Жорий йил 4 июнда давлатимиз раҳбарининг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Фаррух Пардаев ЎзА мухбирига мазкур фармонда кўзда тутилган мақсад-вазифалар хусусида қуйидагиларни маълум қилди:
– Фармонга асосан 2021 йилнинг 1 июлидан бошлаб ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилди. Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилди. Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдори 565 минг сўмгача, пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори эса 565 минг сўмга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар учун бериладиган нафақа миқдори 315 минг 30 сўмдан 400 000 сўмга кўтарилди.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади. Пенсия олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 минг 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилди ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Нафақа олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 000 сўмдан қўшилиши белгиланди.
Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 минг 350 сўмдан 565 000 сўмга оширилди.