Навоий вилояти ҳокими в.б. Н.Турсунов Учқудуқ туманидаги “Мингбулоқ” овулида бўлиб, 11-умумий ўрта таълим мактаби, 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти, оила шифокорлик пункти ҳамда овул фуқаролар йиғини қошида фаолият юритаётган “Қыз жасау” тикувчилик цехи фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф аввалида ижтимоий – тиббий кўмакка муҳтож бўлган 10 нафар мингбулоқлик оилага озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга рўзғор учун зарур бўлган иситиш мосламалари берилди.
Вилоят ҳокими в.б. Н.Турсунов овул хонадонларига бирма-бир кириб, одамларнинг дарду ташвишларини эшитди. Улар орасида биринчи гуруҳ ногирони Турсинкул Қалбаева, Сағира Нурасилова ҳам бор. Ҳар иккала онахон ўзлари яшаб турган хонадоннинг том қисми таъмирталаблигини айтиб, кўмак сўрадилар.
Халқ кўтараётган масалаларни жойида ўрганиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни шу ернинг ўзида бартараф этаётган вилоят раҳбари уларнинг ҳар бирига 15 млн. сўмдан жами 30 млн. сўм маблағ ажратилишини билдирди.
Шунингдек, “Қыз жасау” тикувчилик цехи раҳбари Рима Абдикаримова 100 млн. сўм кредит ажратилишида кўмак сўраб мурожаат қилди.
Бугунги кунда цехда ўнга яқин овул аёллари иш билан таъминланган. Цех фаолиятини кенгайтириш, қўшимча янги иш ўринлари яратишни мақсад қилган ҳунарманднинг мурожаати юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.
Дарҳақиқат, муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Одамларнинг кичик муаммоси ҳал бўлса, катта натижаларга олиб келади. Акс ҳолда улар йиғилиб-йиғилиб, ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳал бўлган ҳар бир мурожаат ортида эса ўнлаб одамлар ҳаётидаги ўзгариш, янгиланиш мужассам.
Шу жиҳатдан вилоят ҳокими в.б. Н.Турсуновнинг Учқудуқ тумани “Мингбулоқ” овулига ташрифи бу ерда истиқомат қилаётган аҳоли учун ҳар томонлама фойдали бўлди.
Шу куни вилоят раҳбари Учқудуқ туманидаги 20 ва 3 -умумий ўрта таълим мактаби, 14 ва 15 – сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳам бўлди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.