Айни пайтда аҳолининг муаммоларини жойида, туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этишни таъминлашга қаратилган яхлит тизим яратилди.
Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилган секторлар фаолияти давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда.
Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилик қилаётган секторлар ўз ҳудудларида барча ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш билан бир қаторда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Иккинчи секторда қарор ижроси доирасида олиб борилаётган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, давлат раҳбарининг 4102 – сонли қарори асосида сектордаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида 27 нафар ходим ва мутахассис жалб қилинди.
Тузилган гуруҳ томонидан ҳудуддаги 3868 та хонадонга кириб борилди. Уйма-уй юриш асносида 248 та оила «Темир дафтар»га киритилди. 193 тасининг оила аъзолари ишга жойлаштирилганлиги, имтиёзли кредитлар ажратилганлиги ва кўрсатилган бошқа амалий ёрдамлар натижасида Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашининг 46-сонли қарорига кўра, “Темир дафтар”дан чиқарилди.
Пандемия даврида мазкур 55 та оилага ҳар ойда бир маротаба 975 минг сўмлик 16 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Хусусан, ҳар бир оилага ойида бир маротаба коммунал қарзлари тўлаб берилиб, зарур дори-дармонлар етказилди.
Қайта ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, яна 22 та оила “Темир дафтар”га киритилиб, иккинчи секторда жами 77 та оила ҳисобга олинди.
Эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқаришнинг бирдан-бир йўли доимий иш билан таъминлаш. Лекин, 77 та оиланинг иш излаётган аъзолари таҳлил қилинганда, асосий қатламни ўрта ёки ўрта махсус маълумотга эга, меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган фуқароларни ташкил қилиши аниқланди.
Шундай бўлса-да, уларни доимий иш билан таъминлаш чоралари кўрилди. Уларнинг 3 нафарига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурига мувофиқ, йиллик 15 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан уч йил муддатга имтиёзли кредит ажратилди. 9 нафари ўзини-ўзи банд қилиш қарорига биноан, бандлиги таъминланди. 10 нафар ҳунарманд давлат солиқ инспекциясидан ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтказилди.
Туман аҳолисини уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида марказда 20 та кўп қаватли уйлар қурилмоқда. 20 нафари қурилиш ишларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига қурувчи, уста ва бошқа махсус мутахассислик талаб қилинмайдиган ишларга жалб қилинди.
Шунингдек, туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат органларига бўш иш жойлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва мўлжалланаётган ходимлар ишдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби ҳақида”ги Низом талаблари ижроси тумандаги бюджет ташкилотларида ўрганилганда, иш берувчилар томонидан туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ҳар ойда тақдим қилинадиган маълумотлар нотўғри эканлиги, яъни улар томонидан бўш иш ўринлари яшириб келинаётганлиги аниқланиб, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 25 нафари ишга жойлаштирилди.
Шу билан бир қаторда, камбағал оилалар рўйхатига киритилган оилаларга 99,9 млн. сўмлик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, 5 тасига 3,5 млн. сўмлик нақд пул, 3 тасига йирик шохли қорамол,
5 тасига майда шохли моллар, 2 тасига дори-дармон воситалари етказиб берилди, 2 та оилаларнинг коммунал тўловлари тўлаб берилди, 5 тасига эса қуён сотиб олиб берилди.
Амалга оширилган ишлар натижасига кўра, 2-сектордаги “Темир дафтар”га киритилган пандемия шароитида даромадини йўқотган 77 нафар оиланинг 30 нафари навбатдаги Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашига камбағаллар сафидан чиқариш бўйича таклиф киритилди.
Шунингдек, 2020-2021 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича инвестиция дастурини шакллантиришда сектор ҳудудида асосан саноат соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. 2-сектор ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури доирасида умумий қиймати
139,6 млрд. сўмлик 56 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши эвазига 424 нафар янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Хулоса сифатида таъкидлаш керакки, Президентимизнинг секторлар фаолиятига оид янги қарори асосида секторлар фаолиятини ташкил этиш бўйича янги – адолатли ва таъсирчан тизим жорий этилгани бу тизим фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш ҳамда секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Рашид РАХМАТОВ,
Учқудуқ туман прокурори.