Яқин-яқингача ҳам вакцина паспортлари билан фақат фитна назариясига ишонувчилар бир-бирларини қўрқитиб юришганди. Ҳозир дунёда шундай ҳужжат сайёҳларга чегараларни очишга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида жиддий мунозаралар кетмоқда.
IT-компаниялар, авиакомпаниялар ва ҳатто алоҳида давлатлар ҳам вакцина паспортларини жорий қилиш тарафдори. Унга қаршилар инсон ҳуқуқларининг эҳтимолий бузилиши, бундайин паспортларнинг самарадорлиги пастлигини айтиб, шошмасликка чорламоқда. Бу баҳсда ким ғолиб бўлади?
Греция сафнинг бошида
Кўпчилик вакцина паспортлари туфайли пандемияда энг кўп азият чеккан соҳалардан бири - туризм қайта жонланади, деб ҳисобламоқда.
Қийин аҳволда қолган давлатлардан бири Грециядир – туризм бу давлат учун шунчалар муҳимки, ЯИМнинг 20 фоизини ташкил қилади. Ушбу мамлакат ниҳоятда оғир молиявий бўҳрондан қутулиб чиқаётган пайтда пандемия ёпирилди.
Ҳар 5 кишининг бири бу ерда туризм соҳасида банд. Соҳадаги қулаш Грецияда 80 фоизни ташкил қилди.
«Бу йил очилмасликнинг иложи йўқ. Агар шу мавсумни ҳам бой берсак, бизни чинакамига оғир давр кутади», дейди Санторини оролида бизнес қилувчи таниқли отельер Алексис Комнинос.
Вазиятдан чиқиб кетиш учун Греция бош вазири Кариакос Мицотакис Евроиттифоққа ваниҳоят вакцина паспортлари ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўришни таклиф қилди.
«Эмланган одамлар саёҳат қила олиш имкониятига эга бўлишлари керак. Бу, шунингдек, одатий ҳаётга қайтиш учун ягона чора ҳисобланган вакцинацияга фуқароларни ташвиқ қилиш учун рағбатлантириш ҳисобланади», дейди бош вазир Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга битган мактубида.
Январ ойи охирларидан Грецияда коронавирусдан эмланганларга рақамли сертификатлар берилиши бошланди. Евроиттифоқнинг тасдиғини кутиб ўтирмасдан Греция вакцина паспортлари фақат наф келтиришини амалда кўрсатишга бел боғлади ва Исроил билан шартнома имзолади.
9 миллион аҳолига эга Исроилнинг 3,5 миллион аҳолиси эмлаб бўлинди, лекин исроилликлар Грецияга борадиган сайёҳларнинг жуда кам қисмини ташкил этади.
2019 йилда Грецияга 34,2 миллион сайёҳ келган ва уларнинг салкам миллион нафари Исроилдан.
Сайёҳлик оқими тикланиши учун Греция ўзининг доимий меҳмонларини қайтариши зарур – аввало, Германия ва Буюк Британия фуқароларини. Бу давлатлар эса вакцина паспортини жорий қилишга шошилаётгани йўқ.
Қарши аргументлар
«Гап эмланишни саёҳат қилиш учун мажбурий шарт қилиб қўйиш ҳақида кетмаяпти», дейди Греция бош вазири Евроиттифоққа ёзган хатида.
Бироқ турли сабабларга кўра, коронавирус вакцинасини олишни истамаган ёки қодир бўлмаган инсонлар айнан шу воқеа юз беришидан хавфсирайди: улар бошқа давлатга бориш учун эмланиш шарт деб ўйлайдилар.
Аммо вакцина паспортларидан дунёда аллақачонлар фойдаланиляпти, фақат номланиши бироз бошқачароқ – халқаро вакцинация сертификати ёки «сариқ карточка». Қизилча, сариқ безгак, вабо, бўғма касаллиги ёхуд безгакка қарши эмланиб, сайёҳлар шундай карточка олишлари мумкин.
«Сариқ безгакка қарши вакцина олсангизгина саёҳат қила олишингиз мумкин бўлган давлатларнинг мавжудлиги вакцина паспортларининг келажаги учун яхши прецедент. Менда, масалан, сариқ безгакка қарши эмланганим ҳақида махсус карточка бор. Лекин бу каби карточкаларни кўрсатадиганларнинг қанчасида карточкалар ҳақиқий, яна қанчасида ясамалиги ҳақида тасаввурим йўқ», дейди Лондон Империя коллежи катта илмий ходими, профессор Ричард Теддер BBC’га берган интервьюсида.
Бу вакцина паспорти билан боғлиқ ягона муаммо эмас. Шахсий маълумотлар сизиб чиқиш хавфи ҳам бор. Айни дамда мутахассислар вакцинациядан ўтганлик тасдиғини смартфон учун махсус иловада сақлашни таклиф этишмоқда. Демак, жуда кўп шахсий маълумотлар серверларда туради ва исталган пайт уларга эга бўлиш мумкин.
Устига-устак жаҳон аҳолисининг атиги ярми интернетга уланиб, илова юклаб олиш мумкин бўлган смартфонлардан фойдаланади.
Британия иммунология ҳамжамияти раиси Дебора Данн-Уолтерс BBC билан бўлган суҳбатда бундай иловага йўқ демаслигини тан олди: «Мен телефонимда шундай илова бўлишини истардим. Унда мен қачондир олган вакциналар ва уларнинг муддатлари кўрсатиб турилса...»
Лекин профессор Данн-Уолтерс бу каби иловалар паб ёки ресторанга кириш учун рухсатномага айланишини чатоқ деб ҳисоблайди: «Одамларга ҳар куни қилиб юрган ишларини уларда бу каби тасдиқ бўлмаса, қилолмай қолишини айтиш – мураккаб ахлоқий муаммо».
Эксетер университети доктори Анна Бедуши унинг фикрига қўшилади. У шундай ҳужжатлар қандай ишлашини ўрганган.
«Бундай иловаларга шахсий маълумотларни муҳофазалайдиган технология аввалдан ўрнатилиши шарт», дейди Бедуши.
«Бироқ умуммиллий локдаун – эмланганлик тасдиғини кўрсатишдан кўра инсонларнинг эркинлигини чекловчи анча жиддийроқ нарса», дея таъкидлайди Бедуши.
Башарти одамлар вакцина олишни исташса-ю, қандайдир сабабга кўра олишолмаса, бундай ташаббуслар уларнинг эркинлигини чегараловчи жиддий масалага айланиши мумкин.
Ричард Теддер эса масалага бошқа томондан қараб кўрди: «Менимча, вакцина олишни истамаганлар учун қандайдир чекловлар бўлиши шарт. Мен учун бу принципиал масала: вакцинациядан ўтмадингизми, саёҳат қилмаганингиз маъқул. Масала буни халқаро миқёсда қандай амалга оширишда. Бу ялпи эмлашга қодир бўлмаган мамлакатлар учун жиддий муаммога айланиши мумкин».
Хавотирга сабаб бўладиган жиддий омиллардан бири – аҳолининг аксар қисмини вакцинация қилиш коронавирус тарқалишига қай даражада таъсир кўрсатиши ҳақида маълумотлар камлиги.
«Охирги ойлардаги чекловлар бизга шунчалар таъсир кўрсатдики, вакцина паспортлари концепцияси жозибадор кўриниши мумкин», деб ҳисоблайди Дебора Данн-Уолтерс.
Унинг фикрича, ҳозирда мавжуд ва келажакда чиқиши мумкин бўлган вакциналар бизга бериши мумкин бўлган ҳимоя ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш шарт.
«Вакцинация аҳолини касалланишдан қанча муддат асрай олади? Эмлаш вирус юқишидан ҳимоялай оладими? Бу вакцина паспортларини жорий қилишдан олдин жавоб топилиши керак бўлган иккитагина савол, холос», дейди у.
«Мен Грециянинг бундай паспорт жорий қилиш истагини тушунаман. Лекин кимдир вакцина таъсир қилмайдиган штаммни олиб келсачи? Ана унда Грецияда муаммолар чиқиши мумкин. Ундан кейин, вакцинация ҳақидаги сертификатлар ҳаққонийлигига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкин? Антитаналар мавжудлигига қўшимча тестлар ўтказишга тўғри келиши ҳам мумкин», дейди Ричард Теддер.
Европа бир қарорга келмади
Туризмга боғланиб қолган Европанинг кўплаб давлатлари Грецияни қўллаб-қувватлашмоқда. Италия, Португалия, Кипр, Чехия, Эстония, Испания, Словакия ва Венгрия каби давлатлар ҳам озми-кўпми вакцина паспорти жорий қилиниши тарафдори.
Умуман олганда, Европа ҳали якдил фикрга келганича йўқ.
Ҳозирча ЖССТ вакцинацияни вирус тарқалишининг олдини олишга кафолат сифатида кўраётгани йўқ. Ундан ташқари, ЖССТда саёҳат қилиш учун иммунитет борлиги тасдиғининг қандайдир тизими мавжуд бўлиши керак деб ҳисоблашмоқда.
ЖССТнинг Европадаги махсус вакили Давид Набарро «Одатий ҳаёт тарзига қайтиш учун фавқулодда тезкор коронавирус тестлари кўмак беради», дея таъкидлаган ва «эмланмаганлар чекловларга дучор бўлиши» ҳақида огоҳлантирган.
ЖССТнинг етакчи мутахассисларидан бири бўлган Набарро вакциналарнинг етишмовчилигига барҳам берилмагунча одамлар қисқа муддатга бундайин аччиқ реалликка кўникишлари лозим, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, вакцина ишлаб чиқариш ҳажми ошиб бораётгани боис, яқин ойлар ичида муаммо ҳал бўлади.
Сайёҳларга вакцина паспорти ёки сертификатларини жорий қилиш, унинг фикрича, давлатлараро даражада ҳал қилиниши шарт ва бу осон кечмайди.
«Ҳа, мен вақт ўтиши билан инсон коронавирусга қарши иммунитети борлигини кўрсата олишига имкон берувчи тизим пайдо бўлади, деб ўйлайман. Бунинг учун бироз меҳнат керак», дейди Набарро Британиянинг ITV телеканалига берган интервьюсида.
Ўтган йилнинг октябрида ЖССТ халқаро вакцинация сертификатини ишлаб чиқиш бўйича Эстония билан келишувга эришганди.
Ташаббусга Германия ва Францияда шубҳа билан қарашмоқда. У ерда вакцина паспортлари одамларнинг бир қисми алоҳида имтиёзларга эга бўлиб қолишига сабаб бўлади.
Амалдаги вакцинация схемасига кўра энг охирги бўлиб эмланадиган ёшлар бу масалада ютқазади.
Германия ҳукуматининг маслаҳатчиси ва мустақил орган бўлган Ахлоқ кенгаши эмланганларга махсус шароит қилиб бермасликни тавсия қилди.
Буюк Британия амалдорлари эса ялпи вакцинация ва экспресс тестлар уйғунлиги вазиятни ўрнига туширади, деб ҳисоблашмоқда.
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 15 феврал куни берган баёнотида Британия мамлакат ичида вакцина паспортини жорий қилмоқчи эмаслигини маълум қилган бўлса-да, бу каби ҳужжатлар хорижга чиқишда зарур бўлишини тан олди.
«Фикримча, саёҳат қилиш учун баъзан сариқ безгак ва бошқа касалликларга қарши эмланганингиз исботини кўрсатишингизга тўғри келгани каби, коронавирусга қарши эмланганингизни кўрсата олиш ғояси кўпчиликни қизиқтиради ва бундан қочишнинг иложи йўқ. Бу келажакда рўй беради деб ўйлайман. Бизнинг мамлакатда эса паб ёки шунга ўхшаш жойларга кириш учун паспортлар бўлмайди, деб ўйлайман», деган Борис Жонсон.
Илгарироқ Британиянинг вакцинация бўйича мулозими Нозим Заҳовий вакцина паспортлари бўлмаслигига ваъда бериб, хорижга отланганлар зарур ҳолларда ўз врачларидан маълумотнома олиб кетаверишлари мумкинлигини айтганди.
Британиянинг позицияси ўзгариши мумкинми?
Британиядаги Telegraph нашри январ ойидаёқ мамлакат раҳбарлари вакцина паспортлари синовларини молиялаштираётгани ҳақида ёзганди. Фойдаланувчилар улар эмлангани ҳақидаги маълумот киритилган иловани юклаб олиши режа қилинганди.
Айрим британияликлар бундай паспорт барибир жорий қилинади, деган қўрқувда. 150 мингдан зиёдроқ киши бу ғоядан бутунлай воз кечишни талаб қилувчи петицияга имзо чекишди.
«Бундай паспортдан коронавирус вакцинасини олишни рад қилган инсонларнинг ҳуқуқларини чеклаш учун фойдаланилиши мумкин ва бунга йўл қўйиб бўлмайди», дейди петиция муаллифлари.
Бизнес – паспорт тарафдори
Масала шундаки, давлатлар қандай позицияда бўлмасин хусусий корхоналар, жумладан, ресторанлар, кинотеатрлар ва авиакомпанияларга ўз қоидаларини белгилашига қаршилик қилишнинг иложи йўқ.нация ҳақидаги маълумотлар сақлаш мумкин бўлган иловалар ишлаб чиқишмоқда
Германиянинг концерт ва бошқа тадбирларга чипта сотиш билан шуғулланувчи Eventim компанияси ўзининг онлайн бронлаш тизимига ўзгартиш киритишга улгурди: мижозлар эмланганлик ҳақидаги маълумотни жойлашлари мумкин.
Компания бош директори Клас-Петер Шуленберг вакциналар етарли бўлиб, истаган одам эмлана олиш имкони бўлгач, тадбирлар ташкилотчилари чипта сотиб олаётганда вакцинация ҳақидаги гувоҳномани мажбурий қилиб қўйишлари мумкин.
Американинг маданий тадбирларга чипта сотувчи Ticketmaster компанияси ҳам концерт фаолиятини тиклаш режасини ишлаб чиқмоқда.
Режа қуйидагича ишлайди: концертга чипта сотиб олган томошабинлар концерт бошлангунга қадар эмлангани ҳақидаги сертификат ёки коронавирус тестига манфий жавобни тақдим этиши керак бўлади. Сертификатсиз чипта ҳақиқий ҳисобланмайди.
Авиакомпаниялар ҳам ўз талабларини илгари суришлари эҳтимолдан холи эмас. Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси ноябрдаёқ махсус рақамли чипта яратиш таклифини берганди. IATA’нинг режасига кўра, ундай чипта давом этиб турган пандемия шароитида ҳам чегараларни бемалол очиш имконини беради.
Ассоциация ташаббусига қўшиладиганлар кўп куттиришмади – Emirates авиакомпанияси Ассоциация билан ҳамкорлик қилишни бошлаб юборди.
Улар ҳамкорликда фойдаланувчиларга турли давлатларга кириш шартлари билан танишиш имконини берувчи ва унга коронавирус тести натижалари ёхуд вакцинация сертификатини киритиш мумкин бўлган иловани синаб кўришади.
