Ёшлар муаммоларининг ҳал этилишга кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш борасида амалга оширилаган ишлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилаётган йиғилишларда мамлакатимизда ёшлар ва аёлларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар асосий бош мавзу бўлиб келмоқда.
Туманда ёшлар муаммоларининг ҳал этилишига кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш борасида амалга оширилган ишлар, уюшмаган, ишсиз
ва ижтимоий кўмакка муҳтож ёшларнинг муаммомларини тизимли ўрганиш ва ҳал этиш, ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича мутасадди ташкилотларга бир қатор вазифалар юклатилди.
Шунингдек, ёшларни тадбиркорлик билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шароит яратиш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш бўйича зарурий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, бу борадаги ишлар натижадорлигини янада ошириш ҳамда амалий чора-тадбирларни бажариш мақсадида, халқ депутатлари туман Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Туманда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Ф.Солиевнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Туман ҳокими ўринбосари (Н.Муратов), Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши (Ф.Солиев), сектор раҳбарлари туман ташкилот, корхона ва муассасалари туманда 2021 йилда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни тизимли йўлга қўйиш ва ўз муддатларида бажарилишини таъминласин.
3. Туман сектор раҳбарлари ҳар ҳафтада камида икки кун уюшмаган, ҳеч қаерда ишламайдиган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, энг аввало, уларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўрсинлар.
4. Туман ҳокими ўринбосари (Н.Муратов), Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши (Ф.Солиев), Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими (Н.Харипов), Республика Маънавият ва маърифат маркази Учқудуқ туман бўлинмаси (Ж.Булекбаева), туман маданият бўлими (Ж.Алпамисов), туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими (А.Бўронов), туман мудофаа ишлари бўлими (Ж.Мусулмонов) билан биргаликда ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш мақсадида, ёшлар билан маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни янада жонлантириш, уларни музей
ва бошқа маданий-маънавий масканлар, спорт мусобақалари, илм-фан, спорт ва амалий санъат тўгаракларига фаол жалб этишни ташкил қилсин.
ёшларни ҳалол меҳнат қилиш, чет тили, касб-ҳунар ва бизнесга ўргатиш учун тайёрланган аудио ва видео материаллар тўпламларидан самарали фойдаланиш чораларини кўрсин.
5. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (Р.Кодирова), туманда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги, хусусан уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосарлари (Ф.Бафоев, Н.Муратов, У.Тўраев) ва халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари зиммасига юклатилсин.
Халқ депутатлари туман Кенгаши С.Хамроев.
08.04.2021 й. XXVI/171-son.
Ҳар биримиз қишнинг совуқ кунларидан сўнгги келадиган баҳор фаслини интиқлик билан кутамиз. Фасллар келинчаги баҳор қалбимизга илиқлик олиб келиши билан бирга танамизда сезиларли нохуш холатларни ҳам юзага келтиради.
Кўпчилик одамлар тез чарчаш, иштаҳа йўқолиши. уйқучанлик, теридаги ўзгаришлар (тери рангини ўзгариши, дағаллашиши, қуриши)дан нолий бошлайди.
Хўш нима гап ўзи?
Бу ерда иккита омил ўзаро таъсирга киришади: бир томондан, ультрабинафша нурларга бой баҳор офтоби моддалар алмашинувини кучайтиради, бу ўз навбатида организмнинг витаминларга эҳтиёжини оширади. Биз баҳорда мева ва сабзавотларни куздагига қараганда анча кам истеъмол қиламиз.Баҳорга келиб, маҳсулотлардаги витаминлар ҳам, куз фаслидагига қараганда анча кам бўлади.Шунинг учун баҳорда одам ўзида юкоридаги холатларни бошидан кечиради.. Халқда бу ҳолатни «илик узилди» деб айтилади.
