Ассалому алайкум ҳурматли учқудуқликлар!
Қадрли дўстлар!
Сиз, азизларни, бутун Учқудуқ тумани аҳолисини мамлакатимизда тўртинчи йил нишонланаётган байрам – “Халқлар дўстлиги” куни билан чин қалбимдан, самимий муборакбод этаман.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 30 июль – бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланиб келинади. Ўзбекистонда 2021 йил 10 февралда қабул қилинган қонунга асосан ушбу сана “Халқлар дўстлиги” куни деб белгиланди. Бу байрамнинг таъсис этилиши бутун республикамиз аҳолисининг айни кўнглидаги иш бўлди.
Дарҳақиқат, инсон ҳаётини безайдиган, унга маъно ва мазмун бағишлайдиган, унинг яхши кунида қувончига қувонч, шодлигига шодлик қўшиб, ёмон кунида эса суянч тоғи бўладиган мўъжиза бу – дўстликдир!
Халқлар ўртасидаги дўстлик эса кимнингдир иродаси билан эмас, балки ҳаёт тақозоси билан юзага келади. Дўстлик масофа танламайди, тил, дин ёки ирқ билан чегараланмайди. У нафақат инсонларни, шунингдек халқларни ва давлатларни ҳам ўзаро ҳурмат, ишонч асосида бирлаштиради.
Аслини олганда, дўстга садоқат, бирдамлик каби эзгу туйғулар халқимиз орасида қадрият даражасига кўтарилган. Азал-азалдан ота-боболаримизнинг ўгитларида, мақол ва ҳикоятларда, шунингдек шоиру донишмандларимизнинг асарларида дўстлик туйғуси улуғланган, таъбир жоиз бўлса, бундай дунёқараш асрлар давомида қон-қонимизга сингиб кетган.
Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Ўзбекистон – улкан имконият ва ресурсларга эга бўлган мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир”.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётгани барчамизни қувонтиради. Улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақи ва гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Юртимизда 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар ўз фаолиятини эркин амалга оширмоқда. Мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 150 та миллий маданий марказ катта роль ўйнамоқда. Давлат таълим муассасаларида ўқув ишлари 7 тилда олиб борилмоқда, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатув ва эшиттиришларини 2 тилда бериб бормоқда.
Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам 30 га яқин турли миллат ва элат тинч-тотув ҳамжиҳатликда истиқомат қилади. Таълим 3 тилда, “Учқудуқ” газетаси фаолияти 3 тилда олиб борилади.
Биз барчамиз туманимизда яшаб, Ватанимиз тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари, жумладан, миллий маданий марказларнинг раҳбарлари ва фаолларини яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Бу ҳақда сўз юритганда, “Рус миллий-маданий марказ”и раҳбари Колеватова Татьяна Андреевна, Шимолий кон бошқармаси ахборот-коммуникация технологиялари маркази муҳандис - дастурчиси Александр Халтуринский, “Ануш” хусусий корхонаси раҳбари Габриелян Роскир Абрамович, фахрийларимиздан Керуенбаев Абдулла Молдабаевич, Пардаева Гуласар Пардаевна каби ёш авлодимизга ўрнак бўлиб келаётган жамоатчилик вакилларининг номларини алоҳида тилга олишни истардим.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бугунги мураккаб замонда дунёнинг турли минтақаларида миллатлар ва конфессиялар ўртасида кескинлик кучайиб бормоқда. Бундай таҳликали шароитда биз биринчи навбатда жамиятимиздаги тинчлик, барқарорлик ва фуқаролараро тотувликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз, фарзандларимизни кўпмиллатли халқимизнинг юксак маънавий-ахлоқий қадриятлари руҳида тарбиялашимиз зарур.
Ҳурматли дўстлар, барчангизни яна бир бор “Халқлар дўстлиги” куни билан табриклайман.
Ишончим комилки, ушбу байрам юртдошларимиз қалбида мустаҳкам ўрин эгаллайди ва ҳаётимизда эзгу анъанага айланади.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, ютуқ ва омад, оилаларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Гўзал ва бетакрор юртимизда доимо тинчлик ва осойишталик ҳукм сурсин, кўпмиллатли Ўзбекистонимиз халқига бахту саодат ёр бўлсин!
Эътиборингиз учун рахмат!