Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 18 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги мажлиси бўлиб ўтади.

Саммит кун тартибидан МДҲ доирасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг барча йўналишларида, шунингдек, янги хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш соҳасида кўп қиррали муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболларини баҳолаш масалалари ўрин олган.
«Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ҳамдўстликнинг узоқ муддатли вазифалари борасида Ўзбекистон Республикаси нуқтаи назарини тақдим этиши ва амалий шерикликни кенгайтиришга доир аниқ таклифларни илгари суриши кутилмоқда.
Мажлисда делегациялар раҳбарлари МДҲни 2030 йилгача бўлган муддатда янада ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ва уни амалга ошириш режасини кўриб чиқадилар. Ушбу ҳужжатларда ҳамкорликнинг яқин ва ўрта муддатли истиқболдаги стратегик мақсадлари ва асосий тадбирлари белгиланган.
Учрашув якунида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига асос солинганининг 75 йиллиги муносабати билан ҳамда халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотлар, шунингдек, Ҳамдўстлик фаолиятининг турли жиҳатларига доир, шу жумладан, 2021 йилда Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ўтказиш жойи тўғрисидаги қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Таъкидлаш жоиз, жорий йилда Ўзбекистон МДҲга раислик қилишдек масъулиятли вазифани илк бор ўз зиммасига олган эди.
Пандемия билан боғлиқ мураккаб шароитларга қарамай, мамлакатимизнинг Ҳамдўстликка раислиги концепцияси тўлиқ ҳажмда амалга оширилди.
Ҳукумат раҳбарлари кенгаши, Иқтисодий кенгаш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, МДҲнинг бошқа устав ва тармоқ органларининг мажлислари муваффақиятли ўтказилди.
Қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан, 2030 йилгача муддатга мўлжалланган Иқтисодий тараққиёт стратегияси, Транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, туризм, спорт ва ёшларга оид сиёсат соҳаларида ҳамкорлик стратегиялари ва бошқалар қабул қилинди.
Умуман, 60 га яқин кўп томонлама тадбир ўтказилди, Ҳамдўстликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қиладиган 70 дан зиёд ҳужжат қабул қилинди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Бугун туманимиздаги 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Унда 220 нафар 11 – синф ўқувчилари, мактаб директорлари, корхона-ташкилот раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мусасаддилари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида туман ҳокими С.Хамроев битирувчи ёшларга туманда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қурилиш-бунёдкорлик ишлари, янгиланишлар ва олдинда турган мақсадлар хусусида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, учрашувда туман давлат солиқ инспекцияси, Давлат хизматлари туман бўлими, туман прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати Учқудуқ шаҳар бўлими, Ёшлар агентлиги туман бўлими, тижорат банклари мутасадди ва раҳбарлари ўқувчи-ёшларни соҳалардаги янгилик ва ўзгаришлардан хабардор қилди.
Бу каби учрашувни ўтказишдан мақсад, 2020-2021 ўқув йилида мактабни тугатаётган 449 нафар ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаб, мустақил фикр юритадиган авлод бўлиб катта ҳаётга кириб келишларига кўмаклашиш. Шунингдек, уларнинг умумий ўрта таълим мактабни тугатганидан сўнг, ўқишни олий ўқув юртларида давом эттиришга рағбатлантиришдан иборат бўлди.
Туман ҳокими раҳбарлигида ўтган учрашув очиқ мулоқот ва ўзаро фикр -мулоҳазалар ўртага ташланган ҳолда ўтказилди. Ёшлар тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар, ахборот коммуникацион технологияларга бўлган қизиқишлари хусусида фикр билдириб, соҳа вакилларига саволлар билан мурожаат қилдилар.
Бундан ташқари, туман ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида 99818-сонли ҳарбий қисм ҳарбийлари томонидан кўргазма ташкил этилди.
“Учқудуқ тумани ёшларини ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида кўплаб янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қарор қилдик, булардан бири ҳар бир сектор раҳбари ўз ҳудудида спорт ва соғломлаштириш ишларида намуна бўлиши ва камида ҳар ойда икки марта спорт мусобоқалари ташкил қилиши шарт!.” деб таъкидлади туман ҳокими Соли Хамроев.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирлари Абдуҳаким Ҳожибоев ва Иномжон Мажидов талабалар ва ОТМ ходимларини пандемия даврида коронавирус инфекциясидан ҳимоялашга оид қўшма қарорни имзолагани тўғрисидаги ҳужжат оммага тарқатилди.
