Британия локдаунни 2 декабрдан кейин узайтирмайди, Россияда илк марта кунлик ҳолатлар сони 25 мингдан ошди, АҚШда Дональд Трампни даволашда қўлланган антитаналардан тайёрланган «коктейль» маъқулланди, Билл Гейтс эса бўлажак пандемия ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, бутун дунёда Covid-19’дан касалланганлар сони 58,2 млн кишидан ошди. 1,38 млн бемор вафот этган. Ҳамон АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Франция ва Россия касалланиш ҳолатлари сони юқорилиги бўйича кучли бешликни тўлдириб турибди.
Россияда янги антирекорд
Россия кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича янги антирекордни қайд этди. Сўнгги бир кунда Covid-19 билан зарарланиш бўйича кунлик ҳолатлар сони илк марта 25 мингдан ошди - коронавирусга қарши кураш бўйича оператив штат яна 25 минг 173 кишида вирус аниқлангани ҳақида маълум қилган. Штаб шанба куни 24 822, якшанба куни 24 581 касалланиш ҳолати ҳақида маълум қилганди. Ўтган ҳафтанинг пайшанба кунида илк марта 23 минглик нуқтадан, жума куни эса 24 минглик нуқтадан ўтилганди.
Россияда сўнгги бир кунда 361 киши коронавирус қурбони бўлиб, жами қурбонлар сони 36 минг 540тага етди. Жами касалланиш ҳолатлари сони 2 114 502тани ташкил этмоқда, шундан 1 611 445 киши тузалган.
«Роспотребнадзор» маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирусни аниқлаш бўйича сўнгги 24 соат ичида 520 мингта, умумий ҳисобда эса 72,9 миллионтадан ортиқ тест ўтказилган.
Якшанба куни Россия хорижлик спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва жисмоний тарбия соҳасидаги бошқа мутахассисларнинг оила аъзоларига мамлакатга кириш учун рухсат берди.
Август ойида ҳукумат хорижлик спортчилар ва мураббийларнинг Россияга кириши бўйича ўрнатилган тақиқни бекор қилганди. Бу орқали хорижликлар мамлакат биринчиликларига тайёрланиш учун Россияга кириш имконига эга бўлишганди.
2009-2018 йилларда Хакасия республикасини бошқарган Виктор Михайлович Зимин 58 ёшида оламдан ўтди.
Зимин август ойи охирида коронавирусга чалингани тўғрисида хабар берганди. У 2018 йил сентябрида иккинчи тур сайловларидан номзодини қайтариб олган, ўшанда Кремль томонидан қўллаб-қувватлансада, лавозимга қайта сайлана олмаган тўрт губернатордан бири бўлган, унинг ўрнига коммунистлар партияси вакили Валентин Коновалов келганди.
2020 йил июнида Чувашиянинг собиқ раҳбари Михаил Игнатьев ҳам коронавирус оқибатида вафот этганди. Пандемия даврида Россияда амалдаги губернаторлардан 20 нафардан ортиғи коронавирусга чалинди.
Британия чекловларни юмшатмоқда
Британияда маҳаллий ҳукумат Рождествогача карантин чораларини юмшатишга ва турли манзилларда яшовчи одамлар бир том остида йиғилишига рухсат берилишига эришмоқчи.
Бундан мақсад, турли жойларда яшовчи қариндошлар байрамни бир уйда нишонлашини таъминлаш ҳисобланади.
Ҳозирда амал қилаётган карантин муддати 2 декабрда ниҳоясига етади. Дам олиш кунларида ҳукумат карантинни узайтирмасликка қарор қилгани маълум бўлди. Бунинг ўрнига уч босқичли чекловлар тизими кучга киради.
Даражаларга таснифлаш қуйидагича: ўртача, юқори ва энг юқори даражали хавфли. Чеклов чоралар мамлакатнинг турли ҳудудларидаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб белгиланади.
Бундай тизим мамлакатда октябрь ойи ўрталаридан буён амал қилмоқда, аммо энди жорий қилинадиган чеклов чоралари қатъийроқ бўлади, учинчи даражага кўпроқ ҳудудлар киради.
Бош вазир Борис Жонсон душанба куни ўз режасини тақдим этиши кутилмоқда, унда қариндошлар янги йил байрами кунлари ўзаро учрашишига рухсат берилиши шартлари белгиланган.
«Ковид учун қишки режа» номини олган бу концепция тафсилотлари ҳозирча маълум эмас, аммо тахминларга кўра, паблар ва ресторанлар соат 10дан кейин буюртмалар қабул қилмайди ва соат 11да ёпилади - унгача келган мижозлар учун бир соат вақт ажратилади.
Билл Гейтс яна башорат қилмоқда
Америкалик миллиардер Билл Гейтс инсониятни яқин келажакда янги пандемия кутиши мумкинлиги ҳақида гапирди: энг яхши ҳолатда 20 йилдан кейин, ёмон ҳолатда эса - яқин уч йилда. У бу ҳақда актриса Рашида Жонс билан бирга ўтказилган Bill Gates and Rashida Jones Ask Big Questions номли янги подкастида гапирган.
