Дам олиш куни мириқиб қизиқарли кўрсатув ёки кино кўришга нима етсин! Балки сиз ҳам ҳозир вақтингизни телевизор қаршисида ўтказаётгандирсиз?! Аммо, бугун телевидениенинг туғилган куни ва унинг ватани айнан бизнинг мамлакатимиз эканини биласизми?
Сайёрамизда инсоният яратган мўъжиза — телевидение Ўзбекистон пойтахти Тошкентда яратилган.
1928 йил ўзбекистонлик ихтирочилар Борис Павлович Грабовский ва Иван Филлипович Белянскийлар электрон-нур ёрдамида ҳаракатдаги тасвирни бир жойдан иккинчи жойга узатадиган ва қабул қиладиган “Радиотелефот”ни кашф этганлар.
Борис Грабовский 1901 йил 26 майда Тоболскда, сургун қилинган украин инқилобий шоир Павел Арсениевич Грабовский оиласида туғилган. 1902 йилда отасининг вафотидан сўнг онаси ўғли Борис билан бирга Одессага кейин Харьковга, сўнг Ўрта Осиёга кўчиб келишган. Гимназияда ўқиб юрган чоғидаёқ Борис физика, кимё фани ва турли нарсалар ясашга жуда қизиққан.
У дастлаб Тоштрампда сим ўровчи, кейинроқ эса собиқ Марказий Осиё университети (ҳозирги ЎзМУ) физика-математика факультети лабораториясида ишлаган. Бу ерда у биринчи бўлиб масофадан туриб тасвирларни узатиш ғоялари билан танишиб, электрон телевизион аппаратни яратиш устида иш бошлаган.
Маълумотларга кўра, телевидениенинг илк кўрсатувлари 1936 йилда Буюк Британия ва Германияда, 1938 йилда тажриба синов тариқасида Москва ва Санкт-Петербургда, 1941 йилда эса АҚШда эфирга узатила бошланган. Тошкентда телевизион кўрсатувларни мунтазам эфирга узатиш 1956 йилнинг 5 ноябрида амалга оширилган.
Ҳар йили 21 ноябрьда нишонланадиган Бутунжаҳон телевидение куни 1996 йил БМТ Бош ассамблеяси томонидан белгиланган бўлиб, бу сана биринчи жаҳон телевизион форуми ўтказилган кун билан боғлиқдир.