Ҳисоб палатасининг 2022 йил учун давлат бюджети юзасидан берган хулосаларига кўра, электр энергияси ва табиий газни ички истеъмолчиларга сотиш нархи ошиши мумкин. Шунингдек, 2022 йил давомида 1 АҚШ долларининг ўртача йиллик суммаси 11 321 сўм бўлиши прогноз қилинган.
Ҳисоб палатаси 2022 йил учун «Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва бюджетнома бўйича ўз хулосасини эълон қилди.
Асосий иқтисодий кўрсаткичлар
Тақдим этилган бюджетнома бўйича 2022 йилдаги ялпи ички маҳсулот ҳажми 839,9 трлн сўмни ёки 74,2 млрд долларни, унинг аҳоли жон бошига миқдори 23,8 млн сўмни ёки 2,1 минг долларни ташкил этиши режалаштирилмоқда.
2022 йилда реал ўсиш суръати 5,9 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.
Экспорт ҳажми 2021 йилга нисбатан 19 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулотнинг 27,2 фоизига, импорт ҳажми эса 9,5 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулотнинг 35,2 фоизига тўғри келиши кутилмоқда.
Ташқи савдо айланмаси сальдоси салбий баланс (5,94 млрд доллар) билан якунланиши кутилмоқда.
2022 йилда инфляция даражаси 9 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинган бўлса, 2023 йилда 5 фоиз, 2024 йилда ҳам 5 фоиз миқдорида мўлжал олинган.
Электр энергияси ва табиий газни ички истеъмолчиларга сотиш нархи, иссиқ сув ва иссиқлик, совуқ сув ва канализация тарифлари ошиши кутилмоқда. Бу 2020-2021 йилларда ушбу ресурслар нархлари ўзгармагани ва кейинги йилда индексация қилиниши кўзда тутилаётгани билан изоҳланган.
Солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар
Қўшилган қиймат солиғи бўйича амалдаги солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда.
Акциз солиғи ставкалари 2022 йил 1 июндан ўртача 10 фоизга индексация қилинмоқда. Республикада ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган бензин учун ягона солиқ ставкаси белгиланмоқда. Суюлтирилган газга акциз солиғи ставкаси бекор қилинмоқда (амалда 30 фоиз).
Полиэтилен гранулаларига акциз солиғи ставкаси 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилиши белгиланмоқда, шунингдек, полиэтилен гранулалар импортида ҳам акциз солиғи жорий қилинмоқда.
Бюджетномада полиэтилен гранулалари учун акциз солиғи ставкасини 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтириш ҳамда импортида акциз солиғини жорий қилиш сабаблари аниқ ҳисоб-китоблар билан асослантирилмаган.
2022 йил давомида 1 АҚШ долларининг ўртача йиллик суммаси – 11 321 сўм, 1 троя унция олтин нархи – 1 700 АҚШ доллари, кумуш нархи – 25 АҚШ доллари, миснинг 1 тоннасига 8,5 минг АҚШ доллари, 1000 м3 табиий газнинг экспорт нархи – 100 АҚШ доллари бўлиши прогноз қилинган.