Hokimiyat matbuot xizmati
Ўзбекистонда 2020 йилги «Президент арчаси» тадбирлари COVID-2019 вируси билан боғлиқ вазиятни инобатга олган ҳолда болалар соғлиғини асраш мақсадида карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилади. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Томоша» болалар театр-студияси томонидан тайёрланган «Президент арчаси» байрам дастури томошабинларсиз Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан тасвирга олинади ҳамда «Болажон», «Ёшлар» телеканаллари томонидан ташкил этиладиган Янги йил телемарафони доирасида намойиш этилади.
Бугунги кунда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 3-15 ёшдаги фарзандлари учун 11 000 дона «Президент совғаси» ҳозирланмоқда. Совғалар 28—30 декабрь кунлари барча ҳудудларга етказиб берилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 13 декабрдаги қарори билан вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа хўжалик ташкилотларига турли хил корпоратив ва кўнгилочар байрам тадбирлари ташкил этиш тақиқланди. Шунингдек, ўқувчи ва талабалар иштирокида Янги йилга бағишланган байрам тадбирларини ўтказишга ҳам рухсат берилмайди. Мактабларда байрам тадбирларини ўтказиш мақсадида ота-оналардан турли хил ноқонуний пул йиғимларини йиғиш ва мактаб фоеси ва синф хоналарини сунъий арча ва электр чироқлар билан безатиш ҳам қатъий тақиқланган.
Махсус комиссия фуқароларга янги 2021 йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказишни тавсия этган. Ҳудудий ваколатли органларга эса вилоятлар, туманлар марказлари ва шаҳарларда очиқ осмон остида арчалар ўрнатиш тавсия этилган.
Telegram мессенжери Android ва iOS платформаларидаги иловасининг янги – 7.3 талқинини тақдим этди.
Овозли чат
Янги версиядаги энг асосий янгилик – исталган гуруҳда овозли чат ташкил этиш имкони туғилган. Яъни гуруҳларда мессенжер фойдаланувчилари аудиоконференцалоқа шаклида реал вақт режимида суҳбатлашишлари мумкин.
Ҳайратланарлиси, ҳар бир овозли чатда бир неча минг иштирокчи қатнаша олади. Аудиоконференцияда неча киши бир вақтнинг ўзида гапира олишини белгилаб қўйиш имконияти бор.
Жўнатилган хабарларни таҳрирлаш қулайлашди
Telegram'да юборилган суратни кўриш режимида қаламча тугмаси пайдо бўлди. Уни босган ҳолда, жўнатилган расмга қайта ишлов бериб (қаламда чизиш, ранг эффектини қўшиш, стикер ёпиштириш), расмни таҳрирлаш мумкин.
Хабарни таҳрирлаш вақтида яна нечта белгидан кейин лимит тўлишини кўрсатувчи индикатор қўшилди.
Овозли смайллар
Анимацияли эмодзиларнинг айримлари энди нафақат «қимирлайди», балки эмодзига мос товуш ҳам чиқаради.
«Қимирлайдиган» смайллар сони ҳам ошган.
Янги версияда шунингдек интерфейс билан боғлиқ бошқа кичик ўзгаришлар ҳам ўрин олган.
Иловани Google Play ва App Store'дан юклаб олиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг август ойида Telegram видеоқўнғироқлар хизматини ишга туширган эди.
Германияда чоп этиладиган «Berliner Telegraph» журналининг декабр ойидаги сонида Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди. Мақолада Ўзбекистон Евроосиёнинг маркази ва Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган давлат сифатида минтақавий ҳамкорликда етакчи мавқега эга экани таъкидланган.
«Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган давлат раҳбари минтақавий ҳамкорликда етакчи ролини ўз зиммасига олиш кераклигини англади. Қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан минтақавий дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистонга сув етказиб бериш масаласидаги зиддиятлар ҳал қилинди. Икки томонлама чегарадан ўтиш пунктлари очилиб, қуруқлик ва ҳаво орқали транспорт алоқалари тикланди. Ўзбекистон минтақада умумий иқтисодий ривожланиш, хавфсизлик ва барқарорликка интилмоқда», дейилади хусусан мақолада.
Муаллиф Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, қўшни мамлакатни иқтисодий қайта тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларига ҳам эътибор қаратган.
