Қозоғистоннинг Қизилўрда ва Ўзбекистоннинг Учқудуқ шаҳарлари ўртасида 280 километрлик янги магистраль йўл қурилиши режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда review.uz Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлига таяниб хабар қилди.
Декабрь ойида икки давлат вакиллари Қизилўрда-Учқудуқ автомобиль ва темир йўл қурилиши режасини имзолаган. Магистраль йўлнинг умумий узунлиги 280 км ни ташкил этиб, унинг 140 километри Қозоғистон ҳудудидан ўтиши кутилмоқда.
2024−2025 йилларда йўлнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, 2025 йилдан эса икки-уч йил ичида йўл қурилишини бошлаш режалаштирилган.
Автомобиль йўли қурилишининг смета қиймати 75 млрд. тенге, жумладан, назорат-ўтказиш пункти қурилиши учун 5 млрд. тенгени ташкил этади.
Мазкур йўлнинг Марказий Осиё давлатларини Қозоғистоннинг жанубий, марказий ва шимолий ҳудудлари орқали Россия билан бирлаштириши кутилмоқда. Йўл Қизилўрда — Жезқазғон — Павлодар — Россия чегараси халқаро коридорининг бир қисми бўлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Қизилўрда — Учқудуқ янги темир йўл линиясини қуриш ташаббуси билан чиқмоқда. Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди. Техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш учун иқтисодий таҳлил ўтказиш қолади.
Бу икки давлатнинг режаларидаги ягона темир йўл эмас.
Сайёҳлик салоҳиятини ошириш учун 2021−2024 йилларда 160 млрд. тенгега (тахминан 369 млн доллар) Туркистон-Чимкент-Тошкент тезюрар автомобиль йўлини қуриш масаласи ҳам ишлаб чиқилмоқда. Ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг энг йирик тарихий-маданий марказларини бирлаштиради, йўловчи ташиш ҳажмини йилига 250 км/соат тезликда 1,9 млн. йўловчига етказади.
Шунингдек, 115 км узунликдаги Ўзбекистон темир йўл линияларига чиқадиган Дарбаза — Мақтарал темир йўл линияси қурилиши ҳам ишлаб чиқилмоқда. Давлат режасида мазкур лойиҳага 161,8 млрд тенге маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Мазкур темир йўлнинг Афғонистон, Покистон, Туркманистонга транзит масофасини қисқартириши, мавжуд Сариағаш назорат-ўтказиш пунктидаги юкламани енгиллаштириши кутилмоқда.
Oʻzbekiston Respublikasi hududida yaxlit va xar bir maʼmuriy-hududiy birlik boʻyicha aniq bir vaqtda yashovchi shaxslarning turli tavsiflari toʻgʻrisida xalqaro taqqoslana oladigan ishonchli, xolis va yaxlit maʼlumotlarni yagona statistik uslublar asosida yigʻish aholini roʻyxatga olishning maqsadi hisoblanadi.
Quyidagilar aholini roʻyxatga olishni oʻtkazishning asosiy vazifalari hisoblanadi:
✅ aholi tarkibidagi global oʻzgarishlarni baholash, demografik siyosatni, aholi sogʻliqini mustahkamlash, ayollar va bolalar ahvolini yaxshilash va oilalarga yordam koʻrsatish chora-tadbirlarini ishlab chiqish uchun axborotlar bazasini kengaytirish;
✅ aholi punktlari va shaharlar infratuzilmasini rivojlantirish, mehnat resurslaridan foydalanish va ularni joylashtirish boʻyicha qisqa, oʻrta va uzoq muddatli prognozlar, dasturlar tayyorlash va indikativ rejalashtirish;
✅ milliy barqaror rivojlanish maqsadlarini shakllantirish va uning amalga oshirilishi ustidan monitoring oʻtkazish;
✅ aholini roʻyxatga olish davrlari oraligʻida aholi soni va tarkibining joriy hisobini yuritish, aholi sonining hisobi va prognozlarini amalga oshirish uchun statistik bazani yaratish;
✅ ijtimoiy-iqtisodiy muammolar boʻyicha ilmiy tadqiqotlarni amalga oshirish.
