LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

25 Nov 2024


   Шифокорлик инсон ҳаётига дахлдор, ўта масъулиятли ва машаққатли, энг шарафли касблардан бири. Шу боис, бугун халқ саломатлиги йўлида, фидойилик билан меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари ҳар қанча эъзозга муносиб. Эътироф этишга арзийдиган шифокорлар туманимизда ҳам кўплаб топилади. Ана шундайлардан бири Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси врачи Содиқ Салимович Омоновдир.
    У 1984 йилда Хатирчи туманида туғилган. Ҳар бир ёш йигит-қизлар сингари камолот йилларида ўз олдига аниқ мақсад қўйди. Орзу-ниятларига етишиш йўлида мактабда аъло баҳоларга ўқиди, ҳар бир дарсни пухта ўзлаштирди. Шифокорликни танлади.
Содиқжон 2011 йилда Тошкент давлат травматология ва ортопедия тиббиёт институтини тамомлади. Меҳнат фаолиятини туман тиббиёт бирлашмасида навбатчи шифокорликдан бошлади.
     Инсон ўз оёқларида юриб ўз қўлида истаган амалини бажара олса бу бахт, лекин шу бахтга зиён етса кундалик ҳаётнинг мароми бузилади. Суяк ёки таянч-ҳаракатланиш билан муаммоси бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш, уларни шифо топишларига кўмаклашиш эса травматолог шифокорга улкан масъулият юклайди. Буни тўла англаган Содиқ Омонов ҳузурига келаётган беморларнинг нафақат дардларини балки юракларида йиғилиб қолган ҳасратларини ҳам малол олмай эшитади. Бемор билан бир тараф бўлиб ечим излайди.
-Беморларим орасида бахтсиз тасодифларга учраб шифо истаб келадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Уларни танасидан аввал руҳиятини яхшилаш энг муҳим вазифа саналади, шунинг учун ҳам очиқкўнгил ва самимий бўлишим шарт, чунки дард ичидаги одамга сохталик қилиб бўлмайди. Беморларимни яхши гап билан кўнгилларини кўтаришга тушкунлик кайфиятидан чиқаришга уринаман. Кейин даво чораларини кўраман. Оғриқдан азобланаётган инсонларнинг аввалгидек соғлом ҳаётга қайтишида ҳиссам қўшилса, уларнинг кулгуларига сабаб бўлсам, шифокор бўлганимдан кимларгадир ёрдамим тегаётганидан дардларига малҳам бўлаётганимдан қувонаман, – дейди Содиқ Омонов.
Ҳа, 2013 йилдан буён туман тиббиёт бирлашмасида врач травматолог бўлиб ишлаб келаётган қаҳрамонимизни нафақат беморлари балки шифохона жамоаси бирдек ҳурмат қилади. Халқимизда: “Ўзинг яхши – олам яхши”, деган нақл бежизга айтилмаган. Чинакам фидойи шифокор барчага бирдек меҳрибон ва очиқкўнгил шу билан бирга ўта камтар Содиқ Салимович тасодифан шифокор бўлмаган у шифокорлар оиласида улғайган. Ҳам отаси ҳам онаси малакали шифокорлар бўлиб Хатирчида узоқ вақт меҳнат қилган. Бугун ҳурмат - иззатда нафақада қарилик гаштини сурмоқда. Синглиси ва укасидан фарқли равишда ота касбини давом эттиришни ўз зиммасига олган Содиқжон эса бундан чексиз фахрланади.
Ҳаётни олий ҳакам, ҳар бир инсонни имтиҳондан ўтказади, дейдилар. Бировга бу осон, бировда эса қийинроқ кечади. Гоҳида ана шундай қийинчилдикларни ақлу заковат, кучли билим, чин инсоний хислатлар билан енгиб ўтиш зарурати туғилади. Ота-онасининг ҳаётида буни кўп маротаба кўрган ва тушуниб етган Содиқжон шунга одатланиб борди. У янги ўқишга кирган пайтларида автоҳалокат сабаб бошидан жиддий жароҳат олган қўл-оёқ суяклари бир неча жойидан синган бемор аҳволидан хавотирланиш шунинг билан бирга қўрқиш ҳисси қоришиқ бир аҳволда бу ҳақда отасига сўзлаб беради. Бу ҳолат икки уч марта такрорлангач отаси уни ёнига ўтқазиб насиҳат қилди.
-Сен бу ишни уддалайсан, ўзингга билимингга ишон! Асосийси яхши ўқи, билим ва кўникмаларингни муттасил ошириб бор. Ахир инсон соғлиги ва ҳаётига масъул экансан, яхши травматолог эмас энг зўри бўлишинг керак, - дея ҳам танбеҳ ҳам насиҳат берганди. Шифокорликка меҳр асли ота-онасидан ўтган эмас-ми, уларнинг ўгит-насиҳатларидан олийгоҳда олган билимлари янада юксалди. Устозлари тажрибаси эса ҳар бир беморга кўрсатаётган тиббий хизматида қўл келмоқда.
Файласуфлар оилани табиатнинг шох асари, инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир, дейдилар. Содиқ Омоновнинг оиласи ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг ёнида ўзи каби иймон-эътиқодли аёли Севара Неъматова бор. У 7-мактабда ўқитувчи. Оилада 2 нафар ўғил камолга етмоқда.
Биз беморлар оламига нур, миннатдор қалбларга сурур бахш этаётган шифокор Содиқжон Омоновга эзгу ишларингизда асло толманг, Аллоҳ сизга ёр бўлсин!, дея эзгу ниятлар билдирамиз.

25 Nov 2024

     Меҳнати ортидан ҳурмат қозониш — бу ҳар бир инсоннинг орзуси ва саъй-ҳаракати билан эришадиган мукофоти. Қайси соҳада бўлмасин ўз танлаган касби ва қилган меҳнати ортидан қозонилган эътибор янада қадрли бўлади. Бугун ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз болаларга меҳрини касби орқали намойиш этаётган Филура Наимовна ҳақида. У болалар тиш шифокори.
Филура Насимова 1971 йилда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида таваллуд топган. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатиб, Бухоро тиббиёт институти стоматология факултетига ҳужжат топширди. Мазкур олийгоҳни 1999 йилда стоматология йўналишида тугатган.
Ўқитувчилар оиласида улғайган қаҳрамонимиз ёшлигидан болаларга нисбатан ўзгача меҳр ўзгача эътибор оғушида вояга етган. Аввалига Ғиждувон туманидаги таълим муассасаларида болалар тиш шифокори бўлиб ишлагани шундан бўлса керак. 2009 йилдан эса Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникаси болалар стоматологи бўлиб ишлаб келмоқда.
    -Нафақат яхши шифокор балки яхши педагог бўлиш ҳам талаб этиладиган касбимда ўзига хос қийинчиликлар ҳам йўқ эмас. Бу касб нафақат тиббий билимларни балки меҳр ва эътиборни қолаверса мулойим муомалани талаб қилади. Ахир болалар кўпинча тишни даволаш жараёнидаги амалиётлардан қўрқувда ёки безовталикда бўладилар. Шундай пайтларда шифокор нафақат оғриқни камайтиришга балки кичкинтойларнинг ишончини қозонишга ҳам ҳаракат қилади. Бола шифокорга ишона бошлаганида эса жараён янада енгилроқ кечади, - дейди биз билан суҳбатда Филура Насимова.
    25 йиллик тиббиёт соҳасидаги меҳнати ва фидойилиги билан туманда танилган болалар тиш шифокори Филура Наимовна шу йиллар мобайнида нафақат билим ва кўникмаларини ривожлантирди балки ёш мутахассисларга ўз тажрибасини ўргатиб келаётган ардоқли устоз. Қолаверса, ҳаёт йўллари шифокор инсон билан туташганидан тақдир сўқмоқлари-ю сув ичган булоқларидан миннатдорлик туйғуси бор унда. Дарвоқе, турмуш ўртоғи Алишер Музаффаров ҳам туман тиббиёт бирлашмасида малакали рентген врач бўлиб ишлайди.
Бу икки эл хизматидаги шифокорлар оиласининг фарзандлари ҳам келгусида шифокорлик касбини эгаллаб, элу-юртга садоқат билан хизмат қилишни мақсад қилишган. Ҳозирда ўғли Жаҳонгир Тошкент давлат стоматология институтида таҳсил олмоқда, қизи Зарнигор ҳали ўқувчи бўлса ҳам ота-онасининг касбини давом эттиришни орзу қилади.
      Буюк аллома Абу Али ибн Синонинг: "Шифокорнинг қўлида илм, қалбида меҳр бўлмас экан, у ҳақиқий шифокор эмас," деган сўзларини ҳаётининг мазмуни ўзига хос шиори, деб билган қаҳрамонимиз бугун меҳнатидан касбидан бахтини топган кўплаб юртдошларимиздан бири. Ҳа, шифокорлар оиласи Алишер Музаффаров ва Филура Насимова ишдан сўнг уйда оила даврасида ўғли Жаҳонгир, қизи Зарнигорнинг илм-билим олишга ўз касбининг устаси бўлишга интилишини кўриб, ҳар иккисидаги ҳорғинлик қаёққадир ғойиб бўлади. Янги кун, янги режалар хусусида ширин суҳбатлар алламаҳалгача давом этади.