Шунга қарамай, баҳорда дорихоналарга боришга шошилмай турганингиз маъқул деб, қуйидагиларни тавсия этамиз;
Бу фаслда организмнинг витаминларга бўлган эҳтиёжини табиат берган неъматлардан оқилона фойдаланиш орқали тўлдиришга ҳаракат қилинг.
- Сервитамин таомлар, дармондориларга бой озиқ-овқат махсулотларидан истеъмол килишни канда қилманг...
- Мева қоқиларидан тайёрланган шарбатларни кўпроқ истеъмол қилинг.
Шарбатлар ниҳоятда фойдали бўлиб, таркибида организм учун зарур бўлган минерал тузлар, пектин моддалар , клетчатка хамда витаминларга бой қимматли махсулот ҳисобланади. Шарбатлардан, ўрик, олма, олхўри, помидор, узум, сабзи шарбатлари таркибида темир, калий, Р,С дармон дорилар мавжуд бўлиб, ҳар кунлик овқат истеъмолингизга киритсангиз фойдадан холи бўлмайди..
Ҳозирги кунда қора смородина (қорақат) шарбати хам истеъмолга чиқарилган. 100 грамм қорақат шарбатида 90 мг гача дармон дори, витамин С мавжуд бўлади, бу катта ёшли одамнинг шу витаминга бўлган кунлик эҳтиёжини тўла қондиради.
Шуни унутмангки, шарбат хамма учун ёқимли, енгил хазм бўладиган, ўта фойдали ичимликдир. Уй шароитида тайёрланган шарбатларнинг эти қанчалик кўп бўлса, унда фойдали моддалар шунчалик кўп бўлади, шунинг учун болаларга шарбатларни ўзингиз тайёрлаб берганингиз маъқул.
- Мева ва сабзавотларни хомлигича ейишни тавсия этамиз.
Сабзавотлардан ва кўкатлар, (карам, лавлаги, картошка, кўк салат, кўк нўхат, кўк пиёз, редиска) қўшиб тайёрланган салатлар иштахангизни очиш билан бирга танангизни фойдали озуқа билан таъминлайди.
Баҳор мавсумида инсонга куч қувват бахш этувчи таомлар зарурлигини халқимиз яхши билишади. Шунга қарамай, яна бир уларни эсга солиб ўтмоқни жоиз деб билдик. Организмга қувват бағишловчи оқсиллар, ёғлар, карбон сувлар, минерал моддалар, дармондориларга бой, халқ севиб истеъмол қиладиган сумалак ва халимни ким суюб истеъмол қилмайди дейсиз. Бу таомлар йил давомида халқ орасида «синовдан» ўтиб хурмат эъзозга эга бўлган таомлигини хеч ким инкор этмайди.
Шунинг учун, бу таомлардан иложи борича кўпроқ тановул этишингизни тавсия этамиз.
- Исмалоқ, ялпиз, отқулоқ, жағ-жағ, кўк пиёз ва зироварлар қўшиб пиширилган таомлар баҳор мавсумида рохатланиб ейилишидан қатъий назар танангизни хам керакли моддаларга тўлдиради ҳам тозалайди.
Хитой ва химолай тоғларида яшовчи инсонларнинг узоқ умр кўриши боисини аниқланган олимларнинг шу инсонлар билан текшириш олиб бориши шуни кўрсатди-ки, улар озиқ овқатида донли, дуккакли махсулотларни оддий ва соф /табиий/ холда кўп истеъмол қилишлари маълум бўлди. Шуниси эътиборга лойиқ-ки қишки мавсумдаёқ улар баҳорги мавсумга тайёргарлик кўришлари яъни., буғдой, арпа, сули, ловия, нўхат, соя махсулотлари донлари, уруғларини ўстириб (ниш) майсаларидан турли хилдаги салатлар, суюқ овқатлар ҳолида истеъмол қилганлар. Шу маҳсулотлар орқали улар таналарини турли хил касалликлардан асраган ва авлодларига ҳам овқатланиш инсон саломатлигини сақлашда муҳим омил эканлигини ёшлигидан онгига сингдириб борганлар.
