ЎзМТДПдан Халқ депутатлари Учқудуқ тумани Кенгаши депутати, туман ҳокими С.Хамроев ташаббуси билан туман Давлат хизматлари маркази ва масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамкорликда савоб ва хайрли ишга қўл уришди.
Гап шундаки, “Алтинтау” овул фуқаролар йиғини Қулқудуқ овулида истиқомат қиладиган Нурлан Айтуғанов Салтанат Каримбаева билан турмуш қуриб, 10 йилдан буён бирга яшаб келаётган бўлса-да, фуқаролик паспорти йўқлиги боис никоҳдан ўтишолмаган.
Занжирли муаммо уларнинг фарзанди ҳаётига ҳам таъсир қилмай қўймайди. Болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олинмаган бўлса-да, унга Бекжан деб ном берган ота-она ҳужжатсиз фарзандини на боғчага, на мактабга бера олишини тушуниб етдилар. Фуқароларнинг туман раҳбарига мурожаатлари самарасиз қолмади, албатта.
– Партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган “Уйма-уй” лойиҳаси асосида “Маҳаллабай” тизимида ишлаб юриб ўтказиладиган ҳуқуқий тарғиботлар жараёнида анча-мунча оилавий муносабатларга дуч келдик, – дейди “Депутат аёллар клуби” аъзоси Райҳон Қодирова. – Аслида оила ҳар бир инсоннинг ишдан ҳориб келганида ҳаловат топадиган маскани... Аммо ҳаммада ҳам шундай бўлавермайди. Бугун бир оилага ваколатимиз доирасида кўрсатилган давлат хизматидан рости ўзимиз ҳам суюндик.
Ҳа, партиямиздан сайланган депутат ва масъуллар томонидан ушбу оиланинг “занжирли муаммо”лари бартараф этилиб, уларнинг фарзанди Бекжан мактабгача таълим ташкилотига жойлаштирилди. Бундан Нурлан оға ва Салтанат опа беҳад хурсанд бўлишяпти.
Сарвиноз НОСИРОВА,
Халқ депутатлари туман Кенгаши ЎзМТДП депутати.