«2016 йилги Президент сайловидан сўнг Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсати янгича кўриниш олди. У яхлит ёндашувга асослангани билан аҳамиятли. Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон хавфсизлиги Ўзбекистон учун ҳам хавфсизлик масаласи экани, Афғонистондаги тинчлик жараёни минтақавий ва глобал кун тартибида янада муҳим аҳамият касб этишини англади», дейилади мақолада бу хусусда.
Мақолада Ўзбекистон Афғонистонга иқтисодий кўмак кўрсатаётгани ҳам таъкидланган. Жумладан, мамлакат қўшни давлатни электр энергияси билан таъминламоқда, Термиз ва Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф ўртасидаги темир йўл алоқасини кенгайтиришда иштирок этиб, янги темир йўл тармоқлари қурилишини тўла қўллаб-қувватлаяпти.
Нашр Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуслари Германиянинг Европа Иттифоқи Кенгашига раислиги даврида қабул қилинган ЕИ Марказий Осиё стратегиясининг мақсад ва вазифаларига мос келишини қайд этган. Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ислоҳотлари бошлангандан буён Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, шу жумладан Германия Ўзбекистоннинг муҳим шериклари экани таъкидланган.
Шу нуқтайи назардан, 2019 йил январ ойида Ўзбекистон раҳбарининг ГФРга муваффақиятли ташрифи, шунингдек, Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг ўша йил май ойида Ўзбекистонга жавоб ташрифи самарали бўлгани эсланади.
«Президент ва ҳукуматнинг ўзбек жамияти манфаатлари йўлидаги истиқболли ислоҳотлари Германия тузилмалари томонидан қатъий қўллаб-қувватланмоқда», дейилади бу ҳақда.
Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган янги халқаро ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти очиб берилган. Шунингдек, республиканинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани алоҳида қайд этилган.
«Шавкат Мирзиёев тўрт йил аввал президент этиб сайланганидан буён Ўзбекистоннинг ташқи ва минтақавий сиёсати сезиларли даражада ўзгарди. Муҳим ислоҳотлар бошланди, мамлакат очилди ва халқаро ташкилотлар доирасида мунтазам равишда муҳим ташаббуслар ва сиёсий таклифларни илгари сурмоқда», деб хулоса қилади Маттиас Дорнфельд.
Муаллиф Ғарбда президент Шавкат Мирзиёев МДҲ маконидаги қатъий ислоҳотчи сифатида қабул қилинади ва айниқса иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳақида гап кетганда, кутилган меҳмон сифатида эътироф этилади, деб таъкидлаган.
Маълумот учун, «Berliner Telegraph» («Берлин телеграфи») журнали 2014 йилдан буён немис ва рус тилларида чоп этилади. 30 минг тиражда тарқатилади.
Antarktidadagi Chili tadqiqotlar bazasida 36 kishi koronavirusga chalindi. Meduza’ning yozishicha, bu haqda chililik harbiylariga tayanib, Emol nashri xabar berdi.
Antarktida koronavirus aniqlangan so‘nggi qit’a bo‘ldi. Qolgan barcha qit’alarda fevral oxirlariga borib virus aniqlangan.
Antarktidada muqim yashaydiganlar yo‘q, lekin bir nafardan 5 nafargacha kishi har yili turli stansiyalarda ish olib boradi. Bu yerda turli mamlakatlarga tegishli 90 ga yaqin har xil stansiya bor.
Jons Hopkins universiteti tomonidan keltirilgan so‘nggi ma’lumotlarga ko‘ra, dunyoda koronavirusga chalinganlar soni 77,5 milliondan oshdi, shularning 43,7 mingdan ziyodi sog‘aygan, 1,7 milliondan ortiq kishi vafot etgan.
Dunyoda koronavirus infeksiyasiga chalinish bo‘yicha qariyb 78 millionta holat qayd etildi, deb yozadi Meduza Jons Hopkins universiteti ma’lumotlariga tayanib.
Kasallanganlar soni bo‘yicha barcha dunyo mamlakatlari ichida AQSh yetakchilik qilmoqda (18,2 million kishi). Birinchi uchlikka Hindiston (10 million) va Braziliya (7,3 million) ham kiradi. Ulardan keyingi o‘rinda Rossiya (2,9 million) bormoqda.
Infeksiya oqibatida butun dunyoda 1,7 million kishi vafot etdi. Qariyb 44 million kishi sog‘aydi.
Jahon sog‘liqni saqlash tashkiloti (JSST) ma’lumotiga ko‘ra, o‘tgan bir hafta ichida koronavirusga chalinish holatlari soni bo‘yicha yangi rekord qayd etilgan: COVID-19 4,6 milliondan ortiq odamda aniqlangan, bu o‘tgan bir haftalik ko‘rsatkichdan 6 foizga ko‘p demakdir. O‘limlar soni esa 4 foizga oshgan.
So‘nggi yetti kun ichida eng ko‘p kasallanish holatlari AQShda (1,6 million, +14%), Braziliyada (326 ming, +8%), Turkiyada (194 ming, +11%) va Rossiyada (194 ming, +18%) qayd etilgan. Kasallikni yuqtirish holatlarining eng katta qismi Amerika mamlakatlari hissasiga to‘g‘ri keladi, Yevropa esa bir hafta ichidagi o‘lim holatlari soni bo‘yicha yetakchilik qilmoqda.
JSST hisob-kitoblari bo‘yicha jami 75 million kishi koronavirusga chalingan, 1,6 million kishi vafot etgan.
Шимолий кон бошқармасига қарашли Алоҳида ҳарбийлаштирилган кон қутқарув пунктида ёшлар етакчиси ташаббуси билан билимдон ёшлар ўртасида “Заковат” ўйинлари бўлиб ўтди. Унда саволларга китоб ўқиб, ўз билимини оширган ёшлар пешқадам бўлишди.
- Ёшлар онгида она ватанга бўлган меҳрни уйғотишда она алласи билан бирга китобнинг ҳам ўрни катта. Китоб билан дўст бўлган инсоннинг маънавий онги дунё қараши фикрлаш қобилияти ва билим юксалиб бораверади. –дейди ёшла етакчиси Темур Саралтаев
Бундай заковат уйинлари ёшларнинг сиёсий ва хуқуқий билимларини янада оширишда, китоб билан ошно бўлишга, маънавий онгининг янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади.
Buxoro shahrida 22-dekabr kuni ko‘chada harakatlanib borayotgan “Jiguli” avtomobilining gaz ballonida portlash sodir bo‘ldi. Bu haqda Ichki ishlar vazirligi Yo‘l harakati xavfsizligi bosh boshqarmasi xabar berdi.
Dastlabki ma’lumotlarga ko‘ra, 22-dekabr kuni soat 17:30 da Buxoro shahar Ibn Sino ko‘chasida 1971-yilda tug‘ilgan haydovchi J.R. “Vaz-21063” avtomobilini boshqarayotgan vaqtida transport vositasining gaz ballonida chaqnash sodir bo‘lgan.
Chaqnash natijasida haydovchi tan jarohati olgan, unga birinchi tez tibbiy yordam ko‘rsatish maqsadida shifoxonaga olib ketilgan. Mazkur hodisa yuzasidan viloyat IIB YHXB hamda FVB xodimlari tomonidan surishtiruv ishlari olib borilib, chaqnash sabablariga aniqlik kiritilmoqda.
Статистик маълумотларга кўра, республикамизда сўнги уч йил ичида кузги-қишги иситиш мавсумида содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ. Ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлганлар сони ҳам сезиларли даражада ошиб бормоқда.
Қандай ҳолатларда ис газидан заҳарланиш хавфи юқори бўлади?
-Шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда;
-Автоуловлар тураргоҳларида;
-Янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда;
-Уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда;
-Печка билан истиладиган уйлар, ҳаммомлар, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиб қолиш мумкин.
Бундан ташқари, ҳозирги савдо дўконларида сотилаётган, газда ишлайдиган ҳар хил турдаги газ ускуналари, жумладан, Эрон давлатида ишлаб чиқилган "камин" газ ускунаси чиройли, ихчам кўринишли, иситиш мавсумида ишлатиб, кейин бошқа жойга олиб қўйса бўладиган қулайликларга эгадир. Бироқ ушбу газ ускунаси бошқа давлатда ишлаб чиқилгани сабаб, уни ўрнатиш ва фойдаланишга доир техник паспорт ўзбек ё рус тилларига таржима қилинмаган. Бунинг оқибатида ундан фойдаланишдаги хавфсизлик қоидалари билан танишиш имкони бўлмайди. Ўзбошимчалик билан, мутахассиснинг кўрсатмасисиз Қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларини бузган ҳолатда ўрнатилмоқда. Натижада эса инсонлар ис газидан заҳарланиб вафот этмоқда.
Табиий газдан фойдаланишда нималар тақиқланади?