Uchquduq tuman statistika boʻlimi
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан таълим муассасаларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилиб, тарғиботчиларга таълим муассасаларида ўқувчиларнинг иқтидори ва истеъдодини янада ривожлантириш, маънавий-маърифий тадбирлар сифати ва мазмунини ошириш, таълим тизимида амалга оширилаётган ижобий ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Учқудуқ туманидаги умумтаълим мактабларида ҳам бугунги кунда 15 нафар тарғиботчилар фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг фаолияти натижасида кўплаб ёш истеъдодлар кашф этилиб, таълим муассасаларида ижодий-маънавий муҳит янада яхшиланишига эришилди.
Фестивалда тарғиботчилар ўз фаолиятларига бағишланган тақдимотларни намойиш этишди ҳамда туман халқ таълими бўлимининг “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Tumanimiz markazining Amir Temur ko‘chasida zamonaviy ko‘rinishda qad rostlagan, aholiga xizmat ko‘rsatish uchun tashkil etilgan umumiy ovqatlanish shoxobchasi va avtobekat peshlavhasi qonun talablariga rioya etgan holda davlat tilida lotin yozuviga asoslangan o‘zbek alifbosida yozildi.
Qonun talablariga rioya etgan holda yozilgan bunday o‘zbekona nomlarning ko‘payishi ona tilimizga xos so‘zlar ommalashishiga, milliy o‘zligimizni anglashga, yoshlarni davlat tiliga va qonunlarga hurmat ruhida kamol toptirishga xizmat qiladi.
Mentalitetimizga xos bo‘lgan sof ona tilimizdagi so‘zlarni savdo, ishlab chiqarish, xizmat ko‘rsatish sohalarida keng qo‘llanishi esa, asl o‘zbek so‘zlarini ommalashishiga, davlat tilining mavqeyi yanada oshishiga xizmat qiladi, albatta.
Shunday tadbirkorlarimizning jamiyatimiz uchun, shuningdek, ona tilimizning ravnaqi uchun qo‘shayotgan hissasidan minnatdormiz!
Sojida Islomova
Uchquduq tumani hokimining maslahatchisi
Joriy yilning 22-23-dekabr kunlari Uchquduq tuman hokimligi ishchi guruhi Amir Temur, Cho‘lguli va Mustaqillik ko‘chalarida joylashgan 50 dan ortiq davlat idoralari, tashkilotlar va tadbirkorlik obyektlarining (oziq-ovqat do‘koni, dorixona, qurilish mollari do‘koni, xo‘jalik mollari do‘koni, avtomobil ehtiyot qismlari do‘koni, go‘zallik saloni, telefon ta’mirlash ustaxonasi, mebel sexlari, aholiga maishiy xizmat ko‘rsatish shoxobchalari, o‘quv markazlari va h.k.lar) bino yuza qismidagi peshlavhalari va reklama va boshqa e'lon, axborot matnlarining davlat tili to‘g‘risidagi qonun talablariga qanchalik to‘g‘ri kelishi, shuningdek, yaqinlashib kelayotgan Yangi yil bayramini xushkayfiyatda, oila davrasida o‘tkazish, bayram arafasida xavfsizlik qoidalariga rioya qilish yuzasidan tashviqot-targ‘ibot ishlarini olib bordi.
Targ‘ibot jarayonida tadbirkorlarga davlat tili borasidagi islohotlar yuzasidan tushuntirish ishlari olib borildi. Aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish uchun tadbirkorlarga ogohlantirish xatlari berildi.
Shuningdek, islohotlarni o‘z vaqtida to‘g‘ri tushunib, o‘z savdo obyektidagi tashqi yozuvlarni davlat tili to‘g‘risidagi qonun talablariga mos tarzda davlat tilida lotin yozuviga asoslangan o‘zbek alifbosida shakllantirgan tadbirkorlarga davlat tiliga hurmat namunasini ko‘rsatgani bois minnatdorchilik bildirildi.