Бир неча ҳафтадан сўнг Etihad Airways компанияси ҳам иловани синовдан ўтказишни бошлайди.
Бутунжаҳон иқтисодий форуми Швейцариянинг Commons Project Foundation нотижорат гуруҳи билан саломатликка оид рақамли паспорт устида ишламоқда.
IBM компанияси ҳам ўз иловаси устида ишламоқда. Пандемия мобайнида компания ўз ғоялари билан чиқиш қилиб, контактларни кузатувчи илова тақдим қилишди. Лекин лойиҳани муваффақиятли бўлди дейиш қийин.
Вакцина паспортлари билан вазият янада мураккаблашиши мумкин, гап, ҳар ҳолда, барча давлатларга мос келадиган тизим ҳақида кетмоқда.
Турли давлатларда турли вакциналар сертификатлаштирилиши, сайёҳ эса ўзи эмланган вакцина билан у муайян давлатга киритиладими йўқми, била олишини ҳам ҳисобга олиш шарт.
«Чегарачиларга сайёҳ, айтайлик, Pfizer, Россия ё Хитой вакцинасини олган-олмаганини билиш қизиқ бўлса керак. Бу бир қарорга келишга ёрдам беради», дейди Commons Project Foundation’нинг жамоатчилик билан ишлаш директори Томас Крэмптон CNN’га берган интервьюсида.
Куни-кеча туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 2-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида Навоий вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи У.Тиллаев томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари билан сайёр қабули ўтказилди.
Ўтказилган сайёр қабулда туман аҳолиси иштирок этиб, улар томонидан мактабгача таълим тизими бўйича муаммо ва таклифлар билдирилди. Келиб тушган ҳар бир мурожаат ва таклиф атрофлича кўриб чиқилиб, уларнинг ижроси бўйича тегишли масъуллар бириктирилиб, ижроси назоратга олинди.
Жумладан, М.Авезов кўчаси 27-уй 11-хонадонда яшовчи фуқаро С. Қосимова фарзандини яшаш манзилига яқин бўлган мактабгача таълим ташкилотига кўчиришда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Сайёр қабулда яна 2 нафар ота - она сўзга чиқиб, туман мактабгача таьлим ташкилотларида тарбияланувчилар учун замон талабларига мос яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган эьтибор учун аввало муҳтарам Президентимизга, Мактабгача таьлим вазирлигига ва МТТларда фаолият юритаётган педагог ходимларга миннатдорчилик билдиришди.
Шунингдек, мазкур қабулда яна 8 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари томонидан қилинган мурожаат ва таклифлари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Тадбирда бир гуруҳ фидойи ва фаол МТТ ходимлари рағбатлантирилди.
Моҳидил Ёрқулова,
туман мактабгача таълим бўлимининг жисмоний ва юридик
шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича мутахассиси.
Ўзбекистонда биринчи навбатда эмланадиган аҳоли сони 4 млн 112 минг 668 нафарни ташкил этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассиси Вазира Муталова маълум қилди.
У биринчи навбатда эмланадиган аҳоли қатламлари ҳақида маълумот келтирган:
- 65-74 ёшгача бўлган қариялар – 1 млн 85 минг 797 нафар;
- 75 ёшдан 84 ёшгача бўлган кексалар – 388 минг 686 нафар;
- 85 ёш ва ундан юқори кексалар – 139 минг 280 нафар;
- Тиббиёт ходимлари – 447 минг 976 нафар;
- Сурункали касалликлари бор аҳоли (18-65 ёш) – 888 190 нафар;
- Мактаб ўқитувчилари – 689 минг 383 нафар;
- Мактабгача таълим муассасаси ходимлари – 223 минг 426 нафар;
- Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари – 180 минг нафар.
Ўзбекистонда эмлаш жараёнига 3138та эмлаш пунктлари, 862та мобил бригадалар (ҳар бирида 1 нафар оилавий шифокор, 1 нафар вакцинатор ва 1 нафар муолажа ҳамшираси мавжуд) жалб этилган.
Ушбу фуқаролар ўзлари яшайдиган ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида ташкил этилган эмлаш хоналарида эмланади.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев давлат дастури бўйича йиғилишда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларини бошлаш зарурлигини таъкидлаганди. Санитария-эпидемиология хизмати Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланишини маълум қилганди. Биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган шахслар эмланиши ва у фақатгина ихтиёрийлик тамойили асосида амалга оширилиши маълум қилинган. Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Ўзбекистонда аҳолининг заиф қатламлари коронавирусга қарши бепул эмланишини маълум қилган.
2021 йилда Ўзбекистонда аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини белгиловчи «Жисмоний тайёргарлик даражаси» синовлари жорий этилади. Нормативларни бажарган ва ғолиб бўлганларга қатор имтиёзлар берилади.
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тақдим этган жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид 2021 йилги режаларда шу ҳақда маълум қилинган.
