Айрим акциз солиғи ставкалари сўмда белгиланган ва жорий йил индексация қилинмаганди. Шу туфайли, 2021 йил феврал ойида акциз солиғи ставкалари ўзгариши мумкин.
Ўзбекистон миллий валютасида белгиланган айрим акциз солиғи ставкалари жорий йил апрел-май ойларида оширилиши режалаштирилганди. Аммо пандемия сабабли ушбу чора-тадбирлар кечиктирилган. Акциз солиғи ставкаларини индексациялаш 2021 йил феврал ойида ўтказилиши мумкин, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг айтишича, акциз солиғи ставкасидаги ўзгариш асосан алкогол, тамаки ҳамда бензин маҳсулотлари нархига таъсир қилади.
«Импорт бўйича 73та товар позициясига акциз солиғини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари (20 турдаги товарлар (шарбатлар, пишлоқ, творог, маргарин, унли қандолат маҳсулотлари, колбаса ва шунга ўхшаш гўшт маҳсулотлари ва ҳ.к.), электротехника товарлари бўйича (35 турдаги товарлар (музлатгичлар, телевизорлар, газ плиталари, чангютгичлар, кир ювиш машиналари ва ҳ.к.) ва ҳ.к. Бу тадбиркорлик субъектларига тенг шароитларни таъминлашга имкон беради», — дейди у.
Бундан ташқари, 2021 йилда мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкасини 15 фоиз этиб белгилаш таклиф этилган. Жорий йил ушбу ставка 20 фоизга тенг бўлди.
Маълумот учун, 2021 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида ҚҚС (15 фоиз), фойда солиғи (15 фоиз, алоҳида тоифалар учун 20 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12 фоиз), юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи (2 фоиз), қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи (0,95 фоиз), ижтимоий солиқ (хўжалик юритувчи субъектлар - 12 фоиз ва бюджет ташкилотлари - 25 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ (базавий ставка 4 фоиз) ставкалари сақлаб қолиниши назарда тутилади.
Аввалроқ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати 2021 йилдан автомобил ёнилғиси нархлари ошиши ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирганди. Хусусан, жамият қуйидаги нефть маҳсулотларига ва якуний истеъмолчига сотилувчи товарларга солинадиган акциз солиғи ставкаларига ўзгартириш ва қўшимча киритилиши кўзда тутилаётгани ҳақида маълумот берган:
Нефт маҳсулотлари:
- 1 тонна Аи-80 бензини: амалда – 200 000 сўм, таклиф – 240 000 сўм;
- 1 тонна Аи-80, Аи-92, Аи-93 ва Аи-95 бензини: амалда – 250 000 сўм, таклиф – 275 000 сўм;
- 1 тонна дизел ёнилғиси: амалда – 200 000 сўм, таклиф – 240 000 сўм;
- 1 тонна ЭКО дизел ёнилғиси: амалда – 180 000 сўм, таклиф – 216 000 сўм.
Якуний истеъмолчига сотилувчи товарларга солинадиган акциз солиғи:
- 1 тонна бензин: амалда – 378 480 сўм, таклиф – 465 530 сўм;
- 1 тонна дизел ёнилғиси: амалда – 346 275 сўм, таклиф – 425 918 сўм.
Юқоридаги ўзгаришлар республикада оммабоп бўлган Аи-80 бензини мисолида 1 тоннаси 127 050 сўмга (ҚҚСни ҳисобга олганда 146 108 сўмга) ёки 1 литри 95 сўмга (ҚҚСни ҳисобга олганда 110 сўмга) ошиши мумкин.