LOTIN-КИРИЛЛ

Қандли диабет. Касалликнинг қайси тури хавфли?

   Ҳар йили 14 ноябрда нишонланадиган Бутунжаҳон диабетга қарши кураш куни 1991 йилда Халқаро диабет федерацияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бутун дунё бўйлаб диабетнинг кучайиши таҳдидига жавобан эълон қилинган.

   ДИАБЕТ – КАСАЛЛИГИ ТАРИХИ

  Диабет — сурункали касаллик бўлиб, ошқозон ости бези етарли миқдорда инсулин ишлаб чиқармаса ёки организм ишлаб чиқариладиган инсулинни самарали ишлата олмаса юзага келади. Бу қондаги глюкоза даражасининг ошишига олиб келади.
1922 йил январь ойида канадалик ёш олим Фредерик Бантинг қандли диабетнинг ўта оғир турига чалинган 14 ёшли болага тарихда биринчи марта инсулин юбориб, унинг ҳаётини сақлаб қолган. Инсулин учун патент олиш ва кейинчалик бойиб кетиш ўрнига, Бантинг барча ҳуқуқларни Торонто университетига ўтказган.
1923 йилда ХХ асрнинг биокимё ва тиббиётдаги биринчи буюк ютуғини эътироф этган ҳолда, Бантинг ва Маклеод Нобель мукофотига сазовор бўлган. Бестнинг хизматлари эътиборга олинмаган, бу Бантингни қаттиқ хафа қилган ва у ўз ихтиёри билан Нобель мукофотининг ярмини Бестга топширган.
Қандли диабетни бугунги кунгача тўлиқ даволаб бўлмаса ҳам, инсулин туфайли одамлар бу касалликни назорат остида ушлаб туришни ўрганди.

   ҚАНДЛИ ДИАБЕТ НИМА?

   Дарҳақиқат, қандли диабет бугунги кунда атеросклероз ва саратон каби, кўпинча ногиронлик ва ўлимга олиб келадиган учта касалликдан биридир.
Бу қонда глюкоза даражасининг барқарор ўсиши билан тавсифланади, касаллик ҳар қандай ёшда пайдо бўлиши мумкин. Қандли диабетнинг инсулинга боғлиқ бўлган биринчи ва инсулинга боғлиқ бўлмаган иккинчи турлари бор.
   Касалликнинг иккинчи тоифаси оддий қилиб айтганда, бу қон қабул қилмайдиган даражада глюкоза миқдорининг кўтарилишидир. Танадаги «эркин» шакар миқдори салбий ҳолатларни пайдо қилмаслиги учун қандли диабетнинг дастлабки белгиларини кузатиб бориш жуда муҳим. Ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш ва турмуш тарзини ўзгартириш қандли диабетнинг жиддий ва нохуш оқибатларининг олдини олади.
Қандли диабетнинг илк аломати яширин бўлади ва шу ҳолатда ривожланади, айниқса, дастлабки босқичлари енгил ўтади.
    КАСАЛЛИКДАН ОЛДИНГИ ВА ИККИНЧИ ТОИФАДАСИДА КУЗАТИЛАДИГАЛОМАТЛАР
    Тез-тез пешоб чиқариш
Қонда қанд миқдори юқори бўлса, буйраклар ортиқча глюкозани пешоб орқали чиқаришга ҳаракат қилади. Шунинг учун қандли диабет олди одамлар тез-тез, айниқса, кечаси кўпроқ ҳожатхонага чиқади.
   Қаттиқ чанқоқ
Биринчи белги ўз-ўзидан иккинчи белгини келтириб чиқаради. Тез-тез пешоб, табиийки, тананинг сувсизланишга олиб келади ва одам доимо чанқайди. Ушбу ҳолатдаги одамлар қанчалар кўп суюқлик ичмасин, танада унинг миқдори етмайди.
   Доимий очлик
Нафақат чанқоқ, балки очлик ҳисси ҳам қандли диабетнинг иккинчи тоифаси хабарчиси бўлиши мумкин. Ҳазм қилиш тизими озиқ-овқатларни оддий шакарга айлантиради, кейинчалик организм ундан фойдаланади. Қандли диабет билан оғриган одамларда қон оқимидаги глюкоза ҳужайра деворларига кира олмайди. Натижада қанчалик кўп овқат тановул қилинмасин, диабет олди ва иккинчи тоифадаги беморлар очликни ҳис қилади, сабаби тана чиндан ҳам оч қолган бўлади.
   Доимий чарчоқ
Қанднинг самарасиз парчаланиши ва сўрилиши, айтиб ўтилганидек, тана тўқималарининг очлигига олиб келади. Бу эса доимий чарчоқ ва сустликни келтириб чиқаради.
    Кўришда муаммо
Қондаги ортиқча миқдордаги шакар қон томирлари ва капиллярларига зарар етказади – уларнинг деворлари янада мўртлашади. Бу орқали кўзнинг кўриш қобилияти пасаяди, тасвир хиралашади. Айтиш керакки, муаммо бир кўзда ёки иккаласида бирдан ўзини намоён қилиши мумкин.
Бундай вақтда қандли диабетни даволаш ишлари бошланмаса, вақт ўтиши билан кўриш қобилияти йўқолиши мумкин. Бундан иложи борича эҳтиёт бўлиш зарур.
   Соғлиқни қайта тиклаш тезлигининг пасайиши
Ҳеч ким ўз-ўзидан танага жароҳат етказмайди. Оддийгина уй ҳайвони, масалан, мушук тирнаб олган яранинг тузалиши ва битиши учун ҳам ҳафта, балки ойлар керак бўлади. Бу ҳам қандли диабет белгиларининг аломатидир.
Сабаби қон томирлари ва капиллярларнинг деворлари қондаги қанд миқдоридан азият чекади, организм энди янгиланиш учун етарли ресурсларга эга эмас. Яраларнинг секин битиши инфекция юқиш даражасини орттиради.
    Оёқ ва қўл учларининг увишиши ва оғриқ
Шакар қон айланишига таъсир ўтказади, бу эса асаб толаларини шикастлайди. Касалликнинг иккинчи тоифасидаги одамларда бу оғриқ, карахтлик ва бармоқлар ёки оёқ учларида увишиш пайдо қилади. Айниқса, у оёқ учида кўпроқ кузатилади. Ушбу ҳолат нейропатия деб аталади ва бошқа аломатлар сингари вақт ўтиши билан ёмонлашиши мумкин.
   Терининг қорайиши
Баъзи жойларда тери қалинлашиши ва рангда ўзгариш кузатилади. Одатда бўйин, қўлтиқ ости, бўғим териси ва тирсакларда бу каби ҳолатлар бўлиши мумкин.
   Қичишиш ва тошма
  Қон ва пешоб таркибидаги ортиқча глюкоза замбуруғлар ва бактерияларни кўпайтиради. Албатта, бактериялар ўз навбатида оғиз, қўлтиқ ости соҳаларида пайдо бўлади. Муаммоли жойлар одатда яллиғланади ва қичишади, тери юзасида турли тошма ва эт кўчиши кузатилади.
Қандли диабетни даволамаслик бутун вужудга катта таъсир кўрсатади, бу эса соғлиқ ва ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин.
Соғлигингизга беэътибор бўлманг!!

Раъно АҲМЕДОВА,
Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси врачи.

O'qilgan: 532 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 18 Nov 2021

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: