Ассалому алайкум аҳли жамоа!
Қадрли учқудуқликлар!
Сиз азизларни сизлар орқали барча мўмин-мусулмонларни ва бутун учқудуқ-ликларни ер юзидаги Ислом уммати томонидан кенг нишонланаётган улуғ ва муборак айём – Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман!.
Барчамиз учун инсонпарварлик, сабр-қаноат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган ушбу қутлуғ байрам кунларида энг яхши эзгу-тилакларимни билдираман!.
Ўзининг миллий урф-одат ва анъаналарига содиқ, меҳнаткаш ва саховатли туманимиз фуқаролари ана шундай юксак фазилатларни яққол намоён этиб, муқаддас Рамазон ойини тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида ўтказгани ҳамда ушбу эъзозли айёмни бугун шоду хуррамлик билан кутиб олаётгани Ийд ул - Фитр байрамига алоҳида файзу шукуҳ бағишламоқда.
Муборак Рамазон ҳайити моҳиятида мужассам бўлган хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 8 апрелда ҳурматли Президентимизнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 10 апрель – чоршанба кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатимизда 2024 йил 10 апрель куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланмоқда.
Дарҳақиқат, сизу биз учун эзгулик, меҳр-оқибат, хайру саховат, маънавий покланиш айёми бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини бу йил учқудуқлик мўмин-мусулмонлар ҳам ўзгача шукуҳ ва ҳамжиҳатлик билан ўтказмоқдалар. Айниқса, раҳмат ва мағфират нурлари ёғиладиган ушбу саодатли кунларда туманимиздаги 100 нафардан ортиқ кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилаётгани, барча маҳалла ва овулларда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида эҳсон дастурхонлари ёзилиб, эл-юртимизнинг тинчлиги, бахти ва келажаги учун дуойи фотиҳалар қилинаётгани бу ойнинг файзу тароватини янада оширмоқда.
Давлатимиз раҳбари: «Рамазон ойи – сахийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ойидир. Бу қутлуғ айёмда меҳр-шафқатли, кечиримли бўлиш ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарз» — дея таъкидлаганлар.
Шу муносабат билан, Рамазон ҳайити арафасида Президент адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 426 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолади.
Афв этилган шахсларнинг 135 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 200 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 26 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 65 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Азиз тумандошлар!
Ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстлик, аҳиллик ва бирдамлик, билим ва
маърифат динидир.
Жамиятимизда ҳукм сураётган турли миллатлар ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги бағрикенгликни, фуқаролар орасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, бугунги осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш барчамизнинг асосий бурчимиздир.
Шунинг баробарида фарзандларимизни ҳаётга эндигина кириб келаётган ёш авлодни Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, элу-юрт фаровонлигига муносиб улуш қўшадиган етук ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашимиз муҳим аҳамиятга эга.
Муборак ҳадисларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим!
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна бир ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, «Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди», дея марҳамат қилганлар.
Ҳурматли имом-хатибларимиз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, муҳтарам нуронийларимиз яқин ҳамкорликда бу борада янада фаол ва самарали иш олиб борадилар, деб ўйлайман.
Қадрли учқудуқликлар!
Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғиладиган ушбу барокатли ва нурафшон кунда сизларни яна бир бор азизу мукаррам байрам -Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман!.
Моҳи Рамазонда қилган барча эзгу ният ва дуоларимиз ижобатини берсин, Аллоҳим!
Жонажон Ватанимизни, барча-барчамизни Яратганнинг Ўзи паноҳида асрасин!
Осмонимиз мусаффо, тинчлигимиз ва мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!