8 – март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Учқудуқ туман ҳокими Учқун Файзуллаевич Елмуратовнинг БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум азиз онахонлар, опа-сингиллар!
Дилбар қизлар!
Юртимизга орзиқиб кутилган гўзаллик ва яшариш фасли — баҳор кириб келган ушбу қутлуғ кунларда Сиз азиз аёлларни, барча мўътабар онахону мунис опа-сингилларимизни 8 март — Хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, машҳур меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлаб яратилган.
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Қадрли опа-сингиллар!
Бугунги кунда аёлларнинг жамиятимизда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида, Янги Ўзбекистонни барпо этишда қанчалик фидокорона меҳнат қилиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Ҳозирги вақтда туманимизда раҳбарлик лавозимларида ишлаб, ҳам юклатилган масъулиятли вазифани, ҳам фарзандлар тарбиясини, ҳам уй-рўзғор ишларини ўрнига қўйиб – оила ва жамиятда раҳбар аёл, меҳрибон она мақомига эга бўлган кўплаб опа-сингилларимиз бор.
Эътиборлиси, маҳаллий кенгашда депутатларимизнинг 30 фоиздан кўп қисмини фаол ва фидойи учқудуқлик аёллар ташкил этади. Шунингдек, аёллар таълим, тиббиёт, маданият, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида самарали фаолият юритиб келмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, барчамизга доимо тоғдек таянч бўлиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб келаётганингиз учун сизларга, туманимиз хотин-қизларига чуқур миннатдорчилик билдираман!.
Муҳтарамма аёллар!
Хотин-қизлар учун муносиб иш ва турмуш шароитларини яратиш доимо давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келган. Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан аёллар муаммолари бўйича манзилли иш олиб бориш учун мутлақо янги тизим – “Аёллар дафтари” жорий этилди. Ўтган йил туманимизда икки босқичда ушбу дафтарга киритилган 476 хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилиб, уларга манзилли ёрдам кўрсатилди. Бу йўналишда 713 млн сўм маблағ сарфланди.
Жумладан, хотин-қизлар ва фарзандларининг даволаниши, жарроҳлик амалиётини ўтказиш, дори воситалари сотиб олиш, шунингдек, уй-жой таъмири учун бир марталик моддий ёрдам, бир йиллик турар жой ижара компенсациясини тўлаб бериш сингари ва бошқа турдаги кўмаклар кўрсатилган.
Туман хотин-қизлар бўлими тавсияномаси асосида 48 нафар учқудуқлик аёллар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган бўлса баъзиларига тўлов контракт пуллари тўлаб берилган.
113 нафар хотин-қизларга субсидия асосида 10 турдаги жиҳозлар олиб берилган. Бундай хайрли ишлар жорий йилда бутунлай янги босқичда давом эттирилади.
Азиз онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Ҳурматли Юртбошимизнинг: “Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади”, деган сўзлари Сиз азиз аёлларимизга бўлган чексиз ҳурмат ва эътиборнинг амалий намунасидир.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва сиз орқали барча туманимиз хотин-қизларини, дилбар аёлларимизни яна бир бор қутлуғ байрамингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Доимо яқинларингиз, фарзанд ва набираларингиз, эл-юртимиз ардоғида юриш насиб қилсин!
Байрамингиз муборак бўлсин!