Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина хусусий сектор томонидан пулли қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур хабарларга изоҳ берди.
Хабарга кўра, ушбу ҳолат юзасидан ССВ матбуот хизмати Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабековга мурожаат қилди. Унинг маълум қилишича, хусусий иммунопрофилактика муассасалар (вакцинация марказлари) томонидан коронавирусга қарши эмлаш жараёнларига рухсат берилган. Шу билан бирга, ҳозирги кунда коронавирусга қарши вакциналар фақат давлат буюртмаси асосида олиб келинмоқда. Ушбу вакциналар билан аҳолининг хавф ости гуруҳига кирувчи қатламлари эмланмоқда.
Қайд этилишича, хусусий иммунапрофилактик муассасалар ҳам ўзлари коронавирусга қарши вакцинани олиб келиб, эмлаш жараёнларини амалга оширишлари мумкин. Аммо ҳозирча бирор-бир бундай марказда амалиётлар ўтказилмаяпти.
Таъкидланишича, кейинчалик мамлакатга олиб келинаётган вакциналарга давлат буюртмаси шакллантирилаётган пайтда хусусий сектор эҳтиёжи ҳам эътиборга олинса (бугунги кунда вакциналарни ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқариш қуввати эҳтиёжни тўлиқ қондира олмаяпти), уни мамлакатга етказиб бериш билан шуғулланадиган ташкилот, шу жумладан, «Дори-дармон» АК томонидан ҳам хусусий секторга йўналтирилиши мумкин. Аммо ҳозирча фақат давлат муассасаларида хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.