"Ватанпарвар" ташкилоти энди кам таъминланганларни нафақат ҳайдовчиликка, балки яна 10 хил касбга бепул ўқитмоқчи. Бу ҳақда 26 март куни Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров ташкилотнинг навбатдан ташқари конференциясида маълум қилди.
Унга кўра, “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятининг янги даврида ташкилот ўз мақсад ва вазифаларини амалга оширишда ҳеч оғишмасдан ҳаракат қилиш баробарида янгидан-янги ташаббуслар ишлаб чиқади, шунингдек, давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан қўйилаётган топшириқларни муддатида сифатли бажариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.
Жумладан, ташкилотнинг аҳоли, айниқса ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни касбга ўқитиш ҳамда спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиш борасидаги фаолияти тубдан такомиллаштирилади.
Ҳ.Ботировнинг билдиришича, 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан республикамиз миқёсида ёшларни меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касбларга ўқитиш 3 босқичда амалга оширилади.
1-босқичда шу йилнинг апрель ойидан бошлаб фуқароларни “Ватанпарвар” ташкилотининг “Ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларида” “В”, “ВС”, “С”, “D”, “E” тоифалари бўйича ўқитилиши йўлга қўйилади.
2-босқичда август ойидан “Техник хизмат кўрсатиш курслари” ташкил этилиб, ёшлар 5 хил касбга – вулканизатор, электрик-аккумуляторчи, газ-электр пайвандчи, чилангар, автоэлектрик мутахассисликлари бўйича ўқитилиши мўлжалланмоқда.
3-босқичда декабрь ойидан бошлаб “Мураккаб техникаларни бошқариш курслари” йўлга қўйилиб, ушбу курсларда юк ортувчи транспорт, автогидро-подъёмник, юк машинаси крани, ғилдиракли трактор, битта ковшли экскаватор техникаларини бошқариш бўйича ўқитилиши кутилмоқда.
Эътиборлиси, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар юқоридаги касбларга бепул ўқитилиши режалаштирган.
“Ватанпарвар” ташкилоти ушбу вазифани амалга ошириш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва бир қатор идоралар билан музокаралар олиб бормоқда.
Конференция давомида Марказий кенгаш аъзолари томонидан қатор масалалар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Уставига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишига овоз берилди.
Ташкилотнинг янги таҳрирдаги Уставига киритилган жиддий ўзгаришлардан бири унга “Ташкилотнинг Қуролли Кучлар билан ҳамкорлиги” деб номланган янги XII-бобнинг киритилиши бўлди. Мазкур бобда “Ташкилот мамлакатимиз ёшларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, Ватан ҳимоясига, унинг миллий хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини таъминлашга доимо шай туришга ҳамда ҳарбий хизматни ўташга тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари билан ўрнатилган тартибда ҳамкорлик қилиши ва уларга ҳар томонлама кўмаклашиши” белгиланган.
Умуман олганда Уставда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, фуқаролар, айниқса ёшларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлаш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни касбга ўқитиш ҳамда спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ишларида кўмаклашишга доир бир қатор аниқ вазифалар белгилаб қўйилди.