Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳарбий тарихни ўрганиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Маданият вазирлиги, "Ватанпарвар" ташкилоти муассислигида:
"Аждодлар изидан" ҳарбий-тарихий жамияти - муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти;
"Аждодлар изидан" илмий-оммабоп журнали таъсис этилади.
"Аждодлар изидан" жамиятининг асосий вазифалари:
қадим ўтмишда, ўрта асрларда, яқин тарихда Ўзбекистон ҳудудида, шунингдек, унинг чегаралари ташқарисида бўлиб ўтган ҳарбий-тарихий аҳамиятга эга тарихий ҳужжатлар ва воқеалар тавсиф-баёнини тўплаш;
миллат озодлиги ва мустақиллиги учун босқинчиларга қарши курашиб, қаҳрамонлик кўрсатган ҳарбий саркардалар, раҳбарлар, қабила ва халқ етакчилари, йўлбошчиларининг фаолиятини ўрганиш;
юртимиздаги музей, кутубхона ва архивларда, шу жумладан, хорижий давлатлардаги шу каби муассасаларда илмий-тадқиқот ва қидирув ишларини олиб бориш;
таниқли олимлар, тарихчилар, археологлар, мутахассисларни жалб қилган ҳолда йиғилган маълумотларни тизимлаштириш;
Ўзбекистон тарихида юз берган ҳарбий-тарихий воқеалар харитасини тузиш ва бошқалар.
Жамиятни бошқариш мудофаа вазири раислик қиладиган Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади, у фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради. Кузатув кенгаши йиғилишлари ҳар йили камида икки маротаба ўтказилади.
Жамият фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида "Аждодлар изидан" ҳарбий-тарихий жамиятини ривожлантириш жамғармаси тузилади. Уни молиялаштириш манбалари:
ҳар йили 1 февралга қадар муассисларнинг ҳар бири томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 500 баробари эквиваленти миқдорида ажратиладиган маблағлар;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳарбий-маъмурий секторларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилган ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.