Suhbat davomida aksariyat tadbirkorlarning davlat tili borasida islohotlarni to‘g‘ri qabul qilib, ona tilimiz ravnaqi uchun qo‘llaridan kelgancha namuna bo‘la olishga va'da berishlarini eshitib juda xursand bo‘ldik.
Ona tilimizni qadrlovchi tadbirkorlar yanada ko‘payishini, davlat tilimizning mavqeyi yanada oshishini, qadri sarbaland bo‘lishini, kelayotgan yangi yil barcha yurtdoshlarimiz uchun eng omadli yil bo‘lishini tilab targ‘ibotda davom etdik.
Islomova Sojida
Uchquduq tumani hokimining maslahatchisi
Қўшма Штатлар чоршанба куни Pfizer inc компаниясининг (PFE.N) CОVID-19 вирусига қарши дорисини(таблетка) 12 ва ундан катта ёшдаги жиддий касаллик хавфи остидаги одамлар учун тасдиқлади.
Бу оғиз орқали ва уйда даволаниш учун биринчи дори. Қайд этилишича, бу ҳам тез тарқалаётган «омикрон» версиясига қарши янги воситадир, дея хабар бермоқда Reyters.
Pfizer томонидан ўтказилган клиник тадқиқотга кўра, вирусга қарши Paxlovid препарати жиддий касаллик хавфи юқори бўлган беморларни касалхонага ётқизиш ва ўлимнинг олдини олишда деярли 90 фоиз самарали эканлиги маълум бўлган. Компания маълумотларига кўра, сўнгги лаборатория маълумотлари препаратнинг «омикрон» штаммига қарши самарали бўлишини кўрсатмоқда.
Жон Хопкинс Соғлиқни сақлаш хавфсизлиги институтининг катта илмий ходими Амеш Адала: «Дори воситасининг тасдиқланиши муҳим босқич бўлиб, CОVID-19 ни инфекцияни янада назорат қилиш йўлидаги яна бир қадамдир», - деди.
«Бироқ, иккита асосий муаммо сақланиб қолмоқда: келгуси ҳафталарда дори танқис бўлади ва ундан оптимал фойдаланиш тезкор ташхисни талаб қилади, бу эса коронавирус тестлари билан боғлиқ давом этаётган муаммолар туфайли қийин бўлиши мумкин.
Pfizerнинг таъкидлашича, компанияда бу йил жўнатишга тайёр бўлган 180 000 муолажа учун дори мавжуд. АҚШ ҳукумати билан 10 миллион дори курси учун тузилган шартнома ҳар бир курс учун 530 долларга баҳоланмоқда.
Санитария назорати бошқармасининг даволаниш учун фавқулодда рухсатнома бериш тўғрисидаги қарори АҚШда «омикрон» вариантидан келиб чиққан COVID-19 ҳолатларининг кўпайиши билан курашаётган бир пайтда қабул қилинди. Президент Жо Байден, шунингдек, федерал эмлаш ва синов марказлари сонини кўпайтириш режаларини эълон қилди.
Биринчи марта ноябр ойида Африканинг жанубида ва ноябр ойида Гонконгда аниқланган, «омикрон» варианти бутун дунё бўйлаб тарқалди ва АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказига кўра, ҳозирда Қўшма Штатлардаги янги коронавирус ҳолатларининг 70 фоиздан ортиғини ташкил қилади.
Таъкидланишича, препарат фақат рецепт бўйича мавжуд. Препарат билан даволашни коронавирус белгилари бошланганидан кейин беш кун ичида бошлаш керак. Дорилар ҳар 12 соатда беш кун давомида олинади.
Pfizer 2022 йилда АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика идорасига тўлиқ тартибга солишни тасдиқлаш учун янги ариза топширишни режалаштираётганини айтди.
Рақобатчи Мerck & Cо (МRК.N) томонидан ишлаб чиқилган препарат Санитария назорати бошқармаси томонидан кўриб чиқилмоқда. Мolnupiravir, Ridgeback Biotherapeutics билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дори, синовларда касалхонага ётқизиш ва ўлим хавфини 30 фоизга камайтирди.
Қайд этилишича, Pfizer акциялари чоршанба куни 1 фоиздан ошиб, 59,45 долларни ташкил қилган
Президентнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4881-сонли Қарори ижросини таъминлаш, курашни умумхалқ спортига айлантириш ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида “Прокурор кубоги” учун мусобақалари ташкил этилди.
Жорий йилнинг 21-22 декабрь кунлари Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтказилган мусобақаларда сектор ҳудудида истиқомат қилаётган 30 нафардан ортиқ ёшлар 5 та вазн тоифасида гиламга тушдилар.
Муросасиз кечган баҳсларга кўра, 32 кг. вазн тоифасида 1- ўрин Николай Мелниковга, 2 - ўрин Камол Баҳриддиновга, 3 - ўрин Самандар Фазлиддиновга насиб этди.
36 кг. вазн тоифасида ўтказилган мусобақаларда эса 1 - ўринга Абу Бакр Ҳасанов, 2 – ўринга Зиёдулла Сайфуллаев, 3 – ўринга Николай Мелников сазовор бўлди. Яна бир 42 кг.вазн тоифасида 1- ўринга Омадбек Козимов, 2 – ўринга Бали Нуримханов, 3 – ўринга Умид Самиевлар эгалик қилишди.
Шунингдек, 48 кг. вазн тоифасидаги беллашувларда 1 - ўринга Маъмур Арзиқулов, 2 – ўринга Бакир Тўраев, 3 – ўринга Улуғбек Абдураҳмонов сазовор бўлдилар. Мусобақаларнинг 52 кг. вазн тоифасидаги беллашувларида 1 - ўрин Фарруҳ Файзуллаевга, 2 - ўрин Асрор Азаматовга, 3 – ўрин Алҳамид Файзуллаевга насиб этди.
+52 кг. вазн тоифасида 1 – ўринга Шаҳбоз Усмонов, 2 - ўринга Мирзабек Раҳматуллаев, 3 – ўринга Озодбек Мизамовлар сазовор бўлди.
Икки кун давомида сектор ҳудудидаги ёш полвонларни бир жойга жамлаган спорт мусобақасида ғолибликни қўлга киритган совриндорлар дипломлар, медаллар ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирландилар.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Давлат статистика қўмитаси 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар 10 талигини эълон қилди.
Рўйхатга кўра,
Хитой – 2,3 млрд.
Россия – 1,9 млрд.
Туркия – 1,5 млрд.
Қозоғистон – 1,1 млрд.
Қирғизистон. – 711 млн.
Афғонистон – 573 млн.
Тожикистон – 451 млн.
Украина – 203 млн.
Канада – 182 млн.
Туркманистонга 176 млн. АҚШ долларлик экспорт амалга оширилган.
Мазкур ҳудуддаги нуронийлар берган маълумотларга кўра “Кокпатас” номи тарихи XIV–XV асрларга – Амир Темур ҳукмронлиги даврига ҳатто ундан ҳам қадимийроқ даврларга бориб тақалади. “Кокпатас” номи неча асрлардан буён авлоддан-авлодга мерос сифатида ўтиб келаётган жуда табаррук ва хосиятли жой номи бўлиб, шу ерлик аҳоли учун қадимий ном саналади. Маълумотларга кўра, ўтмишда Туркманистон, Қозоғистон каби давлатлардан очарчилик сабаб одамлар шу ҳудудга кўчиб келиб шу ерларни манзил-макон қилиб, Кокпатас овулида аҳил-иноқ яшаганлар.
Ушбу ҳудуд табиат мўъжизаси дея эътироф этилган, қадим-қадимдан ҳозиргача сақланиб қолган, суви шифобахш бўлган қапқоқли булоқ мавжуд бўлгани боис “Қапқоқтош” маъносини англатувчи “Қапқақтас” номи билан аталган.