«У [янги пандемия] ҳозиргига қараганда хавфлироқ бўлмаслигининг асосий сабаби шундаки, биз тажрибага эга бўлдик. Ўша пайт ҳарбий машғулотларга ўхшаш «пандемия ўйинлари»ни ўтказамиз ва деярли ҳар бир давлат ўз муносабатини билдиради. Бунда барча Жанубий Корея ёки Австралия қилган ишни амалга оширади - аҳоли тез тестдан ўтказилади, одамлар изоляция қилинади. Тест ўтказиш ускуналаримиз ҳам яхшиланади. Иккинчи марта бу қадар кўп аҳмоқлик қилмаймиз», деган у.
Дастурда АҚШнинг юқумли касалликлар бўйича бош мутахассиси Энтони Фаучи ҳам иштирок этди.
Билл Гейтснинг эмлашдан кейин оммавий тадбирларни ўтказишни бошлаш ва одатий ҳаёт тарзига қайтиш қанчалик хавфсиз экани ҳақидаги саволига жавобан Фаучи инсоният вакциналар ва ўртача чеклов чоралари билан уйғун тарзда нормал ҳаётга аста-секин қайтиши ҳақида айтиб ўтган.
«Агар 99 фоиз самарадорликка эга вакцина бўлганида ва уни 99 фоиз одам олганида, унда ҳаммаси яхши бўлар эди. Аммо бу содир бўлмайди... Масалан, биз 75 фоиз самарадорликка эга вакцинани олиб, уни 69 фоиз аҳолига берсак, вирус тарқатиши мумкин бўлган одамлар барибир жуда кўп бўлади», дея изоҳлайди Фаучи.
Шунингдек, у ҳозирги пандемия ўз-ўзидан тугамаслигини айтди: «Биз бу ҳақиқатни англаб етишимиз керак».
Фаучи одамлар карантин чораларига амал қилишдан чарчаганини тан олиб, уларни таслим бўлмасликка ва эҳтиёткорликни давом эттиришга, яъни ниқоб тақиш, тез-тез қўлларни ювиш ва одам кўп тўпланган жойлардан четроқ бўлишга чақирган.
Америкаликларни декабрдаёқ коронавирусга қарши эмлаш бошланади
Америкаликларни коронавирусга қарши эмлаш кампанияси 11 декабрда бошланиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ президентининг вакцина ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатчиси Монсеф Слауи маълум қилди.
У CNN’га берган интервьюсида дори маъқулланганидан кейинги 24 соат ичида вакциналар партияларини эмлаш пунктларига етказишни бошлаш режалаштирилганини маълум қилди.
Гап Америкадаги Pfizer фармацевтика компанияси ва BioNTech ҳамкорлигида тайёрланган вакцина ҳақида кетмоқда.
Pfizer компанияси Озиқ-овқатлар ва дорилар сифати устидан санитар назорат бошқармасида (FDA) учинчи босқич синовларида 94 фоизлик самарадорлик кўрсатган вакцинасидан фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказишга ариза берган. Шу масала юзасидан йиғилиш 10 декабрга белгиланган.
Pfizer шу йил охиригача 50 млн доза вакцина ишлаб чиқаришни, кейинги йилга бу миқдор 1,3 млрд дозага етказилишини мўлжалламоқда. Ҳар бир кишига икки доза - бошланғич ва кучайтирувчи дозалар берилади.
АҚШда антитаналардан қилинган коктейль маъқулланди. Ундан Трампни даволашда фойдаланишган
АҚШ Озиқ-овқатлар ва дорилар сифати устидан санитар назорат бошқармаси (FDA) Regeneron Pharmaceuticals компанияси томонидан коронавирусни даволаш учун тайёрланган препарат (REGN-COV2 антитаначалар коктейли)дан фавқулодда ҳолатларда фойдаланишга рухсат берди.
АҚШ президенти Дональд Трамп касалликдан соғайишига айнан шу препарат сабаб бўлганини айтганди. Коктейлга қўшилган ҳужайралар абортдан кейинги эмбрион тўқималаридан олинган. Ўз навбатида, АҚШ президенти ҳам, Оқ уй ҳам бу борадаги тадқиқотлар ўтказишни тақиқлашга уринганди.
Препарат Covid-19’нинг енгил ёки ўрта даражаси билан касалланган, лекин касаллик асоратланиши хавфи юқори бўлган беморларни даволаш учун тасдиқланган. Октябрь ойи охирида Regeneron компанияси «хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар» туфайли коктейль сунъий нафас олдириш аппаратларига уланган оғир аҳволдаги беморлар учун қўлланмаслигини маълум қилганди.
Калифорнияда комендантлик соати
Калифорнияда коронавирус тарқалишини чеклаш учун шанба кунидан комендантлик соати амал қила бошлади (кечқурунги соат 22:00дан эрталабки соат 5 гача).
Los Angeles Times хабарига кўар, штатда ҳозирда вазият август ойидагидан ҳам кўра ёмонроқ.
АҚШда сўнгги бир кунда 2 мингдан ортиқ бемор вафот этган - бу май ойидан буён энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, мамлакатда шу вақтгача 12 миллиондан ортиқ киши коронавирусга чалинган, 255 мингдан ортиқ бемор вафот этган.
Ўтган ҳафтанинг жума кунида 187 минг янги ҳолат ҳақида эълон қилинганди - бу кунлик ўсиш бўйича энг юқори кўрсаткич бўлиб турибди.
Бир неча штатларда ниқоб тақиш мажбурийлиги жорий этилган, вирус тарқалишини камайтириш учун бошқа қўшимча чоралар ҳам киритилган. Техасда миллий гвардия ўликхоналарга ёрдам учун Эль-Пасога қўшимча ёрдам юборишига тўғри келди.