Учқудуқ туман ҳокими С.Ф.Хамроевнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан йўллаган табриги
Ассалому алайкум азиз юртдошлар!
Қадрли учқудуқликлар!
Авваламбор, Сиз азизларни ва бутун туманимиз аҳлини энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 31 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган ушбу қутлуғ сана ҳар бир инсон, ҳар бир оила ҳаётида ўз ўрнига эга. Шу боис ҳам бу айёмни ҳар биримиз ўзгача кўтаринкилик ва меҳнатда катта зафарлар билан кутиб оламиз.
Зеро, мустақиллигимизнинг жорий йилда “Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган эзгу ғоя асосида нишонланиши замирида ҳам юртдошларимизнинг Ватанимизга бўлган юксак меҳри ва чексиз фахру ифтихори мужассамдир.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек, истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз.
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастури, “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар сўнгги йилларда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини тубдан юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Буни биргина, туманимиз мисолида айтадиган бўлсак, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида сўнгги уч йил ичида 5 та овул фуқаролар йиғларнинг янги, обод ва янада кўркам қиёфаси яратилди. Уларда 31,8 км йўл-трнаспорт инфратузилмаси, 86.8 муҳандислик-коммуникация тармоқлари, 13 ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Aҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида 2022 - 2023 йилда туманимизда 32 та 1498 хонадонли янги янги уй-жойлар барпо этиляпти.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитлар яратиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Зеро, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади, янги иш ўринлари ташкил этиб, аҳоли бандлигини таъминлайди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Учқудуқда кичик бизнес субъектлари сони йилдан-йилга ошиб бормокда. 2017 йилга нисбатан, хусусий корхоналар сони беш баробарга ошиб, бугунги кунда давлат рўйхатидан ўтган кичик бизнес субъектлари сони 1200 тадан зиёдни кўрсатмоқда.
Иқтисодиётнинг кон томирига айланган кредитларни ўзлаштириш борасида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2022 йил ҳисобот даврида 2 та тижорат банки томонидан тадбиркорлик субъектларини молиявий кўллаб-қувватлаш учун жами 16,5 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. "Ҳар бир оила - тадбиркор" давлат дастури доирасида 369 нафар ёш тадбиркорга 11,0 млрд. сўм кредит маблаги ажратилиши худудда янги тадбиркорлик субъектлари сонининг ошишига хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди.
Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш 2022 йилги дастури белгиланиб, умумий қиймати 167,4 млрд. сўмлик 68 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши натижасида йил давомида 392 та янги иш ўрни яратилади. Ушбу мақсадли дастур ижроси юзасидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишларида
48,8 млрд. сўм лик 31 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.
Ҳудуд ривожланишида муҳим бўлган иқтисодиётнинг асосий тармоқлари жорий йил 6 ой якунида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 144,1 млрд. сўм, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 49,2 млрд. сўм, асосий капиталга киритилган инвестициялар 118,9 млрд. сўм, қурилиш ишлари 58,3 млрд. сўмни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги "Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5088-сонли қарорига асосан тумандаги 4 гектар ер майдонида "Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси" ташкил этилди. Мазкур ҳудудда умумий киймати 28,9 млрд.сўмлик 24 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари қад ростламоқда.
Қадрли байрам қатнашчилари!
Бугунги қутлуғ айёмда Ватанимиз келажаги бўлган ёшлар камолоти йўлида қилаётган ишларимизни сарҳисоб қилишимиз табиий, албатта.
Узлуксиз таълимнинг муҳим босқичи бўлган мактабгача таълим тизимидаги янгиликларга ўзингиз гувоҳи бўлиб турибсиз. 2017 йилда вилоятда 3-7 ёшдаги болаларнинг 64,4 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 94 фоизни ташкил этади. Ёки 3721 нафар 3-7 ёшли болаларнинг 3443 нафари боғчага боради.
Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари сони жами 34 та шундан, 15 таси давлат мактабгача таълим ташкилоти, 2 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти сони 17 тани ташкил қилади. Йил охиригача яна 50 ўринли 1 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиши ҳисобидан шунингдек, мавжуд боғчалардаги гуруҳлар тўлдирилиб, қамровни йил охиригача 97 фоизга чиқаришни режалаштирганмиз.
Айни кунларда 14 ва 15 сонли мактабгача таълим муассасаларида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 9 млрд. 700 млн. сўм маблағ сарфланиб, капитал таъмирдан чиқарилаётган мазкур муассасаларда эртамиз эгаларининг баркамол, комил инсонлар бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароитлар яратилади.
Мустақиллик йилларида юртимизда ёшлар келажаги, уларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш масаласи давлат аҳамиятига молик устувор вазифа сифатида қаралиб, бу борада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, айтиш мумкинки ёшларимизнинг тақдири ҳал бўладиган умумий ўрта таълим тизимини янада ривожлантириш, ўқувчиларга замонавий талаблар асосида таълим-тарбия бериш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрўси ва нуфузини ошириш борасидаги амалга оширилган ишлар барчамизни қувонтиради.
Азиз тумандошлар!
Асосий таянчимиз ва суянчимиз бўлган ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Учқудуқда бу йўналишда бир қанча ижобий ишлар амалга оширилган. “Ёшлар жамғараси” ҳисобига 789,3 млн. сўм маблағ йўнилтирилди. 220 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, уларнинг 207 нафарига турли йўналишларда манзилли кўмак кўрсатилди. Жумладан, 45 нафар ёшга асбоб ускуна олишлари учун субсидия ажратилган, 21 нафар ёшга субсидия асосида сафарбарлик чақирув резерви ҳизмати харажатлари тўлиқ тўлаб берилган, 4 нафар ёшга ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқиш харажатларининг 75% қоплаб берилди. Шунингдек, 23 нафар ёшларга субсидия асосида контракт маблағларининг 50% фоизигача бўлган қисми тўлаб берилди. Уй-жойга муҳтож 26 та ёш оилага ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари тўлаб берилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган 286 нафар хотин-қизларнинг 285 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди, бу кўрсаткич - 99,65%ни ташкил этади. 246 нафар аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Жумладан, 45 нафар хотин-қизларимиздан 44 нафарининг бандлиги таъминланди, 27 нафар тадбиркорлик қилиш истагидаги опа-сингилларимизнинг 27 нафарига кредит ва субсидиялар ажратилиб берилди ва бандлиги таъминланди, учинчи, тўртинчи ва олтинчи тоифадаги хотин-қизлардан 168 нафарига жами 187,0 млн. сўмлик бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Бугунги кунгача “Аёллар дафтари” га киритилган ижтимоий-тиббий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун 487, 0 млн.сўмга яқин маблағлар сарфланди.
Бундан ташқари, “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож 569 нафар фуқароларга 575 млн. 570 минг сўм миқдорида хайр-саховат ёрдамлари берилди.
Юқоридаги рақамларни таҳлил қиларканмиз, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар ва ёшлар, турмуш шароити оғир, ишсиз, касб-ҳунарга эга бўлмаган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмак кўрсатиш мутлақо янги босқичга кўтарилганини кўришимиз мумкин.
Қадрли тумандошлар!
Ҳудудда юз бераётган ўзгаришлар, бунёдкорлик жараёнларининг бугунги суръати тумандошларимизни янги марралар сари руҳлантирмоқда. Ислоҳотлар самарасини ўз тақдирида, кундалик ҳаётида кўраётган ҳар бир тумандошимиз қалбида бугунидан рози бўлиш, эртанги кунга мустаҳкам ишонч туйғуси мужассам.
Бундан кейин ҳам халқ манфаати, одамларни ҳаётдан рози қилиш – доимо фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиб қолаверади.
Сўзимнинг якунида, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, юртимиз равнақи йўлидаги эзгу ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Юртимиз тинч ва фаровон, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимиз доимо соғ-омон, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!