Ўтмишда “Кокпатас” ҳудудига кираверишда, ўнг тарафда, сой бўйида булоқлар (чашмалар) бўлган, чўлнинг ўртасида ҳаёт рамзи сифатида доимий зилол чашма суви чиқиб турган. Булоқларнинг бири табиат мўъжизаси сабаб катта тошнинг тагида худди қопқоқ билан ёпилгандек кўринишда бўлгани сабаб, мазкур жой шу ерлик чорвадор чўпонлар ва маҳаллий аҳоли тилида ҳаёт манбаи бўлган мўъжизавий булоқ кўринишига тақлидан “Қапқақтас” номи билан юритила бошланган. 1958 йилда геология қидирув ишлари олиб бориш учун турли миллатларга мансуб геологлар келиб мазкур ҳудуд номини “Какпатас” тарзида талаффуз қилишган ва геология қидирув ишларини олиб бораётган экспедиция номи ҳам “Кокпатас” деб номланган. Шу тариқа бу аҳоли пункти номи маҳаллий аҳоли тилида ўзларига қулай шаклда “Кокпатас” тарзида юритила бошланган ва мустақиллик йилларида ташкил қилинган МФЙга ҳам маҳаллий аҳоли хоҳиши ва талабидан келиб чиқиб ўзлари йиллар давомида ўрганган ном - “Кокпатас” номи берилган.
“Кокпатас” аҳоли пункти номи ва ушбу ном билан боғлиқ маълумотлар Борис Шалатониннинг “Қизилқумнинг мингдан бир мўъжизаси” китобида, Искендер Матжусип ўғлининг “Хосиятли ўлкам – Қизилқум” китобида, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да, 2015 йил нашр қилинган “Учқудуқ – Қизилқум жавоҳири” китоб-альбоми ва 2017 йил нашр қилинган “Учқудуқ – саҳродаги бўстон!” альманахида мавжуд.
Ёшларнинг жўшқинлиги ва шижоати мамлакат тараққиётида беқиёс кучдир. Улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, келажакка ишончини ошириш азалий анъана ва қадриятларнинг умрбоқийлигини таъминлайди.
Шу боис, юртимизда айнан ёшлар масаласига эътибор давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Учқудуқ туманида ҳам “Ўзбекистон ёшлари форуми-2021” доирасида ташкил этилган лойиҳа ва тадбирларда барча туман ёшлари фаол иштирок этди.
Ўтган бир ой давомида форум доирасида “Ёш китобхон”, “Зукко китобхон” интеллектуал танлови, “Мунозара” беллашуви, “Ёш истеъдод” телевизион танлови, “Рэп-2021”, “Ҳар ҳафтада бир китоб”, “Киберспорт”, “Автопойга”, “Йил етакчиси Республика танловининг туман босқичи” ва бошқа кўплаб тадбирлар ва спорт беллашувлари ўтказилди.
Шунингдек, ёшларни ватанга садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Хотира” хиёбонига ташрифи, уюшмаган ёшлар ва умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчиларининг № 99818 – сонли ҳарбий қисмга саёҳати ташкил этилди.
Бундан ташқари, “Депутат ва ёшлар”, “Сектор раҳбари ва ёшлар” ҳамда “Ташкилот раҳбари ва ёшлар” каби учрашувлар бўлиб ўтди. Ўтказилган мазкур лойиҳалар ёшларнинг ғоя ва таклифларини эшитиш, замон қаҳрамонларини кашф этиш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва мамлакатимиздаги янгиланишларга фаол жалб қилиш мақсадини кўзлагани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
“Янги Ўзбекистон ёшлари форуми - 2021” якуни бўйича бугун “Учқудуқ” маданият уйида галаконцерт дастури ўтказилди. Унда Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг келажакда янада равнақ топишида, мустақиллигини мустаҳкамлашда, учқудуқлик ёшлар ҳам ўз билим ва тафаккури, изланиш ва интилиши билан муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.
Форум доирасида ўтказилган беллашувлар ғолбилари туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбирда “Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйи бадиий жамолари ҳамда санъатсевар ёшларнинг чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
More...
Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроевнинг “Ўзбекистон ёшлари форуми-2021” доирасида ўтказилган галаконцерт дастурида сўзлаган нутқи
Ассалому алайкум азиз ёшлар!
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Барчамизга маълумки, муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялаш йўлида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди.
