LOTIN-КИРИЛЛ

МЕРОС, ВОРИСЛИК БЎЙИЧА ҚОНУН ТАЛАБЛАРИ, МЕРОСХЎРЛАР ЎРТАСИДА УЙНИ БЎЛИШ 

 

Маълумки, Конституциямизнинг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши кўрсатилган.

Ушбу мақола юзасидан биринчи Исломда мерос масаласига тўхталиб ўтсак: Мерос сўзи “Виросантун” сўзидан олинган бўлиб маънавий ёки молиявий ҳаққа эга бўлиш дегани. Яъни бирон нарсани бир шахсдан бошқасига ўтишлигидир. Шу маънога кўра “мерос” мол, бойлик, илм, улуғликни ўз ичига олади.

Фиқхий тушунча бўйича майитнинг ортида шаръий ворисга қолган мол ва ҳуқуқларга мерос дейилади. Азалдан ҳар бир халқ ва динларда вафот этган кишининг мол-мулкини мерос қилиб олиш қонун-қоидалари бўлган. Жумладан, динимизда ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, оят, ҳадис ва ижмода ким қанча мерос олиши баён қилинган.

Собиқ иттифоқ даврида амалда бўлган қонунчиликда мерос мулки масаласида бир қатор нормалар мавжуд бўлсада, ўша давр жамиятининг иқтисодий негизини давлат мулки ташкил этган. Фуқаролар амалда арзирли хусусий мулкка эга бўлмаганлиги сабабли ушбу қонун нормаларига камдан-кам мурожаат қилинган.

Олиб борилган иқтисодий ислоҳотларнинг самараси оқибатида жамиятда мулкдорлар синфи вужудга келди, уларнинг сони ва сифати кун сайин ошиб бормоқда.

Жамиятимизда олиб борилган ислоҳотлар натижасида мулкдорлар синфи вужудга келиши билан бир вақтда мавжуд мулкни авлоддан-авлодга ўтишини ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти туғилди.

Шу билан бир қаторда мулкни авлоддан-авлодга ўтишини ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти туғилди ва 1997 йил 1 мартдан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг V бўлимида мулк эгасининг вафотидан кейин унинг барча мол-мулки унинг ворисларига ўтишига доир қонун нормалари мустаҳамланди.

Ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ қонун нормаларининг судлар томонидан амалда тўғри ва бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 5-сонли қарори қабул қилиниб, тегишли тушунтиришлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасида мулкдорнинг ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни эркин тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Албатта, мулкдор бу ҳуқуқларидан ҳаётлик чоғида бевосита фойдаланади.

Мерос тақсимлашнинг иккита тури бўлиб, биринчиси мол-мулк эгаси қолдирган васиятнома асосида мерос бўлинади.

Бунда мулк эгаси вафотидан олдин кимга нима мерос қолдириш борасидаги васиятномани нотариал идорасидан тасдиқлатади. Васият қилувчи ўзининг хоҳишига кўра мол-мулкни исталган шахс, ҳатто қариндоши бўлмаган кишига ҳам васият қилишга ҳақлидир.

Васиятнома йўқ бўлган ҳолатларда меросҳўрлар қонун бўйича аниқланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (уларнинг қайси никоҳдан эканлиги муҳим эмас) эр-хотин ва ота-она қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалар ҳам биринчи навбатдаги ворис ҳисобланади. Уларнинг барчаси меросдан тенг улуш олиш ҳуқуқига эга.

Мерос қолдирувчининг ака – укалари ва опа-сингиллари, шунингдек, ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси иккинчи навбатдаги ворислар ҳисобланади.

Амалдаги қонунларга кўра, агар меросҳўр меросни олишдан аввал вафот этган бўлса, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтади. Бунда улуш меросҳўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, ворислик васият ёки қонун бўйича эканлигидан қатъий назар, мерос очилган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилади. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш меросхўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган. Нотариуснинг меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома беришни рад этиши устидан меросхўр томонидан судга шикоят берилиши мумкин бўлиб, у Фуқаролик процессуал кодексининг 28-боби қоидаларига биноан кўриб чиқилади. Агар нотариус томонидан рад этилиши бошқа шахсга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги ёки мерос мулки ФК 1157-моддасига асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки давлатга ўтказилганлиги билан боғлиқ бўлса, ариза даъво иши юритиш тартибида кўрилади. Қонунда мерос очилгандан кейин бундай ариза билан мурожаат қилиш мумкин бўлган вақт чегараланмаган. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 

1114-моддасига кўра, Умумий биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш кўрсатилган бўлиб унда умумий биргаликдаги мулк иштирокчисининг ўлими умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги унинг улушини аниқлаш ва ушбу Кодекснинг 226-моддасида белгиланган тартибда умумий мол-мулкни тақсимлаш ёхуд ундан вафот этган иштирокчининг улушини ажратиш учун асос бўлади. Бу ҳолда мерос вафот этган иштирокчининг улушига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан очилади, мол-мулкни натура ҳолида тақсимлашнинг имкони бўлмаганида эса — бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.

Умумий биргаликдаги мулк иштирокчиси умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги ўз улушини васият қилишга ҳақлидир, бу улуш унинг вафотидан кейин ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ аниқланади.

 

 

Фуқаролик ишлари бўйича 

Учқудуқ туман суди девонхона мудири М.Х.Бердибеков

 

O'qilgan: 870 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: