Учқудуқ туманида Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари кунига бағишланган байрам тантанаси кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Тадбир “Қизилқумгеология” акциядорлик жамиятига қарашли Кокпатас дала геология қидирув экспедициясида турли спорт мусобақалари, фахрий геологлар билан учрашувлар ҳамда турли маданий тадбирлар ташкиллаштириш билан бошланди.
Байрамнинг асосий тадбирлари туман марказидаги “GOLDEN CITY” базмгоҳида бўлиб ўтди. Унда “Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти ва Кокпатас дала геология қидирув экспедицияси ходимлари, геология соҳаси фахрийлари ҳамда туман жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, “Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти директори Шокириддин Искандаров геология соҳасида меҳнат қилаётган ходимларни ҳамда тадбир меҳмонларини байрам билан табриклади.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг геология соҳасини тиклаш ва ривожлантиришга оид қабул қилган қатор ҳужжатлари ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни кенгайтиришда дастуриламал бўлмоқда. Юртимиз ҳудудида фойдали қазилмаларни излаб топиш ва уларни ўрганиш жуда катта масъулиятни талаб этади. Сабаби, геология соҳаси ходимлари ўз уйларидан узоқда, тоғ-у тошларда, чўлларда, изланишлар олиб борадилар. Ушбу соҳага бутун куч-ғайратини, ақл-заковатини сарф қилаётган, умрини бахшида этаётган геологлар билан қанчалик фахрлансак арзийди.
Ўзбекистонда янги геология тизими яратилмоқда, дейиш мумкин. Уни ривожлантиришдан мақсад — табиий ресурсларни халқимиз манфаатига йўналтириш, иш жойлари ташкил этиб, халқ фаровонлигига ҳисса қўшиш энг муҳим вазифаларимиздан.
Шунингдек, тадбирда Кокпатас дала геология қидирув экспедицияси раҳбари Ҳаким Абдурасулов соҳа ходимларини байрам билан муборакбод этди.
- Қизилқум маъданларга бой замин, - деди ўз табригида Ҳ.Абдурасулов. - Бугун Ўзбекистон олтин қазиб олиш борасида дунёда етакчилик қилмоқда. Олтин конлари ва ундан олинган қимматбаҳо маъданларни қайта ишлайдиган заводлар фаолиятини мунтазам таъминлаб бориш бизнинг фаолиятимизга бевосита боғлиқ. Иқтисодиётнинг муҳим бўғини — саноатни ривожлантириш учун фойдали қазилма захираларини аниқлаш, янги конларни ўзлаштириш биз геология соҳаси ходимларининг устувор вазифаси саналади. Сизларга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга фаровонлик, тўкин-сочинлик, файзу барака тилайман.
Шу куни Кокпатас дала геология қидирув экспедициясида меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимларга, соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийларига ҳурмат кўрсатиб “Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти раҳбариятининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
-Аввало, бугунги байрамга таклиф этганингиз учун раҳмат, - дейди меҳнат фахрийси Венира Хасанова. - Геология соҳасида “қайта ҳаёт” бошланди. Қабул қилинган қатор ҳужжатлар самарасида бир замонлар ўз холига ташлаб қўйилган соҳа бугун моддий-техник жиҳатдан анча бойиди. Буни экспедицияга замонавий бурғулаш ва лаборатория ускуналари олиб келинганлигида, биноларнинг тўлиқ таъмирдан чиқарилганлигида кўриш мумкин.
Тадбирда тумандаги “Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйи қошида фаолият кўрсатаётган санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
“Қизилқумгеология” акциядорлик жамияти матбуот хизмати.