Бу эътибор ва рағбатга жавобан бугун Сиз ёшларнинг етакчи куч бўлиб ҳаётга кириб келаётганингиз, ўз билим ва салоҳиятингиз, иқтидорингиз билан юртимиз тараққиётини мустаҳкамлашда таянч ва суянч бўлаётганингиз ҳамиша бизга ғурур ва ифтихор бағишламоқда.
Эътироф этиш жоизки, ўтган қисқа муддат ичида мамлакатимизда Сиз ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларингизни ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ташкилий ва ҳуқуқий база яратилди.
Хусусан, ёшлар масалаларига оид 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ўсиб келаётган келажагимиз эгаларининг интилишларини муносиб рағбатлантириш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти, “Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи» мукофоти, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони, шунингдек, инновацион ва креатив ғояларини намоён этиб келаётган ёшларимиз учун «Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари» грант танлови ва шунга ўхшаш кўплаб танловлар таъсис этилгани уларга янгидан-янги қирраларни очмоқда.
Биргина, Учқудуқ тумани мисолида айтадиган бўлсак, 20-умумий ўрта таълим мактабининг собиқ ўқувчилари Нурбек Эргашев ҳамда Акмал Араловлар АҚШнинг 20 дан ортиқ университетларига ҳужжат топшириб, ўқишга кирган. Бугунги кунда уларнинг ҳар иккаласи ҳам компьютер технологиялари йўналишида нуфузли университетларда ўқишни давом эттирмоқда.
Имтиҳон натижаларига кўра, уларнинг ҳар бири 20 минг АҚШ долларлик грант соҳибига айлангани ҳам давлатимиз раҳбари бошчилигида қисқа вақтда таълим-тарбия соҳасида танлаган йўлимизнинг нақадар тўғри эканлигини яққол исботлаб турибди.
Ўтган йилнинг сўнгида ҳурматли Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади», деган ғояни илгари сургани бежиз эмас. Зотан, Юртбошимиз таъкидлаганидек, «Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз».
Азиз ёшлар!
Бутун дунёда глобаллашув жараёни изчил давом этаётган шу синовли кунларда ўз ақл-заковати, мустақил фикри билан ўзининг кимлигини, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини чуқур англаб етган, ён-атрофидаги воқеаларга дахлдорлик туйғуси билан яшаётган баркамол ёшларимиз қалбимизга ҳамиша чексиз фахру ифтихор бағишлайди.
Улар сафида бугун бепоён Қизилқум саҳроси бағрида камол топаётган, билим эгаллаётган, биз билан ёнма-ён меҳнат қилаётган шижоатли, матонатли чорвадор-у, кончиларнинг ёш авлод вакиллари ҳам борлиги қувонарлидир.
Зеро, бугун ёнимизда шундай шижоатли ёшлар кўплаб топилади. Ана шундай кўзи ёниб турган, замонавий фикрлайдиган, илм-фан сирларини пухта эгаллаган издошларимиз етишиб келаётганидан ғурурланамиз.
Шу ўринда, эътиборларингизни қуйидаги рақамларга жалб этмоқчиман. Статистик маълумотларга қараганда, ҳозирда дунё аҳолисининг 20 фоизини, жонажон юртимизда эса аҳолининг 60 фоизини, туманимизда эса 63 фоизини ёшлар ташкил этади. Бу ўз-ўзидан Ўзбекистон ҳақиқий ёшлар мамлакати ва улар етакчи куч эканлигини тасдиқлайди.
Бир сўз билан айтганда, юртимизнинг ёрқин келажаги ва халқимизнинг умиду ишончи Сиз қора кўзларимизга боғлиқ. Ўз навбатида, келажагимиз эгалари ҳам яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда, мукаммал билим олиш ва касб-ҳунар эгаллаш, шунингдек, халқимизнинг орзу-истакларини амалий ишлар билан рўёбга чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйишлари лозим.
Қадрли ёшлар!
Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан Сизларнинг билим ва илм чўққиларини эгаллашингиз учун барча имконият эшиклари очиб берилмоқда.
