“Олой маликаси”, “Жануб қироличаси” дея улуғланган доно стратег, дипломат аёл – Қурбонжон додҳо манаман деган қудратли кучларни бўйсундиролган.
Олой тоғларининг этагида дунёга келган Қурбонжонни 18 ёшга тўлар-тўлмас ўзидан уч баробар катта кишига турмушга бериб юборишади. У эса анъаналарга қарши чиқиб, куёвнинг уйидан қочиб кетади. Қошғар томонларга узатилган Қурбонжон отда қочиб кетаётса, йўлда ов қилиб юрган Олимбекка дуч келади. Унча-мунча эркак юришга дов беролмайдиган жойлардан омон чиқиб, йиртқич ҳайвонлардан қутулиб келаётган қизни кўриб Олимбек ҳайратини яширмайди: “Кимсиз?!”. “Мен йўлбарс йўлли аёлман. Мени йўлбарслар дарёдан ўтказди. Улар менга тегмади”, - дея жавоб беради Қурбонжон.
Олимбек додҳо отдан тушишга шайланса, Қурбонжон уни тўхтатиб: “Ўрнингиздан қўзғалманг, бек. Эркак киши аёлга йўл бермайди”, - дея йўлида давом этади.
Ривоят қилишларича, Қурбонжон отда келаётганида 5 та йўлбарсга дуч келади. У эса йиртқичларнинг устидан отини сакратиб ўтиб кетади (Қурбонжон буни кейинчалик Оллоҳ унга 5 та фарзанд беришига ишора бўлган бўлса керак, деб билади).
1832 йилда Олой қирғизларининг етакчиси Олимбек додҳо Қурбонжонни ўз никоҳига олади. У эса никоҳдан олдин Олимбекка: “Мен остонангизга кенжа хотин бўлиб бормайман. Бекликнинг оғирлигини сиз билан баравар баҳам кўраман. Сиз Қўқон хонлигида бўлган кезларингизда халқнинг боши бўламан”, дея шарт қўяди.
Қурбонжон турмуш ўртоғининг маслаҳатгўйига айланади. Уларнинг оиласида 5 нафар ўғил фарзандлар дунёга келади. Олимбек ва Қурбонжоннинг бахтли никоҳи 29 йил давом этади.
Олой ҳукмдори Олимбек додҳо Қўқон хонлигининг сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган. У 1862 йили фитна қурбони бўлгач, ўрнига акаси Усмонхон, ўғли Жарқинбайлар даъвогарлик қилади. Аммо халқ буларни қўллаб-қувватламай, Олой бошқарувига Қурбонжонни муносиб кўради.
Oлимбек додҳонинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган Бухоро амири Музаффархон Олой устига юриш бошлайди. Бундан хабар топган Қурбонжон шошганидан паранжи ҳам илмай, амирнинг йўлини тўсади. Бундай беҳурматликдан ғазабланган амир Музаффархон: “Сиз аёл бўла туриб, юзингизни бекитмасдан нечун йўлимни тўсдингиз?” деб жаҳл отига минади. Қурбонжон эса “Ҳурматли амирим, шариатдан менинг ҳам хабарим бор. Аммо, ҳеч жойда аёл юзини ёпиб юрсин, деганни ҳам ўқий олмадим. Сизни ҳам мендек она дунёга келтирган. Онангизнинг юзига қарашингиз уятли ишми?”, - дея амирнинг саволига савол билан жавоб қайтаради. Бу ақлли гапдан қаноатланган амир уни Олой қирғизларининг етакчиси сифатида тан олади ва унга додҳо унвонини муносиб кўради.
...1893 йили Қурбонжон додҳонинг кенжа ўғли Қамчибек мамлакатга Афғонистондан Қошғар орқали контрабанда товарларини олиб кирганликда айбланади. Қамчибек Ўшга кетганида чегара хизмати ходимлари унинг уйини тафтиш қилишади. Қимматбаҳо тошларни яширган, деган баҳона билан хотинининг бир ўрим сочини кесиб ташлашади. Қамчибекнинг навкари Оқ полвон бу ҳақоратга чидаёлмай, тафтишчиларни ўлдиради.
Aйблов асосида 21 киши, жумладан Қамчибекнинг акаси Мамитбек, жиянлари Арстанбек, Мирзапаёз ва навкари Оқ полвонлар ҳибсга олинади. Қамчибек ва Оқ полвон Ўшнинг марказий майдонига олиб чиқиб осилади. Халқ бекни қутқариш учун Қурбонжон додҳонинг розилигини сўраганида: “Кенжа ўғлимнинг ўзга дунёга кетаётганини ҳис этиш оғир! Аммо ўғлимнинг жони эвазига халқим ўлимга юз тутса, унда менинг ишимни, нафақат у дунё, балки бу дунёда ҳам оқлаб бўлмас”, - дея тақдирга бош эгади ва ўғлининг дорга осилишини мардонавор тик туриб кузатади.
Манбалар асосида Фарида тайёрлади.