Шу аснода, буғдой ва арпа ўсимталари (майса)лари мия ва юрак ишини меёрлаштириши, тери ва сочни бақувват қилиб, қариш жараёнини секинлаштириши аниқланган.
- Нафақат бахор мавсумида, балки йил бўйи саломат , бардам баққуват бўлиб юришингиз учун сут-қатиқ, жигар, қора нон, балиқ махсулотлари дуккакли махсулотларни (мош,ловия,нўхат ва хоказо) тез-тез истеъмол қилишингизни тавсия этамиз. Бу махсулотлар таркибидаги. В гурух витаминлари хотирани яхшилаш билан бирга асаб тизимининг мўтадиллигини таъминлайди. Таркибида С ва Е витаминлари бўлган лимон, апельсин, наъматак, кунгабоқар ёғи организмни турли инфекциялардан сақловчи хамда мия фаолиятини яхшиловчи озиқалардир.
- Ёнғоқ, ерёнғоқ, майиз, туршак ва олма қоқиларни ҳалқимиз азалдан севиб истеъмол қилишлари, бу моддаларнинг ниҳоятда фойдали эканлигидан далолат беради.
Бахорги мавсумда Ўзбекистон шароитида кўп етиштираладиган табиат неъмати ўрик ва ўрик туршагидан доимий равишда истеъмол қилиб туришингиз ўринли. Чунки ўрик таркибида 27 фойиз қанд, органик кислоталар, пектин, крахмал, ошловчи моддалар, темир, мис, кальций, магний микрэлементлари, калий тузлари, витамин С, каротин бор. Аби Али ибн Сино ўрик ва унинг туршагидан меъда-ичак фаолиятини яхшилашда фойдаланган бўлса, ҳалқ табобатида хафақон ва юрак ҳасталикларини даволашда ишлатилган.
Ўрикнинг исфарак, хурмойи навларидан туршак тайёрланади. Туршак юрак санчиғи, нафас йўллари ялиғланиши, кўк йўтал, иситмаси бор одамларга ғоят фойдали.Ўрик меваси ( туршак)дан қуйидаги таомларни тайёрлаб истеъмол қилсангиз, танангизни фойдали зарур моддалар билан таъминлайсиз;
Туршак суви
Туршакнинг 10-14 донасини идишга солиб, иссиқ сув билан ювиб ташланг кейин туршакни кўмиб турадиган қилиб сув қуйинг, устини ёпиб, совугунича қўйинг, туршак суви ташналикни қондиради, қонни кўпайтириб танангизни бақувват қилади.
Ўрик шарбати
Мевани чайиб, ўрикларни данагидан ажратинг. (Шарбат учун сал қатиқроқ ўриклар танланганингиз маъқул.) Сирли идишда мевалар қайнатилиб, бироз миқдорда шакар қўшишингиз мумкин. (2 кг ўрикка 3-4 л сув ҳамда 0,5стакан шакар етарли).
Овқатланиш илми талабидан ҳабардор бўлиш сизнинг саломатлигингизни асровчи асосий омил эканлигини доимо эсда тутинг!.
Баҳор мавсуми ҳар бирингизга қувонч олиб келсин !
Аҳолининг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш, янги спорт иншоотлари қуриш мавжудларини таъмирлаш, болалар спортини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай эзгу ишлар Учқудуқ туманида ҳам бўй кўрсатмоқда. “Йўлчилар” овул фуқаролар йиғини “Истиқлол” массивида бунёд этилган сунъий қопламали спорт майдони бунга мисол бўла олади.
“Бургут спорт аренаси” ХК томонидан барпо этилган спорт майдони қурилишига жами 280 млн. сўм маблағ сарфланган. Мазкур спорт майдонида кийиниш ва ювиниш хоналари мавжуд. Объектнинг фойдаланишга топширилиши билан 2 та янги иш ўрни яратилди.
- Ўзмиллийбанк АЖ Учқудуқ филиалининг 150 млн. сўм кредити ва 130 млн. сўм миқдоридаги ўз маблағим эвазига барпо этилган минифутбол майдони бизнес режамизнинг дастлабки босқичидан ўрин олган, -дейди “Бургут спорт аренаси” ХК раҳбари, ёш тадбиркор Маъмуржон Сувонов. -Келгусида тренажёр зали ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам барпо этишни режалаштирганмиз.
Сунъий қопламали мини футбол майдонининг очилиш маросимидан сўнг, “Туман ИИБ бошлиғи кубоги” мусобақалари бўлиб ўтди.
10 та футбол жамоалари иштирок этган мини футбол мусобақалари баҳсларга бой тарзда кечди. Фахрли биринчи ўрин Учқудуқ саноат техникуми, иккинчи ўрин туман ХТБ ва учинчи ўрин Миллий гвардия жамоаларига насиб этди.
Мусобақа сўнгида ғолиб жамоаларга қимматбаҳо совғалар ҳамда ИИБ бошлиғи кубоги тантанали равишда топширилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Дунё аҳолисини бугунги кунда глобал исиш, низолар ва дискриминация муаммолари энг кўп ташвишга солмоқда. Бу ҳақда ЮНЕСКО сўровномасининг тегишли натижаларига таяниб БМТнинг янгиликлар хизмати хабар берди.
«Мазкур ‘2030 йилги дунё’ деб номланган сўровномада 15 минг киши иштирок этди. Аввало, ёшлар бунга қизиқиш билдирди — сўровнома ўтказилган вақтда иштирокчиларнинг 57 фоизи ҳали 35 ёшга ҳам кирмаган эди», — дейилади хабарда.
Сўровномага кўра, сайёранинг 67 фоиз аҳолиси глобал исиш ҳамда флора ва фауна турларининг кескин йўқолиб бораётганидан хавотирда.
Ер аҳолисининг фикрига кўра, иккинчи энг муҳим глобал муаммо — низолар ва зўравонлик, учинчиси — дискриминация ва тенгсизлик, тўртинчиси эса сув, озиқ-овқат ва бошпана танқислиги бўлди.
Глобал муаммоларнинг ечими масаласида кўпчилик иштирокчилар уларнинг калити яхши таълим эканини таъкидлади. Дунё аҳолисининг аксарияти глобал муаммоларни ҳал қилиш учун халқаро ҳамкорлик лозимлигини айтди. Лекин фақат 25 фоиз иштирокчилар мамлакатларнинг бир-бири билан келиша олишига ишониши маълум бўлди.
Аввалроқ БМТ бош котиб Антониу Гутерриш шошилинч чоралар кўрилмаса, дунё бўйлаб миллионлаб одам очарчилик ёқасига бориб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиргани ҳақида хабар берилди. БМТнинг умумий маълумотларига кўра, 2020 йилда жами 88 миллион одам очарчиликдан азият чекди, бу 2019 йилги кўрсаткичдан 20 фоизга кўпроқ.
Шунингдек, ЮНЕСКО бош директори Одре Азуленинг таъкидлашича, 2030 йилгача дунё 40 фоиз миқдорда сув танқислиги муаммосига дуч келади. Унинг сўзларига кўра, сув танқислиги билан боғлиқ вазият бошқа глобал муаммолар, шу жумладан, пандемия оқибатлари туфайли янада оғирлашади.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь–март ҳолатига республика бўйича 9 213 та ажрашиш ҳолатлари қайд этилган. Маълум қилинишича, ўтган 3 ойда ҳудудлар кесимида қайд этилган ажрашишлар сони:
- Қорақалпоғистон 288 та;
- Андижон 995 та;
- Бухоро 500 та;
- Жиззах 337 та;
- Қашқадарё 711 та;
- Навоий 289 та;
- Наманган 682 та;
- Самарқанд 912 та;
- Сурхондарё 581 та;
- Сирдарё 298 та;
- Тошкент 946 та;
- Фарғона 999 та;
- Хоразм 344 та;
- Тошкент шаҳри 1331 та.