Яратилаётган бундай имкониятларга жавобан, Сиз мамлакатимизнинг келажакда янада равнақ топишида, мустақиллигини мустаҳкамлашда, жаҳон майдонидаги ўрнини юксалтиришда ўз билим ва тафаккурингиз, изланиш ва интилиши билан муносиб ҳисса қўшишларига ишонамиз.
Сиз азиз ёшлар ҳамиша Юртбошимизга, ота-онангизга, устозларингизга муносиб ворис бўлиб, билдирилган юксак ишончни оқлашингиз ҳам қарз, ҳам фарздир.
Биз сиз учун барча имкониятларни яратиб берамиз!
Сиз эса ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини қуришда ўз келажагингизни танланг!
Азиз ёшлар! Биз Сиздан ҳамиша улкан муваффақиятлар кутиб қоламиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Президент Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизда ерни асраб-авайлаш, адолатли ажратиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Жорий йилда қишлоқ ерларини очиқ танлов асосида ажратиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган жойларни аукцион асосида хусусийлаштириш тўғрисида қонун қабул қилинди.
2020 йил 7 сентябрда “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони имзоланган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Кадастр агентлиги ташкил этилди. Фармонда кўплаб янгиликлар қатори давлат кадастрлари объектларини хатловдан ўтказиш ва Миллий геоахборот тизимига киритиш вазифаси ҳам белгиланганди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги ерлари ялпи хатловдан ўтказилмоқда. Бугунги кунгача 23 миллион гектар қишлоқ ерларининг электрон хариталари яратилди. Шундан, 22 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилди.
Илгари ҳисобга олинмаган 412 мингта кўчмас мулк кадастр базасига киритилди, 478 мингта объектда қўшимча қурилмалар аниқланиб, кадастр баҳоси қайта кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, хатловда кўплаб хатоликлар ҳам юзага чиқмоқда. Мисол учун, электрон ҳисобга олинаётган қишлоқ хўжалиги ерлари қоғозда юритиб келинган Ер фонди ҳисоботи билан фарқ қилмоқда.
Бундан ташқари, йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастрида ҳам кўплаб муаммолар мавжуд.
Булар қилинадиган ишлар ҳали кўплигини кўрсатади.
Шу боис йиғилишда галдаги муҳим вазифалар белгиланди.
Аввало, қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини келгуси йил 1 апрелгача якунлаш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги ер балансидаги 2 миллион 700 минг гектар майдоннинг тоифасини аниқлаш зарур.
Келгуси йилда аҳолига ижарага бериладиган 80 минг гектар ерни давлат рўйхатидан ўтказиб, кейин танловга чиқариш вазифаси қўйилди.
Ҳудудларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳам кўпки, улардан ҳам самарали фойдаланиш зарур. Масалан, ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида 10 миллион гектардан зиёд, сув хўжалиги вазирлиги тизимида 820 минг гектар, автомобиль йўллари атрофида 450 минг гектар ер бор. Шунингдек, 3 миллион 300 минг гектар ер ҳокимликлар захирасида турибди.
Давлатимиз раҳбари бу ерларнинг электрон харитасини тузиш ва давлат мулки сифатида рўйхатдан ўтказиш кераклигини таъкидлади.
Ички йўллар ва кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни доимий фойдаланишга ажратиш мумкинлиги қайд этилди.
Яна бир муаммо – ер балансида аҳоли яшаш майдонлари 223 минг гектар бўлса-да, амалда 1 миллион гектардан ошиб кетган. Шу боис, бундай кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиб, унинг натижаси бўйича электрон харита тузиш ҳамда аҳоли учун очиқ онлайн платформага жойлаштириш вазифаси қўйилди.
Кадастр идораларининг шароитларини яхшилаш, ускуналарини янгилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикаси хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жихатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5117-сонли қарорига асосан Учқудуқ туман халқ таълими бўлимига қарашли 3-умумий ўрта таълим мактаби Хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби сифатида ташкил этилди. Мактабда бугунги кунда ихтисослаштирилган 5-синфларда жами 60 нафар ўқувчилар чуқурлаштирилган дастурлар асосида инглиз тилини ўрганмоқдалар. Уларга олий тоифали, халқаро даражада тан олинган сертикатларга эга бўлган, ўз касбининг фидойи устозлари таълим бериб келишмоқда.
Мактабда 5 нафар ўқитувчи халқаро ва миллий даражадаги тан олинган сертифатларга эга бўлиб, яқиндагина 11-синф ўқувчиси Саидмуродова Дилноза 7.5 баллик натижа кўрсатиб, IЕLTS сертификатини қўлга киритди.
Бугун туман ҳокими С.Хамроев ва турли ташкилотлар раҳбарлари томонидан мактабнинг рамзий очилиш маросими ўтказилди. Мактабда хорижий тилларни ўқитишда бир қатор ютуқларга эришган устозлар ва уларнинг шогирдлари туман раҳбарияти томонидан рағбатлантирилди.
Қирғинбарот уруш йилларида ҳам одамлар очликдан, муҳтожликдан эзилиб, ҳамма нарсаларини сотиб, очликдан силласи қуриган болаларига бир бурда нон олиб берганлигини кўп бора эшитганмиз. Ўшандай оғир йилларда ҳам одамлар ҳамма нарсасини, бор - будини сотса ҳам, ҳеч ким ўз боласининг бешигини сотмаганлигини ҳар гал эслаганда, юракни шарҳсиз туйғулар эгаллаб олади. Жонсиз ёғоч буюмга шу қадар эҳтиромда ўзига хос меҳр борлиги бизнинг миллий ўлмас қадриятимизга айланганлиги кўнгилга ғурур бағишлайди.
Бугун-чи, бугун? Бешик эмас, ўз боласини сотаётганларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Ажабо, онани ўз дилбандини сотишга нима мажбур қилиши мумкин? Эътибор қилганмисиз, ҳатто ақл-идроки йўқ энг йиртқич жонзотлар ҳам боласига яқинлашмоқчи бўлганларни тилка-пора қилиб ташлашга тайёр туради.
Онани йўқчилик эмас, тўқчилик, бағритошлик, шафқатсизлик, ўз тинчини ўйлаш, “енгил” ҳаёт, ношукурлик, нонкўрлик, энг ачинарлиси, Ватанга хиёнат Оллоҳ берган улуғ неъматни сотишга мажбур қилиши мумкин.
Учқудуқлик Дилдора ( мақолада исмлар ўзгартирилди) ҳам ўз жигарпорасини сотиб, бой бўлишни орзулаган бу она – аслида "она" деган номга номуносиб аёл.
Тақдир синовлари, ҳаёт ташвишларини ақл билан енгиш, ечиш ўрнига Дилдора “Аслон бобо” чойхонасига келиб, " фарзанд савдоси"ни бошлаб юборди. “Савдо” шу қадар тез “пишди”ки, “харидор”лар фарзандфуруш онага келишилган 60 миллион сўмни бергандан сўнг, уларга боладан воз кечганлиги тўғрисида тилхат ёзиб берди. Пул эвазига ўз боласидан воз кечиш тўғрисида ўз қўли билан тилхат ёзган онани ҳеч қачон, ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Одам савдоси драмасининг бу машъум пардаси шу ерда ёпилиши керак эди. Аммо парда ортида турган ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари бундай жирканч ишга қўл урган “болафуруш” онанинг қабиҳ хатти-ҳаракатига чек қўйишди.
ИИБ ЖҚБ, ДХХ Учқудуқ туман бўлимлари ва департаментнинг Учқудуқ туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир вақтида Дилдора ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди ҳукмига кўра, Дилдора Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси135-моддаси 3-қисмининг “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 4 (тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Йиллар ўтиб, уч яшар қизалоқ вояга етади. Бу “савдолар” ҳақида эшитса, онасидан сўраб қолса, унинг саволларига жавоб беришга Дилдоранинг кучи етармикан, виждони, юзи чидармикин? Билмадик...
Аббос НУРИЛЛАЕВ,
Учқудуқ туман прокуратураси
терговчиси.