Қарорга кўра, таъминотчи корхона бўлган «Dori-darmon» АКдан профилактика мақсадида гидроксихлорохин ва цинк (рух) препаратларини харид қилиш мажбурияти белгиланган. Шу билан бирга, касаллик белгилари аниқланган ҳолда қўшимча дорилар асосида даволаш зарурлиги билдирилган.
Қарорнинг аҳамиятли жиҳати - унда бу препаратларни сотиб олиш учун зарур харажатлар ОТМларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши айтилган.
Маълумки, гидроксихлорохин асосли плаквенил дори воситаси бўйича жуда кўп баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Бу қарордаги талабалар ва ходимларга берилиши мўлжалланган препарат ҳам айнан плаквенилдир. Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемияси авж олган июл-август ойларида бу препарат бир неча марта даволаш протоколига киритилган ва олиб ташланган эди.
Бу дори воситаси ҳақида сўз юритган Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Анвар Алимов гидроксихлорохин мавзуси – сиёсий масала эканлигини, штабнинг яна бир аъзоси Ҳабибулло Оқилов эса Ўзбекистон «Плаквенил» масаласида ЖССТ тавсиясига эмас, ўз тажрибасига асосланаётганини таъкидлаганди.
Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Клара Ёдгорова гидроксихлорохиннинг самарасиз экани ҳақида фикр билдиргани учун таҳдидга учраганини маълум қилганди.
Шу билан бирга, пандемия даврида плаквенил препарати бўйича катта ҳажмда давлат хариди амалга оширилгани тўғрисида маълумотлар бор.
Ўзбекистон фуқаролари 2021 йил 1 январдан бошлаб фақат янги турдаги хорижга чиқиш биометрик паспорти («қизил паспорт») билан Ўзбекистон ҳудудидан чиқишлари мумкин. Uzbekistan Airways бу ҳақдаги тегишли эслатма билан чиқди.
Президентнинг 2017 йил 16 августдаги ПФ-5156-сон фармонига асосан 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини расмийлаштириш тартиб-таомили бекор қилиниб, хорижга чиқиш учун биометрик паспортлар бериш (хорижга чиқиш паспорти) жорий этилди. Ўзбекистон фуқароларига икки турдаги паспорт – ички ва хорижга чиқиш паспортлари расмийлаштирилмоқда.
Хорижга чиқиш биометрик паспортлари тўқ қизил рангда ва 48 бетга эга бўлади. Хорижга чиқиш биометрик паспортларининг варақларида республиканинг тарихий ва архитектура ёдгорликлари акс этган. Бундан ташқари, хорижга чиқиш паспорти сув белгилари, ранги ўзгарувчи бўёқ, муарли эффект, металлаштирилган ҳимоявий ип, ламинациялаштирилган плёнка ҳамда паспорт қобиғига жойлаштирилган электрон чипдан иборат.
Хорижга чиқиш паспортлари 10 йил амал қилади. Хорижга тез-тез чиқадиган фуқаролар учун бу қўшимча қулайликдир. Хорижга чиқиш паспорти шунингдек халқаро стандартларга жавоб беради.
Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:
- икки нусхада тегишли шаклдаги ариза-анкета;
- биометрик паспорт ёки 16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси ва асли.
- ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий қисм рўйхатида турганлик ҳақидаги гувоҳнома (ҳарбий хизматга мажбурлар учун);
- иккита 3,5х4,5 расм;
- олдин тақдим этилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (агар бўлса);
- вакил идоранинг ҳукми (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олинганда);
- хорижга чиқиш учун ота-она ёки васийлик қиладиган одамнинг нотариал тасдиқланган рухсати (вояга етмаганлар учун);
- ҳамроҳ фуқаронинг нотариал тасдиқланган мажбурияти (вояга етмаганлар учун);
- давлат божини тўлаганлик ҳақидаги квитанция;
15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар хорижга ота-оналари ёки васийларнинг нотариал тасдиқланган рухсати билан ҳамроҳсиз чиқишлари мумкин.
Хорижга чиқиш паспортини олиш учун давлат божининг қиймати ЭКИҲнинг 120 фоизини ташкил этади, 16 ёшга етмаганлар хорижга чиқиш паспортларини олиш учун давлат божи ЭКИҲнинг 80 фоизига тенг.
Хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатлари билан берилади:
- туғилган кунидан 1 ёшгача – 2 йиллик муддатга;
- 1 ёшдан 16 ёшгача – 5 йиллик муддатга;
- 16 ёшдан катта бўлган шахсларга – 10 йиллик муддатга.
Наманган шаҳрида юк машинаси ва «Нексия» тўқнашуви оқибатида ёнғин рўй бериб, 6 киши ҳалок бўлди.
«16 декабрь куни соат 16:30ларда Наманган вилояти, Наманган шаҳар, И.Каримов-Истиқлол кўчалари кесишган «Фазо» чорраҳасида ҳайдовчи, 1974 йилда туғилган А.А. «Ман» русумли юк автомашинасида ҳаракатланаётиб чорраҳадан ўтаётган, ҳайдовчи, 1978 йилда туғилган Н.М. бошқарувидаги «Нексия» русумли автомобил билан тўқнашган», дейилади ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарида.
Тўқнашув натижасида ёнғин содир бўлиб «Нексия» русумли автомобилда бўлган 6 киши ёниб кетиб ҳалок бўлган:
- ҳайдовчи, 42 ёшли Н.М;
- йўловчи 39 ёшли М.Х. (ҳайдовчининг хотини);
- йўловчи 13 ёшли М.Б. (ҳайдовчининг фарзанди);
- йўловчи 10 ёшли А.Б. (ҳайдовчининг фарзанди);
- йўловчи 34 ёшли Г.Ш;
- йўловчи 7 ёшли М.Ш.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Наманган вилояти ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалалари танқидий таҳлил қилинди.
Йиғилишда соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, энергия ресурслари таъминотини яхшилаш чоралари муҳокама қилинмоқда.
Қиш мавсумида тармоқ ва ҳудудларда узлуксизликни таъминлаш учун суткасига 10-12 миллион киловатт-соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди. Бу қувватни «Тошкент», «Сирдарё», «Янги Ангрен» электр станцияларидаги 900 мегаваттли 5та энергоблокни ишга тушириш ҳисобидан таъминлаш бўйича топшириқ берилди.
Узилишларга, асосан, тақсимловчи тармоқларнинг 60 фоизи эскиргани ҳамда электр энергиясига талабнинг ошиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Шу боис паст ва ўрта кучланишли тармоқларни босқичма-босқич модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижросига тезроқ киришиш зарурлиги таъкидланди.
Қашқадарё ва Фарғонада – 3 минг километрдан, Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятида – 2,5 минг километрдан, Қорақалпоғистон, Наманган ва Хоразмда – 2 минг километргача паст кучланишли линиялар фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган.
«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр танқислик мавжуд. Оқибатда мингдан зиёд маҳаллада табиий газ босими пасайган.
Газ тизими билан боғлиқ муаммолар бугун юзага келмагани, балки ўттиз йилдан бери бизни қийнаб келаётганидан барчамиз хабардормиз. Лекин буни баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда», – дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Давлат раҳбари пандемия бошланганидан бери биз газ сотилмаётганини ва асосан аҳоли эҳтиёжлари учун сарфланаётганини таъкидлади. Соҳа мутасаддиларига ҳудудларга чиқиб, муаммоларни бевосита ўрганишлар зарурлигини билдирди.
Газ экспортини қисқартириб, аввало аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берилди. Бунинг ҳисобига кунига 7-8 миллион куб метр табиий газ қўшимча равишда ҳудудларга йўналтирилади.
«Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр танқ́ислик мавжуд. Шунинг учун, куни-кеча газ экспортини қисқартириш бўйича топшириқ бердим. Бунинг ҳисобига, кунига 7-8 миллион куб метр газ қўшимча равишда аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилади», деган президент.
Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун яна 217 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилган.
Самарасиз ишлаётган 25та конни инвесторларга «риск-сервис контракт» шартлари асосида бериб, табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш мумкинлиги айтилди.
Бугун, 16 декабр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кенгайтирилган селектор йиғилиши бўлиб ўтади. Kun.uz манбаси хабар қилишича, видеоселектор кун тартибида иккита муҳим мавзу - қишга тайёргарлик давомида йўлга қўйилган хатоларни танқидий таҳлил қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ўрин олган.
Йиғилишда юзага келган муаммолар батафсил кўриб чиқилиб, жойлардаги ҳокимликлар узилишлар бўйича қандай чоралар кўргани таҳлил қилинади.
Жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорларда нархлар барқарорлигини сақлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захира қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ҳисоботлари тингланади.
Аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлашда йўл қўйилган камчиликлар бўйича вазирликлар, идоралар ҳамда ҳокимликлар раҳбарларининг масъулияти кўриб чиқилади.
Видеоселектор йиғилишида вазирликлар идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳисоботлари эшитилади.
Суд тизимида кутилаётган ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар Конституцияда ҳам акс этади. 14та ҳудудда умумюрисдикция судлари ташкил этилади, туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади.
Ўзбекистон Конституциясига ўн бешинчи маротаба ўзгартишлар киритилиши кутилмоқда. Қонун Олий Мажлис Сенатининг 18 декабрдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилади.
Конституцияга ўзгартиш киритилиши ҳақида 11 декабрь куни, Сенат ялпи мажлисида қайси қонунлар кўрилиши очиқланган вақтда маълум бўлган эди. Бу ҳақда хабар берган Сенат ахборот хизмати Конституциянинг айнан қайси моддалари ўзгариши мумкинлиги, бу қандай ўзгаришлар эканига аниқлик киритмаганди.
Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, кутилаётган янгиликлар – судлар фаолияти ва айрим атамаларнинг ўзбек тилига таржимасига доир.
Судлар фаолиятига доир ўзгаришлар президентнинг шу йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан боғлиқ.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
- вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади;
- маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинади.
Шу муносабат билан, Конституциянинг 107-моддаси 1-қисми қуйидаги таҳрирга ўтказилиши кутиляпти:
«Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистан Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судларидан иборат».
Расул Кушербаевнинг изоҳлашича, бу ўзгаришлардан мақсад – фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосини бир жойда ҳал қилиш, суд тизимини бошқариш масалаларини такомиллаштириб, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник таъминлаш ишини яхшилашдир.
Шунингдек, депутатнинг қайд этишича, миллий қонунчиликда рус тилидаги «законодательство» ва «акты законодательства» тушунчалари ўзбек тилида «қонун ҳужжатлари» деб, рус тилидаги «закон» ва «законодательный акт» тушунчалари ўзбек тилида бир хил «қонун» деб ишлатилган. Миллий норматив-ҳуқуқий базада, қонунларда давлат тилидаги «қонунчилик» тушунчаси ишлатилмаган.
Шу муносабат билан давлат тилидаги Конституциянинг 7-моддаси 2-қисмига, 33-моддага, 85-модда 4-қисми 8-бандига, 86-модда 5-қисми 8-бандига, 93-модда 1-қисми 16-бандига, 98-модда 3-қисмига, 100-модда 8-хатбошисига, 117-модда 8-қисмига ўзгартиришлар киритилмоқда.
Маълумот учун, Конституциянинг 128-моддасига кўра, Олий Мажлис тегишли таклиф киритилгандан кейин 6 ой мобайнида Конституцияга ўзгартиш ва тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин.
Buyuk Britaniyada aniqlangan COVID-19’ning yangi turi tez tarqalish xususiyatiga ega, lekin xavflilik darajasi yuqori emas. Bu haqda Sky News’ga COVID-19 bo‘yicha JSSTning maxsus vakili Devid Nabarro ma’lum qildi, deb yozmoqda “Interfaks”.
“Virusning ushbu turi yuquvchan, lekin xavfli bo‘lib ko‘rinmayapti”, — degan u, shuningdek, “Ma’lumotlar bu Buyuk Britaniyada virusga qarshi kurashning ustuvor yo‘nalishlarini tubdan o‘zgartirmasligini ko‘rsatmoqda”, — deb ta’kidlagan.
Shu bilan birga, Nabarro jamoatchilikni mavjud vaziyatda hushyor bo‘lishga chaqirgan.
Kuni kecha, 14-dekabr kuni mamlakat sog‘liqni saqlash vaziri Mett Xenkok mutaxassislar ushbu tur bilan kasallanishning mingdan ortiq holatini aniqlaganini, bu Buyuk Britaniyaning janubi-sharqida kasallikning tez tarqalishi bilan bog‘liq bo‘lishi mumkinligini bildirgan. Vazir London koronavirusning yangi turi aniqlangani haqida JSSTni ogohlantirganini qo‘shimcha qilgan.
