Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамиятимиз ҳаётига оид бир қатор муҳим қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этилди.
Хусусан, “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
– Мамлакатимизда инсон қадр-қимматини улуғлаш, инсонпарварлик тамойилларига асосланган саъй-ҳаракатларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади, – деди Қонунчилик палатаси депутати М.Ҳасанова. –Мазкур қонун лойиҳаси инсонпарварлик сиёсатига қаратилган ҳужжатлардан бири, десак тўғри бўлади. Ушбу қонун лойиҳаси билан жиноят қонунчилигида вояга етмаганларга нисбатан инсонпарварликни кучайтириш мақсадида уларни жиноий жавобгарликка тортиш ёшини ўн уч ёшдан ўн тўрт ёшга кўтариш, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар, хусусан, Жиноят кодексининг 128 ва 129-моддалари санкцияларини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги кун давомида тўрт соатдан ошмаслиги, вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда вояга етмаган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг илтимосига кўра психолог иштирок этишини таъминлашга қаратилган моддалар лойиҳада ўз аксини топмоқда.