Яқинда “Учқудуқда қўриқлаш бӯлими ҳодимлари томонидан 3-4 ёш атрофидаги бола топиб олинган” лиги ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар берилди. Бегона бўлсакда хавотирга тушдик. Тез орада ИИБ да вақтинчалик сақлаб турилган бола ота-онаси томонидан олиб кетилганлиги ҳақида яна хабар берилди. Таскин топдик... Бироқ... Неча кундан буён мени ана шу савол қийнайди. БОЛАНИНГ ЙЎҚОЛИБ ҚОЛИШИГА (бундан олдин ҳам шаҳримизда шундай воқеа бўлган) сабаб нима бўлди? Бепарволигимиз. Ота-оналаримизнинг беғамлиги. Ўша кунги воқеа бўйича туман ИИБ берган маълумотига кўра, 20.09.2020 йил куни соат 08:00 лар атрофида ёш бола “Учқудуқ” маданият уйи олдида қаровсиз юрганлиги сабабли ИИБ ЙХХБ 4 сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори сафдор А.Сайидов томонидан ИИБ биносига олиб келинган. Кейин аниқланишича, бола эрталабдан арғумчоқда учиш учун кўчага чиқиб, адашиб қолган.
Бугун ҳар доимгидан сергак яшашимиз, нафақат ўзимизни балки яқинларимизни ҳам асрашимиз муҳимлиги ҳақида ҳар сония эслатилмоқда. Коронавирусдек офат ёнимизда яшаяпти. Ундан шунчаки қўрқиш эмас ҳимояланишимиз зарур. Шунчаки кундалик ҳаёт ташвишлари билан бўлиб, боламизни ёддан чиқармайлик. Балки кимлардир “йўқотилганларни” топиб бериш ИИБ ходимини вазифаси-ку дер. Афсуски ундай эмас... Биз боламиз ўзимиз учун ўзимиз масъул бўлайлик.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Ҳудудларда бандликни таъминлаш, жумладан олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш, олий таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш ҳамда олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассислар меҳнатини янада рағбатлантириш мақсад қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига ишга борадиган олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнатини янада рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассисларга бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси бериш ҳамда уларни уй-жой билан таъминлаш тизимини жорий қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Белгилаб қўйилишича:
а) мазкур қарорда олис ҳудуд деб Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 471-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларга махсус устама белгиланадиган ҳудудлар тушунилади;
б) олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассисларни рағбатлантириш бўйича янги механизм 2021 йил 1 январдан бошлаб жорий қилинади;
в) олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассисларга бериладиган бир марталик бошланғич ёрдам пули базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварига ҳамда уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараварига тенглаштирилади;
г) мазкур қарор билан белгиланган бир марталик бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсацияси ҳамда уй-жой шароитини яхшилаш бўйича имтиёзлардан олий таълим муассасасининг бакалавриати ва магистратурасини (таълим шаклидан қатъий назар – кундузги, сиртқи, кечки, шунингдек иккинчи мутахассислик) тамомлаганидан кейин уч йил мобайнида олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига ишга кирган битирувчилар фойдаланиш ҳуқуқига эга;
д) ҳар ойлик пул компенсацияси олий маълумотли мутахассис ишга қабул қилинган ойдан бошлаб 36 ой мобайнида тўланиши, бунда хизмат уй-жой майдони берилган тақдирда ёки у уй-жой сотиб олганда, унинг ваколатлари тўхтатилганда ва тугаганда пул компенсацияси тўлаш тўхтатилади;
е) олий маълумотли мутахассис пул компенсациясини олиш учун вақтинча яшаш жойини ва уй-жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун коммунал хизматлар қийматисиз амалдаги харажатлар суммасини кўрсатган ҳолда тегишли бюджет ташкилоти раҳбарига ариза бериши шу асосида тегишли бюджет ташкилотининг уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) учун компенсация миқдорини кўрсатган ҳолда пул компенсацияси тайинлаш тўғрисида буйруғи чиқарилиши ҳамда тегишли бюджет ташкилотининг бухгалтерияси томонидан ушбу буйруқ асосида, иш ҳақи тўлаш билан биргаликда ўтган календар ойи учун тўлов ведомости бўйича тўланади;
ж) айрим давлат ҳокимият органлари ва давлат хизмати органлари ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарага турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлашда ушбу масалада илгари қабул қилинган қоидалар қўлланилади;
з) олий маълумотли мутахассис олис ҳудуд таркибидаги бир бюджет ташкилотидан бошқа бюджет ташкилотига ўтказилганида унга нисбатан белгиланган барча имтиёзлар сақлаб қолинади ва муддати давом эттирилади;
и) олий маълумотли мутахассис олис ҳудудда жойлашган бюджет ташкилотидаги фаолиятини 3 йилгача бўлган муддат ичида тўхтатган тақдирда ҳар ойлик пул компенсацияси тўланиши тўхтатилади ҳамда бошланғич ёрдам пули тўлиқ ҳажмда бюджетга қайтарилади.
Олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассисларга бериладиган:
бир марталик бошланғич ёрдам пули тегишли бюджет ташкилотининг ҳудудий молия органига берган сўровига асосан белгиланган тартибда тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг, тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг ўз маблағлари етишмаган тақдирда юқори турувчи вилоят маҳаллий бюджет ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг қўшимча даромад манбалари ҳисобидан қоплаб берилади;
ҳар ойлик пул компенсацияси учун талаб қилинадиган маблағлар тегишли бюджет ташкилотининг харажатлар сметасида кўзда тутилади. Бунда, олий маълумотли мутахассиснинг ишга қабул қилиниши жорий молия йилида рўй берган ҳолатда бюджет ташкилотининг харажатлар сметасига белгиланган тартибда ўзгартириш киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Марказий банк ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-иловасида кўрсатиб ўтилган хизмат турар жойлари олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари рўйхатига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланган Уй-жойга муҳтож фуқароларни аниқлашнинг ижтимоий мезонларига “Олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассислар” мезонини киритилиши бўйича бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;
якка тартибдаги уй-жой қуриш ёки уй-жой харид қилиш, жумладан иккиламчи бозордан харид учун бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек истеъмол кредитларини белгиланган тартибда тақдим этилишини таъминлайдилар.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
жойларда олий таълим муассасалари битирувчилари билан учрашувлар ташкил этиб, уларни чекка ҳудудларда жойлашган, педагог кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлган бюджет ташкилотларига жалб этиш, ёш мутахассисларга фаолият юритиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўради;
жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассисларнинг аризаси асосида уларга тегишли ҳудудлардаги давлат захирасига олинган ер майдонлари ҳисобидан қонунчиликка мувофиқ уй-жой қурилиши учун ер участкалари ажратилишини назоратга олади.
Инсоният тараққиётнинг янги чўққиларининг забт этмоқда. Бироқ жахонда ҳалқлар, миллатлар келажагига тахдид туғдирувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб колмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёхвандлик балосидир. Глобал муаммога айланган ушбу иллатга қарши курашишда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Гиёхвандлик инсониятни жисмоний ва руҳий жиҳатдан тубанликка элтувчи, ақл-идрокдан маҳрум этиб, икки дунё хорлигига етакловчи офатдир. Гиёхванд моддалар инсонни айни куч-қувватга тўлган даврида алкоголга нисбатан 4,6 баробар тезроқ ҳалокатга учратади. БМТ бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрдаги қарорига асосан 26 июнь “Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни” деб эълон қилинган. Шунингдек БМТ томонидан наркотик моддалар тўғрисидаги, психотроп моддалар ҳамда гиёхвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисидаги конвенциялар қабул қилинган, бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисидаги қонуни қабул қилинган.
Қора ажал афсуски гиёҳвандлик касалига мубтало бўлганлар сони йилдан йилга ошмоқда. БМТ маълумотларига кўра, дунёда 200 млндан ортиқ киши гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Қора ажал оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда. Дунёда содир этилаётган жиноятларнинг 57% гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади. Гиёҳвандлик босқичлари мутахассисларнинг фикрларига кўра, гиёҳванд моддалар истеъмол қилингандан сўнг наркотик сархушлик ҳолати юзага келади. Бунда юқори кайфият, кўп кулиш, телбалик, диққат чалғиши, ланжлик, ҳаракат мувофиқлигининг бузилиши, қадам ташлашнинг ўзгарувчанлиги намоён бўлади.
Наркомания турлари:
- Опининг кимёвий хосиласи –героин наркоманияси. БМТ маълумотларига кўра, инсон ҳаётига энг катта ҳавф солувчи ушбу оғу таъсирига дунё бўйлаб 10 млн киши дучор бўлган организмга героин моддаси тушганда одамнинг онги хиралашади, хис-туйғулари кескин равишда ўзгаради, фикрлдари чалкашиб кетади, кўрқади, атрофдаги кишиларга ҳужум қилиб уларга ташланади.
- Наркотик моддаларинг ушбу гуруҳига Нашанинг турли навларидан олинадиган сақчсимон моддалар марихуанна, наша, банг, хусус, харас киради. Нашавандлик ортидан маиший бузуқлик ва ақл-идрокнинг камайиши юзага келади. Наркотик моддани кўп қабул қилганда одамнинг кўзига нарсалар катта бўлиб кўринади, ранглар ёрқинроққа ўхшайди. Беморда психозлар пайдо бўладики, бу холатни шизофриниядан ажратиб бўлмайди.
- Какайин наркоманияси-Жанубий Америкада ўсувчи кока ўсимлик баргидан тайёрланадиган ушбу модда истеъмол қилинганда дармонсизлик жахлдорлик, машаклар бўшашуви ва титроқ холатлари кузатилади. Кокаин истеъмол қилиш вахимали-депрессив ҳолатга олиб келади.
- Руҳий холатни қўзғатувчи, галюдсиногенлар келтириб чиқарувчи моддалар истеъмоли бундай беморларда депрессия ҳолатлари кузатилади.
Гиёхвандлик асоратлари иқтисодий асоратлар катта пул сарфланиши, даромадларнинг йўқолиши, ишни йўқотиш, қарзга ботиш, талончилик ва тиланчилик. Маънавий асоратлар: оилаларнинг бузилиши, бефарқлик, тушкунлик, худбинликдир.
Жиноий асосратлари: Ўғрилик, босқинчилик одам ўлдириш, уруш ва террор. Глобал муаммога айланган ушбу иллатга қарши курашиш ҳар бир инсониятнинг олий бурчидир.
Жиноят ишлари бўйича
Навоий вилоят судининг бош мутахассиси Н.Шодиева
Жиноят ишлари бўйича
Учқудуқ туман судининг девонхона мудири С.Ҳайдаров
Учқудуқ туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2020 йил 10 сентябрдаги Қарорига асосан судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги беш йиллик муддатига Учқудуқ туман иқтисодий судининг раиси лавозимига тайинланган Турсунов Хуршид Фарходовични жамоатчиликка таништириш бўйича тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Соли Хамроев, вилоят иқтисодий суди раиси Темур Абдираманов, судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, корхона, ташкилот ва банклар ҳуқуқшунослари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Номзод ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати
“Дўстлик” маҳалласида бўлиб ўтган қабулда туман ҳокими ўринбосарлари, корхона-ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Туман ҳокими С.Хамроев жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тизими янгиликлари ҳақида гапирди. Таъкидландики, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқни эшитиш, аҳолининг талаб ва истакларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Пировардида аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топмоқда. Одамларнинг хоҳиш-истаклари рўёбга чиқмоқда.
Бугунги сайёр қабулда Учқудуқ туман ҳокими қабулига кириш истагида бўлган 12 нафар фуқаро иштирок этди. Уларнинг мурожаатлари, масалаларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун ўндан ортиқ ташкилотдан масъул ходимлар, туман ҳокими ўринбосарлари ва Халқ қабулхонаси мутасаддилари жалб этилди.
Сайёр қабулга келган фуқаролардан Азиз Жахиповни оилавий шароитини тўлиқ ўрганиб чиқиб, тумандаги саноат техникумига давлат гранти асосида ўқишга тавсия бериш масаласи мезонлар асосида кўриб чиқиладиган бўлди. Ойдин Ёқубова “Йўлчилар” овулидаги мактабгача таълим ташиклотига мутахассислиги бўйича ошпазликка йўлланма берилди. “Йўлчилар” овулининг яна бир фуқароси олий маълумотли география фани ўқитувчиси Лобар Ахмадова иш сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаатини кўриб чиқиш ва амалий кўмак кўрсатиш учун халқ таълими бўлимига юборилди.
Шунингдек, иш сўраб мурожаат қилган К.Ҳусанова, Д.Эргашеваларга тадбиркорлик фаолиятига берилаётган имконият ва имтиёзлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.
“Олтинтоғ” кўчасида яшайдиган Нурилло Шукуров мутхассислиги бўлмаганлиги учун ишсиз. Бу фуқарони мутахассислик жалб этилмайдиган ишга жойлаштириш бўйича туман ободонлаштириш бошқармаси ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбарларига вазифа қилиб юклатилди.
Яна 3 нафар фуқаро туман ҳокимининг аввалги ўтказилган сайёр қабулида иш сўраб мурожаат қилгани ва муаммоси ўз ечимини топиб бугун ишли бўлганлиги учун миннатдорчилик билдирди.
Шу тариқа сайёр қабулга келган 12 нафар фуқаро мурожаатларининг аксарияти ижобий ечимини топди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Бугун халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг навбатдаги ўн тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Мажлисни туман ҳокими, кенгаш раиси С.Хамроев бошқариб борди.
Депутатлар кун тартибида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 февралдаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этиш ҳақидаги ПФ-5938-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик ҳудудий бўлинмалари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда фуқаролар йиғинлари фаолиятини рейтинг баҳолаш натижаларини муҳокама қилишди.
Кун тартибида муҳокама қилинган масала юзасидан туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи У.Тўраевнинг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидландики, рейтинг баҳолаш ВМнинг 2020 йил 14 августдаги 485-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисида”ги Низом талаблари асосида 15-25 август кунлари амалга оширилган.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятининг жорий йил 6 ойи якунлари бўйича натижалари туман Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда қуйидаги 11 та кўрсаткич: эҳтиёжманд ва камбағал оилаларни аниқлаш, фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва кредитдар ажратилишига кўмаклашиш, аҳоли бандлигини таъминлашга ва расмийлаштиришга кўмаклашиш натижадорлиги, оилавий ажралишларнинг олдини олиш даражаси, нотинч ва мауммоли оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва бошқа мезонлар бўйича баҳоланган.
Рейтинг баҳолашнинг якуний натижаларига кўра, Учқудуқ туманида мавжуд 13 маҳалла ва овул фуқаролар йиғинининг 2 таси 15,4 фоизи “қониқарсиз”, 8 таси 61,5 фоизи “яхши”, 3 таси 23,1 фоизи “намунали” баҳоланган.
Муҳокама натижаларига кўра, фаолияти “қониқарсиз” баҳоланган “Боздун” ва “Кокаяз” овул фуқаролар йиғини раисларининг фаолиятини муҳокама қилиш ва ваколатларини муддатидан олдин тугатиш ҳақида қарор қабул қилиш учун фуқаролар вакиллари йиғилишига тавсия бериш кўзда тутилган.
Кун тартибида муҳокама қилинган масала юзасидан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Г.Алланованинг ахбороти тингланди.
ЎзМТДП туман кенгаши депутати Р.Қодирова, Ш.Муродова, “Адолат” СДП туман кенгаши депутати М.Камолова, С.Сайфиддинов, ХДП туман кенгаши депутати Ш.Сатторовлар музокараларда сўзга чиқиб, мутасаддилар баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги Низом талабларига қатъий риоя этмаганликларини таъкидладилар.
Депутатлар томонидан билдирилган таклиф, фикр ва мулоҳазалар билан тўлдирилган сессия қарори қабул қилинди ва ижрога қаратилди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Вазирлар Маҳкамасининг 975 сонли қарори бор. ЙПХ ходими томонидан тўхтатиш асосларини, қоидаларнинг қайси банди (бандлари)ни бузганлиги тўғрисида тушунтириш берилишини талаб қилиш;
транспорт воситасини тўхтатган ЙПХ ходимидан ўзини таништиришини, хизмат гувоҳномасини кўрсатишини ва кўкрак нишон белгисини маълум қилишини талаб қилиш;
хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик;
ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиш (ЙПХ ходими томонидан фото ва видео тасвирга олиш тақиқланган белги мавжуд ҳудудларда хизмат олиб бориш ҳолатлари бундан мустасно);
содир этган қоидабузарлиги қайд этилган махсус мослама натижалари билан танишиш;
ҳуқуқбузарлик ҳолатини аниқлашда фойдаланилган махсус воситаларнинг қиёслаш сертификатларини кўрсатишни талаб қилиш;
ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тушунтиришлар бериш;
асоссиз тўхтатиб турилмаслигини талаб қилиш;
ЙПХ ходими томонидан транспорт воситасини ёки ундаги юкни ташқи кўздан кечириш жараёнида иштирок этиш;
ўзи тўхтатилган ҳудудда ЙПХ ходими хизмат олиб бориши мумкинлиги ҳақидаги дислокация кўчирмаси билан шу жойнинг ўзида танишиш ёки махсус тадбирлар ўтказилаётганлиги ҳақида МАДХ — АДХдан маълумот олиш;
ҳуқуқбузарлик тўғрисида маъмурий баённома расмийлаштирилганидан сўнг ЙПХ ходимининг дислокацияси сақланаётган саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғидан дислокация ҳақида ёзма маълумот беришни талаб қилиш;
ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари билан танишиш, улардан ўз ҳисобидан нусха кўчириш ёки уларни фотосуратга олиш;
ЙПХ ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, расмийлаштирилган ҳуқуқбузарлик тўғрисида маъмурий баённома ҳамда чиқарилган қарор устидан юқори турувчи орган (мансабдор шахс)га ёки судга шикоят қилиш;
ўзи гувоҳи бўлган ҳодиса ҳақида ЙПХ ходимига ҳаққоний маълумотни баён қилиш.
Йўл ҳаракати қатнашчилари қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Йигитали ЭРМАМАТОВ,
туман адлия бўлими бошлиғи.
Аввал хабар берганимиздек, 1-сектор раҳбари, туман ҳокими С.Хамроев “Дўстлик” МФЙ да истиқомат қилаётган “Темир дафтар”га киритилган камбағал оила вакиллари билан сайёр учрашув ўтказди.
Асосий масала ишсиз фуқароларни иш билан таъминлашга қаратилган учрашувда жами 12 та мурожаат келиб тушди. 4 та мурожаат шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Жумладан, Гулҳаё Жалилова 3-мактабга фаррош, Зебо Равшанова туман уй-жой коммунал хўжалиги бўлимига қарашли ширкатларнинг бирига, Гўзал Қодирова 14-МТТга фаррош, Сайфулла Исомиддинов эса 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабига тўгарак раҳбари бўлиб ишлаши учун йўлланма берилди.
Ўз бизнесини йўлга қўйишни мақсад қилган Жаҳонгир Муҳитдинов ер ва кредит ажратишни сўраб сектор раҳбарига мурожат қилди. Унинг бизнес режаси аниқ, шлакаблок ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Фақат ёш, ғайратли Жаҳонгирга кредит ва ер ажратиш масаласида амалий кўмак зарур. Туман кадастр ва архитектура бўлимлари, “Микрокредитбанк” хизматлар марказига аниқ топшириқлар берилиб, масала ҳал этилиши юзасидан назоратга олинди.
Шунингдек, 2 нафар фуқаро қурилиш фирмасига, 1 нафари “Иссиқ нон” ХКга, 1 нафари Ободонлаштириш бошқармасига ва бошқа мурожаат эгалари эса тумандаги бюджет ташклотларига ишга жойлаштириладиган бўлди.
Ҳозирда пандемия шароитида Учқудуқ туманида “Темир дафтар”га киритилган оилаларга комплекс ёрдам берилмоқда. Моддий ёрдамдан тортиб, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларигача етказиб берилмоқда.
Энг муҳими – оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлаб, муҳтожликдан чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқдаки, оилаларда доимий даромадга эга бўлинса, ўшанда барака бўлади.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Учқудуқ туман ҳокимлигидаги бўш лавозимга шаффофлик асосида муносиб номзодни ишга қабул қилиш мақсадида танлов эълон қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Навоий вилоят филиали Учқудуқ туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда Учқудуқ туман ҳокимлигида мавжуд вакант лавозимни малакали ва энг муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида очиқ мустақил танлов эълон қилади.
Танловда иштирок этишни истаган номзодлар Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали” (http://vacancy.argos.uz/) орқали рўйхатдан ўтишлари, мавжуд бўш лавозимлардан бирини танлаб сўралган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишлари зарур.
Танлов босқичлари ҳақидаги маълумотлар билан Навоий вилояти Учқудуқ туман ҳокимлигининг расмий сайти http://uchquduq.uz ёки
(79) 593 22 88, (93) 954 83 00 телефон рақами орқали билиб олишингиз мумкин.
Номзодлардан ариза ва керакли ҳужжатларни қабул қилиш муддати:
2020 йилнинг 9 сентябрдан 23 сентябрга қадар.
?Ариза ва ҳужжатларни қабул қилиш муддати ўтганидан сўнг юборилган ариза ва ҳужжатлар қабул қилинмайди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ.
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан энг улуғ ва энг азиз байрам мустақилликнинг 29 йиллиги муносабати билан туман ИИБ пробация гуруҳида жазо ўтаётган 18 нафар маҳкумга нисбатан тақдимномалар кўриб чиқилди.
Суд томонидан туман ИИБ бошлиғининг маҳкумларга тайинланган жазо муддатидан илгари озод қилиш ҳақидаги тақдимномалари иш ҳужжатлари билан бирга кўриб чиқилди. Давлатимизда ҳукм сураётган инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, тузалиш йўлига ўтган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 18 нафар маҳкум жиноят кодексининг 73-моддасига биноан жазодан муддатидан илгари озод этилди.
Шунингдек, 1 нафар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда 1 нафар мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазоларини ўтаётган маҳкумларнинг илтимосномалари тақдим этилган иш ҳужжатлари билан ўрганиб чиқилиб, қаноатлантирилди. Ва маҳкумлар жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида қўшимча жазодан озод қилинди.
Ҳа, кечиримлик, бағрикенглик ўзбек халқига хос қадриятларимиздандир. Жазодан озод қилинган шахсларнинг ўз уйига қайтиши оиласида тинчлик-хотиржамликни таъминлаш билан бирга, давлатга, суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширади, албатта.
Акмал ҚУРБОНОВ,
жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси,
Улуғбек МУЗАФФАРОВ, судья ёрдамчиси.