Buyuk Britaniyada pandemiya boshidan buyon 1,8 milliondan ortiq kishi koronavirusga chalingani qayd etilgan, ularning 64,1 ming nafari vafot etgan. So‘nggi vaqtlarda mamlakatda pandemiyaga qarshi cheklovlar kuchaytirilmoqda. Xususan, London va mamlakat janubi-sharqidagi bir qator shaharlarda 16-dekabrdan boshlab barlar, pablar, kafe va restoranlar yopiladi. Ular faqat buyurtma asosida yetkazib berishi yoki mizojlarning o‘zi olib ketishi orqali ishlashi mumkin.
BMTning Oziq-ovqat va qishloq xo‘jaligi tashkiloti (FAO) O‘zbekistonda “Inklyuziv qishloq xo‘jaligi siyosatini amalga oshirishda ko‘maklashish” loyihasini ishga tushirmoqda. Bu haqda FAOning O‘zbekistondagi vakolatxonasiga tayanib, “Gazeta.uz” xabar berdi.
Umumiy qiymati 100 ming dollar bo‘lgan loyihani 2022-yilning oxirigacha amalga oshirish rejalashtirilmoqda. Dasturning asosiy vazifasi — inklyuziv qishloq xo‘jaligini amalga oshirish hamda ayollarning huquqlari va imkoniyatlarini kengaytirish asosida qishloq hududlarida hayot sharoitlarini yaxshilash.
“Qishloq xo‘jaligida gender tafovutini bartaraf etish qishloq xo‘jaligi sohasi va jamiyatga sezilarli foyda keltiradi. Gender notengligi jinslar rollari haqidagi stereotiplarga bog‘langan, bu esa ayollarning qishloq xo‘jaligidagi muhim hissasini kamaytirib ko‘rsatadi. Qishloq ayollariga investitsiya — bu kambag‘allikni bartaraf etish va barcha uchun oziq-ovqat xavfsizligiga erishish uchun muhim bo‘lgan o‘zgarishlar omiliga investitsiya”, — deya ta’kidlagan FAOning O‘zbekistondagi vakolatxonasi loyihalari koordinatori Sherzod Umarov.
Mazkur loyihaning amalga oshirilishi FAOning O‘zbekistondagi gender harakatlar rejasi tomonidan muvofiqlashtiriladi.
More...
Ўзбекистонлик талабалар жорий йилнинг 28 декабридан қишки таътилга чиқади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
«Олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари учун 2020 йил 28 декабрдан 2021 йил 10 январгача қишки таътил этиб белгиланди», дейилади вазирлик хабарида.
2021 йил 11 январ — ўқишнинг биринчи куни бўлади.
Бундан аввалроқ Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактабларида қишки таътил бошланғич синфлар учун 25 декабр, юқори синфлар учун 26 декабрдан бошланиши ҳақида хабар берганди. Мактаб ўқувчилари учун таътил 14 кун давом этади.
Qonunchalik palatasi majlisida Jinoyat kodeksi va Ma’muriy javobgarlik to‘g‘risidagi kodekslarga o‘zgartirish va qo‘shimchalar kiritish bo‘yicha qonun loyihasi ko‘rib chiqiladi, deya xabar qilmoqda deputat Rasul Kusherbayev o‘z Telegram kanalida.
Qonun loyihasiga ko‘ra, Jinoyat kodeksidan tuhmat va haqorat qilganlik uchun mavjud bo‘lgan ozodlikdan mahrum qilish jazosi bekor qilinib, o‘rniga jarima yoki majburiy jamoat ishi jazosi qo‘shilmoqda.
Shuningdek, qonun loyihasi bilan Ma’muriy javobgarlik to‘g‘risidagi kodeksga va Jinoyat kodeksiga yolg‘on axborot tarqatganlik uchun javobgarlik belgilanmoqda. Pornografik mahsulotlarni tarqatish va shafqatsizlikni targ‘ib qilganlik uchun ham jarima miqdorlari oshirilmoqda.
Qayd etilishicha, qonun loyihasi deputatlar tashabbusi bilan kiritilgan. Qonun loyihasi Senatga yuborilgan.
Avvalroq O‘zbekiston Konstitutsiyasiga qanday o‘zgartirishlar kiritilishi ma’lum bo‘lgani, Rasul Kusherbayev “snos”lar bilan bog‘liq muammolarni yechish uchun moratoriy e’lon qilishni taklif etgani hamda Komil Allamjonov AOKA va Adliya vazirligini OAV vakillari huquqlarini mustahkamlashga qaratilgan takliflar ishlab chiqishga chaqirgani haqida xabar berilgandi.
Бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисоблаш янги йилдан давом этади.
2021 йил 1 январдан бошлаб, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши давом этади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
2020 йил давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва харажатларни мақбуллаштириш бўйича ҳукумат қарори билан 2021 йил 1 январга қадар моддий рағбатлантириш тўловларини ҳисоблаш тўхтатилганди.
Тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалар, меҳрибонлик уйларидан ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1-3 разрядлари қўлланиладиган ходимлар бундан мустасно бўлган.
Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбасининг билдиришича, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилишига оид ҳукумат қарор лойиҳаси тайёрланмаган.
«Тўловлар ҳисобланиши тўхтатилганди, у дастлаб октябр ойигача, кейин йил сўнгига қадар амал қилди. Айни пайтда муддатни яна узайтириш бўйича бирор ҳаракат йўқ, Демак, ҳукуматнинг амалдаги қарори бўйича тўловлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш 1 январдан кейин бекор қилинади», — дейди манба.
Маълумот учун, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларни моддий рағбатлантириш Молия вазирлигининг 1995 йилда қабул қилган низоми билан тартибга солинади.
Навоий шаҳридаги эркин иқтисодий-индустриал зонасида жойлашган “Telekom Devices PRO” МЧЖ томонидан миллий руҳда дастурлаштирилган «Ўзбекистон» смартфонлари ишлаб чиқарилмоқда.
64 гигабайт хотира қувватига эга ушбу смартфонлар Алоқа вазирлиги топшириғига асосан МЧЖнинг лойиҳани маҳаллийлаштириш ва ташқи иқтисодий фаолият бўйича мутахассиси Зарнигор Жуманова лойиҳаси асосида яратилган бўлиб, миллийлик нуқтаи назаридан ички бозорга мўлжаллаб тайёрланди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП Навоий вилояти матбуот хизмати хабар берган.
«Ўзбекистон» миллий смартфонлари ўзига хос миллий дизайн ва замонавий кўринишга эга бўлиб, унинг дастурий таъминоти ўзбекона тусга эгалиги билан аҳамиятлидир. Мобил алоқа воситасига Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, классик ва замонавий ўзбек адабиётининг нодир намуналари жамланмаси, радиоинссенеровкалар, 100 дан ортиқ ўзбек куй ва қўшиқлари , шунингдек, юртимизнинг энг диққатга сазовор гўшалари тасвири туширилган фото-альбомлар юкланган.
Бундан ташқари, «Ҳукумат» дастури ҳам киритилган бўлиб, дастурга барча вазирликлар, тўрт ҳокимият тизими ишонч телефонлари жойлаштирилган. Телефон рақамлар ўзгариши билан боғлиқ ҳолларда дастур автоматик тарзда янги рақамларни киритиш хусусиятига ҳам эга.
Экран фони учун юртимиз табиатига оид суратлар жамланмаси жойлаштирилган бўлса, чақирув қўнғироқлари ва уйғотувчи оҳанглар учун ҳам ўзбек мусиқа санъати намуналаридан фойдаланилгани кишида миллий ифтихор туйғуларини шакллантиради.
– Айниқса, телефон панелининг марказий қисмига Ўзбекистон Республикаси герби туширилиши ўзига хос янгилик бўлди. Шу билан бирга маҳсулот миллий бренд эканлигини ҳисобга олиб, телефонларни махсус совғабоп қутиларга жойладик. Бошланишига 3000 дона «Ўзбекистон» смартфонлари ишлаб чиқарган бўлсак, айни пайтда маҳсулотимизнинг 50 фоиздан кўпроғи сотилди. Бундан ташқари, болалар телефон қўл соатлари, CDMA 450 стандартидаги стационар телефонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўя бошлаганмиз. Ўз ўрнида чиқараётган маҳсулотларимиздаги хатолар устида ҳам ишлаб, технологиясини мукаммалаштириш борасида изланишларни давом эттиряпмиз, – дейди “Telekom Devices PRO” МЧЖ раҳбари Н.Раҳимов.
Ушбу смартфонлар ишлаб чиқарилгаига кўп вақт бўлмаса-да, ўз харидорларини топишга улгурди. Шунингдек, қўшни мамлакатларга экспорт қилиш юзасидан музокаралар ҳам олиб борилмоқда.