Навоийлик икки нафар мактаб ўқувчиси Финландиянинг Лаппеенранта шаҳрига 3 йиллик ўқишга юборилади. Ўз навбатида, финландиялик ўқувчилар ҳам Навоий вилоятига келиб ўқишлари мумкин бўлади.
17 октябр куни Финландия Республикасининг Лаппеенранта шаҳри ва Навоий вилояти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Меморандумга кўра, Навоий вилоятидан 2 нафар 9-синф битирувчи ўқувчиси Лаппеенранта шаҳрига бориб, 3 йил давомида таълим олиши мумкин.
Финландия томони ҳар бир ўқувчининг 3 йил давомида мамлакатда яшаши, овқатланиши ва ўқиши учун 40 минг евро миқдорида грант ажратади.
Шунингдек, финландиялик ўқувчилар ҳам Навоий вилоятига келиб ўқишлари мумкин бўлади.
Финландиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Лиивала Мариянинг қайд этишича, дунёнинг қаерида бўлмасин, шаҳарлар ва ҳудудлар ҳал қилиши керак бўлган масалалар ўхшаш бўлади. Лаппеенранта ва Навоий шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам иқтисодий ва экологик муаммоларга биргаликда ечим излаш имконини беради.
«Яшил иқтисодиёт, инновацион технологиялар бўйича Финландиянинг Лаппеенранта шаҳри тажрибаси саноатга ихтисослашган Навоий вилояти учун яна бир муҳим йўналиш ҳисобланади. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳоким сифатида ҳар доим тайёрман», – деди Навоий вилоят ҳокими Қобил Турсунов.
Учрашувда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси раҳбари Улуғбек Тошкенбаев ҳам қатнашди.
«Навоийда таълимга эътибор самарасини ҳудуддаги мактабларнинг республикада кўрсатаётган натижаларидан билиш мумкин. Вилоят битирувчилари ОТМга ўқишга кириш бўйича энг юқори кўрсаткични қайд этди.
Вилоятлик ўқувчиларнинг Финландияга бориб ўқиши бу ёшлар учун ажойиб имконият бўлади. Улар тил ўрганиши, фин маданияти билан танишиши мумкин, дунёқараши кенгаяди», – дея қайд этди инспекция раҳбари.
Ушбу меморандум Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамкорлигида Финландиянинг Ўзбекистондаги фахрий консуллиги ва «Finest Future» ташкилоти кўмагида ташкил этилди.