23 Nov 2024

Эл ифтихорлари

 

Меҳнат фаолиятини беморларга шифо улашишдек хайрли ва савоб билан ўтказадиган шифокорлар Учқудуқда талайгина. Ана шундайлардан бири НКМК жамғармаси ДМ “Учқудуқ” ҲБ 2-тиббий-санитария қисми бошлиғи Эркин Ибрагимович Нормуродовдир.

У 1970 йилда Хатирчи туманидаги “Араб” маҳалласида оддий колхозчи оиласида туғилган. Отаси Иброҳим ота “Ш.Рашидов” номли колхоз бригадири, онаси Бўритош ая шу колхознинг ишчиси бўлган бу оилада 7 нафар фарзанд улғайган.  

Болаларнинг энг каттаси Эркин ака отасининг ўша пайтда барчага ўрнак бўлган таъмагир бўлмаслик, холис хизмат қилиш, энг асосийси китоб билан дўст тутиниш каби хислатларини ўзига сингдириб борди. Чиройли яшаш учун яхши ўқиш, дилдан меҳнат қилиш, масъулиятни ҳис қилиш лозим, дея уқтирарди оила даврасида фарзандларига отаси.

Оддий оилада таваллуд топган Эркин Нормуродов болаликдан шифокорлик касбига меҳр қўйиб, етук шифокор бўлиш йўлида астойдил ҳаракат қилди. Камолот пиллапояларида улғайгач 1988 йилда Тошкент давлат тиббиёт инстутига ҳужжат топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, институт талабаси бўлди. 1994 йилда санитария, гигиена ва эпидемиология мутахассислиги бўйича дипломни қўлга олиб, вилоят шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимида инфексионист интерна шифокори, кейинчалик Учқудуқдаги 2-ТСҚ юқумли касалликлар бўлимида инфексионист шифокор бўлиб ишлади.

Бу эса ўз даврида умрини, ҳаётини тиббиётга бахшида қилган қаҳрамонимизга омад эшикларини бирма-бир очди. 1998 йилдан юқумли касалликлар бўлими мудири, 2009 йилгача 2-ТСҚ бошлиғининг тиббий масалалар бўйича ўринбосари, 2017 йилда Зарафшондаги 3-ТСҚ бошлиғи лавозимлари унга ишониб топширилди. 

Эл саломатлиги йўлида бор билим ва тажрибасини амалда қўллаб, ҳар бир беморнинг имконияти ва руҳиятига қараб, алоҳида ёндашди. Шифо сўраб олис-яқиндан, овул-у, чўлдан келганлардан ўз маслаҳатини аямади. Кези келганда ҳар бир беморнинг бошида парвона бўлди, шифохонада қолиб кунни тунларга, тунни тонгларга улади. Жонкуяр шифокор ва соҳа масъулининг бу эзгу ишларидан кўпчилик миннатдор бўлиб, ҳалигача дуо қилишади.

Кўпнинг дуоси мустажоб бўлиб, Эркин Ибрагимович 2018 йилдан буён 2-ТСҚ бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келмоқда. Энди у фақат ўз ишигагина эмас жамоаси фаолиятига ҳам масъулликни қалбдан ҳис этади. Ташаббускорлик ва ташкилотчилик салоҳиятини амалда кўрсатиб, тизимда бир қатор янгиланишларни амалга оширмоқда. Тиббиёт муассасаси бўлим ва бўлинмаларида қўлланилаётган замонавий русумдаги тиббий жиҳозлар ва ускуналар дейсизми, биноларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини айтасизми, албатта буларнинг бош-қошида Эркин Нормуродов турибди.

Олимлардан бири: “Тўнғич фарзандингизни яхшилаб тарбияланг, қолганлари унга эргашиб катта бўлади”, деган эди. Бу ҳаётий ҳақиқатнинг тасдиғини қаҳрамонимиз улғайган Нормуродовлар оиласида кўриш мумкин. Ҳашамсиз қишлоқ уйининг китоб жавонида бобокалонимиз Мирзо Улуғбек осмондаги мингдан ортиқ юлдузнинг ҳар бирини қандай кашф қилгани, Ал-Хоразмий нима учун риёзиётга тартиб бериш йўлида шунчалар риёзат чеккани, Беруний қандай қилиб қишлоғидан чиқмай уммон ортидаги қитъани кашф қилгани, Имом Бухорий ниманинг илинжида дунёнинг қарийб ярмини пиёда кезиб чиққани ва бошқа кўплаб ўзбек ва жаҳон адабиётининг классикалари қатор терилган китоблар ўқилган. Узун тунлар липиллаб ёниб турган пилта фонус ё шам ёруғида муҳокама қилинган, болаларнинг ҳар бири ўз фикрини айтган. Эркин фикрлашга китоб мутолаасига рағбат бўлган бу хонадонда. 

