Навоий вилоятида халқ таълими сифатини ўрганиб чиқиш ва баҳолаш, ўқитувчи мавқеини ошириш, уларни тизимли равишда рағбатлантириш мезонлари яратилмоқда. Бу борада вилоят халқ таълими бошқармаси таълим сифатини баҳолаш тизимини ўрганиб чиқди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, шу пайтгача таълим тизими сифати ва ягона ёндашувга асосланган реал ҳолатни баҳоловчи тизим бўлмаган.
Шу боис таълим сифатини аниқлаш учун бир неча ташқи манбалар маълумоти ўрганилиб, халқаро тажрибалар амалиётга жорий этилган ҳолда шаффоф ҳамда объектив баҳолаш мезонлари яратилмоқда.
Навоий вилояти 2020 ўқув йилида битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича рейтинг натижаларига кўра республикада 1-ўринга эришди. Натижаларни таҳлил қилиш давомида мактаб битирувчиларининг 2020 йилда олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра 26 та мактабнинг биронта ўқувчиси олий ўқув юртига кира олмаганлиги аниқланди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ўқитиш самарадорлиги, таълим сифатини ошириш юзасидан қуйидаги комплекс ишларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Вилоят ҳокими К.Турсунов умумтаълим муассасалари раҳбар ва ўқитувчиларини натижаларига кўра рағбатлантириш бўйича ўзига хос йўл тутди. Олий таълим муассасаларига битирувчиларнинг кириш кўрсаткичлари ҳисобга олиниб, Навоий шаҳрида 18 та, Хатирчи туманида 15 та, Зарафшон шаҳрида 13 та, Конимех туманида 11 та, Қизилтепа туманида 11 та, Нурота туманида 9 та, Учқудуқ туманида 9 та, Навбаҳор туманида 8 та, Томди ва Кармана туманларида 6 тадан умумтаълим мактабларининг директорларига 10 млн.сўмлик сертификатлар тақдим этилди. Сертификатларнинг умумий суммаси 1 млрд. 60 млн. сўмни ташкил этади. Таълимда сифат ва самарадорликка эришиш мақсадида қуйидаги аниқ мақсадли чоралар белгиланди.
1) олий таълим муассасалари билан умумий ўрта таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш орқали педагог кадрлар тажрибаси, салоҳиятини ошириш;
2) вилоятдаги умумий ўрта таълим муассасаларини тўлиқ юқори малакали олий маълумотли педагог кадрлар билан таъминлаш;
3) олий таълим муассасаларидаги чет тили кафедраларининг профессор ўқитувчиларини мактабларга бириктириш орқали мактабларда фаолият кўрсатаётган инглиз тили ўқитувчиларининг барчасини C1-CEFR даражасига олиб чиқиш;
4) умумий ўрта таълим муассасаларида босқичма-босқич ёшларнинг ахборот коммуникация технологиялари соҳаси бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган “IT-мактаб” лойиҳаси доирасида 2020 йилда 1 та, 2021 йилда 4 та, 2022 йилда 3 та, 2023 йилда 3 та “IT-мактаб”ларни ташкил этиш;
5) ўқувчиларда фундаментал билимларни амалий тажрибалар асосида мустаҳкамлашга, уларни илмий ижодкорлик ва мустақил тадқиқотларга йўналтиришга қаратилган STEAM лаборатория марказларини ташкил этиш;
6) умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг халқаро баҳолаш тадқиқотларига (PISA, PIRLS, TIMSS) тайёрлаш ишларини янада кучайтириш;
7) умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини халқаро фан олимпиадалари ва мусобақаларига тайёрлашда ихтисослаштирилган умумтаълим мактаблар масъулиятини ошириш.
Таълим масаласи устувор аҳамият касб этаётгани муносабати билан вилоят ҳокими маҳаллий ҳокимликларнинг мактаб инфратузилмасини яхшилаш, коммунал хизматларнинг узлуксизлигини таъминлаш, ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш каби масалаларга масъуллигини белгилаб қўйган.
Жорий йилнинг ноябрь ойи 17-18 саналарида Халқ таълими вазири Ш.Шерматов вилоятда сафарда бўлиб, Навоий вилоятида таълим сифатини баҳолаш ва вилоятни таълим сифати бўйича намунали ҳудудга айлантириш бўйича амалий ишларни бошлаб берди. Битирувчилари олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи юқори ва паст умумтаълим муассасаларига ташриф буюриб, ўз тавсия ва таклифларини берди. Навоий тажрибасини оммалаштириш юзасидан вилоят ҳокимлиги билан доимий ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилди.