Ассалому алайкум, ҳурматли тумандошлар, ҳарбий офицерлар!
Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Аввало, Сиз азизларни, сизлар орқали бутун туманимизнинг ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган мард, жасур посбонларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз аввало ўз жанговар постида доимо ҳушёр ва сергак туриб, юртимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб келаётган мард ва жасур, содиқ ўғлонларимиз шаънига энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Ана шундай ботир ва жонкуяр фарзандларни тарбиялаб вояга етказган ҳурматли ота-оналарга, ҳарбий хизматчиларимизга ўз муқаддас бурчини адо этишда ҳамиша тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
Дарҳақиқат, армиямизнинг куч-қудрати ҳарбий хизматчилар билан бутун жамиятимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигида, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Яқин тарихга назар соладиган бўлсак, 1992 йил январда мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республика-сининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилди. 1993 йил 29 декабрда 14 январни Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни, деб эълон қилиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.
2017 йил 18 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шундан буён ҳар йили 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.
Ватанимиз мустақиллиги, халқи-мизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётининг мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган 32 йилда ғоят мураккаб ва айни пайтда шонли шаклланиш йўлини босиб ўтди.
Айниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бормоқда. Юртимиз хавфсизлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга, аҳолининг тинч ва осуда ҳаётига қаратилган ҳар қандай ғаразли қарашларнинг олдини олишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шакллантирилди.
Бугун ота-оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимизнинг турли гўшаларидан келиб Учқудуқ туманидаги № 99818 – сонли ҳарбий қисмда ўз йигитлик бурчини ўтаётган қўрқмас ва ҳақиқий ватанпарвар аскар ва офицерларни шунингдек, эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилаётганбарча ҳарбийларни байрам билан яна бир бор муборакбод этиб, уларнинг ота-оналарига, яқинларига улкан миннат-дорчилик билдираман.
Зеро, буюк мутаффаккир бобомиз Алишер Навоий қайд этганидек, “Бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир”.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Дунёнинг турли минтақаларида давом этаётган урушлар, ҳарбий қарама-қаршилик ва можоралар, турли терроризм хуружлари халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид қилаётганини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.
Ҳурматли Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг «Асосий мақсадимиз – халқ билан армия бирдамлиги. Ҳарбий қисмлар эшиклари эл учун очиқ бўлиши керак. Миллий армиямизнинг нури, маънавияти ҳаммага етиб бориши зарур. Ёшларни бу ерга олиб келиб кўрсатиш, ўргатиш керак. Бу уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимиз тарихи ва қудрати ҳақида билимларини бойитишга хизмат қилади. Бундан ота-оналар ҳам хурсанд бўлади», деган сўзлари фаолиятимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Туманимизда ўтказилаётган «Ҳарбий Ватанпарварлик ойлиги» доирасида “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” деган ғоя ва амалий ҳаракат - Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимиз эканлигидан далолат беради.
Ҳеч шубҳасиз, ўтказилаётган бу каби маърифий тарғибот тадбирлари ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда.
Қадрли юртдошлар, мард ва жасур Ватан ҳимоячилари!
Сизларни ота-онангиз, оилангиз ва бутун мамлакатимиз аҳолиси билан биргаликда кенг нишонлаётган бугунги шону-шараф айёми – Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор табриклар эканман, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва саодат, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Эътиборингиз учун рахмат!