LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

24 Jan 2024

     Шимолий кон бошқармасида “Энг яхши инновацион таклифи-2023" танловининг ғолибларини тақдирлаш маросим бўлиб ўтди. Корхонада ўтган йилнинг ўзида ходимлар томонидан 80 та рационализаторлик таклифлари ишлаб чиқилиб, улар тўлиқ ишлаб чиқаришга жорий этилиши натижасида 42 млрд. сўм миқдоридаги иқтисодий самарадорликка эришилди.
Рационализаторлик таклифларига катта ҳисса қўшган мутахассисларга 661 миллион сўмдан ортиқ мукофот пули тўлаб берилди.
     Кончилик, олтин қазиб олиш технологияси, механика, энергетика, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари бўйича ғолиб бўлганлар Шимолий кон бошқармаси директори Неъматилло Ахатов томонидан тақдирланди.
    Янгиликка интилувчи ёшларимиз ҳақида газетамизнинг кейинги сонларида батафсил ҳикоя қиламиз.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ

24 Jan 2024

         Нафас йўлининг турли қитиқловчиларга кучли таъсирланиши бронхиал астма ташхисига сабаб бўлади. Бу сурункали яллиғланиш касаллиги бўлиб, хансираш, қийин ажралувчи балғам ва баъзан нафас қисиш хуружи кабилар кузатилади.

        Албатта бунга сабаб бўлувчи бир қанча омиллар мавжуд. Масалан, наслий ва касбий омиллар, экологик муаммолар, семизлик, нотўғри овқатланиш, турли микроорганизм ва аллергенлар... Болаларда мазкур хасталикни юзага келтирувчи яна бир муҳим фактор бор. Буни Австралиянинг Квинсленд университети олимлари аниқлади, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотида. 

         Қайд этилишича, ота-оналардаги давомли руҳий тушкунлик келгусида уларнинг фарзандларида астма хасталигини пайдо қилиши мумкин. Ушбу илмий хулосани жамоатчиликка тақдим этиш учун 14 йил зарур бўлган. Узоқ йиллик тадқиқот давомида Австралияда яшовчи 3900 нафардан ортиқ болаларга тегишли тиббий маълумотлар таҳлил қилинди.

        Ўрганишлар якунида ота-оналари ўрта ва юқори даражада стрессни бошдан кечирган ўғил-қизларда 77 фоиз кўпроқ нафас қисиши ва ҳансираш хуружлари кузатилиши маълум бўлди. Алоҳида мезонлар бўйича таҳлил қилинганда, оналаридаги депрессия туфайли фарзандларида астмага чалиниш эҳтимоли 55 фоизга ортиши аниқланди.

        Шунингдек, ота-оналари ўртача молиявий қийинчиликларга рўбарў келган оилаларда дунёга келган ўғил-қизларда бу кўрсаткич 40 фоиздан кўпроқни ташкил этган. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирги кунда дунё бўйича ўртача 5 фоиз аҳоли бронхиал астма ташхиси билан яшамоқда. Болалар ўртасида бу статистика янада юқори — 10 фоизга тенг.

23 Jan 2024

       Учқудуқ туманида “Меҳр” ойлиги профилактик тадбирлари доирасида туманда яшовчи якка–ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олинмоқда. Туман ИИБ хотин-қизлар бўйича инспектори Дилноза Камолованинг таъкидлашича бугунги кунда Учқудуқ туманида 46 нафар ўзгалар қаровига муҳтож қариялар истиқомат қилади. Ойлик давомида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда якка-ёлғизларнинг хонадонларида бўлиниб улар билан суҳбатлар ташкил этилмоқда, ҳамда муаммоларини жойида бартараф этиш чоралари кўриб чиқилмоқда.

22 Jan 2024

     So’ngi yillarda pedagog kadrlarning bilim darajasini oshirish, salohiyatli iqtidorli kadrlarni ta’lim sohasiga jalb etish, ularning ijtimoiy himoyasini yanada mustahkamlash yuzasidan bir qator normativ-huquqiy hujjatlar qabul qilinmoqda.