Унга кўра, «Жисмоний тайёргарлик даражаси» синовларининг махсус талабларини бажарган ва ғолиб бўлганлар уларга ёш тоифасига қараб қуйидаги имтиёзларни бериш орқали тақдирланади:
- тегишли спорт разрядлари ва унвонлари;
- сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат учун тўловларга 50 фоиз чегирма;
- муддатли ҳарбий хизматга юборилишида юқори устунликка эга бўлиш;
- «Темурбеклар мактаби»га имтиёзли кириш;
- ОТМ талабаларини амалдаги стипендия миқдорида бир марта рағбатлантириш;
- республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган барча ижодий имтиҳонлардан озод бўлиш.
Қайд этилишича, 2021 йилда 55 та спорт объекти фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, 400 та стритбол, 520 та бадминтон ва 893 та «Воркаут», жами 1 813 та замонавий спорт майдончалари ташкил этилади.
Йил давомида республика бўйича жами 916 км узунликдаги «Саломатлик йўлаклари» барпо этилади. Бу борада ҳар бир ҳудудий ҳокимликларнинг ҳудудий дастурлари тасдиқланган.
Апрель ойига қадар соғлом турмуш тарзи учун www.1hls.uz интернет-платформаси тўлиқ ишга туширилиб, аҳолини кунлик юришга тарғиб қилиш ва антропометрик кўрсаткичларини яхшилаш тизими яратилади.
«Юқоридаги барча ишларимизнинг натижасида 2021 йил якунига қадар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчи аҳолининг умумий сони ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказилади», – дея маълум қилди Азиз Абдуҳакимов.
Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Насрулло Бобоевнинг хабар беришича, Сардоба сув омборини қайта тиклаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ қарори қабул қилинган ва изланишлар якунлангач, тўғонни тиклаш ишларини икки босқичда амалга ошириш режалаштирилган.
Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омоборини қайта тиклаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) қарори қабул қилинган. Бу ҳақда Қурилиш вазирлигининг Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Насрулло Бобоев «Дарё»га маълум қилди.
Бобоевнинг сўзларига кўра, қарор асосида жуда катта ҳажмдаги муҳандислик-қидирув ишлари давом эттирилиб, лаборатория таҳлиллари, илмий-техник изланишлар давом этмоқда.
Сув омборини қайта қуриш бўйича лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра объектда тиклаш ишлари икки босқичда амалга оширилади. Бироқ масъул қурилиш муддатларини очиқлай олмаслигини билдирган.
«Сабаби — бу ёпиқ қарор билан белгиланган. Ҳукумат томонидан график қилинган ва масъул ходимлар белгиланган. Режа бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг бириктирилган ташкилотлари ўз ишини қилмоқда», — деди Бобоев.
Хабар берилишича, изланишлар якунлангач, тўғонни тиклаш ишлари икки босқичда амалга ошириш режалаштирилган.
«Ҳолат қўшни давлатларга ҳам тааллуқли бўлгани боис илмий ўрганишларга нафақат маҳаллий мутахассислар, балки чет эл илмий-тадқиқот марказлари ҳам жалб қилинган. Бунда бир нечта мустақил экспертлар гуруҳи қилинган ишлар натижаларини таҳлил қилади ва ўз хулосаларини беради. Шундан келиб чиқиб, кейинги босқич ишлари давом эттирилади», — деди Насрулло Бобоев.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилган эди. Тошқин Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга катта зарар етказган. Бинолар, йўллар, алоқа тармоқлари вайрон бўлган. Кейинчалик Сардоба тошқинидан жабрланган аҳоли учун қурилган уйлар қуриб топширилди. Маълумотларга кўра, қурилган уйларнинг жами нархи 855,4 млрд сўмни ташкил этган.
Yoshlar ittifoqi tomonidan e’lon qilingan “Umumiy o’rta ta’lim muassasalari yoshlar yetakchilari oyligi” doirasida, yoshlar yetakchilari uchun ochiq muloqotlar, master klasslar tashkil qilinmoqda. Xususan, joriy yilning 15 fevral kuni “Kelajak” yoshlar markazi binosida 9-sonli maktab yoshlar yetakchisi A.Abdikadirova hamda sanoat texnikumi yoshlar yetakchisi K.Axmatovalar tomonidan “Yoshlar yetakchilarida TIME-menejmenti va liderlik hislatlarini shakllantirish” hamda “Yoshlar yetakchilarida nostandart, ijodiy, kreativ tafakkurni rivojlantirish yo’llari” mavzularida seminar-trening tashkil etildi. Trening davomida yetakchilarda auditoriya bilan ishlash bilim-ko’nikmalarini, trenerlik qobilyatlarini rivojlantirishga qaratilgan tushunchalar, shaxsda liderlik xususiyatlarining shakllanishiga qanday omillar ta’sir etishi haqida aytib o’tildi va liderlik qobiliyatini oshiruvchi mashg’ulotlar o’tkazildi.
Trening jarayonida shaxslararo muloqotni tashkil etish, jamoaviy hamkorlik va birdamlik qanchalik muhim ekanligiga alohida urg’u berildi. Mashg’ulotda nazariy bilimlar berish bilan bir qatorda turli interaktiv o’yinlar o’tkazilib, yetakchilarda o’quvchi yoshlarni samarali boshqarishga oid amaliy tavsiyalar berildi.
Ushbu oylik yetakchilar uchun o’quv yili davomida o’quvchilarning bo’sh vaqtlarini mazmunli tashkil etish, iqtidor va izlanishlarini rag’batlantirishda ahamiyatli jarayondir.
Uchquduq sanoat texnikumi
yoshlar yetakchisi K.Axmatova
Бугунги кунда ўз хонадони, мол-мулкини қўриқланишини, хавфсизлигини ўйлаётган фуқароларимиз сафи янада кенгайиб, ошиб бормоқда.Буни Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси 7-Алоҳида отряди Техник қўриқлаш пунктига ўз хонадони ва мол-мулкини хавфсизлигини таъминлаш бўйича ариза билан мурожаат этаётган фуқаролар сони кўпаётганлигидан ҳам билсак бўлади.
Ҳозирги кунда отряд Техник қўриқлаш пункти томониданқарийб480дан ортиқ ҳар хил турдаги объектлар қўриққа олинган бўлиб, шундан 280 га яқинихалқ хўжалиги иншоотлари бўлса,қолгани фуқароларимизнинг хонадонлари ҳисобига тўғри келади.Отряд Техник қўриқлаш пункти томонидан қўриқланаётган фуқаролар хонадонларидан тушаётган ҳар битта “ташвиш”ҳабарибизнинг масъул тезкор ҳаракатланувчи гуруҳимизни ташвишлантирмасдан қўймайди. Улар қисқа муддатда воқеа жойига зудлик билан етиб келиб, ҳар қандай туғилажак ҳавф-хатарни ситқидилдан ўз вақтида бартараф этиб, фуқароларимизни хавфсизлигини таъминлаб, содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатни олдини олиб келмоқда.
Фуқароларимизнинг бизга ишониб топширган ўз хонадонлари, барча мол-мулкларини жисмонан чиниққан, ҳар қандай ҳуқуқбузарни қўлга оладиган, мард, жасур отряд Техник Қўриқлаш пункти Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи ходимлари ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб бўлсада, халқ ишончини, тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида касбига бўлган садоқатини кўрсатиб эл ишончини оқлаб келмоқда.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар, савдо дўконингиз пайнет ва қимматли қоғозлар айланмаси мавжуд шаҳобчаларингизни, ўз хонадонингиз, мол-мулкингизни хавфсизлигини айниқса, ҳаммабоп, арзон нархларда таъминланишини истайсизми? Унда бизга, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси 7-Алоҳида отряди Техник қўриқлаш пунктига мурожаат этинг, бизнинг манзил: Учқудуқ тумани А.Темур кўчаси 14-уй, Нотариал идора рўпарасида.
Боғланиш учун телефон рақамлар: 597-21-28, 94-223-13-84
Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси
7-Алоҳида отряд командири подполковник З.М.Ўроқов
Dunyo mamlakatlari miqyosida kasalliklarni oldini olish maqsadida parazitar kasalliklar bo’yicha epidemik vaziyat barqarorligini ko’rsatmoqda. Jumladan, aholi o’rtasida bezgak kasaligining profilaktikasi va chetdan kirib kelishini oldini olish chora-tadbirlari bo’yicha muntazam ravishda sanitariya-targ’ibot ishlari amalga oshirilib kelinmoqda.
Bezgak kasalligi holatlarini aniqlash davolash profilaktika, bolalar, o’smirlar, sog’lomlashtirish muassasalaridagi tibbiyot xodimlarini asosiy burchi hisoblanadi. Bezgak o’tkir yuqumli kasallik bo’lib, anopheles chivini orqali yuqishi, qaltirash, tana haroratini ko’tarilishi, taloq va jigar kattalashishi hamda kamqonlik bilan xarakterlanadi. Virus inson qonida yashab, ko’payadi va qizil qon tanachalarida joylashib, ularni parchalaydi hamda qon ishlab chiqarish, asab, yurak qon-tomir va organizmning boshqa tizimlarini ishdan chiqaradi.Ba’zan kasallik shunchalik og’ir kechadiki, agar davolash o’z vaqtida boshlanmasa bemor bir necha kundan so’ng asosan tropic bezgakdan vafot etadi. Harorat ko’tarilganda yoki bezgakning boshqa belgilari namoyon bo’lganda, albatta tibbiy yordamga murojaat qilish kerak. Agar fuqaro oxirgi 3 yil davomida Markaziy va Janubiy–Sharqiy Osiyo, Afrika va Lotin Amerikasi mamlakatlari hamda Tojikiston Respublikasiga borib kelgan bo’lsa bezgak kasalligi bilan zararlanish xavfi yuqoriligini hisobga olgan holda, har qanday darmonsizlik kuzatilsa, tibbiyot muassasalariga murojaat qilgan holda barmoqdan qon topshirishi lozim boladi. Kasallik to’satdan boshlanadi: bemorni isitma tutib qaltiraydi, harorat (41-41.5 C) ko’tariladi, qizarish, nafas olishga qiyinlashish, halloslash, qattiq bosh og’rigi kuzatiladi. Isitma bir necha soat tutadi. So’ngra harorati tez pasayib, ba’zan bir maromga tushadi. Shu payt bemor qattiq terlaydi, ertasiga o’zini sog’lom his etadi. Keyin yana isitma tutadi, uch kunlik bezgakda-ikki kunda bir marta, to’rt kunlik bezgakda – har uch kunda bir marta, tropik bezgak kasalligida - ko’pincha kun sayin isitma tutib turadi. Bezgakka davolanmay qolib, kasallik uzoq davom etganda bemorda quvvatsizlik paydo bo’ladi, mehnat qobilyatini susaytiradi, bolalar o’sish va rivojlanishdan orqada qoladi. Bemor o’z vaqtida davolanmasa yoki to’liq davolanish kurslarini olmasa boshqa kasalliklar ham qo’shilishi mumkin. Bemor barvaqt davolansa, sog’ligiga putur yetmaydi, undan atrofdagi kishilarga kasallik yuqish ehtimoli yo’qoladi.
Darhaqiqat, Uchquduq tumanda bezgak kasalligini oldini olish maqsadida tumanda joylashgan umumta’lim maktablarida, aholi o’rtasida va tashkilotlarda sanitariya-targ’ibot tadbirlari o’tkazilmoqda. Jumladan chivinlarni yashash xonadonlariga uchib kirishlarini oldini olish, buning uchun xonadonlar deraza oynalariga doka to’r va setka tutilishi, pashshaxonalardan foydalanish, shuningdek sanitariya gigiyenik talablarga rioya etilishi kerakligi, bezgak kasalligi epidemic vaziyat noxush hududlardan kelgan fuqarolar bezgak kasalligiga qon topshirish kerakligi ta’kidlanmoqda.
Uchquduq tuman Sanitariya va epidemiologik
osoyishtalik va jamoat salomatligi bo’lim parazitologiya bo’limi va laboratoriyasi
oliy ma’lumotli entomologi: Nazarova Gulshoda Azamat qizi
Вазирлар Маҳкамасининг “Одам савдосига қарши курашишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Лойиҳада Одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳа билан Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қуйидаги имкониятларни ўз ичига олувчи одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини жорий этиши белгиланмоқда:
- ягона марказлаштирилган ахборот тизимига маълумотлар онлайн режимида киритилиши;
- одам савдосига қарши курашиш соҳасида зарур ахборот олиш учун электрон тартибда масофадан туриб фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилиши;
- ягона марказлаштирилган ахборот тизимини электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда идентификациялаш тизими орқали юритилиши.
Бундан ташқари, ушбу лойиҳа билан тасдиқлаш кўзда тутилаётган Низомда ягона марказлаштирилган ахборот тизимини юритиш тартиби ва шакллантириш манбалари, ваколатли органлар ва бошқа органлар томонидан маълумотларни тақдим этиш ва ягона марказлаштирилган ахборот тизимига уларни киритиш ҳамда ягона марказлаштирилган ахборот тизимига киритилган маълумотлардан фойдаланиш тартиби кўрсатилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши одам савдосига қарши самарали курашишни таъминлаш, одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг жиноий фаолиятини аниқлаш ва унга чек қўйиш, одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ҳамда тегишли ахборотни тизимлаштиришга хизмат қилади.
Ижтимоий тармоқларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна кўпая бошлагани, хусусан, «британча» штамм тобора кенг тарқалаётгани учун қатор шифохоналар қайта очилгани, Зангиотадаги юқумли касалликларга қарши курашиш комплекси беморларга тўлиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев хабарлар асоссиз эканлиги, махсус шифохоналар ёпилишда давом этаётганини «Kun.uz»га маълум қилди.
«Негадир сўнгги пайтларда мана шундай мазмундаги хабарлар кўпайиб қолди. Қизиғи, биз коронавирусга қарши махсус очилган ёки мослаштирилган 159 та марказдан фақат 12 таси қолгани, Самарқанд ва Навоий каби вилоятларда бундай комплекслар тўлиқ ёпилгани ҳақида эълон қилаётган пайтимизда ҳақиқатга зид хабарлар тарқатиляпти.
Республикамиздаги пандемия билан боғлиқ вазият барқарор, касалликка чалиниш ҳолатлари кун сайин камайиб бормоқда, шифохоналар ёпилмоқда ёки консервация қилинмоқда.
Хусусан, Зангиотадаги 2-сонли юқумли касалликлар шифохонасининг ‘А’ блоги тўлиғича консервация қилинди (яъни зарур ҳолатда тезкор ишлашга шай ҳолатда ёпилди). Умумий ҳисобда 700 нафарга яқин киши даволанаётган бу комплексдаги аксарият беморларда ПЦР тестлар натижасида коронавирус инфекцияси тасдиқланмаган. Кўпчилик коронавирусга шубҳа билан бориб, бошқа мавсумий касалликлардан даволаняпти.