Шу боисдан укаси Тўлқин Ибрагимович ҳам ака изидан бориб, шифокорликни танлади. Синглиси Эътиборхон ва укаси Нурали Нормуродовлар ҳам тиббий билим юртида таҳсил олиб, ўрта тиббиёт ходимлари бўлиб ишлаб келишмоқда.

Эркин Ибрагимовичнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари муносиб тақдирланиб, бир неча бор фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Икки марта халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши депутатлигига сайланиб, шу ерликларнинг дардига дармон, масала ва муаммоларига ечим топиб, кўпчиликнинг ҳурматига ишончига сазовор бўлмоқда.Дарвоқе, Эркин ака ва Шоира опа Нормуродовлар оиласи “Навоий” маҳалласидаги ибратли оилалардан бири. Қизлари Мухлиса, Зуҳра, ўғли Зоиржонлар одобли, билимли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзандлар бўлиб камолга етди. Бугун уларнинг ҳар бири олий маълумотли етук касб эгаларидир.

Ҳозирда 30 ёшни қаршилаган ота издоши Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси анестезиология ва реанимция бўлими анестезиолог-реаниматолог врачи Зоиржон Иброхимов ҳақида ҳам фақат яхши эътирофлар эшитилади. “От ўрнини той босади” деганлари шу бўлса керак.

21 Nov 2024

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йилнинг йилнинг 4 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-114-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га мувофиқ, республикамизда 2025-2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланди.

Бугунги кунда, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (https://regulation.adliya.uz/project) «2026 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси (2024 йилнинг 6 ноябрида жамоатчилик муҳокамаси якунланган) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, натижаларини таҳлил қилиш ва эълон қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳалари (2024 йилнинг 8 ноябрида жамоатчилик муҳокамаси якунланган) белгиланган тартибда тегишли идоралар билан келишиш учун эълон қилинган.

Лойиҳаларга кўра, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилнинг июль-август ойларида ўтказилиши режалаштирилган.

Аҳолини рўйхатга олиш 2 хил усулда, яъни Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали  ҳамда рўйхатга олувчи ходимлар томонидан уй-уй юрган ҳолда планшет қурилмалари ёрдамида рўйхатга олиш варағи шаклларини электрон тўлдириш орқали амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Аҳолини рўйхатга олишга кўмаклашиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Республика комиссияси ҳамда ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.

2024-2026 йилларда Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан аҳолини рўйхатга олиш учун зарур техник ва дастурий воситалар харид қилинади.

Шунингдек, 2025 йил 1 июлига қадар масъул идораларга аҳоли пунктлари ва кўчалар номлари, уйлар ва ҳовлиларнинг тўлиқ рақамланганлик кўрсаткичларини ўрнатишни якунлаш топшириқлари кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, натижаларини таҳлил қилиш ва эълон қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси 8 та илова ҳужжатларни ўз ичига олган:

1-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, натжаларини таҳлил қилиш тартиби тўрисидаги Низом;

2-Илова.    Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, натижаларини таҳлил қилиш ва эълон қилиш бўйича чора-тадбирлар;

3-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олиш дастури;

4-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олиш варағи шакллари рўйхати;

5-Илова. Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига жисмоний шахсларни жалб этишва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом

6-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишнинг шахсга доир маълумотларини ҳисоя қилиш тартиби тўғрисидаги Низом

7-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низом

8-Илова. Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида ахборот-коммуникация технологияларини самарали қўллаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи таркиби.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1989 йилдан буён аҳолини рўйхатга олмаган. Президент Фармонига мувофиқ, аҳолини рўйхатга олиш 2022 йилда ўтказиш режалаштирилган эди, аммо CОВИД-19 пандемияси туфайли кейинги йилга кўчирилганди.

Шу мақсадда, аҳолини рўйхатга олишнинг махсус сайти https://aholi.stat.uz  жорий этилди, "Янги Ўзбекистоннинг бир қисми бўл!" тадбирининг логотипи ва шиори тайёрланди.