     Biroq, qabul qilinayotgan normativ-huquqiy hujjatlarning ijrosi hududlardagi ba’zi bir mas’ullarning mas’uliyatsizligi natijasida ijro etilmasdan qolishi fuqarolarning davlat idoralariga bo‘lgan ishоnchiga haminqadar bo‘lsada, salbiy ta’sir o‘tkazmoqda.

       Misol uchun: tuman maktabgacha va maktab ta’limi bo’limiga qarashli umumta’lim maktabi o’quvchisi M.A 2009-yilda o’tkazilgan respublika fan olimpiadasida g’oliblikni qo‘lga kiritgan.

2020-yilda esa u tumandagi maktablardan biriga aynan o’sha fan o’qituvchisi sifatida  ishga kiradi.

    Tuman adliya bo’limi tomonidan 2023-yil 3-choragi davomida olib borilgan tahlillar naijasida bir qator pedagog xodimlarga, xususan M.Aga ham qonunchilikda belgilangan ustama to’lovlari ish beruvchi tomonidan to’lanmay kelinayotganligi aniqlangan.

Vaholanki, O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 4-maydagi “Iqtidorli yoshlarni aniqlash va yuqori malakali kadrlar tayyorlashning uzluksiz tizimini tashkil etish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi PQ-4306-son qarorining 5-bandi kichik g-bandiga ko‘ra, ta’lim muassasalarida o‘qituvchi bo‘lib faoliyat yuritayotgan asosiy olimpiadalar respublika bosqichi g‘oliblari lavozim maoshiga har oy 100 foizlik ustama haqi to‘lanishi belgilangan.

  Ammo, mas’ullar tomonidan qarorning 5 bandi kichik “g” bandi amaliyotga notog‘ri qo‘llanilib, fuqaro M.A qaror qabul qilingan kundan oldin asosiy olimpiadalar respublika bosqichi g‘oliblikni qo‘lga kiritganligi sababli uning lavozim maoshiga har oy 100 foizlik ustama haqi to‘lanmasdan kelingan.

O‘zbekiston Respublikasining 2021-yil 20-apreldagi “Normativ-huquqiy hujjatlar to‘g‘risida”gi 682-son Qonunining 41-moddasida normativ-huquqiy hujjatlar orqaga qaytish kuchiga ega emasligi va ular amalga kiritilganidan keyin yuzaga kelgan ijtimoiy munosabatlarga nisbatan qo‘llanilishi belgilangan.

Ha xuddi shunday, faqat unutmasligimiz kerakki, qarorining tegishli bandida ustama to‘lovi to‘lanilishi lozim bo‘lgan shaxs sifatida ta’lim muassasalarida o‘qituvchi bo‘lib faoliyat yuritayotgan asosiy olimpiadalar respublika bosqichi g‘oliblari belgilangan.

Ya’ni, ushbu holatda ustama to‘lovlari g‘oliblarning qaror kuchga kirgan kundan oldin yoki keyin belgilangan shakldagi sertifikatlarga ega bo‘lganida emas, balki qaror kuchga kirgan kundan boshlab ustama to‘lovlari olish huquqining yuzaga kelishida qo‘llaniladi.

Qisqa qilib aytganda, asosiy olimpiadalar respublika bosqichi g‘oliblari qachon g‘oliblikni qo‘lga kiritganligi muhim emas, g‘olib bo‘lgan fani bo‘yicha o‘qituvchi bo‘lib ish boshlagan sanasi muhim.

Agarda O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining “Iqtidorli yoshlarni aniqlash va yuqori malakali kadrlar tayyorlashning uzluksiz tizimini tashkil etish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi PQ-4306-son qarori kuchga kirgan sanadan oldin ishga kirgan bo‘lsa qaror kuchga kirgan sanadan, undan keyin ish boshlagan taqdirda ish boshlagan sanasidan ustama to‘lovlarini olishi mumkin.

Yuqoridagi holat adliya bo‘limi tomondan o‘rganilib, tegishli tadbirlar amalga oshirilgandan so’ng ushbu kamchiliklar bartaraf etildi, hamda fuqaroga yillar davomida ish beruvchining aybi bilan to‘lanmay kelingan to‘lovlar to‘lab berildi.

Uchquduq tuman adliya bo’limi

bosh maslahatchisi     T.Safoev                                   

22 Jan 2024

 

1.

Анча йиллар олдин бир хизматдошим бўларди. У менга: -Нега доим онанг ҳақида мунгли ҳикоялар ёзасан, ўқиганни дилини оғритиб, - ранжигандай бўлувди.

- Ўзимда бор бўлган барча яхши хислатларим учун онамдан ва фақат онамдан миннатдорман!. Чунки уларнинг бари онамники, -дегандим унинг эътирозига ўзим ҳам эътироз билдириб.

Ана шу воқеага ҳам кўп бўлди. Яқинда ўша собиқ хизматдошимни учратиб қолдим.

-Ўша пайтдаги гапим учун узр сўрайман, - деди мени ҳайрон қолдирганича. Кейин билсам яқинда унинг онаси ҳам...

2.

Балки ўша хизматдошимнинг эътирози сабаб бўлибми, охирги ўн йилдан буён онам ҳақида ҳеч нима ёзмабман. Лекин онам ҳар кун, ҳар соат, ҳар сонияда ҳаёлларимда мудом яшайди.

Бугун газетанинг байрам сонини нашрга тайёрлаб ўтирибман-у, яна онам ҳақида ёзишга шайланаман. Айтмоқчи, ёзмоқчи бўлган гапларим юрагимни сим-сим оғритаяптию барибир ёзолмайман. Фикримда аниқ-тиниқ айланиб юрган сўзларимни қоғозга тўкиш менга осон бўлмаяпти.

...О! Бу нарса оғирларнинг оғири, азобларнинг азоби эканини билсангиз эди. Ўн йилдан бери камида юз марта ёзишга чоғландим. Ҳар гал сарлавҳа қўяман, холос. У ҳам бўлса, кўз ёшларимга ғарқ бўлади: “Менинг онам дунёдаги жамики оналардан ҳам яхшироғи” дейман кўз ёшларим дарё бўлиб. Лекин, буларнинг бари жўнгина сўз туюлади, менга. Ўзимдан, ёзмоққа шайланган фикр-мулоҳазаларидан кўнглим тўлмайди. Қани энди, онамга муносиб сўзни топа олсайдим?!

3.

Отам ҳам, онам ҳам ниҳоятда маърифатли инсонлар эди. Ғийбат, фисқу-фасод билан иши бўлмаган хонадонда тўрт ўғилу икки қиз вояга етдик. Уйимизда дастурхон йиғилмасди. Бизникига меҳмонлар, ёзги таътилда дам олишга келган шаҳарлик қариндош-уруғлар ва уларнинг болалари келишарди.

Ҳар куни саҳармардонлаб уйқудан уйғонган онам хамир қориб, сўнгра сут-товар фермасига ишга борардилар. Ҳали биз болалар уйқудан уйғонмасдан ишдан қайтиб тандирдан нон узардилар. Ҳар куни бир хил кун тартиби. Албатта эрталабки, нонуштага қип-қизил бўлиб пишган иссиқ нонни дастурхонга қўярдилар. Онам ҳамма меҳмонларга беминнат хизмат қилардилар.

Отам борида  хонадонимизни бало-қазо четлаб ўтган экан. Отам, сўнгра опам у дунёлик бўлишди. Кетма-кет келган жудолик онамга оғирлик қилди. Ўша пайтда биз учала фарзанд ҳали олийгоҳ талабаси эдик. Йиллар ўтди ҳаммамиз ҳам йўлимизни топиб кетдик.

4.

Ҳар куни эрталаб онам билан диллашаман: “Онажон, дуо қилинг ишга боряпман!”. Ҳар куни ишдан қайтаман онам билан тиллашаман: “Онажон, дуо қилинг фарзандларим соғ-саломат улғайишсин!”.

Буларнинг бари ҳаёлдан ўтган, юракдан кечган бир орзу эди холос! Негаки, мен онамдан қарийб 400 км. олисда эдим. У пайтларда телефонда гаплашишнинг ҳам имконияти бўлмаган пайтлар. Йилида бир марта кўришганимизга эса хурсанд бўлиб юраверибман.

Оҳ, дийдор насиб бўлган фараҳбахш кунларни эслаб ҳозир ҳам кўзларимни ёшини тия олмаяпман. Қанд-қурус, туршагу майизларни мендек меҳрсиз, шафқатсиз қизингиз учун сандиқнинг тубида сақлайсиз. Ўзингиз киймай яна сандиқ тубига матоларни ташлайсиз. Мен боришим билан қўлимга тутқазасизу: “Тезгина тикувчига бор” дейсиз.

5.

Вақт табиб, дейдилар. Дардларингга малҳам қўяди, унуттиради, дейдилар!

Вақт ўтди. 20 йил вақт ўтди. Қани менинг дардим эскиргани?! Қани менинг қалбимдаги яраларимга қўйилган малҳам?! Қани соғинчимнинг босилгани?!

Йиллар ўтгани сайин аламларим, армонларим ортиб боряпти-ку? Айтишга ҳам уяламан, ҳатто онам билан иккаламизнинг бирга тушган суратимиз ҳам йўқ.

Шаҳардан уй олдим, уйимни кўрмади онам. Давлат мукофотларига муносиб кўрдилар, қувончимга шерик бўлмади, онам!. Китобларим босмадан чиқди, биттасини ҳам кўрмади онам!

Булар менинг янгиланиб-янгиланиб бораётган армонларим эмас-ми, ахир.

6.

Онамни тушимда кўрдим. Оппоқ рўмоли, қоп-қора ўрилган сочлари бошига чамбарак қилиб ўралган. Ниҳоятда чиройли кўйлак кийган, қўлларида нимадир бор. Ўшани менга узатганча кулиб қараб турибдилар. Онам ўлмаган, онам тирик эканлар деган ҳаёлда шошилганча уларнинг ёнларига югурдим. “Сен қатламани яхши кўрардинг, болам. Ол, еб ол!” дермиш.

Ҳа, онажоним-а! Тиригида менга атаб сандиқ  тубида егуликлар, ширинликлар сақлаб юрган онам, энди тушларимда ҳам бир нималарни илиниб юрган, онажоним-а!.

7.

Йиллар ўтаверди. Йиллар ақлимга ақл қўшаверди. Ақлим ошгани сайин андуҳим, армоним ортаверди.

-Тез-тез келиб тур, жоним болам,- дерди онам.

-Онажон, иш-ташвиш кўп, ташвишларимни камайтириб, болаларимни улғайтириб олайин, тез-тез келаман. Сиз билан бемалол ўтириб гаплашаман, -дердим.

-Ишинг камаймайди, битса отангники, битарди қизим, - дерди онам.

-Болаларим ҳали ёш, онажон. Шуларни оёққа қўйиб олай, кейин тез-тез келаман.

-Мен боламни дейман, болам боласини. Болаларингни оёққа қўйганингда мени топиб билармикансан?

-Ундай деманг, онажон! Юрагимни оғритманг, ҳали отдайсиз-ку, -дебман.

Отлар ўлган бу дунёда оналар ўлмайдими? Онам ўлмайди, дебман!.

8.

Онам борида онам мени туққан ҳовлига юриб эмас, учиб борардим. Энди у ҳовлига, акамнинг ҳовлисига минг андиша билан бораман. Акамнинг, янгамнинг юзига, кўнгил кўйига истиҳола билан боқаман. Ҳар сафар борганимда яраларим янгиланиб, учирма бўлган уйимдан мунғайиб қайтаман. Онам бўлса, тез-тез бормасмидим?

Энди ўзим онаман, ўзим бувиман! Барибир онамни соғинаман. Ҳаёт синовларидан, турмуш машаққатларидан, ноҳақликлардан сиқилиб кетсам, бир юпанч истаб қоламан. Аммо, ҳеч кимга дардимни айтолмайман.

Ҳар қандай ҳасратимни малол олмай эшитган онажонимни қўмсаб қоламан. Ҳеч ким онадай беозор, ҳасратдош бўлолмабди,  менга бу дунёда.

Сиз-чи, Сиз азиз ўқувчим! Бугун онангиз зиёратига бордингизми?  Ҳеч бўлмаса қўнғироқлашиб қўйдингизми?

Бу ҳикояни мутолаа қилаётганларнинг муҳтарама волидалари дунё тургунича турсин. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ва қадрли онажонлар!

Сизларга чексиз эҳтиром ила муаллиф.

19 Jan 2024

   “Yuksalish” harakati ekolog mutaxassislar oʻrtasida soʻrov oʻtkazib, holatni yaxshilash boʻyicha 10 ta birlamchi chora-tadbirlar takliflarini ishlab chiqdi.

      Soʻrovda 34 nafar mutaxassis, shu jumladan, tegishli vazirlik va qoʻmitalar, tadqiqotchilar, mahalliy ekofaollar va jurnalistlar ishtirok etdi.

Respondentlarning aksariyati (80,7 foiz), birinchi galda, chang koʻtarilishini kamaytirish uchun barcha ochiq maydonlarga daraxtlar va koʻp yillik oʻtlarni ekish orqali “yashil belbogʻ” yaratish kerak, deb hisoblaydi. Bunga qoʻshimcha sifatida, ekilgan daraxtlarni doimiy parvarishlash, monitoring qilish, kesish holatlariga jazoni kuchaytirish muhimligini taʼkidladi.

Soʻralgan ekologlarning 74,4 foizi shaharsozlik bosh rejalari tasdiqlanmaguncha yangi, ayniqsa, koʻp qavatli va noturar binolar qurilishiga moratoriy joriy etish, qurilishlarga faqat “yashil” standartlar doirasida ruxsat berish zarur, deb hisoblaydi.

Respondentlarning 70,1 foizi havoni ifloslantiruvchi omillar haqida aniq tushuncha va maʼlumotlarga ega boʻlish uchun maxsus uskunalar orqali ifloslantiruvchi manbalarni (korxona, zavod, issiqxona va hk.) monitoring qilish kerak, degan fikrda. Bunda masʼul idoralar va NNTlar vakillaridan iborat tezkor monitoring guruhini tuzish maqsadga muvofiqligi taʼkidlangan. Monitoringda asosiy urgʻu quyidagilarga qaratilishi tavsiya etiladi:

ifloslanish darajasi, sabablari va tarkibini oʻrganish, uni bartaraf etish choralarini ishlab chiqish;

natijalarini OAVda eʼlon qilib borish;

havoni ifloslantirishga sabab boʻlgan korxonalarga ijobiy xulosalar yoki faoliyat yuritishi uchun ruxsatnomalar bergan shaxslarni javobgarlikka tortish;

qoidabuzarlarga jarima va jazo choralarini qoʻllash;

havo sifatini yaxshilash boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqish.

Respondentlar, shuningdek, havoning ifloslanganlik holati haqida aholini xabardor qilish, zarur choralarni koʻrish boʻyicha tavsiyalar berish boʻyicha keng koʻlamli targʻibot ishlarini oʻtkazishni aytgan (57,3 foizi). Axborot bilan taʼminlash tizimli, doimiy va ekolog mutaxassislarning maʼlumotlariga tayanilgan boʻlishi kerak.

Ekspertlar barcha transport vositalarini, jumladan, traktor va texnikalarni rejadan tashqari texnik koʻrikdan oʻtkazish taklifini qoʻllab-quvvatlagan (53 foiz). Shuningdek, ular nosoz uskunalardan foydalanishni taqiqlashni yoqlagan.

Mutaxassislar, shuningdek, ijtimoiy ahamiyatli obyektlarda (maktab, bogʻcha, shifoxona va hk.) havoni tozalovchi tizimlarni oʻrnatishni (50,6 foiz) hamda ish beruvchilarga bino va ofislar ichkarisida havoni tozalash boʻyicha tezkor choralar koʻrishni ham tavsiya etgan (42,1 foiz).

Respondentlarga koʻra, vaqtinchalik chora sifatida namlikni oshirish uchun yerosti suvlaridan foydalangan holda favvoralar sonini koʻpaytirish zarur (25 foiz). Ayrimlarining fikricha, moʻtadil mikroiqlimni taʼminlash va havo sifatiga ijobiy taʼsir koʻrsatish uchun sunʼiy suv havzalarini yaratish ham samarali choralardan biri.

Soʻrovda qatnashgan ekspertlarning 19,3 foizi ifloslanish darajasi yuqori boʻlgan kunlarda aholi orasida tibbiy niqob taqish zarurligi toʻgʻrisida tushuntirish ishlarini olib borish kerak, deb hisoblaydi.

Shuningdek, soʻralganlarning 18 foizi qishloq va oʻrmon xoʻjaligi, ishlab chiqarish, omborlarda yongʻinning oldini olish chora-tadbirlarini kuchaytirish kerakligini taʼkidlagan. Chunki dala va oʻrmonlarda, xavfli kimyoviy moddalar saqlanadigan omborlarda sodir boʻladigan yongʻinlar natijasida havo sifatiga hamda inson salomatligiga salbiy taʼsir koʻrsatuvchi zaharli tutun va kul tarqalishi mumkin.

18 Jan 2024

      “Ўзбекистон Республикасида экологик туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-21-сон, 12.01.2024 й) қабул қилинди

        Қарорга кўра, давлат қўриқхоналари буфер зоналари, миллий табиат боғлари, питомниклар (қўриқхонага айлантирилган зоналар бундан мустасно), ўрмон ва ўрмон-ов хўжаликлари, тоғли ва чўл ҳудудлари ҳамда сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида жойлашган ер участкаларини комплекс туризм хизматларини йўлга қўйган ҳолда туристик кластерлар ташкил этиш учун тадбиркорларга ажратилади.

       Экоҳудудларда жойлашган ер участкалари уларнинг тоифаси ўзгартирилмаган ҳолда туристик кластерлар ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига “E-auksion” орқали фаолият кўрсатиш муддатини кейинчалик узайтириш имконияти билан 10 йил муддатга ижарага берилади.

    2024 йил 1 сентябргача “Табиатга саёҳат” электрон платформаси ва унинг мобиль иловасини ишга туширилади.

 2027 йил 1 январгача:

 чўл ҳудудларида рекреацион туристик хизматларни кўрсатувчи курорт зоналарини (тоифали меҳмонхоналар, SPA-меҳмонхоналар, санаторий ва пасионатлар) ташкил қилган тадбиркорлар 3 йил давомида фойда солиғини ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ушбу солиқлар бўйича белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди;

 чўл ҳудудларида тематик хиёбонларни ташкил қилган юридик шахслар тематик хиёбонлар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил давомида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ушбу солиқлар бўйича белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди.

17 Jan 2024

     Президент томонидан имзоланган қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

    Жисмоний шахслар ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузаётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Мазкур шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.

     Бундай ҳолатларда фуқаролардан берилган аризалар бўйича ундириладиган давлат божи БҲМнинг 70 фоизи этиб белгиланди (илгари БҲМнинг 1 баравари миқдорида эди).

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: