияси пасая бошлаган: аввалига жуда тез (ўртача тузалгандан сўнг тўрт ойлар ўтиб), кейин эса секинроқ.

Бироқ тадқиқотнинг асосий муаллифи, иммунология бўйича профессор Али Аллабодийнинг айтишича, антитаначалар даражаси қаергадир келганда пасайишдан тўхтаган ва текисликка чиққан. Коронавирус ҳақидаги ахборотни сақловчи хотира ҳужайралари фаолликни сақлаб қолган ва беморга зарур бўлган қандайдир минимал даражадаги ҳимоя молекулаларини қўллашда давом этган.

«Биз пациентларда касаллик симптомлари маълум бўлгач, орадан 11 ой ўтиб [Sars-Cov-2 вирусига қарши] антитаначалар ишлаб чиқарувчи ҳужайраларни аниқладик. Бу ҳужайралар пациент танасида яшашда давом этади ва у ҳаёт экан зарур антитаначаларни ишлаб чиқараверади. Демак, иммунитет узоқ давом этади», дейди Али Аллабодий.

Қоннинг оддий таҳлилларидан ташқари йигирма нафар пациентдан олимлар тадқиқот учун мия тўқималаридан намуна олишди: аввалига касалликдан 7-8 ой ўтиб, кейин бир йил ўтиб. Хотиранинг ковид антитаначалари ишлаб чиқаришга дастурланган специфик Т-лимфоцитлари 19 намунанинг 15тасида аниқланган.

Назорат гуруҳи таҳлилларида (аниқроғи вирус билан касалланмаган одамларда) вирусга қарши «тайёрланган» ҳужайраларни аниқлаш имкони бўлмади.

«Чекланмаган муддат»

«Агар коронавирус беморда енгил шаклда ўтадиган бўлса, шикастланишдан 2-3 ҳафта ўтгач тестлар унинг танасида вирус мавжудлигини кўрсатмай қўяди», дея эслатади профессор Аллабодий. Бинобарин, аниқланган хотира ҳужайралари «яп-янги» иммун жавоби бўлиши мумкин эмас.

 

«Мия суяги тўқимасида улар ўзига хос уйқуда бўлади ва қандайдир миқдорда антитаначалар ишлаб чиқаришда давом этаверади. Улар пациент тузалишидан аввал шундай бўлган – ва буни чекланмаган муддатда бажаришда давом этишади», деб тушунтиради профессор.

Nature нашридаги мақола муаллифларининг сўзларига қараганда, мантиқан эмланиш натижасида шаклланган иммунитет ҳам шундай хусусиятга эга бўлади. Шунингдек, коронавирусни ҳеч қандай симптомларсиз ўтказган беморлар ҳам шундай узоқ ҳимоядан умид қилишлари мумкин.

Умуман олганда, коронавирусни оғир кечирганлар қанчалар ҳимояланганини аниқлаштириш керак. Оғир беморларда инфекцияга гипертрофияланган реакция амалда аутоиммун касалликка айланиб (цитокоин шторм деб номласа ҳам бўлади) организмни заифлаштириб, узоқ муддатли иммунитет шаклланишига тўсқинлик қилади деган версия ҳам мавжуд.

Тадқиқотга алоқаси бўлмаган мустақил экспертлар мақола муаллифларининг фаразларига қўшилишган, аммо узил-кесил хулоса қилишга шошилмасликка чақиришмоқда.

Лондон Империал коллежи иммунология профессори Дэнни Олтманнинг сўзларига кўра, америкалик олимларнинг иши иммун хотира – мўрт ва мураккаб тузилмаган эга материя эканини яна бир эслатди.

«Бир томондан қон зардобидаги антитаначалар даражаси тезда тушиб кетишини кўриб турибмиз ва бизни иммун ҳимоя узоқ давом этмайди деб тахмин қилишга мажбур қиляпти. Бошқа тарафдан қараганда эса, ушбу антитаначаларни ишлаб чиқаришга ўргатилган ҳужайралар яшовчанликни узоқ муддатга сақлаб қолади ва зарур пайтда яна конвейерни ишга тушириши мумкин», дея фикрлайди у.

«Улар қила олишганми, қила олишяптими ва қила оладиларми – улар ишга тушадими-йўқми, бу фараз курашлар орқали чинакам синовдан ўтмагунча била олмаймиз. Агар бу назария тўғри бўлса, масалан, камроқ эмланамиз», дея тушунтиради у.

Олтманнинг Рединг университети фармация мактабидаги ҳамкасби профессор Александр Эдвардснинг фикрида оптимизм камроқ. Охир-оқибат иммун тизимининг самарадорлиги нафақат антитаначалар адади ва уларни ишлаб чиқарувчи ҳужайралар мавжудлигига, балки вируснинг ўзига ҳам боғлиқ. Ахир вирус мутацияга учрашда давом этаверади.

«Бахтга қарши иммун тизими ҳужайраларининг ҳеч бир ўлчови бизга такрорий касалланиш бўлиш-бўлмаслигини аниқ тахмин қилиш имконини бермайди. Шунингдек, қачон қайта шикастланиш содир бўлиши, у қандай кечишини ҳам олдиндан айтиш мушкул», дея таъкидлайди профессор Эдвардс.

«Албатта иммунологларнинг маълумотлари муҳим ва бу ажойиб янгилик, бироқ бу бизга эпидемия қай тариқа ривож топиши борасидаги саволларга жавоб бермайди. Бу саволга фақат соғайиб кетган ва ҳали касалланмаган пациентлар устида ўтказилган мониторингга асосланган эпидемиологик тадқиқотлар жавоб бериши мумкин. Бу тадқиқотлар эса, ҳозирча такрорий касалланиш эҳтимоли борлигини кўрсатмоқда», дея фикрига якун ясаган профессор.

“Шалхар” овул фуқаролар йиғини қошида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тикувчилик цехи фаолият бошлади.
Тикув цехининг очилиш маросимида туман ҳокими С.Хамроев, овул аҳолиси ва фаоллари иштирок этишиб, хотин-қизларни янги иш ўринлари ва янги тикув цехи билан самимий қутлашди.
Шунингдек, цехда ишчилар билан суҳбатлашиб, улар тикаётган миллий ва замонавий либослар билан яқиндан танишдилар.
-Тикув цехимизда махсус иш кийимлари, эркак ва аёллар кийимларини тайёрлаймиз. Маҳсулотларимиз харидорбоплиги билан тикув цехимизнинг обрўси нафақат овулимизда, балки туман миқёсида ҳам ортиб бормоқда. Энг қувонарлиси, овулда ишсиз ўтирган 5 нафар аёллар иш билан таъминланди. Қувончимиз чексиз. Ишлашимиз учун барча шароитларни яратиб берган туманимиз раҳбаридан миннатдормиз, - дейди Лобар Қурбанова .
Тикувчилик цехига “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 35 млн. сўмга 5 та тикув машинаси бепул берилди.
Бу ерда келгусида устоз-шогирд анъанаси давом эттирилиб, қизларимизни касбга йўналтириш ишларида ҳам амалий фаолият олиб борилади.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 2021/2022 ўқув йилида:

 хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган ОТМларига қабул параметрлари икки бараварга, давлат гранти асосида қабул кўрсаткичлари эса уч бараварга оширилади (https://t.me/huquqiyaxborot/9721);

 ОТМга киришда юқори балл тўплаган ёшлар учун Президент гранти (200 та) жорий этилади (https://t.me/huquqiyaxborot/9075);

 ОТМда 2 ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити берилади;

 давлат грантлари 25 фоизга, эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти 2 бараварга оширилади;

 хусусий ОТМда ҳам давлат гранти берилади;

 клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотаси икки бараварга оширилади (https://t.me/huquqiyaxborot/9659);

 базавий тўлов-контракт асосида давлат ОТМга қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат ОТМ ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилади (https://t.me/huquqiyaxborot/9287);

 республикадаги барча давлат ОТМларига ўқишга қабул қилишда бошқа тиллар (испан, итальян, тожик, қозоқ, туркман, қирғиз тиллари ва бошқалар)дан топшириладиган кўп балли тизим бўйича имтиҳонлар ўрнига тест синовлари ўтказилади (https://t.me/huquqiyaxborot/6969).

Учқудуқ тумани адлия бўлими

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 2021 йил 9–10 июнь кунлари умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими учун тест синовлари бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда Давлат тест маркази.

Тест синовлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2 сменада ташкил этилиб, қуйидаги муддатларда ўтказилади:

  • 9 июнь 1-смена — кимё;
  • 9 июнь 2-смена — математика;
  • 10 июнь 1-смена — биология;
  • 10 июнь 2-смена — она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти).

Талабгорлар тест жойи, куни ва вақтини my.dtm.uz сайти орқали шахсий кабинетидан билиб олишлари мумкин.

Талабгорлардан тест синови ўтказиладиган ҳудудга белгиланган вақтдан камида ярим соат олдин шахсини тасдиқловчи ҳужжат – паспорт (ID-карта) билан келишлари сўралади.

 

Тест синовига кечиккан ёки келмаган талабгорлар учун қўшимча тест синови ўтказилмайди.

      2021 йилнинг 8 июнь куни, соат 11:00 да Учқудуқ туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида, вояга етмаганлар ишлари бўйича туман Идоралараро комиссиясининг “Маъмурий ишни кўриб чиқиш” юзасидан навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

    Мазкур йиғилишда Учқудуқ тумани, Алтинтау ОФЙда яшовчи, 23.01.2004 йилда туғилган, вояга етмаган Жуматаева Казина Мектепбаевна ва унинг отаси 06.01.1972 йилда туғилган фуқаро Кодаркулов Мектепбай Жуматаевич ҳамда Алтинтау ОФЙ яшовчи, 11.07.2004 йилда туғилган, вояга етмаган Нажматова Перизат Ерладиновна ва унинг отаси 11.06.1977 йилда туғилган фуқаро Жунисов Ерладин Нажматовичларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар комиссия йиғилишида кўриб чиқилди.  

      Учқудуқ туман Алтинтау ОФЙда яшовчи, 06.01.1972 йилда туғилган фуқаро Кодаркулов Мектепбай Жуматаевичнинг 23.01.2004 йилда туғилган, вояга етмаган қизи Жуматаева Казина Мектепбаевнанинг дугонаси 11.04.2004 йилда туғилган вояга етмаган Нажматова Перизат Ерладин қизи соат 16:00дан кейин Учқудуқ туман Алтинтау ОФЙдан Учқудуқ шаҳрига алдаб олиб кетганлиги сабабли вояга етмаган Нажматова Перизат Ерладин қизига нисбатан қонуний чора кўришини сўраган.

      Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар Кодаркулов Мектепбай Жуматаевич ҳамда Жунисов Ерладин Нажматовичларнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли, тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари туман Вояга етмаганлар ишлари бўйича Идоралараро комиссиясининг йиғилишида муҳокама этилди.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: