Hokimiyat matbuot xizmati
Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ташаббуси билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ўртасида меморандум имзоланди.
Меморандум асосида мактабгача таълим муассасалари замонавий беговел (болалар учун педалсиз велосипед)лар билан таъминланади.
Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи болалар велопойгаси ўтказилади.
Келишувни имзолаш тадбирида Ўзбекистон Велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Жон Макгрегор иштирок этди.
Спорт вазирлиги хабарига кўра, меморандумдан кўзланган асосий мақсад – барча ҳудудлардаги боғчаларни босқичма-босқич беговеллар билан таъминлаш ва томонлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш орқали болаларнинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишига шароит яратишдир.
Учқудуқ тумани ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг 2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатида асосий кўрсаткичлар
2020 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига туманда 112.3 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан саноат ишлаб чиқаришнинг физик ҳажм индекси 103.7 фоизни ташкил этди, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми 95.9 млрд. сўмни (102,6 %),жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 44,7 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлиб, 2019 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига нисбатан 103,9 фоизни ташкил этди, чакана савдо ҳажми 237,7 млрд. сўмни (100,6 %), жами хизматлар ҳажми 166.7 млрд. сўмни (103 %) ташкил этди.
Туман аҳолиси жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 37.6 минг кишини ташкил этади.
Учқудуқ туман статистика бўлими.
Ҳурматли тумандошлар!
Бепоён Қизилқум саҳросида жойлашган жонажон туманимиз ўзининг бетакрор табиати, чўл ва саҳролари, тоғу даштлари, жозибадор флора ва фаунаси билан асрлар давомида аждодларимизни доимо ўзига мафтун этиб келган.
Сахий заминимиз ўзининг ер ости ва ер усти бойликлари билан нафақат туманимиз балки бутун республикамиз манфаатига беминнат хизмат қилиб келмоқда.
Жумладан, ер майдонлари ва конлар ўзлаштирилмоқда, янгидан – янги замонавий инфратузилмалар яратилмоқда. Албатта, бундай шараф барчамизга чексиз фахру ифтихор бағишлайди.
Аммо халқимизда “олмоқнинг бермоғи бор” деган нақл бежизга айтилмаган. Зеро, асрлар давомида она табиатнинг бизга бериб келаётган беминнат ва беғараз сахийликларидан самарали фойдаланиш, уни келажак авлодларга ҳам бекаму кўст етказиш мажбурияти ва бурчи борлигини ҳам унутмаслигимиз лозим!
Ҳолбуки, бутун дунёда бўлгани каби бизнинг туманимизда ҳам экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммолар йил сайин ортиб бораётгани аксарият ҳолларда жиддий ва ташвишли қиёфа касб этаётгани ҳам афсуски айни ҳақиқат!
Бугун Сиз қадрли учқудуқликларга, азиз юртдошларимга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидлашни истардим:
Она табиатимизнинг ҳар бир неъматини асраб-авайлайлик, боридан унумли ва мақсадли фойдаланиб, фақат бугунги кунни эмас, эртамиз эгалари бўлган, жондан азиз фарзандларимизнинг ҳам ана шундай буюк неъматлардан бебаҳра бўлиб қолмасликлари учун масъул эканлигимизни унутмайлик!
Қадрли юртдошлар!
Сир эмаски, аксарият ҳолларда сиз ва бизнинг ёнимизда юрган айрим инсонларнинг кўр – кўрона хатти – ҳаракати билан она табиатимиз мувозанатига, ҳудудимиз экологиясига, атмосфера, ўсимлик ва ҳайвонат дунёсига жиддий зиён етказилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида туманимиз бўйича 136 тадан ортиқ қонунбузарлик ҳолатлари аниқлангани, афсуски, бунинг яққол исботидир. Узоққа бормайлик, овулларимизнинг бундан бир неча ўн йил олдинги ҳолати, юзлаб қуш ва ҳайвонларга макон бўлганини кўпчилик яхши эслайди.
Жумладан, Мингбулоқ овулидан 30 километр узоқликда жойлашган «Жирақудуқ» дарасидаги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган «Тош ўрмон», деб аталувчи ноёб геологик, полеонтологик объект дунё олимларини ҳамон ўзига жалб қилмоқда. Бу ноёб геологик мўъжизани асраш, келажак авлодга мерос қолдириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири саналади.
