ДХХ ҳамда департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 20 миллион сўм эвазига Сардоба туманидан 4 гектар ерни ажратиб берган уюшма раиси ушланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди (http://dy.uz/xsVzO).
Маълумотларга кўра, Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги сув истеъмолчилари уюшмаларидан бирининг раиси боғдорчиликка мўлжалланган ер майдонларини полиз экинлари экишга бериш орқали моддий манфаатдор бўлиш мақсадида ваколатини суиистеъмол қилиб келган.
Маълум бўлишича, у маҳаллий фермер хўжалигининг 4 гектар ер майдонини Гулистон шаҳрида яшовчи фуқарога ажратиб бериш эвазига 20 миллион сўм олган вақтида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ургутда фуқарога 2 минг доллар эвазига ерга эгалик ҳуқуқини олиб беришни ваъда қилган кадастр хизмати ходими ушлангани, Бўстонлиқдаги 1 гектар ерни расмийлаштириб бериш учун 160 минг (http://daryo.uz/k/2020/12/17/bostonliqdagi-1-gektar-yerni-rasmiylashtirib-berish-uchun-160-ming-dollar-talab-qilgan-shaxs-qolga-olindi-u-bunga-qadar-4-marotaba-sudlangan/) доллар талаб қилган шахс қўлга олингани, шунингдек, Тошкентда 352 минг (http://daryo.uz/k/2020/12/17/toshkentda-352-ming-dollarga-yer-sotmoqchi-bolgan-tuman-hokimligi-mansabdori-ushlandi-video/) долларга ер сотмоқчи бўлган туман ҳокимлиги мансабдори ушлангани тўғрисида хабар берилганди.