Статистика бўлими

20 Nov 2024

   Республика маънавият ва маърифат маркази Учқудуқ туман бўлинмаси, тумандаги ОАВ вакиллари ва журналистлар, таълим муассасалари ва ташкилотларнинг маънавий маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этган мулоқотда,  Республика маънавият ва маърифат маркази Учқудуқ туман бўлинмаси раҳбари Жанагул Булекбаева томонидан 2024 йил давомида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

photo 2024 12 02 16 50 32 2

    Учқудуқ туманида 2024 йилда туман Маънавият ва маърифат Кенгаши фаолияти намунали йўлга қўйилган бўлиб, 24 кишидан иборат Кенгаш таркиби, 4 банддан иборат Кенгаш иш  режаси ишлаб чиқилган. 2024 йил давомида Кенгаш иш режасига асосан 3 маротаба Кенгаш йиғилиши ўтказилди.              

   Республика Маънавият ва маърифат бўлинмаси билан ҳамкорликда 2024 йил давомида 37 та корхона, ташкилот ва маҳаллалар билан ҳамкорликда “Йўл харитаси”  ва “Маърифат соатлари” режаси тасдиқланди.

Туманда жами 16 та мактаб кутубхоналари, 1 та туман ахборот кутубхона маркази, 2 та китоб дўконлари ҳамда корхона ва ташкилотларда кутубхоналар ташкил этилган. Кутубхоналарда 30 мингдан зиёд бадиий адабиётлар мавжуд. Аъзолар сони жами 13540 тани ташкил этиб турибди.

  1. Туманда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида “Оламни маҳлиё айлаган диёр!”, “Ўзбекистон умумий уйимиз!”, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!”, “Ватан учун яшайлик!”, “Радикализм, экстримизм ва терроризм-барқарор тараққиёт кушандаси”, “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Инсон қадри учун”, “Қатағон қурбонлари – ватан фидойилари”, “Ёш китобхон”, “Китоб – маънавият кўзгуси”, “Қадрият ва бурч”, “Оила- маънавият ва тарбия маскани", “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан”, мавзуларида 657 та маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Шундан, 385  таси маънавий-маърифий тадбир, 3 таси фестивал,     17 марта ижодий кеча, 11 марта китобхонлик акциялари ва ярмаркалари, 41 марта саҳоват ва мурувват тадбирлари, 29 марта аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларни олдини олиш бўйича профилактик суҳбатлар,                28 марта оилавий ажримлар, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ муносабатларини олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар, 37 марта аҳолини бузғунчи ғоялар, диний экстремизм ва ахборот хуружлари таъсирига тушиб қолишини олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари, 96 марта маърифат соатлари, 13 та кўрик-танловларни ташкил этади.

Тадбирларнинг 7 таси маҳаллий ҳокимликларда, 2 таси прокуратура органларида, 9 таси ички ишлар органларида, 3 таси солиқ идораларида, 79 таси мактабгача таълим ташкилотларида,  65 таси умумтаълим мактабларида, 131 таси маҳаллаларда, 78  таси кутубхоналарда, 24 таси ҳиёбон, маданият марказлари ва истироҳат боғларида, 26  таси ҳарбий қисмларда, 42 таси корхона, ташкилот ва жамоат ташкилотларида ҳамкорлик асосида ўтказилди.

photo 2024 12 02 16 50 32

Ўтказилган тадбирларда жами 17141 нафар аҳолининг турли қатламлари қамраб олинди.

Шундан, 5600 нафари корхона ва ташкилот ходимлари, 150 нафари санъат ва маданият ходимлари, 20 нафари “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, 7800 нафари ёшлар ва талабалар, 3360 нафари хотин-қизлар, 103 нафари нуронийлар, 43 нафари “Темир дафтар”, 28 нафари “Аёллар дафтари” ҳамда 37 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилганларни ташкил этади. 

Бундан ташқари Учқудуқ туманидаги маҳалла ҳамда мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида 2024 йил давомида “Кинокарвон” лойиҳаси доирасида 500 мартадан ортиқ миллий кинофилмлар намойиш этилди. Кино намойишларида жами 10 000 мингга яқин аҳоли ва ёшлар қамраб олинди.

III. Медиа маҳсулотлар орқали маънавий-маърифий тарбияни янада кучайтириш мақсадида 2024 йил давомида туман маънавият ва маърифат бўлинмаси ташаббуси билан “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекситон учун”, “Бир бўлсак ягона халқмиз, бирлашсак Ватанмиз”, “Миллат байроғи”, “Жадидлар изидан”, “Она тилим фахрим ғурурим” каби туркум мавзуларда 12  та медиа маҳсулотлар тайёрланди.

Шундан, 4 та ижтимоий ролик, 2 та слайд ҳамда 6  та маъруза материалларини ташкил этади.

  1. Туманда ижтимоий-маънавий муҳит ва тарғибот ишлари ҳолатини ўрганиш мақсадида мониторинг ишлари амалга оширилди.

2024 йил давомида тумандаги жиноятчилик сони (жорий йилнинг бугунги куни ҳолати) 5, ўтган йили 8 та

Оилавий ажримлар сони (жорий йилнинг бугунги куни ҳолати) 58 та, ўтган йилнинг шу даврида 56 та

Нотинч оилалар сони (жорий йилнинг бугунги куни ҳолати) 21 та,  ўтган йилнинг шу даврида 19 та.

  1. VI. 2024 йил давомида туманда маънавий-маърифий соҳада эришилган ютуқлар.
  2. 2024 йил 20-октябрь куни умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Заковат” интелектуал ўйинининг Республика босқичида иштирок этиб фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.
  3. ММТБга қарашли 18-сонли умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Лазиза Камолова Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Oyna.uz” портали ҳамкорлигида ўтказилган “Китоблараро 80 кун” марафонида фаол иштирок этиб, фахрли
    6-ўринни эгаллаб, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари О.Ҳасанов томонидан диплом билан тақдирланди.
  4. 3. ММТБга қарашли 7-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Иброҳимова Ҳалима Ваҳобжоновнанинг “Қалбимдаги сатрлар” шеърий тўплами “Азиз китобхон” нашриёти томонидан
    50 нусхада чоп этилди.
  5. ММТБга қарашли 10-сонли умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Азимова Гулруҳ Акмаловна “Йил аёли” танловида Маънавият йўналиши бўйича иштирок этиб, вилоят босқичида фаол иштирокчи.

 

 
19 Nov 2024

Har bir tuman (shahar)da bitta umumiy o‘rta ta’lim maktabi negizida “Jasorat maktabi” faoliyati yo‘lga qo‘yiladi. "Jasorat maktabi”ni a’lo baholar bilan tamomlaganlarga o‘qishga kirish uchun imtiyozli tavsiyanoma beriladi.

“O‘quvchi-yoshlarni chaqiruvga qadar boshlang‘ich tayyorlash tizimini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi prezident qarori qabul qilindi.

Qaror bilan har bir tuman (shahar)da bitta umumiy o‘rta ta’lim maktabi negizida “Jasorat maktabi” faoliyati yo‘lga qo‘yiladi. 

“Jasorat maktablari"da:

- matematika, ChQBT, tarix, jismoniy tarbiya, chet tili, fizika fanlari chuqurlashtirilgan holda o‘qitiladi;
- o‘qish uchun o‘quvchilarni saralash 5-sinfdan boshlab amalga oshiriladi;
- robototexnika, kelajak o‘yinlari, tibbiy tayyorgarlik, huquqiy savodxonlik, milliy sport o‘yinlari kabi to‘garak mashg‘ulotlari o‘tkaziladi;
- o‘quv yili davomida ikki marta harbiy poligonlarda, har chorakda bir marta harbiy qismlarda amaliy mashg‘ulotlar olib boriladi.

2026-2027 o‘quv yilidan boshlab “Jasorat maktabi”ni a’lo baholar bilan tamomlagan “Vatan tayanchi” otryadining a’zosi bo‘lgan bir nafar o‘quvchiga oliy harbiy  va harbiylashtirilgan hamda yuridik ta’lim muassasalariga o‘qishga kirish uchun imtiyozli tavsiyanoma beriladi.

Ta’lim tashkilotlarida yoshlarni vatanparvarlik ruhida tarbiyalashda “Turon” maktab teatri tanlovi o‘tkazib boriladi.

18 Nov 2024

 

    Ассалому алайкум ҳурматли тадбир иштирокчилари!

    Азиз ёшлар!

    Бундан 33 йил олдин яъни 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган ва Ўзбекистон деб аталмиш осойишта, эркин ва фаровон юртнинг она табиатидан андоза олиб ишланган давлат байроғи қабул қилинган эди.

     Шу муносабат билан сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун туманимиз аҳолисини Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этаман!

   Ўтган йиллар давомида бу муқаддас туғ энг олий саҳналар, энг юқори марраларда, зафарли қўлларда баланд кўтарилмоқда. Ватандошларимиз қалбида шу юрт, шу ватан фарзанди эканлигидан ифтихор ҳиссини ошириб келмоқда.