Афсуски, йиллар давомида она табиатга эътиборсизлик, бошқа ҳудудда учрамайдиган ноёб тарихий ва табиий объект – “Тош ўрмон” га нотўғри муносабатда бўлиш, уни талон-тарож қилиш, шунингдек, набобат ва ҳайвонот оламига - бутун бир экологияга салбий таъсир ўтказмай қолмади.
Албатта, иқтисодиётимизни саноат тараққиётисиз тасаввур эта олмаймиз. Учқудуқ тумани ҳам саноати ривожланган ва жадал суратда юксалиб бораётган ҳудуд ҳисобланиб, янги ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш ҳисобига кенгайиб бормоқда. Ва бу атмосферага кўплаб ифлослантирувчи чиқиндиларнинг чиқарилишига сабаб бўлмоқда.
Яна бир оғриқли нуқталаримиздан бири – бу инсоният томонидан ўсимлик дунёсига етказилаётган зарар ва эътиборсизликдир.
Биламизки, саксовул ва барханлар Қизилқум саҳроси безаги. Қумларни бир жойда сақлаб турувчи ҳимоя тўсини ва таянчи ҳисобланади. Аммо, чўл ҳудудларида яшовчи маҳаллий аҳоли, ҳаттоки, қўшни вилоятлар фуқаролари томонидан саксовуллар аёвсиз кесиб, ташиб кетилиши оқибатида нафақат, табиат мувозанати, бевосита инсонлар саломатлигига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида туманимиз фуқароларининг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида 23 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, жисмоний шахсларга 87 548 050 сўмга яқин жарима қўлланилди. Аммо энг ачинарлиси тўланган моддий жарималар эвазига бир неча ўн йиллик ўсимлик дунёсини, бузилган экологияни тиклаб бўлмайди.
Бугун дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган муаммолардан яна бири бу маиший чиқиндилар эканлигини яхши биламиз.
Зеро, халқимиз ҳам азал-азалдан ўз уйи, кўчаси, маҳалласини тоза-озода тутишни ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи деб билган. Аммо, сўнгги пайтларда аҳоли томонидан турли маиший чиқиндиларни дуч келган манзилларга ташлаб, оддий эътиборсизлик оқибатида айрим ҳудудларда сунъий равишда антисанитария ҳолатларини юзага келтиришмоқда.
Биринчи галда ўзбекона маданият, инсонийлик бурчи ташаббускорлик ва ҳар бир амалимиз ўзимиз учун эканлигини чуқур англашимиз лозим бўлади.
Бундан ташқари, сўнгги пайтларда кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда, қурилиш хом ашёси ва материалларига эҳтиёж ошмоқда.
Аҳоли ва баъзи тадбиркорлар томонидан тоғли ҳудудларда ҳеч қандай рухсатсиз ноқонуний каръерлар ташкил этиб, тош ва қум – шағалларни қазиб олиш ишларига қўл урилмоқда.
Бу ғайриқонуний ҳаракатлари билан улар атроф-муҳитга салбий зиён етказишмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бу каби қонунбузилишлар ва уларнинг олдини олиш ишлари эса доимий равишда тегишли ваколатли назорат органлари эътиборида бўлиши керак.
Айни пайтда ўлкамизда куз фасли кезмоқда. Туман иқлимига мос манзарали кўчатларни экиш мавсуми ҳадемай бошланади.
Бу палла аҳоли учун яшаб турган ҳовли, кўча, маҳаллаларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш учун қулай фурсатдир. Чунки, тозалик ва озодалик бор жойда қут-барака, хосият мўл бўлади.
Айниқса, дарахт кўчатларини экишда атмосферага кислород ажратиб берувчи кенг баргли, яъни тол, терак, павлония, липа, акация, айлант, арча ва бошқа дарахт кўчатларини экишга алоҳида эътибор беришни ва кўпайтиришни тавсия этган бўлардик.
Туманимизнинг ҳудудий жиҳатдан кенглиги ов қилиш учун қулай ҳудуд бўлгани учун нафақат туманимиз, балки бошқа вилоятлар овчиларининг ҳам сафи кенгайишига сабаб бўлмоқда. Аммо бу имкониятлардан нотўғри фойдаланиш, фауна ва флора оламига ваҳшийларча муносабатда бўлиш Ўзбекистон Республикасининг “Қизил китоби” га киритилган ўсимлик ва ҳайвонат дунёсига жиддий зарар етказиш афсуски, авж олмоқда.
Туман бўйича жорий вақтгача ноқонуний ов билан шуғулланган бир нафар овчи “Қизил китоби” га киритилган бир дона жайрон (кийик) ни ноқонуний овлагани учун табиатга 33 450 000 сўм зарар етказган.
Минг афсуски, ноқонуний ов билан шуғулланаётганлар орасида раҳбар ходимлар, тадбиркорлар ва бошқа соҳа вакиллари ҳам учраб турибди.
Она табиат яратганнинг бебаҳо неъмати, қолаверса давлат мулкидир. Уларга зиён етказишга ҳеч кимнинг асло ҳаққи йўқ. Шундай экан, табиатга шафқатсизларча муносабатда бўлаётганларни тартибга чақириш, ўрни келганда жазо муқаррарлигини таъминлаш, бир сўз билан айтганда бу каби ноқонуний фаолиятини жиловлаш фурсати келди, деб ҳисоблайман.
Азиз ҳамюртлар!
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборидаги устувор йўналишлардан биридир.
Ҳозирги вақтда миллий қонунчилигимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича фаолиятини тартибга солувчи 30 дан ортиқ қонунлар ва 140 тадан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани бунинг яққол исботидир.
Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда Юртбошимиз раҳбарлигида она табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонат дунёсини асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Юртбошимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги “ 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг шу йил Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида “Экология кодекси қабул қилиш тўғрисида”ги таклифи соҳа равнақи ва келажаги учун тарихий воқелик бўлди.
Ҳозирги давр экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, соҳада туб силоҳотлар ўтказишни талаб этмоқда. Чунки, амалдаги қонунчилик талабларида қонунбузарларга нисбатан жазо тариқасида фақатгина маъмурий жавобгарлик белгиланган, холос.
Ҳолбуки, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида махсус қонунчилик асосида амалий чора-тадбирлар кўрилмаса, уларнинг табиатда йўқ бўлиб кетиши хавфини йўқотиб бўлмайди. Чунки, табиат мўъжизаларининг ҳар бир тури такрорланмас, ягона, ўзига хос ўринига ва муҳим аҳамиятга эга бўлган инъомдир.
Шундай экан, бизнинг фаол депутатларимиз табиатга етказилган ҳар қандай зарар ва йўқотишларга кўриладиган жазо чораларини янада кучайтириш юзасидан ўзларининг асосли таклифларини ишлаб чиқадилар, деган умиддаман.
Ҳурматли туман сектор раҳбарлари!
Ўз ҳудудингизда экологик вазият барқарорлигини таъминлаш, табиатни асраб-авайлаш борасида ташкилотчилик, ташаббускорликни намоён этиш ҳамда она табиатни талон-тарож қилишга йўл қўймаслик борасида фаоллик кўрсатишингиз талаб этилади. Экологик вазият барқарорлигида сизнинг эътиборингиз ва кўмагингиз жуда ҳам муҳимдир.
Қадрли халқ вакили – депутатлар, жамоатчилигимиз вакиллари!
Жойларда экологик ва тарбия маданиятини қарор топтиришда депутатларимиз ва жамоатчилигимиз, маҳалла фаолларимиз кўмагига таянамиз!
Чунки, сизлар ҳамиша халқ орасида бўлиб, бу борада тарғибот – ташвиқот ишларини олиб боришда жонбозлик кўрсатасизлар. Сизларнинг бу эзгу ва хайрли ташаббусларингиз экоолам барқарорлигида етакчи ўрин тутади. Шу боис, айни кунларда бу борада янада фаол бўлишингизни, халқимизни ортингиздан эргаштиришингизни сўраб қоламан.
Бу муқаддас замин – барчамизники. Жонажон мамлакатимиз экологияси, бебаҳо табиати, ҳар бир гиёҳи, сув ресурслари, ер усти ва ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш, асраш, уларни келажак авлодларга бус-бутун етказиш бугун ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Олдимизда кечиктириб бўлмас муҳим вазифалар турибди. Бугун бу борада чуқур қайғурмасак, эртага унинг асоратидан ўзимиз, ўсиб келаётган фарзандларимиз қаттиқ азият чекиши турган гап. Бунинг учун эса ҳаммамиз уйғонишимиз ва лоқайдлик ва бефарқлик кайфиятидан халос бўлишимиз лозим.
Албатта бу борада кечиктириб бўлмас тадбирларни амалга ошириш, аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда кенг жамоатчилик, нуронийлар, депутатлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий-ахборот воситалари вакиллари кўмагига таянамиз.
Қадрдли ҳамюртлдар!
Бир сўз билан айтганда, Яратганнинг бебаҳо инъоми бўлган муқаддас она табиатга зиён етказиш асло кечирилмас хатодир.
Зеро, буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний таъкидлаганларидек, “Агар инсонлар табиатга нисбатан беписанд муносабатда бўлиб, унинг қонуниятларини бузсалар, табиат бир кун келиб шундай ўч оладики, уни ҳеч қандай куч қайтаролмайди”.
Шундай экан, туманимиз экологияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда барча туманимиз аҳлини, давлат ва жамоатчилигимиз вакилларини яқин ҳамкорликка, фаолликка даъват этаман!
Учқудуқ туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар ишлари агентлигининг Учқудуқ туман бўлими ва нуроний фахрийларнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининги 30 йиллигига 30 дона кўчат менинг туҳфам” шиори остида жорий йил куз ва 2021 йил баҳор мавсумларида кўкаламзорлаштириш манзарали, мевали ва бута кўчатларини экиш бўйича туман аҳолисига
М У Р О Ж А А Т И
Азиз учқудуқликлар!
Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими ҳамда нуроний фахрийлар “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига 30 дона кўчат менинг туҳфам” эзгу ғоя остида Сиз азиз учқудуқликларга мурожаат қилишни лозим топдик.
Бугун юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг юксалиб бораётган турмуш даражаси, шаҳар ва қишлоқларимизнинг кўркам қиёфаси, одамлар онгу-тафаккуридаги ўзгаришлар, умуман, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тараққиёт юртдошларимизнинг Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларга, жонажон Ватанимизнинг келажагига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Шуни унутмайликки, осуда ва фаровон турмуш тарзини четдан келиб бизга ҳеч ким яратиб бермайди. Уни ўзимиз, ўз меҳнатимиз натижасида бунёд этсак, аниқроқ айтганда, ҳар биримиз ўз маҳалламиз, кўча ва хонадонларимизнинг саранжом ва файзли бўлиши учун ҳиссамизни қўшсак, бу гўшалар чинаккам обод масканларга айланади.
Эрта саҳарда туриб, кўча-ҳовлиларимизни супуриб-сидириш, ён-атрофга сув сепиш, турли гуллар экиш қайси хонадонга чирой бағишламайди, дейсиз.
Бу борада хонадон соҳибларига маслаҳатлар бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш, яратувчанлик ғояларига ундаш биз – маҳалла фаоллари, кўпни кўрган, нуроний оқсоқоларнинг энг муҳим вазифамиздир.
Унутмаслигимиз лозимки, ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч руҳи бўлади.
Биз ёшлар, фахрийлар Сиз азизларга мурожаат қилиб, туман маркази, овулларимизда имконият ва шароитлар етарли бўлишига қарамасдан кўчатлар экиш, уларни парваришлаш масалаларига бефарқ муносабатда бўлаётганимиз, айниқса, кўп қаватли уйлар атрофлари, хиёбонларимиз, дам олиш жойлари ўта аянчли аҳволга келиб қолганлиги аччиқ ҳақиқат эканлигини тан олишга мажбурмиз. Бу эса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг дунёқарашига, атроф-муҳитга, кўкаламзорлаштиришга бўлган муносабатига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди, албатта.
Айниқса, экилган кўчатларни парваришлаш, уни асраб-авайлаш ишларини ташкил этишга аҳолининг барча қатламлари бирдек масъул бўлиши лозим.
Бинобарин, ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган азалий урф-одатлар, ўлмас қадрият ва анъаналар, оиланинг ҳар бир аъзоси бажариши лозим бўлган муқаддас бурч, айниқса, катта ҳаёт остонасида турган ёшларимизга ибратли тушунтириш, ўйлаймизки, оилаларни бутун жамиятимизни янада мустаҳкамлайди.