Жорий йилнинг 1 - 2 апрель кунлари фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Навоий минтақавий филиали биносида даъвогар АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Навоий минтақавий филиалининг жавобгарларга нисбатан кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Ушбу сайёр суд мажлисида 4 та фуқаролик иши юзасидан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилиб, жавобгарлардан жами 292-418-646 сўм кредит қарздорилигини ундириш ҳақида қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, жавобгарлар томонидан кредит қарздорлиги ўз вақтида сўндирилганлиги сабабли даъвогар АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Навоий минтақавий филиали бошқарувчиси томонидан иш юзасидан зарурати қолмаганлиги боис, 9 та даъво аризалар бўйича даъво аризани кўрмасдан қолдириш ҳақида ариза тақдим қилинди.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Б.Қ.Шерматов томонидан сайёр суд мажлиси давомида жавобгарларга кредит шартномалари шартларини ўз вақтида бажариб бориш ва давлат томонидан берилган кенг имкониятлардан тўғри фойдаланиш лозимлигини тушунтирди.
Фуқаролик ишлари бўйича
Учқудуқ туман суди судья ёрдамчиси Б.Қ.Давидов
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемияси келтириб чиқарган мураккаб шароитларга қарамай Ўзбекистон-Эрон муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Вазир Муҳаммад Жавод Зариф, ўз навбатида, самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига, савдо алоқаларини ривожлантириш ва янги кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Эроннинг денгиз портларидан самарали фойдаланиш ҳамда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон транспорт йўлагини ривожлантириш муҳим экани таъкидланди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг томонларни қизиқтирган долзарб жиҳатлари, шу жумладан минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Эрон ташқи сиёсий идораси раҳбари Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича тинчлик музокараларига кўмаклашиш, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
“Йўлчилар” овулида ““GARANT UCHQUDUQ” ” МЧЖ томонидан Учқудуқ тумани тарихида илк маротаба гидропоника усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиш лойиҳасига қўл урилди. Хитой технологияси асосида қуриб битказилган замонавий иссиқхона майдони ҳозирча 1 гектарни ташкил этади. Иссиқхона майдонини кейинчалик кенгайтириш кўзда тутилган.
Лойиҳа Ўзмиллийбанк АЖ ташаббуси билан Халқаро Тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 400 минг АҚШ доллари Учқудуқ тумани филиалидан ажратилган. Шунингдек, тадбиркор Фарид Муратовнинг 100 минг АҚШ доллари миқдорида ўз маблағи ҳисобидан ташкил этилган лойиҳанинг умумий қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг.
Ҳозирда иссиқхонада гипропоника усулида помидор, бодринг, булғор қалампири ва турли гул ниҳоллари парвариш қилинмоқда.
Дарвоқе, қишлоқ хўжалиги ривожланган Голландия, Исроил, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Германия мамлакатларида махсус иссиқхоналарда гидропоника усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш ўтган асрнинг охирларидан бошлаб йўлга қўйилган.
Гидропоника грекча сўз бўлиб “гидро”- сув, “рonos”- ишчи, “сувли эритма”- маносини англатади. Бу қишлоқ хўжалик экинларини тупроқсиз махсус жиҳозланган шароитда сувда эритилган озиқа моддалари ёрдамида етиштирилади.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Учқудуқ тумани “Абай” маҳалласида шу ҳафтада иккита оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Олдинроқ, “Олтин калитча” ОНМТТ фойдаланишга берилганлиги ҳақида хабар бергандик.
Бугун очилиш маросими ўтказилган “Қувноқ асаларичалар” ОНМТТ 25 нафар “Абай” маҳалласи кичкинтойларининг қувончу-шодликларига сабаб бўлди.
Аввал боғча ўрнида эски тикувхона биноси бўлиб, у неча йиллардан буён фаолият кўрсатмасдан хароб ва ташландиқ аҳволга келиб қолганди. Хусусий тадбиркор Лайло Каримова ташаббуси билан мазкур бино қайта реконструкция қилиниб, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
“Қувноқ асаларичалар” ОНМТТ да болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар бор. Бу ерда машғулотлар хонаси, ётоқхона ва ошхона замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган.
Кундалик машғулотлардан ташқари рус тили, инглиз тили, корейс тили, расм чизиш, бадиий гимнастика, рақс, болажон караоке, сухандонлик тўгараклари ҳам фаолият кўрсатади. Боғчада “Болажонлар – бизнинг лидерлар” шиори остида таълим-тарбия ишлари йўлга қўйилган.
— Қизим Коркем шу боғчага қатнаяпти, — дейди ота-оналардан бири Д.Сундетова. — Муассаса уйимизга яқин ҳудудда жойлашган, замонавий кўринишга эга, тарбиячилари малакали, ширинсўз. Энг муҳими, бу ердаги шароитлар — овқатланиш, ювиниш, дам олиш хоналари талабларимизга мос. Муассасада тез кунларда болалар учун ўйин майдончалари қурилиши ҳақида маълум қилинди. Бу фарзандларимизнинг сифатли бошланғич билим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайишига хизмат қилади.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Ҳукумат қарори билан «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси бир ой муддатда акциядорлик жамияти сифатида таъсис этилиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасининг «Навоийуран» давлат корхонаси, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ва «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК акциядорлик жамияти сифатида тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилади. Шунингдек, корхонанинг номланиши «Навоийуран» давлат корхонаси деб ўзгартирилади.
Қарорда «Навоийуран» давлат корхонасининг асосий вазифалари қуйидагича белгиланмоқда:
- халқаро стандартларга мувофиқ энергия самарадорлиги ва экологик хавфсизлик чораларини таъминлаган ҳолда фойдаланишда бўлган табиий уран конларини ишлатиш, уран конларида мавжуд ноёб ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш;
- уран ва нодир металлар ишлаб чиқариш, техноген чиқиндиларни утилизация қилиш, зарарсизлантириш, консервация қилиш ва белгиланган чегара доирасидан четга чиқмаслигини таъминлаш;
- техноген чиқиндиларни қайта ишлашда халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва олиб бориш;
- ионлаштирувчи нурланиш манбаларини зарарсизлантириш, утилизация қилиш ва кўмиш;
- саноат, экологик ва радиацион хавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда корхона фаолиятини таъминлайдиган хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ва ишлатиш.
Ҳужжатга асосан, икки ой муддатда «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси»нинг таъсис ҳужжатлари тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилади. Бунда жамғармага:
- ижтимоий-маданий, спорт-соғломлаштириш, уй-жой, маиший биноларни, ижтимоий-маданий, спорт-соғломлаштириш ва даволаш инфратузилмаси объектларини талаб даражасида техник, санитария ва ёнғинга қарши ҳолатда сақлаш ва ишлатиш;
- касалликларнинг олдини олиш, соғломлаштириш, санаторий-курортда даволаш соҳасида ишларни ташкил қилиш;
- акциядорлик жамияти, «Навоийуран» ДК, жамғарма ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун маданий-кўнгилочар, таълим аҳамиятига эга ва маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш;
- акциядорлик жамияти, «Навоийуран» ДК жамғарма ходимларига яшаш учун ётоқхоналарда қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш;
- овқатланишнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаган ҳолда акциядорлик жамияти, «Навоийуран» ДК ва жамғарма бўлинмаларида овқатланишни тарк этиш вазифалари белгиланди.
Ҳужжатга асосан, акциядорлик жамияти кузатув кенгаши тузилади. Унинг ҳузурида корпоратив бошқарувнинг халқаро меъёрларига жавоб берадиган қўмиталар тузилади, жумладан, аудит, стратегия ва инвестициялар бўйича қўмиталар шакллантирилади.
Акциядорлик жамияти Навоий давлат кончилик институтининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таъмирлаш ишларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчилари таркибини моддий рағбатлантириш, ўқув, илмий тадқиқот ва маърифий фаолият билан боғлиқ харажатларини молиялаштиради.
Аввалроқ «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинган ва корхонани ислоҳ қилиш чоралари белгиланганди.
More...
Тошкент шаҳрида 1 апрель, пайшанба куни Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси билан ҳамкорликда қуриладиган шамол электр станцияси лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.
Қайд этилишича, тадбирда Навоий вилоятидаги Зарафшон шамол электр станциясининг шартномаси имзоланган. Таъкидланишича, ушбу ШЭС Марказий Осиёдаги энг йирик станция бўлади. У фаолиятини бошлагандан сўнг 500 000 уйни электр энергияси билан таъминлайди. Лойиҳа якунига етгач, шамол станцияси 1,1 миллион тонна карбонат ангидрид юзага келишининг олдини олади. Шунингдек, лойиҳа жами 600 миллион АҚШ доллоридан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилади.
«Давлат хусусий шериклик асосидаги ҳамкорлик, хусусан, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида энергетика соҳасида лойиҳаларни амалга оширишдаги халқаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади», — дейди энергетика вазири Алишер Султонов.
Вазирнинг сўзларига кўра, Кармана туманида 2021 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган қуёш фотоэлектр станцияси лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Masdar» компанияси билан бирга фаолият олиб борилаётгани ўзаро ҳамкорликнинг юқори натижаси ҳисобланади.
Таъкидланича, қуввати 500 МВт бўлган Зарафшон шамол электр станцияси 2024 йил охирида иш бошлайди. Бу Ўзбекистонга энергетика тузилишини диверсификация қилиш, энергетика хавфсизлигини яхшилаш, иқтисодий ва экологик мақсадларга эришишга ёрдам беради. Ўзбекистон 2030 йилгача электр энергиясининг 21 фоизини қуёш ва шамол манбаларидан олади.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Давлат раҳбари коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
«Жорий йил бошида кунига ўртача 30—40 нафар бемор аниқланган бўлса, март ойи ўрталаридан бу кўрсаткич 160—180 нафарни ташкил этмоқда. Касалликнинг ўта оғир кечиши, ҳаттоки ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Бунинг сабаби — кўпчилик фуқаролар хотиржамликка берилиб, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин талабларига бефарқ бўлиб қолди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бош вазирга коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш, тун-у кун ишлайдиган Call-марказлар ва мобил бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди. Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захирасини шакллантириш, ҳудудларда 60 та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
«Афсуски, бу балонинг охири кўринмаяпти. Европа давлатлари яна локдаунга киряпти. Қўшниларимизда ҳам аҳвол яхши эмас. Хавф ёнимизда юрибди. Шунинг учун огоҳ бўлишимиз керак. Олдин қандай ишлаган бўлсак, шу тартибни тиклаймиз.
Худо кўрсатмасин, шунча қилган ҳаракатимиз бекорга кетиши мумкин. Иқтисодиёт нуқтайи назаридан жуда катта марралар қўйганмиз. Агар ёпилиб қолсак, бу натижаларга эришолмаймиз. Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз. Касалланганларни ҳам тез-тез даволаш чораларини кўриш керак», — деди Президент.
Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрдаги “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сонли ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 октябрдаги 230-сонли “Меҳрибонлик уйи тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари юзасидан, жорий йилнинг 27 март куни Учқудуқ туман ҳокимлиги Вояга етмаганлар ишлари бўйича Идоралараро комиссия масъул котиби Г.Исломова, туман халқ таълими бўлими маънавий-ахлоқий тарбия ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш методисти З.Рахимова ҳамда 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори О.Ҳасанов, ушбу мактабнинг директор ўринбосари Ҳ.Умирова, мактабнинг ёшлар етакчиси С.Қодировалар билан биргаликда, Учқудуқ туманидаги вояга етмаганлардан, “Томди туман болалар шаҳарчаси”да тарбияланаётган тарбияланувчилар ҳолидан хабар олинди. Ушбу тарбияланувчиларга кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бир қанча совғалар улашилди. Тарбияланувчиларнинг ҳар бирлари билан алоҳида суҳбатлашилди, уларнинг яшаш шароитлари, тарбияси, дарсларга мунтазам қатнашиб боришлари, ўқишлари, қизиқишлари, келгусидаги режалари ҳамда муаммолари билан ўртоқлашилди.
Шунингдек ушбу тарбияланувчилар билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш, улар ўртасида ватанпарварликни тарғиб қилиш, назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни гиёхвандлик, ахлоқсизлик ва бошқа зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, улар билан боғлиқ, яъни, диний экстремизм, гиёҳвандлик жиноятларига қарши курашиш, йўл транспорт, ёнғин ҳодисалари ҳамда спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари истеъмоли билан боғлиқ салбий иллатлар, яшаш жойидан узоқ муддатга чиқиб кетишнинг салбий ҳолатлари, миссионерлик, прозелитизм, ақидапарастлик ва бошқа турли ҳалокатли таҳдидлар билан боғлиқ жиноятлар тўғрисида таъкидлаб ўтилди..
Шунингдек, азал-азалдан халқимиз учун муқаддас бўлмиш оилани ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини деб қабул қилишимиз замирида, ҳеч шубҳасиз жуда катта маъно моҳият мужассамлиги, чунки оила соғлом экан жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарор, биз маънавий ҳаётимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни кенг қарор топтиришда, тобора кучайиб бораётган, бизнинг миллий урф-одатларимизга мутлақо зид бўлган ҳар қандай зарарли таъсирлар, бузғунчи ғояларга қарши туришда азалий қадриятларимизни асраб-авайлашда оилани мустаҳкам таянч деб билишимиз, бу борада жисмоний ҳам маънавий жиҳатдан етук, ўз мустақил фикрига эга, оқ-қорани ажратишга, тараққий топган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялаш уларни соғлиғини асраш ҳаётга йўналишида оиланинг ўрнини ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмаслиги тарбияланувчиларга тушунтириб ўтилди.
Қонун устувор бўлган юртимизда, конституциямизга ва қонунларга ҳурмат уларга амал қилишга, мажбурият ва бурчларни бажаришга, атрофдаги воқеа ҳодисаларга бефарқ бўлмасликка, уйимизни, маҳалламизни, таълим муассасамиз осойишталигини авайлаб сақлаш ҳамда шундай фаровон турмушимизга шукроналик келтиришимиз зарур эканлиги айтиб ўтилди. Суҳбат давомида ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб ва тавсиялар берилди. Барча тарбияланувчилар ушбу ташрифдан хурсанд бўлиб ўз миннатдорчиликларини билдириб қолишди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “5 ташаббус” доирасида Учқудуқ туманида ҳам кенг кўламли ишлар олиб олиб борилаётир. Ёшларни жисмонан етук ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, спорт ва маданиятга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш, эртамиз эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш энг устувор вазифалардан бирига айланди.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан Учқудуқ туманида жорий йилда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини тадбиқ этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
Дастурда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятларини рўёбга чиқариш ва уларни кашф этиш ҳам муҳим йўналиш сифатида белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг санъат ва спортга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида Учқудуқ туман ҳокимлиги томонидан тумандаги умумтаълим мактабларига мусиқа чолғу асбоблари ва спорт жиҳозлари берилмоқда.
Бугун ҳам Учқудуқ тумани ўқувчи-ёшлари учун 6 миллион 88 минг сўмлик мусиқа асбоблари ҳамда 18 миллион 121 минг сўмлик спорт жиҳозлари тантанали равишда топширилди.
Тадбирда туман ҳокими С.Хамроев иштирок этди ва сўзга чиқди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.