Аслида ҳам китоб ўқиган кишининг дунёқараши кенгайиб, ҳаётда бўлаётган янгилик ва ўзгаришларга теран нигоҳ билан қарайди, турли усуллар билан тарқалаётган ҳар хил уйдирма ва ёлғонлардан иборат хабарларга ишонмайди. Аксинча ўзининг шахсий фикри билан холис ва адолатли жавоб қайтаради.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ташаббуси билан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида ўтган йил октябрь ойидан бери “Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз” интеллектуал танлови ҳар ҳафтанинг шанба куни ўтказиб келинмоқда.
Бугун “Ҳафтада 1 та, ойда 4 та, йилида 52 дона китоб ўқиймиз” лойиҳасига старт берилди. Лойиҳа иштирокчилари бу гал ўқувчи-ёшлар. Уларнинг маънавий-маърифий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда китоб мутолаасига бўлган қизиқишини оширишни мақсад қилган танлов туманимиздаги касб-ҳунар мактаби фаоллар залида бўлиб ўтди.
Танловни туман ҳоким ўринбосари Н.Муратов кириш сўзи билан очиб, китобсевар ёшларга омадлар тилади. Шунингдек, ДХХ ходими М. Абдуллаев ҳам иштирок этиб, инсон камолотида китобнинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади.
Бугунги беллашув Чўлпонинг “Кеча ва кундуз” асаридан 15 та савол асосида ўтказилди. Қизғин баҳс ва мунозаралар асосида кечган китобхонлик танловида 1-ўрин касб-ҳунар мактаби, 2-ўрин 10-умумий ўрта таълим мактаби, 3-ўрин 20-умумий ўрта таълим мактаби жамоаларига насиб этди.
Бугун “Ўргимчак тўри” дея ном қозонган интернет эмас, инсониятни, хусусан, ёшларни китобхонликка жалб қилиш орқалигина юксак маънавиятга эришиш, комил инсонни тарбиялаш мумкинлигини бутун дунё халқлари тўла англаб етмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам китоб – туганмас хазина, ундан олинган билимларни инсон умрининг охиригача ҳам сарфлай олмайди. Ҳар бир киши учун ундан яқин ҳамроҳ, дўст ва маслаҳатчи йўқ. Шунинг учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлайди.
Жанагул БУЛЕКБАЕВА,
туман маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари.