Ўзбекистонда 2022 йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа миқдорларини ва айрим хизмат турлари бўйича тарифларини ошириш билан боғлиқ харажатларга 11,7 триллион сўм йўналтирилади. Бу ҳақда манбаларига асосланиб «Давлетовуз» Telegram канали хабар қилди.
Қайд этилишича, 2022 йилда давлат қарзларини сўндириш харажатлари 10 триллион сўмдан ортиқ, шу жумладан, давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича фоиз тўловлари учун харажатлар 4 триллион сўмдан ортиқ бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, 2022 йилда иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар миқдорларини ва айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатларга 11,7 триллион сўм йўналтирилади.
Таъкидланишича, Пенсия жамғармасига трансфертлар учун 14 триллион сўм, таълим кредитини молиялаштиришга 1 триллион сўм, Давлат тиббиёт суғуртаси жамғармаси харажатлари учун 600 миллиард сўм ажратилади. Коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун харажатларга 1,7 триллион сўм йўналтирилади.
Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилди. Фармонга кўра, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар — ойига 565 000 сўм, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — ойига 622 000 сўм этиб белгиланган.