  Бугун бу байроқ фақатгина Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи эмас, у шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган барча эл-элатларнинг тинчлик ва аҳиллик тимсолига, қалбларни қалбларга яқинлаштирадиган, дилларни дилларга улайдиган воситага айланган. Дунёнинг қайси бурчида бўлманг, бу байроқ она юрт нафасини димоққа уради, қадрдон Ватанни ёдга солади.

    Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.

   Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир.

   Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли.

    Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.

   Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.

   Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

  Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

Яна бир бор барчангизни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисидаги Қонун қабул қилинганлигининг 33 йиллиги самимий муборакбод этаман!

   Она юртимиздаги тинчлик ва осудалик ҳеч қачон бизни тарк этмасин, байроғимиз баланд-баландларда Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт шаъни, шону шавкатидан дарак бериб ҳилпирайверсин!

   Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

14 Nov 2024

 

 

Қозоғистонда “Ипак йўли” темир йўл саёҳати очилди. “Алмати – Туркистон – Тошкент – ​​Алмати” йўналиши бўйича биринчи тур 2024 йил 16 ноябрдан бошланади.

https://yuz.uz/imageproxy/100x/https://yuz.uz/file/news/dd89271629ffb805b09cdec363d945cd.jpg 100w, 

Бу ҳақда Kazinfrom агентлиги ҚР Туризм ва спорт вазирлигига таяниб хабар берди.

4 кунлик халқаро темир йўл саёҳати туристларга қадимий шаҳарлар атмосферасига шўнғиш ва Буюк Ипак йўли изидан саёҳат қилиш имконини беради. Йўналиш Туркистон ва Тошкентнинг асосий диққатга сазовор жойларини ўз ичига олади. Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида экскурсия дастурига гидлар ёрдами, овқатланиш, транспорт хизматлари ва кириш чипталари киради.

Биргаликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида биз икки давлатни боғлайдиган ноёб поездлар саёҳатини яратишга муваффақ бўлдик. Бой маънавий-тарихий меросни ўрганишни хоҳловчи фуқароларимиз ва бошқа мамлакатлардан келган сайёҳлар учун саёҳат янада қулай ва ҳамёнбоп бўлади. Бу Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида туризмни ривожлантириш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди”, - деди ҚР Туризм ва спорт вазири ўринбосари Ержан Еркинбаев.

Саёҳатчилар Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири – муҳим савдо тармоғи бўлган Ўтрорни кўришлари мумкин бўлади.

Саёҳат дастуридан Аристон бобо мақбараси, “Ҳазрат Султон” тарихий-маданий қўриқ-музейи, Марказий Осиёдаги энг йирик “Карвонсарой” сайёҳлик мажмуасига ташриф буюриш ҳам ўрин олган.

Тошкентда экскурсия иштирокчиларига нафақат тарихий жойлар, балки шаҳарнинг замонавий тараққиёти билан ҳам яқиндан танишиш имконияти яратилган.

14 Nov 2024

     Ҳозирги кунда мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам ўз фаолиятини янги давр талабларига мослаштириш учун қатъий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, №2-тиббий санитария қисмида ҳам сўнгги йилларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз ижобий самарасини бераётир.
     Тиббиёт муассасаси “НКМК жамғармаси” ДМ “Учқудуқ” ҲБ таркибий бўлинмаси бўлиб, учқудуқликлар ва ундаги саноат корхоналари ходимларига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишда муҳим роль ўйнайди. Муассаса бир вақтнинг ўзида 416 қатновга мўлжалланган 3 та поликлиника, 90 ўринли 6 та бўлим ва ишлаб чиқариш объектларида 10 та тиббиёт пунктида тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Даволаш-диагностика хизмати жарроҳлик, ички касалликлар, туғруқхона, болалар бўлими, юқумли касалликлар, жонлантириш-интенсив даволаш, паталогик – анатомия, функционал ташхислаш бўлими, клиник ташхислаш лабораторияси ва дорихона бўлим ва бўлинмаларини ўз ичига қамраб олган. Шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган тез тиббий ёрдам бўлими туну - кун ишлаб турибди.
Тиббий - санитария қисмидажами 474 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда, улар орасида шифокорлар, ўрта тиббиёт ходимлари ва кичик тиббиёт ходимлари бор. Аксарияти қайта тайёрлаш курсларида малакаларини ошириб, соҳадаги янги технологиялар ва инновацияларни ўзлаштирган ҳолда фаолиятларини йўлга қўйишган.
    -Ҳозирда асосий эътибор, муассаса моддий-техника базасини яхшилашга қаратилган. НКМК маблағлари ҳисобидан маънан эскирган тиббий асбоб-ускуналар босқичма – босқич янгиланмоқда. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти юқори технологияли тиббий ускуналарга алмаштирилмоқда. Бу эса беморларни қисқа вақт ичида текшириш, аниқ ташхислаш ва ўз вақтида даволаш имконини бермоқда, - дейди №2-ТСҚ бошлиғи Эркин Нормуродов.
    “BELLAVESTA” русумли чақалоқларга сунъий нафас бериш аппарати, муддатидан олдин оғир туғилган чақалоқлар учун “KOMEN” кувэз ускунаси, янги туғилган чақалоқларнинг эшитиш қобилиятини аниқлаш учун “АUDIOMETR”, қон томирлар касалликларини осон аниқлаш учун “VENAVIZOR” ускунаси, “MINDRAY” кардиомониторлари, “MINDRAY” дефибрилятор аппаратлари, “PLAZMOFOREZ” аппарати, “ELEKTROKOAGULYATOR” жарроҳлик ускуналари, "FABIUS" наркоз қурилмаси, “KORSIKS” портатив рентген аппарати, “PROSKAN” флюорограф ускунаси, "HUMAN" клиник лаборатория ускунаси, “AVTOREFRAKTOMETR” офтальмологик ускунаси, марказий стерилизация бўлимига ўрнатилган GK-100-3 русумли стерилизатор ва аквадистиллатор ускуналари келтирилган. Сўнгги русумдаги ушбу тиббий жиҳозлар халқаро стандартларга мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этишда қўл келмоқда.
    Рақамларни таҳлил қиладиган бўлсак, жорий йил давомида поликлиникада 20 мингга яқин бемор ва фуқаролар қабул қилинади, уйларга бориб хизмат кўрсатилади. 12 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ишчи-ходимлари профилактик кўрикдан ўтказилади. Бу эса касб касалликларини олдини олишда ва касалликларни эрта аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидлаш жоизки, амалга оширилаётган янгиланишлар аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган бўлиб, соҳага янги тиббий ускуналар ва технологияларнинг жорий этилиши, ҳар бир инсон учун энг зарур ва тезкор тиббий ёрдамни амалга оширишни мақсад қилган. Бу йўналишда тиббиёт ходимларининг келгуси фаолиятларида зафарлар тилаб қоламиз.

14 Nov 2024

    Дарҳақиқат, инсон ҳаётидан қимматроқ нарса йўқ. Шу боис соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари доимий диққат марказдаги масалалардан бўлиб келмоқда. Бош қомусимизда ҳам ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Фуқароларнинг ушбу ҳуқуқини рўёбга чиқариш борасида тиббиёт муассасаларининг ўрни беқиёс!
     Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 80 – ўринли стационар бўлими, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 7 та оилавий шифокорлик пункти, 1 та оилавий поликлиника 3 та маҳалла тиббий пункти томонидан 37 594 нафар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Бирлашмада шифокорлар сони 56 нафарни ташкил этиб, бу ҳар 1000 аҳолига 14,9 та шифокор тўғри келишини англатади. Ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходимлари сони эса 409 нафар бўлиб, бу кўрсаткич 1000 аҳолига 109,0 тани ташкил этади. Жорий йилда 2950 нафар бемор шифо топганлигини эътироф этиш ўринли, албатта1.
     Шифохонанинг моддий техник базасини яхшилашга берилаётган эътиборни, жарроҳлик бўлими мисолида кўриш мумкин. Бўлим 10 ўринли бўлиб, барча зарурий ва замонавий асбоб – ускуналар билан жиҳозланган. Йилида малакали жарроҳлар томонидан 500-550 нафар беморларда жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, беморлар соғлом ҳаётга қайтарилмоқда.
     «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида ажратилган маблағ ҳисобидан биполяр учлик ва пинцетли электрокоагулятор тўплами, катта жарроҳлик тўплами, жарроҳлик столи, амалиётхона ёритгич рефлекторлари, кардиомониторлар ҳамда республикамиз шифохоналарида саноқли ҳисобланган лапароскоп аппарати харид қилинди. Бу аппарат ёрдамида беморларда юқори технологияли жарроҳлик амалиётини амалга ошириш имкони яратилди.
     Ҳақиқатдан ҳам бу каби тиббиёт соҳасида қўлланилаётган янгиликлар бирламчи тиббий санитария муассасаларида юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш, касалликларни эрта аниқлаш, шошилинч ҳолатларда беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имкониятларини ошириши билан ҳам аҳамиятлидир.
Бугунги кунда Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасида шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг фидойилиги ва кўрсатаётган тиббий хизматлари, аҳолининг саломатлигини таъминлашда ва уларнинг турмуш сифати яхшиланишида муносиб ўрни бор.

Page 6 of 286

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: