Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан йўллаган табриги
Қадрли фарзандларим, азиз ўғил-қизларим!
Болалик инсон умрининг гўзал ва беғубор фасли, улкан орзу-умидлар, беқиёс имкониятлар даври. Шуни чуқур ҳис этган ҳолда Сиз, навниҳол фарзандларимизга энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Шу фурсатда фойдаланиб, Сизлар ҳаётимиз мазмуни, эртанги кундан умидимиз ва орзуларимиз рўёби эканлигингизни таъкидлаб, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни чин қалбимдан табриклайман!
Тараққийпарвар давлатлар ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаган бу байрам давлатимиз, халқимиз ўз фарзандларининг бахти ва камоли учун ҳеч нарсани аямаслигини, мамлакатимиз ёшлари ҳам Ватанимиз равнақи учун хизмат қилишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билишини яққол ифода этмоқда.
Болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Айниқса, Республикамиз Президентининг ўтган йилнинг 29 майидаги “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш йўлида чинакам тарихий ҳужжат бўлди.
Ҳақиқатан ҳам, бу дунёнининг барча қувончи бир бола кўзида халқаланган бир томчи ёш, барча қайғуси бир гўдак лабидаги ним табассумга арзимайди. Шу сабабдан ҳам статистик маълумотларнинг аксарияти болаларга нисбатан олиниб, “жумладан фалон фойизи болалар” иборасига тез-тез дуч келамиз. Бошқачароқ ифодаласак бугун дунёда 1 миллиардга яқин одам оч-наҳор кун кечираётган бўлса шунинг 25 фойизини болалар ташкил этади. Ёки одам савдосидек жирканч иллатдан ҳар йили ўн миллионга яқин бола жабр кўрмоқда. Бундай рақамларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин.
Хулоса шуки бола Ер юзида аҳолининг ҳимояга муҳтож қатлами. Айни чоғда у ҳаёт абадийлигининг тантанаси. Унга бўлган эътибор, ғамхўрлик ва рағбат эртанги кун, ўз келажагимизга бўлган эътибор демакдир.
Бола қалби беғубор. Умр остонасидаги бу дамларда шаклланган фазилат, хислат ва умуминсоний қадриятлар пировардида жамият комиллигининг кафолати ҳисобланиб, мамлакатимизда баркамол авлод тарбиясига давлат миқёсида қаратилган эътиборнинг моҳияти ҳам шунда мужассам. Бугун мамлакатимизда бунёд этилган ва этилаётган таълим даргоҳлари, спорт мажмуалари, шифо масканлари ҳамда бир қатор маданий маиший иншоотлар, марказлар ва уларнинг энг сўнгги авлод технологиялари билан жиҳозланиши шу сиёсат самараси бўлиб, аксарияти болалар учун мўлжалланган.
Шу ўринда сўнгги йилларда туманимизда 17 та мактабгача давлат ва нодавлат таълим, 2 та умумтаълим мактаби, спорт-соғломлаштириш иншоотлари, маданият даргоҳларининг янгидан қурилиб фойдаланишга топширилганлиги фикримизнинг яққол далилидир.
Яна бир жиҳат ногирон ва вақтинча саломатлигини йўқотган болалар манфаатига қаратилиб, шу асосда уларнинг таълим олиш ҳуқуқлари таъминланиб, бунинг учун шарт-шароитлар такомиллаштирилаётганлиги эътиборга молик. Буни туманимиз мисолида кузатадиган бўлсак уларга ҳар томонлама кўмак берилиб, бу борада ибратомуз тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугун туманимиз бўйича 31 нафар боланинг уйда таълим орқали тенгдошлари қаторида эканлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.
Таъкидлаш жойизки юртимизда келажак авлод камолоти билан боғлиқ оддий нигоҳларимиз илғамайдиган жараёнлар ҳам кечмоқдаки улар “Йод танқислиги касалликлари олдини олиш тўғрисида”ги ҳамда “Ҳомийлик тўғрисида”ги қонунларда ўз ифодасини топган. “Болалар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун эса бу борада ижтимоий ҳимоя сиёсати изчиллигининг амалдаги тасдиғидир.
Дарҳақиқат бола ҳуқуқи инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми ҳисобланиб, у ҳам кенг миқёсдаги маърифий тадбирлар, турли даражадаги беллашувлар, танлов, фестивал бошқа анжуманлар орқали ўз самарасини оширмоқда. Биргина жорий йилда туманимиздан 30 нафардан зиёд тенгқурларингизнинг Халқаро ва Республика миқёсидаги турли мусобақа ва танловларда ғолиб бўлганлиги ҳурматли Президентимизга барча ғамхўрликлари учун Сиз болаларнинг миннатдорчилиги рамзи деб қабул қиламиз. Зеро, буларнинг барчаси мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимизнинг болаларга оталарча ғамхўрлиги самарасидир.
Азиз болажонлар!
Сизларни яна бир бор Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан қутлаб, мустаҳкам соғлиқ тилайман! Ёзги таътилларингиз мароқли ва ёрқин хотираларга бой ўтсин!
Эътиборингиз учун рахмат!