Демак, бундай асоссиз хабарларга ишонмаслик ва нотўғри маълумот тарқатиш учун жавобгарлик борлигини яна бир бор эслатиб ўтишга зарурат пайдо бўлибди», — деган Фурқат Санаев.
Маълумот учун, 2020 йилнинг 9 декабрида Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган саралаш ва тақсимлаш марказлари ҳамда «Универсал» спорт мажмуасидаги саралаш ва тақсимлаш маркази, 2021 йилнинг 6 февраль куни эса Самарқандда COVID-19 инфекциясига чалинганларни даволашга мўлжалланган охирги марказ ёпилгани ҳақида хабар берилганди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, пандемия бошидан буён Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 79 442 нафарни ташкил этмоқда. Айни вақтда тиббиёт муассасаларида 892 киши даволанмоқда, улардан 153 нафари оғир, 28 нафари эса ўта оғир аҳволда.
More...
Дунёда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони қаторасига 5-ҳафта камаймоқда. Бу ҳақда ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус маълум қилди.
“Дунёда коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 5-ҳафта камаймоқда. Ўтган ҳафта эса 2020 йил октябрь ойидан бери энг паст кўрсаткич қайд қилинди”, деб айтган ЖССТ раҳбари брифингда.
Унинг таъкидлашича, коронавирусга чалиниш ҳафталик ҳолатлари сони 2021 йил 4 январдаги кўрсаткичларга нисбатан деярли ярмига қисқарган.
“Бу соғлиқни сақлашга қаратилган оддий чоралар ҳам вируснинг турлари кўплигига қарамай, самара бераётганини кўрсатади”, деб таъкидлаб ўтган ЖССТ бош директори.
Айни вақтда 109 млндан кўпроқ киши коронавирусга чалинган, 2,4 млндан кўпроқ киши ундан вафот этган.
Адлия вазири иштирокида 15 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида Русланбек Давлетов коррупция иллати ва унга жамоатчилик томонидан билдирилаётган муносабат ҳақида сўз юритди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
«Коррупция масаласи 2020 йилда ҳам энг кўп муҳокама қилинган масалалардан бири бўлди. Умуман, жамиятимизда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик ошди, нафрат ўсди. Чунки коррупция билан боғлиқ турли ҳолатлардан жамоатчилик бохабар бўлиб боряпти, унга ўз муносабати, нафратини баён қила оляпти.
Айниқса, давлат органлари ўзларининг давлат харидларини очиқлашни бошлаганидан кейин муаммоларнинг кўзга ташланиши бошланди. Яъни жамоатчилик халқни пули, бюджет пули қаерга қандай сарфланаётганини била бошлади. Буни ижобий жараён, деб баҳолашимиз керак ва давлат органлари масъулиятини оширишда жуда яхши механизм сифатида ўртага чиқяпти. Адлия вазирлиги ҳам буни, шубҳасиз, қўллаб-қувватлайди.
Қайд этиш керакки, шаффофлик бўйича қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Давлат дастури билан танишган бўлсангиз, «Очиқ ва ҳисобдор ҳукумат» деган дастур ишлаб чиқилиши керак. Биз, Адлия вазирлиги, бунга масъулмиз ва аллақачон лойиҳани ишлаб чиққанмиз», — деди Давлетов.
Гвинея ҳукумати мамлакат жануби-шарқида Эбола безгаги эпидемияси бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда ҳукумат баёнотига таяниб Guinee114 портали хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, касаллик Нзерекоре префектураси ва Гуеке шаҳрида бошланган. Шу сабабли эпидемияга қарши бир қатор чоралар киритишга, жумладан Эболага чалинганлар билан алоқада бўлганларни аниқлаб, уларни яккалашга қарор қилинган.
Таъкидланишича, бундай чоралар Эбола безгаги белгилари билан вафот этган 4 кишининг қон таҳлили натижалари олингандан кейин қабул қилинган. Натижалар вафот этганларнинг 3 нафарида вирус борлигини тасдиқлаган.
Гвинея ҳукумати берган маълумотларга кўра, мамлакатда безгакка чалиниш бўйича илк ҳолат 28 январда вафот этган ҳамширада қайд қилинган. Эртаси куни ҳамширанинг дафн маросимида иштирок этган ва Эболага чалинган бўлиши мумкин бўлган 7 киши аниқланган.
14 февралда ЖССТ Гвинеяга касалликка қарши курашда ёрдам бериш учун барча захираларни тезкорлик билан сафарбар қилишини эълон қилган.
Гвинея 2014-2016 йилларда Ғарбий Африкада Эбола вируси тарқалиши ўчоқларидан бирига айланганди. Ўшанда бу ҳудудда 28 мингдан кўпроқ киши касалликка чалинган, 11,3 минг киши ундан вафот этган. Энг оғир эпидемиологик вазият Гвинеяга қўшни Либерия ва Сьерра-Леонеда кузатилган.
Гвинеяда вируснинг тарқалиши Африкада жорий ойда қайд қилинаётган иккинчи ҳолатдир. 1 февралда Конго Демократик Республикасининг Бутембо шаҳрида Эболага чалинган 4 киши аниқланганди. Улардан 2 нафари вафот этган.