Яқин бир неча ойда дунёда COVID-19 коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият жуда оғирлашади.
“Дунё миқёсида биз пандемиянинг инқироз босқичидамиз, айниқса, Шимолий яримшарда», — деган у.
Вуйновичнинг таъкидлашича, янги аниқланаётган COVID-19 ҳолатлари сони ортиб бораётган бир пайтда касалликдан ўлимлар сони «сўнгги вақтларда нисбатан барқарор бўлиб қолмоқда».
Шу билан бирга, ЖССТ вакилининг огоҳлантиришича, ҳатто COVID-19’га қарши вакцина ва касалликни даволаш воситалари пайдо бўлганидан кейин ҳам бир қатор шартлар бажарилган тақдирдагина инфекцияни енгиш мумкин бўлади.
«Ҳаётни сақлаб қолувчи ушбу воситалар нисбатан заифроқларга тенг даражада ва бир вақтнинг ўзида барча мамлакатларда мавжуд бўлсагина ҳақиқатан ҳам самарали бўлади», — деган Вуйнович.
2 ноябрь куни COVID-19 билан боғлиқ инқирозли вазият ҳақида ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус ҳам маълум қилган.
«Ҳаракат қилиш учун кескин вазият етиб келди. Одамлар бир мақсад сари бирлашиши лозим бўлган мушкул вазият. Кеч бўлмасидан фурсатдан фойдаланиш лозим», — деган ЖССТ раҳбари.
ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида дунёда 440,5 минг кишида COVID-19 аниқланган ва касалланганларнинг умумий сони 46 миллион нафардан ошган. Пандемия бошланганидан буён дунёда қарийб 1,2 миллион киши, шу жумладан сўнгги суткада 5,7 минг киши вафот этган.
Жонс Ҳопкинс маълумотларида эса, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 47 миллион кишига яқинлашгани, касалликдан вафот этганлар сони эса 1,2 миллион кишидан ошгани қайд этилган.