Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган МДҲ саммитига баҳо бериб, унда Мирзиёев илгари сурган таклифларни юқори баҳолади.
«Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромоновичнинг докладини диққат билан эшитдим. Унинг доклади ҳамма нарсани қамраб олди ва айтилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш учун уни яна бир йилга раисликда қолдириш мумкин бўлганда эди, деб ўйладим. Агар у қарши бўлмаса, биз келгуси йили унинг таклифларини амалга оширамиз. Бу таклифлар жуда муҳим ва ақлли», – деди Лукашенко.
Шавкат Мирзиёевнинг беларуслик ҳамкасбини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон келгуси йили МДҲда ҳамраис бўлишини ва барча таклифлар биргаликда амалга оширилишини айтди.
Маълумот учун, 2021 йилда МДҲда Беларусь Республикаси раис бўлади.
18 декабрь кунги саммитда Шавкат Мирзиёев қуйидаги таклифларни илгари сурди:
- МДҲда меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик дастурини қабул қилиш;
- Ҳамдўстлик доирасида «яшил» ва соддалаштирилган йўлаклар амалиётини кенг жорий этиш, электрон савдони ривожлантириш бўйича ягона платформани ишга тушириш ва «йўл харитаси»ни қабул қилиш;
- саноат кооперацияси бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш;
- ҳар йили оммавий спорт ва маданий тадбирларни ташкил этган ҳолда «МДҲ саломатлик марафони»ни ўтказиш;
- МДҲ ижодий ва фан зиёлиларининг навбатдаги форуми доирасида Ўзбекистонда «Ҳамдўстлик мамлакатлари маданий мероси» конференциясини ўтказиш;
- ҳуқуқий ахборот билан алмашиш учун МДҲ Ягона электрон платформасини яратиш;
- радикаллашувдан қайтариш соҳасидаги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш.
- 2021 йилда МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг йиғилишларидан бирини Тошкентда ўтказиш.