-Ўзбошимчалик билан уйни газлаштириш, газ асбоби ўрнини алмаштириш, уни янгилаш ва тузатиш;
-Газ асбоблари ўрнатилган хоналар режасини ўзгартириш;
-Дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ўзгартириш;
-Хавфсизлик ва созлаш автоматикасини узиб қўйиш;
-Мактабгача ёшдаги болалар, шунингдек ўз ҳаракатларини назорат қила олмайдиган шахсларнинг газ асбобларидан фойдаланиши;
-Газ ва газ асбобларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш;
-Газ асбоблари ўрнатилган хонада ухлаш ва дам олиш;
Жаҳонгир Шарипов,
ШКБ ОЁХТТЭБ 9-ЁҚҚисм бошлиғи
Жоникбек Саидов,
Смена бошлиғи катта лейтенант
Vazirlar Mahkamasining qarori bilan 2020–2025-yillarda kitobxonlik madaniyatini rivojlantirish va qo‘llab-quvvatlash milliy dasturi tasdiqlandi, deya xabar qilmoqda Norma.
Qayd etilishicha, dastur bosqichma-bosqich amalga oshiriladi:
I bosqich – 2020–2021-yillarda kitobxonlik madaniyatini rivojlantirish bo‘yicha tashkiliy-huquqiy mexanizmlarni takomillashtirish chora-tadbirlarini amalga oshirish;
II bosqich – 2022–2023-yillarda kitobxonlikka oid infratuzilmani mustahkamlash;
III bosqich – 2024–2025-yillarda yoshlarning kitobxonlik madaniyatini jadal rivojlantirish, ularning intellektual salohiyati o‘sishi hisobiga inson kapitali sifatini yaxshilash.
Quyidagilar dasturni amalga oshirishning ustuvor yo‘nalishlari etib belgilandi:
- aholi, avvalo, yoshlarning ma’naviy-ma’rifiy, badiiy-estetik talablariga javob beradigan kitoblarni yuksak sifat bilan chop etish, nashriyotlar va ijodkorlar faoliyatiga ko‘maklashish, bolalarga mo‘ljallangan adabiyotlarni chop etishni qo‘llab-quvvatlash;
- milliy va jahon adabiyotining eng sara namunalarini tarjima qilish, mutolaa madaniyatini yuksaltirish, respublikaning olis hududlarida va yoshga doir kitobxonlik madaniyatini rivojlantirish;
- kitob savdosini tashkil etish tartiblarini soddalashtirish, yangi nashr etilgan kitoblarni yetkazish va axborot manbalarini tarqatish tizimini takomillashtirish;
- kitob yetkazib beruvchilarni zamonaviy ijtimoiy ehtiyojlarga moslashtirish, infratuzilmani yaxshilash, axborot-kutubxona markazlarini chop etiladigan bosma nashrlar va ularning elektron nusxalari bilan to‘ldirib borish, elektron kitoblar yaratish, kitoblarni raqamlashtirish va elektron kataloglarni tuzish hamda tizimli ravishda yangilab borish;
- aholining kitobxonlik darajasi va kitobga qiziqishini tizimli o‘rganib borish, kitobxonlik madaniyatini rivojlantirishga qaratilgan loyiha va tanlovlarni tashkil etish, kutubxonachi kadrlar salohiyatini oshirish;
- xorijiy asarlarga onlayn buyurtma berish, ularni respublika hududiga olib kelish va tarqatish tizimini hamda kitobxonlik madaniyatini rivojlantirish bo‘yicha xalqaro hamkorlikni kengaytirish.
Qabul qilingan hujjatda har yili aprel oyining birinchi haftasida “Kitobxonlik haftaligi”ni o‘tkazish hamda dasturni 2020–2021-yillarda amalga oshirish bo‘yicha quyidagilar nazarda tutilgan “yo‘l xaritasi”ni tasdiqlash belgilangan:
- nashriyotlar tomonidan yozuvchilarga ajratiladigan gonorar masalasini takomillashtirish yuzasidan normativ-huquqiy hujjat loyihasini ishlab chiqish;
- rassom, dizayner va badiiy muharrirlarga mualliflik haqini to‘lash tartibi to‘g‘risidagi nizom loyihasini ishlab chiqish;
- kitobxonlikni rivojlantirish borasida amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar samaradorligini baholash tizimini ishlab chiqish, “Eng yaxshi kitobxon hudud”, “Eng yaxshi kitobxon mahalla”, “Eng yaxshi kitobxon ta’lim muassasasi” reytingini joriy etish va boshqalar.
Hujjat 2020-yil 14-dekabr kuni kuchga kirdi.
Ҳозирда Буюк Британия олимлари у ерда коронавируснинг янгиланган штамми тарқалаётгани ҳақида айтишмоқда. Уларнинг таъкидлашича, бу турнинг аввалги коронавирус инфекциясига нисбатан юқумлилиги 71 фоиз бўлиб, одатий COVID-19га қараганда ўта юқумлидир.
Шундан келиб чиқиб, қатор мамлакатлар Буюк Британия билан авиақатновларни вақтинча тўхтатиб турибди. Хўш, дунё аҳлини таҳликага солиб турган коронавируснинг мутацияга учраган штамми қанчалик хавфли, у инфекциянинг ҳозирги шаклидан қандай фарқ қилади? ССВ Матбуот хизматининг шу каби саволларига вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди:
— Биз шуни унутмаслигимиз керакки, ҳар қандай вирус атроф-муҳитга мослашиш даврида мутацияга учрайди. Мутациянинг қанчалик кенг кўламда бўлиши вируснинг тарқалувчанлиги билан боғлиқ, яъни касалликни юқтирган ҳар учинчи, тўртинчи одамда бу вирус мутацияси кузатилади. Коронавируснинг кенг тарқалаётган мутацион штамми сентябрь ойида биринчи бор Буюк Британияда аниқланган, бугунги кунда 60 нафардан ортиқ провинцияда бу штамм кузатилаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Олимларни кузатиши бўйича COVID-19нинг мазкур штамми кўпроқ болалар ва ёшларда аниқланмоқда ҳамда касаллик белгиларида деярли ўзгариш йўқ. Лекин бу штамм аниқланганига хали кўп вақт бўлмагани боис, касалликнинг оғир ва ўта оғир даражада кечуви ҳақида маълумотлар етарли эмас. Бу эса бизни янада хушёр бўлишга чорлайди.
—Коронавирусга қарши ишлаб чиқилаётган вакциналар касалликнинг янги штаммига ҳам таъсир қиладими?
— Янги штамм таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, мутациядан сўнг вируснинг тож оқсилларида ўзгариш бўлган — булар вируснинг одам танаси ҳужайралари қобиғидан ўтиб, ичкарига киришида калит вазифасини ўтовчи қисмидир. Вирус шу тожлар орқали тана ҳужайраси юзаси билан контактга киришади. Ишлаб чиқилаётган вакциналар коронавируснинг ташқи қобиғи, яъни ёғ кислотаси мавжуд S-оқилли қобиғига таъсир қилади. Коронавирус мутацияга учраб, ўз генетик штаммини ўзгартирса ҳам вакциналар унинг янги штаммларига таъсир кўрсатиши тўғрисида Буюк Британия ва Россия олимлари таъкидлаб келмоқда.
Вакцина иммун тизимини вируснинг турли таркибий қисмларига ҳужум қилиш учун тайёрлайди, бу эса тожнинг муайян қисми мутацияга учраса ҳам, вакцина самараси сақланиб қолишини англатади. Дунё олимлари вирус вакцинага қарши тура оладиган мутантларни келтириб чиқарса, коронавирусга қарши вакциналарни касалликка мослаштириб бориш мумкинлиги ҳақида айтишмоқда.
Унгача касалликдан ҳимояланиш учун эса, доимий равишда карантин ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш керак. Жумладан:
➖ниқобларни тўғри тақиш ва ўз вақтида алмаштириш;
➖уйдан ташқарига чиққанда ўзаро масофани сақлаш;
➖қўлларни доим совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш;
➖уйга қайтганда, оила аъзолари билан кўришишдан олдин кийимларни алмаштириш, қўлларни совунлаб 20 сониядан кўп ювиш, томоқ ва бурунни 3 мартадан ортиқ иссиқроқ сувда чайиш, юзларни ювиш;
➖соғлом ва рационал овқатланиш, мева сабзавотларга бой овқат махсулотларини истеъмол қилиш (овқат тўлиқ термик таъсирдан ўтган бўлиши керак);
➖енгил жисмоний ҳаракатлар билан доимий шуғулланиш, нафас машқларини бажариш ва аста-секин жисмоний фаолликни кўпайтириб бориш лозим.
Эслатиб ўтамиз: яқинда Республика махсус комиссияси юртимизда бир неча давлатлар қатори Буюк Британия билан ҳам авиақатновларни вақтинча тўхтатиш бўйича қарор қабул қилган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.