Осмони мусаффо, жонажон Ўзбекистонимизга фақат ва фақат обод масканлар – кўркам ва гўзал кўчалар, файзли хонадонлар, дилга қувонч бағишловчи обод маҳаллалар ярашади.
Шундай экан, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига 30 дона кўчат менинг туҳфам” акцияси орқали туманимиз аҳолисининг ислоҳотларга, шаҳримиз кўркига, тоза ҳавосига бефарқ эмаслигига ишониб, Сиз азизларни 30 донадан кўчат экиш акциясида фаол иштирок этишга чақирамиз. Ҳар бир экилган кўчатга ўз меҳрингизни беришга, уни асраб-авайлашингизга, албатта, ишонамиз.
Ваҳоланки, ободлик кўнгилдан бошланади. Кўнгли обод халқнинг йўли ҳам очиқ, келажаги буюк бўлади.
Азиз учқудуқликлар!
“Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига 30 дона кўчат менинг туҳфам” шиори остида жорий йил куз ва 2021 йил баҳор мавсумларида туман маркази, маҳалла, аҳоли яшаш пунктлари, кўп қаватли бинолар, хиёбонларга кўрк берувчи манзарали дарахтлар ва бута кўчатларини экиш ишларида фаол иштирок этайлик!.
Бугун халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ўн саккизинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда депутатлар, туман ҳокими ўринбосарлари, масалага алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари бошлиқлари иштирок этди.
Мажлисни туман ҳокими кенгаш раиси С.Хамроев бошқариб борди.
Сессия кун тартибида туман жиноят ва фуқаролик ишлари, иқтисодий ва маъмурий судлар томонидан жорий йил учинчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотлари тингланди.
Таъкидландики, таҳлиллар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳудудда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, қўшмачилик ёки фоҳишахона сақлаш, меҳнат муҳофазасини бузиш билан боғлиқ жиноятлар кўпайганлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан жами 387 та иш кўрилган. Ишларни мазмунан кўришда судда мавжуд видеоконференция алоқа тизими имкониятларидан кенг фойдаланилган. 280 та ҳолатда ҳал қилув қарори чиқарилган, 23 таси иш юритувидан тугатилган, 84 та иш қолдирилган. Тарафлар фойдасига 1 млрд. 326 409 199 сўм моддий зарар, иш ҳақи ва бошқа қарздорликлар ундирилган. 42 млн. 100 минг сўм миқдорида маънавий зарар қоплаб берилган.
Кўриб чиқилган иш юритувидан давлат фойдасига дастлаб даъво ариза билан мурожаат қилишда 58 млн. 883 644 сўм, суднинг қарори билан 106 млн. 210 минг 931 сўм давлат божи ундирилган.
Бундан ташқари, никоҳдан ажратиш ҳақида 48 та иш кўрилган бўлиб, бу ўтган 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 26 тага кўпайган. Суд томонидан 7 та оила ярашганлиги сабабидан иш юритуви тўхтатилган. 13 та ҳолатда никоҳдан ажратиш учун асослар мавжуд эмаслиги сабабли рад этилган бўлса 25 та ҳолатда даъволар қаноатлантирилган.
Фуқаролик суди томонидан ҳисобот даврида энг кўп 39 та кўрилган иш тоифаларидан бири меҳнат низолари ҳисобланади. Уларнинг 26 таси қаноатлантирилган, 11 та даъво ариза рад этилган. 6 та ҳолатда ходимнинг асоссиз равишда меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги сабабли ўз вазифасига тикланган. Тарафлар фойдасига 113 млн. 183 минг 39 сўм моддий, 24 млн. 100 минг сўм маънавий зарар ундириб берилган.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида фуқаролик суди томонидан кўп кўрилган ва амалиётда кўп учрайдиган низолардан бири қарзни ундириш билан боғлиқ ишлар ҳисобланади. 27 та қарз ундириш билан боғлиқ ишлар кўрилиб, қарздор ҳисобланган жавобгарлардан 94 млн. 362 минг 188 сўм қарздорлик ундирилган.
Туман иқтисодий судига 25 та даъво ариза киритилган, 22 таси мазмунан кўриб чиқилган. Маҳсулот етказиб беришга доир низолар 2 тани, пудрат шартномасига доир низолар 8 тани, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасидан келиб чиққан низолар 1 тани, ижара шартномасидан келиб чиққан низолар 2 тани, олди-сотди шартномасидан келиб чиққан низолар 4 тани, қарздорликни ундиришга доир низолар 5 тани ташкил қилади.
Депуталар мажлис кун тартибида туман маҳаллий бюджетини орттириб бажарилган қисмидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли муаммоларини бартараф этишга сарфланиши тўғрисидаги масалани ҳам муҳокама қилдилар.
Сессия кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Янгича тизимдаги ўрта махсус таълимнинг илк йилида, Ўзбекистондаги 201 та коллеж ва 185 та техникумга жами 154 765 та квота ажратилган. Бу ўринлар учун талабгорлар сони 260 021 нафар. Бир ўрин учун конкурс 1,7га тенг. Ўқишга қабул қилинганларнинг 86 фоизи тўлов-контракт асосида ўқийди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Мелибоев жорий ўқув йилидан фаолияти йўлга қўйилаётган 725 та янги профессионал таълим муассасаларига қабул масаласида маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Касб-ҳунар мактаблари
Мелибоевга кўра, 2020/21 ўқув йили учун жами 339 та касб-ҳунар мактабларига 81 464 нафар 9-синфни тамомлаган мактаб битирувчилари қабул қилинган. Бу – жами битирувчиларнинг 16,7 фоизи демакдир.
«Уларнинг 5 275 нафари (6,5 %)ни эса ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оила фарзандларини ташкил қилади. Бугунги кунда Касб-ҳунар мактабларининг 311 тасида анъанавий, 28 тасида онлайн шаклда таълим жараёнлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, таълим жараёни онлайн шаклдан анънавий шаклга босқичма-босқич ўтказилмоқда. Ўқувчилар умумтаълим фанларидан ижара тизими асосида дарсликлар билан таъминланмоқда», – деди вазирлик вакили 16 ноябрь кунги матбуот анжуманида.
Коллежлар
Азиз Мелибоевга кўра, жорий ўқув йили учун 26 та вазирлик ва идоралар тизимидаги 201 та коллежга жами 81 325 нафар ўқувчини (шундан 12 762 нафари давлат гранти, 68 563 нафари тўлов-контракт асосида) қабул қилиш белгиланган. Жами 106 981 нафар абитуриентдан ариза келиб тушган.
«Тушган ҳужжатлар сонининг билим соҳалари кесимида улуши: «Таълим»да – 41,4 фоиз, «Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотда»да – 40,6 фоиз, «Муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш тармоқлари»да – 7,4 фоиз, «Хизматлар»да – 5,6 фоиз, «Ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ»да – 3,0 фоиз, «Қишлоқ хўжалиги»да – 1,8 фоиз, «Гуманитар фанлар ва санъат»да – 0,2 фоиз, «Фан»да – 0,03 фоиз», – деди у.
Техникумлар
Бошқарма бошлиғининг айтишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан жорий ўқув йилида 62 та ОТМ ҳузуридаги 185 та техникумга (шундан 47 таси тиббиёт йўналишидаги техникумлар) жами 73 440 нафар ўқувчини (шундан 9 199 нафари давлат гранти, 64 241 нафари тўлов-контракт асосида) қабул қилиш белгиланган. Жами 153 040 талабгордан онлайн тарзда ариза қабул қилинган.
«Жами тушган ҳужжатлар сонининг билим соҳалари кесимидаги улуши қуйидагича кўриниш олди: «Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминотда»да – 67,2 фоиз, «Муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш тармоқлари»да – 15,4 фоиз, «Ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ»да – 7,5 фоиз, «Қишлоқ хўжалиги»да – 5,1 фоиз, «Хизматлар»да – 4,1 фоиз, «Таълим»да – 0,7 фоиз», – деди Мелибоев.
Бу йил коллеж ва техникумларга саралаш имтиҳонлари 20 ноябрдан 30 ноябрга (30 ноябрь куни ҳам) қадар ўтказилади. Тест синовларини ўтказиш манзили ва графиги ҳали эълон қилинганича йўқ.
Эслатиб ўтамиз, коллеж ва техникумларда контракт нархи 3,9 – 4,2 миллион сўм оралиғида.
“Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш” ғояси остида ўтказиладиган маънавий-маърифий, маданий тадбирлар юртимиздаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилага кириб бориши муҳимлиги белгиланди. Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам ишчи гуруҳи ташкил этилиб, унинг таркибий аъзолари шакллантирилган.
Бугун, 9 ноябрь куни туман ҳокими С.Хамроев раислигида ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Ташкилий қўмита йиғилишида сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш ишларини маҳаллаларда ташкил этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлари фаолиятига тўхталиб, тарғибот тадбирларида аҳолининг барча қатламини тўла қамраб олиш муҳим масала эканлигини қайд этдилар.
Шунингдек, аҳолининг кайфиятини кўтариш, уларда ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, шукроналик, ўзаро ёрдам каби миллий ва умуминсоний қадриятларни янада кучайтиришга қаратилган маданий-маърифий тадбирларни ўтказишда, ҳар бир шаҳар-туманнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳоли кенг қатламига етказилишини таъминлашга қаратилган тадбирларни самарали ташкил этиш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Тадбирда карантин қоидаларини инобатга олиб, маҳалла ва туман миқёсида ўтказиладиган икки босқичли оммавий спорт тадбирларини пухта тайёргарлик билан ташкил этиш, нуроний, ёшлар ва хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасида ҳам тўхталиб ўтилди.
Шуннингдек, ишчи гуруҳлари фаолиятда нималарга аҳамият бериш лозимлиги, аҳолини юртимизда ва дунёда бўлаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятдан тўлақонли хабардор қилиш, юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчиликка таъсирчан усулларда етказиш борасида муҳим тавсиялар берилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Аввал хабар берганимиздек, 2017 йилдан буён туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ҳоким ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Марат Шамуратов Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди. Унинг ўрнига Учқудуқ туман ҳокимининг 2020 йил 4 ноябрдаги 11- ҚК сонли қарорига асосан, Муратов Нурладин Мустафаевич тайинланди.
Н. Муратов 1975 йилда Учқудуқ туман Мингбулоқ овулида туғилган. 1997 йилда Навоий давлат педагогика институтини тугатган. Мингбулоқ овулидаги 11-сонли умумий ўрта таълим мактабида математика ва информатика фани ўқитувчиси, мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ва мактаб директори вазифларида ишлаган.
2010 йилдан бошлаб Учқудуқ туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари, 9-умумий ўрта таълим мактаби директори сингари масъулиятли лавозимларда фаолият юритган. 2018 йилдан Учқудуқ туман халқ таълими бўлими мудири вазифасида ишлаб келмоқда.
У ўзининг раҳбарлик фаолияти давомида долзарб масалаларни мустақил ҳал этиши шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни чуқур идрок этиб, ҳаётга тадбиқ этишда ташаббускорлиги билан ажралиб туради.
Н.Муратов соҳада тўплаган бой тажрибаси, жонкуярлиги, юксак раҳбарлик қобилияти билан нафақат туманда, вилоятда жамоатчилиги орасида ҳурмат қозонган.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 3 ноябрдаги 507-сонли буйруғига асосан, Учқудуқ туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Марат Шамуратов Навоий вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
М.Шамуратов 1972 йилда Конимех туманида туғилган, миллати қорақалпоқ, маълумоти олий, 1997 йилда Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаган.
У 2017 йилдан буён Учқудуқ тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Хабарингиз бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш, Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида» 2019 йил 2 майдаги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш, Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги қарорига мувофиқ Навоий вилояти бўйсунувидаги Ғозғон шаҳри ташкил этилиб, Республика Вазирлар Маҳкамасининг «Навоий вилояти таркибида Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.
Бугун халқ депутатлари Ғозғон шаҳар Кенгаши иккинчи сессияси бўлиб, унда Учқудуқ туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Азим Бозоров Ғозғон шаҳар ҳокими этиб тасдиқланди.
А. Бозоров 1975 йил Навоий шаҳрида туғилган. Мутахассислиги бўйича муҳандис, иқтисодчи. Навоий давлат Кончилик институти ва Банк академиясини тугаллаб, 2018 йилдан буён Учқудуқ туман ҳокими ўринбосари вазифасида ишлаб келган.
Учқудуқ туман ҳокими ахборот хизмати.