Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши ўзбек—хитой вакцинасининг етишмаётгани тўғрисидаги миш-мишларни рад этди.
Ижтимоий тармоқларда ZF-UZ-VAC2001 ўзбек—хитой вакцинасининг иккинчи дозасини олиш учун борган фуқароларга вакцина йўқлиги айтилгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Инновацион ривожланиш вазирлигининг маълум қилишича, вакцинанинг иккинчи дозаси 1 майдан эрта олинмайди.
«Ўзбек—хитой ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 1-дозасини ҳамюртларимиз 1 апрелдан бошлаб олди. Демак, иккинчи доза 1 майдан эрта олинмайди. Ва учинчисини 1 июндан бошлаб олади. 2021 йилнинг апрель ойи охиригача ўзбек—хитой ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яна 1 миллион дозаси Ўзбекистонга олиб келинади», — дейилади хабарда.
ZF-UZ-VAC2001 — уч компонентли вакцина бўлиб, ҳар бир дозани қилиш орасидаги муддат 28—30 кунни ташкил этади. Эмланаётган инсон вакцинация жараёнини биринчи қабул қилган вакцинада давом эттириши керак.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технология марказининг лаборатория мудири Дилбар Долимованинг сўзларига кўра, маълум муддат вакциналар Хитойдан келтирилиши режалаштирилган. Лекин кейинчалик мазкур вакцинани Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш мақсадида лаборатория ҳамда техник ва ишлаб чиқариш қувватларини инобатга олиб, Jurabek Laboratories МЧЖ қўшма корхонаси томонидан тақдим этилиши кўзда тутилган.