“Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш” ғояси остида ўтказиладиган маънавий-маърифий, маданий тадбирлар юртимиздаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилага кириб бориши муҳимлиги белгиланди. Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам ишчи гуруҳи ташкил этилиб, унинг таркибий аъзолари шакллантирилган.
Бугун, 9 ноябрь куни туман ҳокими С.Хамроев раислигида ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Ташкилий қўмита йиғилишида сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш ишларини маҳаллаларда ташкил этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлари фаолиятига тўхталиб, тарғибот тадбирларида аҳолининг барча қатламини тўла қамраб олиш муҳим масала эканлигини қайд этдилар.
Шунингдек, аҳолининг кайфиятини кўтариш, уларда ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, шукроналик, ўзаро ёрдам каби миллий ва умуминсоний қадриятларни янада кучайтиришга қаратилган маданий-маърифий тадбирларни ўтказишда, ҳар бир шаҳар-туманнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳоли кенг қатламига етказилишини таъминлашга қаратилган тадбирларни самарали ташкил этиш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Тадбирда карантин қоидаларини инобатга олиб, маҳалла ва туман миқёсида ўтказиладиган икки босқичли оммавий спорт тадбирларини пухта тайёргарлик билан ташкил этиш, нуроний, ёшлар ва хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасида ҳам тўхталиб ўтилди.
Шуннингдек, ишчи гуруҳлари фаолиятда нималарга аҳамият бериш лозимлиги, аҳолини юртимизда ва дунёда бўлаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятдан тўлақонли хабардор қилиш, юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка таъсирчан усулларда етказиш борасида муҳим тавсиялар берилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.